FATTOHHON.COM
« Все новостиАввалига актриса сифатида ўзининг илк роли билан томошабинлар эътиборига тушган бу қиз, кейинчалик хонандаликда ҳам, кутилмаган машҳурликка эришиб, ҳаммани ҳайратлантирди. Унинг кучли овози, ҳамда миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган биргина қўшиғининг ўзи, ҳаммани меҳрини қозонди. Бир қарашда, у ўз машҳурлигига жуда тез эришгандек туюлса-да, аслида у бу машҳурлик учун жуда кўп ва астойдил меҳнат қилган. Бугунги “Диллашув” саҳифасининг меҳмони, ҳаётидаги муваффақиятларига ўз меҳнати ва истеъдоди билан эришган хонанда ва актриса Муниса Ризаева
Муниса Ризаева ўзи ҳақида:
1986 йил 21 октябрда, Тошкент шаҳрида туғилганман. Оилада уч фарзандмиз, яъни учта қиз. Опам турмушга чиққан ва Англияда яшайди. Синглим ҳам Англияда ўқийди. Мен эса, ўртанчасиман. Отам бизнесмен (тадбиркор), онам эса шифокор. Ҳозирги кунда онам шифокорликни ташлаб, бизнес билан шуғулланяптилар.
Ўзим 6 ёшдан қўшиқ айтишни бошлаганман. Мактабда ўқиётганимдаёқ, турли фестивалларда иштирок этганман, қўшиқлар куйлаганман.
Сўнг, қўшиқни айтишни ташлаб, Англияга кетдим. Маълум бир муддатдан сўнг, 14 ёшимда Тошкентга қайтиб келгач, “Умид юлдузлари” фестивалида иштирок этдим. Ўшанда “Тарона” студиясида “Нега-нега?” қўшиғимни ёздирганман. Бу қўшиқ билан “Тарона битирувчи” концертида ҳам иштирок этганман. Бу қўшиқ ўша пайтларда жуда ҳам машҳур бўлиб кетган. Шунинг учун бўлса керак, “Тарона” студиясида кўпчилик менга таниш ва (самимий) бу ерда катта бўлганман, десам ҳам бўлади. “Умид юлдузлари”дан сўнг, Мустақиллик ва Наврўз тантаналарида иштирок этганман.
Сўнг, яна Англия кетдим ва 2008 йилда Тошкентга қайтиб келдим. Тошкентга қайтгач, “Ҳижрон” фильмига суратга тушишга таклиф бўлди ва бу фильмда асосий роллардан бирини ижро этдим. Фильм экранга чиққач, менга жуда кўплаб ролларга таклифлар бўлди ва кетма-кет фильмларда суратга тушдим. Жумладан, “Кичкина хўжайин”, “Пойқадам”, “Фирибгар”, “Ҳай-ҳай қизалоқ”, “Нафс” ва ҳоказо... Бу йил сентябрда эса, мен Алишер Узоқов билан бош ролда суратга тушган яна бир фильм, “Ақл ва юрак”, катта экранларга чиқади.
Бугунги кундаги ижодий янгиликларимдан, ҳозирда “Уммон” гуруҳи билан дуэт ёздим. Бу дуэт тўйбоп эмас! “Воажаб” деб номланади. Биз бу қўшиқни август охирига чиқармоқчи эдик, лекин бизга қўшиқ шеъри бироз ёқмади ва шунинг учун ҳозирда қўшиқ шеърини ўзгартиряпмиз. Қўшиқ тайёр бўлиши билан унга клип суратга оламиз ва тез орада мухлисларга тақдим этамиз! “Уммон” гуруҳининг сентябрь ойида, “Туркистон” саройида бўлиб ўтадиган концертида ҳам қатнашаман. (самимий жилмайиб) У ерда мухлисларга сюрпризларимиз бор.
