FATTOHHON.COM
« Все новости
7 сентябрь куни соат 18.00 да, Алишер Навоий (собиқ Панорама) кинотеатрида режиссёр Ҳилол Насимовнинг янги "Тубанлик" фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Фильм "Ўзбеккино" миллий агентлиги буюртмасига кўра суратга олинган.
Алишер Навоий киносаройида одатга кўра, соат 18.00 бўлмасиданоқ томошабинлар ва ижодкорлар йиғила бошладилар. Улар орасида фильм ижодкорларидан ташқари,
Ўзбекистон Халқ артисти Хайрулла Саъдиев,
хонанда Отабек Муталхўжаев,
продюсер ва телебошловчи журналист Феруза Нодирова,
"Кинотеатр" кўрсатуви муаллиф ва бошловчиси журналист Шоира Рауфбоева,
киноижодкор Ҳотам Ҳамроев, актёр ва режиссёр Шуҳрат Нуралиев,
актриса Юлдуз Ҳамидова,
актёр Бахтиёр Қосимов,
актрисалар Барно Қодирова, Муяссар Бердиқулова ва
бошқа кўплаб ижодкорлар бор эдилар.
Премьера ҳозирда урф бўлганидек, рақс ва қўшиқ билан бошланди. Фильм ижодкорлари саҳнага таклиф қилинишларидан олдин, аввалига
"Муқимий" рақс гуруҳи, "Товус" рақсини ижро қилишди. Ўзлари ҳам, товусмонанд либосларда эдилар. Сўнг, хонанда Наргиз 2 та қўшиқ куйлади ва иккинчиси, шубҳасиз ҳаммани эътиборини тортган "Наргиз" қўшиғи бўлди.
Сўнг, премьера очиқ деб эълон қилиниб, сўз "Ўзбеккино" миллий агентлиги раҳбари Аъзам Ғиёсович Исҳоқовга берилди ва у киши саҳнага таклиф қилинди.
Аъзам Ғиёсович барчани "Мустақиллигимизнинг 21 йиллиги" билан табриклаб, саҳнага "Тубанлик" фильми ижодкорларини таклиф қилдилар ва яқиндагина турли соҳа вакилларини, давлатимизнинг юксак унвонлари билан тақдирланганлигини ҳам айтиб ўтиб, тақдирланганлар ичида
"Тубанлик" фильми режиссёри Ҳилол Насимов ҳам "Шуҳрат" медали билан тақдирланганлигини айтиб, режиссёрни табрикладилар. Шундан сўнг, бошқа тақдирланган киноижодкорлардан ҳам бир нечтасининг исмларини айтиб, табриклаб ўтдилар, жумладан режиссёр Баҳодир Одилов, актёрлардан Фахриддин Шамсиматов, Беҳзод Ҳамроев, киноактёр Адиз Ражабов, актриса Дилноза Кубаева.
Сўнг, фильм ижодкорларини таништириш учун сўз навбати, актриса Лола Элтоевага берилди.
Фильмнинг саҳналаштирувчи режиссёри Ҳилол Насимов
Оператор Умид Маликов
Ролларда: Фотиҳ Насимов, Зиёда Ҳудойқулова, Лола Элтоева, Мирза Азизов, Фарҳод Абдуллаев, Нодира Маҳмудова, Шодия Тўхтаева, Алишер Отабоев, Нигора Каримбоева, Раъно Шодиева, Рихси Иброҳимова ва бошқалар...
Ижодкорлар таништирилгач, сўз фильм режиссёри Ҳилол Насимовга берилди.
Режиссёр Ҳилол Насимов: - Ҳозирда биз ижодкорлар учун ҳақиқий имтиҳон, ўз фильмимизни томошабинлар эътиборига тақдим этишдир. Фурсатдан фойдаланиб, мен устозим Мунаввара Абдуллаевага ўз миннатдорчилигимни билдираман, деб залда ўтирган устозига миннатдорчилик билдирдилар.
