FATTOHHON.COM

« Все новости

ДИЛНОЗА КУБАЕВА: ЎЗИДАГИ ҚАЙСИ ХИСЛАТЛАР ФАРЗАНДИДА ҲАМ БЎЛИШИНИ ҲОҲЛАЙДИ? 05.09.2012 03:20

dilnoza-1.jpg

Дилноза Кубаева табассуми ўзига ярашиб турадиган бу актрисанинг номи тилга олиниши билан, дарҳол ҳамманинг кўз олдига "Келгинди келин" ва "Телба" фильмлари келади. Дилноза Кубаева ўзининг самимий ва ишонарли ижроси, кучли актрисалик маҳорати, истеъдоди билан барча томошабинлар қалбидан ўрин олган ва унга томошабинларнинг меҳри чексиз десак, адашмаймиз. Ҳаттоки, 2 йиллик танаффусдан сўнг, ижодга қайтгач, биргина "Ҳижрон" фильмидаги роли биланоқ ўз машҳурлигини қайтариб ололгани ҳам, унга бўлган эътиборнинг юқорилигидан далолат. Дилнозахонни юксак мукофот "Шуҳрат" медали билан табриклаймиз!

dilnoza-3.jpg 

- Сиз хусусий фильмларда танилгансиз. Лекин ҳозирги кунда, хусусий фильмлар кўпайган вақтда, сизни негадир фильмларда кам кўряпмиз. Бунга сабаб нимада? 

- Сабаби, сценарий ўқиб, танлаб, кўнглимга ёқмаганидан (кулиброқ) рад этяпман. Яхши нарса кутяпман, худо ҳоҳласа!

 

- Сценарийларнинг сифат даражаси қониқтирмаяптими?

- Ҳа, менга берилган бир-иккита сценарийлар жуда ҳам саёз, бўш, мантиқан кўп жойлари бузилган. Кейин персонаж, яъни менга топширилган қаҳрамон олдинги ролларимга яқин, қайтарилиб қоляпти. Шу сабабли ҳам, рад жавобларини беряпман.

dilnoza-7.jpg

- Лекин, баъзилар, фильмларда узоқроқ муддат роль ижро этмаслик, ижодни бир оз сустлашишига, томошабинларни ёдидан кўтарилишга ҳам олиб келади деб, айтишади. Шунга, кўриниб туриш керак, деган фикрларни билдиришади... Сизни бунга муносабатингиз?

- Йўқ, кўриниб туришим керак, деб сифатсиз нарсада ўйнаб қўйиб, мисқоллаб йиққан обрўйингизни биттада тушуриб қўйишингиз ҳам ҳеч гап эмас! Мен ундан кўра, сабрни танлайман. (кулиб) 5-6 йиллаб танаффус бўлаётгани йўқ-ку? Мана яқинда, режиссёр Акбар Бектурдиев битта сценарий олиб келди. Ўша ёқди ва шу кунларда бизлар суратга олишни бошладик! Фильмда, мендан ташқари Райҳон Уласенова, Алишер Узоқов, Мунаввара Абдуллаевалар ҳам роллар ижро этишади. Фильм жанри мелодрама.

Театр менинг асосий иш жойим. Театрда ҳеч бир бўшлиқ бўлгани йўқ! Кинодан маълум вақт танаффус бўлгани эса, театрда кўпроқ роллар устида ишлашга имкон берди. Бизлар яқинда битта асар устида ишладик ва уни премьера қилдик. Бу Француз ёзувчиси Роберт Таманинг  "Саккиз аёл" асари асосида, саҳналаштирилган детектив жанрдаги  спектакль. Унда бош роллардан бирини ижро этдим.

 

- Сиз кучли драматик актрисасиз, ўз тенгдошларингиз орасида ўз ўрнингизга эгасиз. Лекин, баъзилар, сиз ижро этган ролларингиз ҳолатига нисбатан, сал кўпроқ эмоция кўрсатишингизни ҳам айтишади. Сизни бунга муносабатингиз? Ўзингизга ҳам шундай туюлмаганми?

