FATTOHHON.COM
« Все новости
“МАДАНИЯТ ВА МАЪРИФАТ” ТЕЛЕКАНАЛИДА “КИНОНИГОҲ”! 18.02.2013 13:38
“Маданият ва маърифат” телеканалида тележурналист Шоира Рауфбоеванинг янги “Кинонигоҳ” кўрсатуви эфирга кета бошлаганига ҳали унча кўп бўлмаган бўлса ҳам, ҳозирда кўрсатув ўз мухлисларига эга бўла бошлади.
Шоира Рауфбоева кўрсатув муаллифи: - “Кинонигоҳ” кўрсатуви 2012 йилнинг 31 декабридан бошлаб, Маданият ва маърифат телеканалининг илк кўрсатувларидан бири сифатида эфир юзини кўрди. Бу телеканалнинг санъат ҳақидаги илк кўрсатувларидан бири. Бу кино санъати ҳақидаги информацион дастур, лекин бугундан бошлаб “Жиддий саҳифа” деб номланган янги таҳлилий саҳифа ҳам киритдик, уни журналист Қамариддин Шайхов олиб боради. Катта ижодий гуруҳ билан биргаликда меҳнат қиляпмиз. Кўрсатувда ўзим бошловчилик қилмаслигимнинг сабаби, информацион дастурда ўзимни бошловчи сифатида кўрмадим. Кўрсатувимиз бошқа кинокўрсатувларига мазмунан яқин бўлса ҳам, лекин шаклида ўзгаришлар кўп. Масалан, бошловчиларнинг дуэт бўлиб олиб боришлари,“Кинонигоҳ” кўрсатувимизга иккита бошловчи таклиф қилганмиз. Булар, актриса Зарина Низомиддинова ва Шерзодбек Ортиқов. Уларда профессионалликка интилиш кучли. Ҳозирда эфир соатларимиз ҳам кўпайтирилиб, янги саҳифалар қўшилмоқда.
Зарина Низомиддинова кўрсатув бошловчиси: - “Кинонигоҳ” кўрсатуви жуда ҳам юқори даражадаги техникалардан фойдаланган ҳолда суратга олинмоқда. Кўрсатув дизайни ҳам жуда ўзгача ва бошқа кўрсатувлардан фарқ қилади. Бу янги очилган телеканалда, янги телекўрсатувда бошловчилик қилаётганимдан бахтиёрман. Кўрсатув олиб бориш ҳам бир санъат экан. Айни пайтда, ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бор экан. Бу кўрсатувда иштирок этаётганлигимдан нутқ маданиятим ҳам ошиб бормоқда. Шу кўрсатувда бошловчилик қила бошлагач, интервью беришларим ҳам ижобий тарафга ўзгарди. Ўйлайманки, кўрсатув томошабинларга манзур бўлади.
Саида Вахобова