Шунингдек, Режиссёр Ҳилол Насимов фильмни яратишда ёрдам берган барча ижодкорлар ва ташкилотлар аъзоларига ҳам миннатдорчилик билдириб ўтдилар.
Сўнг, фильмнинг хонанда Зиёда ижросидаги саундтрек клипи намойиш этилди.
Ниҳоят, фильм намойиши бошланди.
Фильмнинг илк эпизодлариданоқ ҳақиқий фильм кўраётганлигингизни ҳис қиласиз.
"Тубанлик" фильми бир йўла бир неча долзарб муаммоларни қамраб олган бўлиб, улар диний ақидапарастлик, ҳижоб ўраш, қизларни барвақт турмушга бериш, ҳамда бефарқлик охир-оқибат қандай фожеага олиб келиши тўлақонли кўрсатиб берилган.
Фильмнинг режиссёрлик иши юқори даражада, фильмдаги воқеалар режиссёрлик топилмалари билан, мазмунли бойитилган. Масалан, қаҳрамонлардан ака-уканинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибати, деталлар билан моҳирона ифодаланган. Масалан, ўсмирни она касалхонаада ётган вақти, уйдаги барча юмушни ўзи қилиши, масъулиятни ўз бўйнига олиб, меҳнатдан қочмай, рўзғорни таъминлаш учун ишлаши ва шу кабилар...
Шунингдек, ёшлар ўртасидаги беғубор севги ҳеч қандай сўзларсиз, нигоҳлар ва ҳолат билан чиройли ифода этиб берилган.
Фильмда лаганбардор кимсалар қораланган, айниқса, педагогика ва таълим соҳасида бундай инсонларнинг бўлиши ва умуман, уларнинг бефарқлиги қандай фожеага олиб келиши мумкинлиги кўрсатиб берилган.
Шунингдек, фильмда ота-онанинг саводсиз омилиги, турли таъсирларга тушиб қолиши, фарзандлар келажаги учун жуда хавфли эканлиги ва ҳатто фарзандлар тақдирини барбод қилиши мумкинлиги аниқ намойиш этилган.
Икки оилани солиштириш тимсолида, фильм мақсади аниқ очиб берилган.
Фильмга актёрлар ансамбли ҳам моҳирона танланган ва ўз ролларини маҳорат билан ижро қилишган.
Масалан, актриса Шодия Тўхтаева ижросидаги 15 ёшида турмушга чиқиб, бахтиқаро бўлган касалванд аёл образи ишончли ва таъсирли, кўпчиликка ибрат бўладиган образдир. Бош қаҳрамон йигит, яъни шу аёлнинг ўғли тимсоли эса, ўзининг яқинларига бўлган меҳр-оқибати билан кўпларга ўрнак бўлишга арзийди. Албатта, ҳеч ким хатолардан ҳоли эмас, лекин ёш йигитдаги масъулият ҳисси намуна бўлишга лойиқ.
Актёр Мирза Азизов ижросидаги салбий қаҳрамон ақидапараст куёв образи жуда ҳам салбий бўлсада, актёрнинг моҳирона ижроси туфайли, томошабинлар томонидан жуда яхши кутиб олинди.
Фильм мазмунан кучли фильм бўлиб, ундаги бош қаҳрамон қиз бефарқлик, ақидапарастлик ва ота-онанинг дунёқараши торлиги, саводсизлиги туфайли, тақдири барбод бўлиши, маҳорат билан ифодаланган.
Фильмда ўз номи билан "тубанлик" ва "жаҳолат"га бефарқлик, қандай фожеали ҳолатга олиб келиши яққол кўрсатиб берилган.
Фильм ижодкорларининг маълум қилишларича, фильм реал, ҳаётда бўлиб ўтган воқеалар асосида суратга олинган экан.
Фильм ҳозирда "Алишер Навоий" киносаройида намойиш этилмоқда.
Феруза Фаттохова
Саида Вахобова