- Кўпроқ дейилгани, яъни бу ортиқчами?

 

- Ортиқча эмас, кучли эмоция?

- Бу ўша режиссёрнинг талаби! Билмадим, агар ортиқча дейилса, бу бошқа нарса.

 

- Агар дейлик, ортиқча деб олинса, қандай муносабат билдирган бўлардингиз?

- Агар ортиқча бўлса, бу мени хатоим ва режиссёр эса, шундай ҳолларда мендан меъёрни талаб қилмаган, деб ўйлайман. Режиссёр ҳамиша актёр, актрисасини, тўғри йўлдан етаклаб бориши керак, ролини, эпизоднинг мақсадини, воқеасини кўпроқ тушунтириши керак.

dilnoza-4.jpg

- Дубляжда ёш актрисаларга овоз берасиз. Уларнинг ичида дарс олмаганлари ҳам бор, умуман актриса эмаслари ҳам! Шундай пайтларда нималарни ҳис қиласиз? 

- Албатта ачинаман. Жуда хафа бўламан. Нимага бизлар шунча ўқиб, устозларни машаққатини кўриб, ўзимиз ҳам меҳр билан ўрганиб, орзиқиб, дубляж ишини саҳнани кўрсам эди, деб кутганмиз. Лекин, айримлар, осонликча келиб, бу касбга нисбатан ўта ҳурматсизлик билдиришидан, кўп ранжийман.

 

- Ундайлардан касбингизни қизғониш ҳолатлари сизда бўлмаганми?

- Албатта, қизғаниш бўлган ва бўлади ҳам.

 

- Ижодга қайтганингиздан кейин эшитишимиз бўйича, дубляжда бир-иккита ёш актрисаларга овоз беришни ҳоҳламаган экансиз? Ростдан ҳам шундай бўлганми?

- Ҳоҳламай қўйганим, мана шу муносабатдан чарчаганим. Чунки, куйиб кетасиз, қандай қилиб бундай роль ижро этиш мумкин, қандай қилиб сўзларни дуч келганини гапириб юбориш мумкин?  Яна бир сабаби эса, овозимни тўғриси, ўзим учун ҳам аядим, асраб қўйдим. Шундай гаплар ҳам бўлди, "овозингни ўзингга ишлатгин илтимос" деб гапиришди ҳам. Кейин мана бундай ҳолат ҳам бўлиб қолди. Кинотеатрда ўзим роль ижро этган фильм ва ўзим овоз берган фильмлар, параллел равишда кетди. Шунда, менга "томошабинни меъдасига тегиб қолмасин-да" деган қўрқув ҳам келди.

dilnoza.jpg

- Суратга олиш жараёнида қайси ҳолатлардан кўнглингиз тўлмайди?

- (сал ўйланиб) Ҳамма ҳам, ўз ишига чин меҳр билан муносабатда бўлмайди. Мана шу нарсалардан сиқилиб кетаман. Битта ёки иккита инсон, ишга жон куйдириб, кўпчиликдан ажралиб қолади. Кўп ижодий жамоаларда, ташкилотчилик яхши эмас, ўз вақтида иш бошланмайди. Албатта, кечга қолиш ёки бир нарсаларни унутиб қўйишган, унинг ҳисобига бошқалар азият чеккан.

 

- Режиссёрларга инжиқлик қилган вақтингиз ҳам бўладими, ёки бўлганми?

- (сал ўйланиб) Деярли йўқ! Муроса қилиб, ҳамма яхши кайфиятда, аҳилликда ишлашини жуда ҳам ҳоҳлайман. Чунки, кўз олдингизда нохуш ҳолат бўлса, бирдан кайфиятингизга ҳам таъсир қилади. Режиссёр билан келишмай, уришиб ишлагандан кўра, ишламаган яхшироқ. Ҳар доим режиссёр билан яхши муносабатда бўлиб, яхши ишлашга ҳаракат қилиш керак, деб ўйлайман. Ўшанда яхши ижод намунаси чиқади.

 

- Кейинчалик режиссёр сифатида ўзингиз ҳам фильм суратга олишингиз мумкинми?

- Йўқ, ҳеч ҳам ўйлаб кўрмаганман.

dilnoza-2.jpg

- Сиз ўзингиз буни ҳоҳлаган бўлармидингиз?

- Йўқ, ҳеч ҳам ҳоҳлаб кўрмаганман.

 

- Қайси режиссёр билан ишлаш жараёни қийин кечган ёки мураккаб бўлган?

- Мен Аюб ака Шахобиддинов билан ишлашга бошида бироз тушунмаганман, "Телба" фильмида эди. Ҳозир ҳам баъзан, бироз қийналиб қоламан. Чунки, ичларидан гапни суғуриб оламан. Уларни ўзларининг сирли ички оламлари бор! Уларнинг фикрларини баъзан тушунмаганимдан "Илтимос, Аюб ака сал жайдарироқ гапиринг" дейман. (кулиб) Лекин, ҳамкасб сифатида жуда ҳам аҳилмиз, кўз тегмасин!

 

- Ҳозирги кундаги ўзбек киносида сизни ташвишлантираётган ҳолатлар?

- Ҳозирда бўлар-бўлмас, кўрсатишга арзимайдиган мавзуларни ҳам экранга олиб чиқишяпти. Жуда ҳам арзон, ўринсиз гаплар, жаргонлар, "приколлар"... Айрим мана шундай инсонларга илтимос қилардим тўғриси, етар энди... Бир ҳафта 10 кун кун ичида, фильм суратга олиб, сарф-харажатни камайтириб, ўқимаган, ҳатто керак бўлса, ишчилар гуруҳини ҳам, ишлатиб юбориб, фильм эмас, бир нарсалар қилишяпти.  Кейин оқибатда жуда уятли ҳолатлар келиб чиқяпти. Мана шу нарса, мени ташвишлантиряпти. Бундай ҳолатлар қачон тўхтаркин? Буларнинг орасида савияли фильмларга ҳам зарар етяпти. Чунки, томошабин ундай нарсани кўргандан кейин, "Эй, бу ҳам ўшани биттасидир" дейди. Фильмларда актёрлар ҳам кетма-кет қайтарилаверади.

dilnoza-6.jpg

- Ижодингизни энди бошлаган вақтингиздан, то бугунги кунга қадар ижод тарафлама, ўзингизда қандай ўзгаришлар бўлди?

- Фильмдан фильмга ўтар эканман, сценарийга, менга берилаётган ролларга талабчанлигим ортиб боряпти.

 

- Театрга биринчи ишга келган кунингизни эслай оласизми?

- Эслайман. Режиссёр, педагог Мунаввара Абдуллаева мени чақириб, "Дилноза, мен битта катта лойиҳага розилик бериб, ишонч билдириб қўйдим, сизга ўзим режиссёрлик қиламан, ишончимни оқлайсиз деган умиддаман" деганлар. Бу "Андишали келинчак" спектакли эди. "Дилноза "асарни ўқиш жарани" бошланди, эртадан бораверасиз, ўзим ҳам ўша ерда бўламан", деб тайинлаганлар. Ўша куни театрга кечга қолганман. Театрга кириб, эшикни битта очсам, 20 та актёр ўтиришибди! Ўзи янги актриса, ҳали 2 курс талабасиман. Яна театрга биринчи кунданоқ кечга қолиб келганман. Ўшанда, "Вой Мунаввар опамнинг юзларини ерга қаратиб қўйдим" деб уялиб, кўзларим намланиб, секин кириб ўтирганман. Барибир Мунаввара опам кечириб, "Танишинглар, бу менинг талаба қизим, Дилноза. Мана шу келинчак ролига бу қиз ҳам ишлайди" деб йиғилганларга таништирганлар. Ўшанда актрисалар Раъно Ярашева, Саида Раметова, Зуҳра Ашуровалар ҳам, мени қийин вазиятдан қутқаришган. Ўшандаёқ устоз опаларимнинг меҳрини сезганман. Лекин, кейин устозим "бу ерда халқ артистлари ўтирибди, бошқа қайтарилмасин" деб, чиройли тушунтириб қўйганлар. Менга сабоқ бўлган. (самимий кулади)

 

- Ижод йўлида бўлган энг муҳим ва катта ўзгариш, бурилиш қайси бўлган, деб ўйлайсиз?

- Менга, "Келгинди келин" фильми машҳурлик берган. "Келгинди келин" фильмида эпизодларимни кулиб эслашса, "Телба" фильми ҳақида кўпроқ зиёли инсонлар, мен билан тахлил қилиб, муносабат билдиришади. Яъни, шунчаки, "вой, зўр" эмас, айрим эпизодларни жиддий таҳлил қилиб! Мана шу томонлама менга бир ҳузур беради.

 

- Демак, асосий бурилишни мана шу "Телба" картинаси берди, дейиш мумкин экан-да? Яъни, сизнинг иқтидорингизни актриса сифатида бошқа бир даражага олиб чиқди.

- Ҳа. Оилавий ишлар билан банд бўлиб, қилинган 2 йиллик танаффусдан сўнг, менинг илк картинам "Хижрон" фильми бўлган. Бу фильмда, худди бошидан бошлаётгандек, жуда ҳам қўрққандим. Танаффусдан кейин, бу чиқишим қандай бўлар экан, деганман. Шунинг учун ҳам, "Хижрон" фильми ҳам, мен учун қадрли фильмлардан.

 

- Сиз кинодан ташқари, "Замин FМ" радиосида ҳам фаолият олиб борасиз. Уларда овозингизни кўп эшитамиз. Мана шу радиода фолиятингизни бошлашингизга нима сабаб бўлди?

- Бу радиода овозим янграшига, журналист Дилбар Охунова сабабчи бўлганлар. Мен у ерда радио овозиман.

 

- У ерда, дастур тайёрлаш фикри бўлмаганми?

- Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин.

 

- Ўз характерингиздаги ўзингизга ёқмайдиган ва ёқадиган жиҳатлар?

- Ўзимга ёқмайдиган жиҳатларим билан, мен умр бўйи курашаман ва йўқотишга ҳаракат қиламан. Чунки, ўша камчиликларим ортидан, панд еб қолишдан қўрқаман. Кейин, яна бир одатим, бировни ёқтирмасам, баъзан ёқтирмаслигимни ўша инсоннинг ўзига билдириб қўяман! Ёқтирмаслик, бу қандай маънода? Ўша инсондан бир неча марта панд есам, ўта ҳийлагар инсонлигини билсам, шундай бўлиши мумкин. Бир хилларида ўзимга "Дилноза, бундай қилишга хаққинг йўқ эди" деб айтаман. Кейин ичимда, "лекин қандай қилиб, билиб туриб унинг олдида роль ўйнайсан?" дейман. Баъзан шундан ҳам қийналиб кетаман. Ўзимга ёқадиган одатларим, ёлғон гапира олмайман. Айёр, иккиюзламачи эмаслигимга, Худога беҳисоб шукур қиламан. Мабодо, яхшилик учун ҳам ёлғон гапириб қоласиз, шундай пайтларда, виждоним қийналиб кетади. Лекин, шунда ҳам билдириб қўяман, ёлғон гапириш қўлимдан келмайди.

 

- Одамга биринчи қараганингизда нимасига аҳамият берасиз?

- Одамга қараганда аввало чеҳрасига аҳамият бераман. Кўзига, юзига қарайман, чунки бу кўп нарсани беради. Кейин гаплашсангиз, дунё қарашига, у дунёни қандай ўлчайди, мана шу тарафларини  ўйлайман. Баъзи инсонлар ҳақида, у инсон пул билан ўйлайди, ёки маишат билан деган фикрга келаман. Лекин, улар билан гаплашишнинг кераги йўқ. Ичидаги нарса, инсоннинг юзига ва кўзига чиқади.

 

- Ҳозирда, ҳаётингизда нимани ўзгартириш қийин кечмоқда?

- (ўйланиб) Менга ҳеч қачон бундай савол берилмаганди! Мен олдин умуман, бошқа қиз эдим. Бошқача, Дилноза эдим. Буни сиз сезмайсиз, мендан узоқ бўлган инсонлар ҳам буни сезмайдилар. Ўша қувноқ Дилноза бўлиб кўринавераман. Лекин, аслида олдингичалик эмас. Бу улғайганим сарими? Вазминлик, ўша ички ўй-хаёл, ички кураш. Келажагим ҳам ўйлантиради. Энди онаман, ёш бола эмасман, боламнинг ҳам тарбиячисиман. Уни яхши инсон қилиб вояга етказишни истайман. Балки, мана шу оналик масъулияти ҳам, мени кўп ўзгартириб юборгандир?

 

- Болалигингиздаги орзуларингизни неча фоизига эришдингиз, ёки орзуларингиз ўзгардими?

- (самимий) Деярли ҳаммасига эришдим, ишонасизми? Деярли! Орзуларим ҳеч ҳам 90 градусга бурилган эмас! Битта орзуйимга эриша олмадим, ҳозирча. У ҳам бўлса дельфин билан чўмила олмадим. (самимий кулади) Дельфинни жуда ҳам яхши кўраман, шундай меҳрибон жонивор. Қолгани актриса бўлиш, саҳна, машҳурлик, (кулиб) келин кўйлак кийиш, она бўлиш! Энди, яна орзуларим бор, булар улғайганимдан кейинги орзуларим. Улар учун ҳали меҳнат қилиш керак.

dilnoza-5.jpg

- Ўзингиздаги қайси хислатларни ўғлингизда ҳам бўлишини ҳоҳлардингиз?

- Беғуборлик, самимийлик, сахийлик бўлишини ҳоҳлардим. Ўзимдаги ҳамма яхши хислатларни ўғлимда бўлишини истардим.

 

- Фарзандингизнинг илк айтган сўзини эслай оласизми?

- (кулиб) Энди бошида болаларнинг ҳаммаси, "бу", "му" дейди-ку. Лекин, биринчи бўлиб аниқ биламан, "Оллоҳ" деганди. Кейин, эса "ада" деганди...

 

- Фарзандингиз сиз роль ижро этган фильмларни кўрадими?

(ёнидаги фарзандидан сўрайди)

- Ўғлим Муҳаммадамин мени ҳамма фильмларимни кўриб ўтиради. У мени энг ашаддий мухлисим! Йиғласа ҳам, ана "ойижон" десам, "қани, қани" дейди! Бу уни овунтиришнинг битта йўли! Лекин, чалғимасдан кўриб ўтиради, қойилман. Бу ўзиникини қўллаб-қувватлаш! (кулади). Бир куни қўшним, "ойингни қайси ўйнаган киноси ёқади" деб, савол бериб қолди. Ўғлим эса, "Ҳижрон" деди. Ҳайрон қолдим.

 

- Фарзандингизни илк бор қўлингизга олиб, бағрингизга босганингизда нимани ҳис қилгансиз?

- "Ва ниҳоят эришдим", деган нарса бўлган. Ўша орзулар эсингизга келади. Кейин албатта, катта маъсулият турибди, болани эсон-омон улғайтириш, тарбиялаш керак!

siti_makon-33.jpg

- Сизга ўғлингиз Муҳаммадаминни энг кўп берадиган саволи?

- Энг кўп берадиган саволи, ҳозир (самимий кулиб) "нимага, нимага?" саволи кўпайиб кетди. Ўзи менга энг кўп берадиган саволи, "бугун ишга бормайсизми?" бўлади! (самимий кулиб) Кейин тоғалари билан бирга мени ишга ташлаб келсам, дейди. "Бувижон олиб қолмайдиларми", дейди. Лекин, бўлар бўлмас гапларни гапирмайди. Ўйлаб, саволларни мушоҳада қилиб, кичкина бўлса ҳам жойида, ўрнида беради. Баъзан, нимага ундай савол беряпти, деб довдираб қоласиз. (кулади)

 

- Болангиз сиздаги қайси жиҳатларни ўзида такрорлаяпти? Яъни бўлади-ку, кичкина болани кўриб, "вой, сени мана бу ҳаракатингни қиляпти", дейишади.

- Фикрлаб гапиришлари менга ўхшар экан. Уни юришларини ҳам менга ўхшатишади (кулади). Энди бу ўғил бола-ку, кўпроқ тоғаларига тортяпти.

siti_makon-32.jpg

- Адасига қайси жиҳатлари ўхшайди?

- (самимий) Чўрткесарлиги, пухталиги, пишиқлиги ўхшайди! Лекин, мабодо ким, мени хафа қилса, ўша инсонни, ўзи кичкинагина бўлса ҳам, нимадир қилса! Шундай ҳимоячи-ки!

 

- Ўғлингизга қандай эртаклар ўқиб берасиз?

- Унга кўпроқ ўзим, йўл-йўлакай импровизация қилиб, ибратли эртаклар тўқийман. Кейин, эртакда "мени исмимни ҳам айтинг" дейди. Ўртоқларининг исмини ҳам, тоғаларининг исмларини ҳам қўштиради. Лекин, тажрибасиз пайтимда, биринчи эртагимни, "Зумрад ва Қиммат" дан бошлаганман Шунинг учун ҳам, "Зумрад ва Қиммат" ни ёдлаб олган. Ўғлимга алла ҳам айтаман. Аллани унутмасин, алла билан катта бўлсин дейман. Агар жаҳлим чиқса, у ҳам артистликка ўтади. "Ойижон, унақа деманг, ўзимни болам" денг, деб артистлик қилади. Мени юмшатишга ҳаракат қилади. "Ойижон, ўзимни болам, меҳрибоним, эркатойим" денг, дейди.

 

- Онангиз-чи, сизга қайси гапни кўп гапирадилар?

- "Ишга кечга қолма"! (самимий кулади).

 

- Сиз ўзингиз болангизга қайси гапни кўп гапирасиз ва ҳар куни неча соатни бирга ўтказасиз?

- "Овқат е" деб, кўпроқ гапираман.

 

- Кўзгуга қараганингизда юзингизда ажинларни кўрсангиз, бу сизни чўчитмайдими?

- Йўқ, ундай эмас! Ойнага қараганимда, авваламбор Худоим мана шундай соғлом қилиб яратганига шукур қиламан. Ажинлар бу бўладиган нарса, вақт ўзининг ишини кўрсатади. Муҳими, инсоннинг ичи, қалби чиройли бўлсин. Инсоннинг энг керак одамийлигини белгилайдиган нарсаси, бу унинг қалби!

 

- Образлардан қай бири сизга яқин? Зебуннисо, Нодирабегим, Увайсий...

- Мен институтда Нодирабегим монологини ўқиганман. Ана ўшанда Нодирабегимни ўзим, шундай ич-ичимдан яхши кўриб қолгандим. Чунки, у монологда гапирган гапларни унча -мунча эркак гапира олмасди. Ҳақиқий мард, ақл-заковатли аёллигига, ўшанда амин бўлганман.

 

- Шоирлардан қайсиларини шеърларини кўпроқ ўқийсиз?

- Муҳаммад Юсуф, Абдулла Орипов, Зулфияни, Эркин Воҳидовни ҳам кўп шеърларини биламиз. Энг юрагимга яқини, Муҳаммад Юсуф шеърлари.

 

- Албатта, актриса ҳар қандай ролни ижро эта олиши керак, дейишади. Лекин, сиз рад этишингиз мумкин бўлган роллар ҳам борми?

- Бор, рад этишим мумкин бўлган роллар ҳам бор. Ёқмаса, рад этаман ва ҳеч қанақасига ҳам ўйнамайман.

 

- Қандай ролни катта маблағ эвазига ҳам, ижро этишга рози бўлмас эдингиз?

- (ўйланиб) Баъзан, масалан, ўша ролни олиб чиқадиган ҳеч нарсаси, кўрсатадиган, ҳеч қандай ўрнак жиҳати ҳам бўлмайди. Шундай енгил-елпи қаҳрамон ва жуда ҳам енгилтак роль бўлса ҳам рад этаман. Бундай ролларни ҳеч қанақасига ўйнамайман.

 

- Актрисалик сизга нима бера олди-ю, сиз унга нима бера олдингиз?

- (кулади) Менга бу касб, кўп нарса берди ва бериб келяпти ҳам. Сабоқ, дарс, тажриба ва бир нечта ижодий ҳузурлар, ўйнаган нарсангиздан, албатта! Аксинча, баъзи эпизодларда, "вуй" тезроқ ўтиб кетса эди, шу эпизод" ҳам деймиз. Сал нотўғри ишлаган эпизодларимиз, ёқмаган жиҳатлари ҳам бўлади. Лекин, мен ўзим нимадир бера олдим, дея олмайман.

 

- Сизни ҳозирги кунда рекламаларда ҳам кўряпмиз.

- Ҳа, "Artel" рекламасида. Улар билан 2 йиллик шартнома туздик.

 

- Машҳурлик сизни қай даражада ўзгартирди?

- Машҳурлик инсонни кўпроқ қийнар экан. Чунки, ҳар битта қадамингиз таҳлил остида, назоратда бўлади. Оддий, пашшадек нарса ҳам, фил бўлиб кўринади. Сиз ҳақингизда янги-янги теша тегмаган миш-мишлар, тухматлар, ҳар қадамда бўлади. Шу тарафлари кўпроқ қийин экан. Мен машҳурликни ёмон демайман, лекин қийин экан. Бу нарсадан, бундай машаққатлардан кучли ирода, сабр, ақл билан чиқиб кетиш мумкин. Атрофдагиларнинг ҳам қўллаши ва қувватлаши билан ҳам, албатта.

 

- Ижодий қувватни қаердан оласиз?

- (ўйланиб) Ўқиш, изланишдан! Кўп фильмларни кўриб ҳам, инсон ўзи учун кўп нарсалар очади. Кейин тўғри танқидлар ҳам, сизни ўзгартиради. Ижодий қувватни оиламдан, яна атрофдагиларнинг ишончидан ҳам!

 

- Томошабинлар ва мухлислар сизга қайси саволни кўп беришади?

- Менга улар шахсий саволларни кўпроқ беришади. Мен эса, ижодим билан қизиқишларини истардим. Фильмларни кутишларини ҳоҳлардим. Лекин, кўча-куйда "нима кўрамиз яқинда, ижодда" дейишса, хурсанд бўламан.

 

- Тақлид масаласига қандай қарайсиз? Чунки, баъзида сезилади, ёш актрисалар сизга кўп тақлид қилишади...

- Йўқ, буни сезмадим. Балки, улар ҳоҳламаган ҳолда қайтарилиб қолаётгандир? Актрисалар, ҳамкасблар учун тақлид, бу ёмон нарса. Чунки, у ўзининг менини, ҳақиқатда қандайлигини кўрсата олмайди. У эса, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилиши керак. Лекин, баъзан бўлади-ки, ўзи ҳоҳламаган ҳолда ҳам шундай ҳолатлар чиқиб қолади.

 

- Баъзи бирлар, сизда кибр тарафлама ўзгаришлар бўлди, деган гапларни ҳам айтишади. Нима деб ўйлайсиз, сизга юлдузлик касали яқинлашмадими?

- Йўқ! Вақтида юлдузлик касалининг олди олинган (кулиб). Лекин, мен мухлисларимни ҳар биттаси билан гаплашиш керакми, гаплашиб, фикрлашаман, ўзимни катта олмайман. Билмадим... Лекин, яқинда битта съёмкада бўлдим. Битта мухлисим, мақтаниш эмас, "Сиз ҳар битта мухлисингизни фикрини инобатга оласиз-а" деди. Ўзи сал шартта гапирадиган бола экан. Чунки, у савол берди, мен жавоб бердим. "Нега ундай деяпсиз" десам, "айримлари умуман гапирмайди, саволингизни айтсангиз эшитмаганга олади" деди. Мен ўзимни оқламайман, лекин, мухлисларим нима савол беришмасин, ҳар доим жавоб беришга ҳаракат қиламан.

 

- Сизнинг мухлисларингиз шу кунларда, сизни жуда гўзаллашган деб айтишмоқда... Шу сабаб, бир савол бермоқчи эдим. Ҳаётингизда бирор янгилик содир бўлдими?

- (кулади) Йўқ, йўқ, ундай бўлмади (самимий кулади). Худога шукур, ҳаммаёқ тинч осойишта, ҳаммаси яхши, оилангизнинг эркасисиз. Ҳаммаёқда кераксиз. Халқингизни эркасисиз. Шулар сабаб бўлса керак... (кулади).

 

- Гўзаллигингиз сири нимада?

- (самимий) Яратганнинг ўзи бергани, оддийлигим. Ҳашамат, ундай ортиқча оро бериш, ундай нарсалар йўқ.

 

- Мухлисларингиздан бири интернет орқали савол юборибди: "Кимгадир муҳтожлигингизни билиб, ўша муҳтож бўлган инсонингизни топсангиз, ҳеч қанча вақт ўтмай, тасодифан уни яна йўқотиб қўйсангиз, керакли бўлган инсонни яна қидирган бўлармидингиз?"

- Албатта, қидираман. Йўқотиш жуда ёмон нарса. Йўқотишдан жуда қўрқаман, қўрқиб қолганман. Ҳозирги пайтда юракни, юракка ўтириши ҳам жуда қийин бўлиб қолган. Шундай инсон чиққандан кейин, унга эришгандан кейин уни йўқотиб қўйиш, менимча у азоб бўлса керак. Агар уни қайтаришни иложи бўлса, курашмаслик ҳам аҳмоқлик. Ўша сизни инсонингизми, уни қидириш, қайтариш керак.

 

Қисқа саволлар:

 

- Қизларда бўлиши керак бўлган энг гўзал фазилат сизни фикрингизча?

- Ибо.

 

- Сиз ўзингиз энг севиб тайёрлайдиган таомингиз?

- (кулади) Хоним!

 

- Қандай мусиқа эшитасиз?

- Фақат мусиқани ўзини эшитишни яхши кўраман. Жуда сокин бўлиши керак. Кўпроқ шовқин нарсадан қочаман.

 

- Ҳаётда романтикмисиз?

- Ҳа, романтикман.

 

- Шу кунларда кўрган фильмингиз?

- Шу кунларда кўрган фильмим (ўйланиб, кулиб) "Оқибат" деган фильмни кўрдим. Ўзига яраша яхши фильм, плюслари ҳам, минуслари ҳам бор.

 

- Актрисаликдан ташқари ҳам бошқа касбингиз борми?

- Йўқ, бошқа касбим йўқ. Лекин, охирги пайтларда, бошқа касб ҳам керак, деган шундай ҳоҳиш туғиляпти. Чунки, келаётган сценарийлар ҳам, жуда ачинарли аҳволда бўлса, инсон хавотирга тушиб қолар экан.

 

- Актрисаликдан ташқари, қайси касбни эгаллаш фикридасиз?

- Агар санъатнинг ўзида бўлса, келажакда устозлик қилишим мумкин. Агар санъатдан ташқари бўлса, мен ўзимни жуда ҳам жиддий ва шу билан бирга жуда ҳам инсофли бир раҳбар аёл образида кўраман.

 

- Демак, шахсий бизнес билан шуғулланиш ниятидасиз?

- Бизнес Леди! (самимий кулади) Келажакда шундай ниятим бор!

Саида Вахобова

 

dilnoza-8.jpg