Бундан ташқари, ўзим янги бир сокин қўшиқ ҳам ёздирдим. “Қайларда” деб номланади. Жуда ҳам кўнглимга ёққан қўшиқ бўлиб, бундан 10 йил олдин бу қўшиқни Дилноза исмли бир қиз куйлаганини эшитгандим. Ишонасизми, мен 10 йил давомида, бу қўшиқни сотиб олмоқчи бўлдим, ҳар гал у қизни кўндиришга уринардим ва ниҳоят 10 йилдан кейингина сотиб олишга муваффақ бўлдим. У қиз турмушга чиқиб, фарзандли бўлиб кетган, мен уни яна қидириб топиб, қўшиқни сотиб олдим! Демак, бу тақдир ва мен бу қўшиқни чиндан ҳам куйлашим керак экан. Бир неча кундан сўнг, бу қўшиққа клип ҳам суратга оламиз.
Ҳозирда ўзимни илк мусиқий альбомимни, мухлисларга тақдим этиш арафасидаман! Худо ҳоҳласа, бу мусиқий альбом келгуси ойда чиқади. Уни “Айрилма ёр” деб номладик. Сабаби, айнан “Айрилма ёр” қўшиғимдан сўнг, мен танила бошладим. Бу қўшиқдан олдин ҳам, бир неча қўшиқларим бор эди. Лекин, айнан шу қўшиқ мени, Муниса Ризаева бўлишимга хизмат қилди! Айнан шу қўшиқдан кейин халқ эътиборига, назарига тушдим. Шу туфайли ҳам, мен ўзимнинг илк мусиқий альбомимни “Айрилма ёр” деб номладим. Мусиқий альбомимда 10 та қўшиқ бўлади. Нима учун камроқ? Мени қўшиқларим жуда ҳам кўп! Лекин, мен ҳар доим қўшиқ тақдим этишга келганда, ўнлаб қўшиқларим орасидан саралаб, фақат биттасини танлаб оламан. Чунки, қўшиғим томошабинлар эътиборини тортмай қолишини истамайман! Қўшиғим ҳамиша эътиборда бўлиши, уни ҳамма тинглашини ҳоҳлайман. Бугунги кунгача фақат шунга интилиб келмоқдаман. Бунинг учун, қўлимдан келганча ҳаракат қиламан, қиммат клиплар ҳам суратга олдираман. Бу (самимий кулиб) кўп пул тўлашни ҳоҳлаганимдан эмас, мен сифат деган нарса борлигини, мен айнан сифатга, сифатли ижод намунаси тақдим этишга ҳаракат қилаётганлигимни, бунга эриша олганлигимни билдирмоқчиман. Ҳозир бу ишим кўпларга намуна ҳам бўлмоқда. Илгари мен, телеканаллар орқали клипларни кўрганимда, кўплари ёқмасди, ҳозирги кунда эса, бу ҳолат яхши тарафга ўзгарди, дейиш мумкин. Муҳими, клипларнинг сифати яхшиланди. Ижодкорлар ҳам, сифатга, сифатли ижод намунаси қилишга ҳаракат қила бошлашди. Бу мени қувонтирмоқда. Негаки, кимдир бир ишни бошласа, ўрнак бўлса, бошқалар ҳам шунга интила бошлайдилар.
Илк мусиқий альбомимнинг тақдимотини ўтказиш ниятидаман. Альбом учун фотосессия ҳам қилдим. Фотосессисиямда миллийлик билан европача замонавийликни уйғунлаштиришга ҳаракат қилганман. Жуда ҳам чиройли ва ўзгача бош кийимлари, акссессуарлардан фойдаландик. Мухлисларга ёқади, деган умиддаман.
Янгиликлардан яна бири, (самимий кулиб) мени бу йил турмушга узатмоқчи бўлишди. Лекин, мен рози бўлмадим ва уйдагиларнинг барча ҳаракатларини тўхтатдим. Оила мен учун муқаддас! Лекин, оила шундай бир нарсаки, турмушга чиққанингдан кейин ижодга, шоубизнесга вақт бўлмайди. Мен бўлса, ўз ижодимни шу даражага етказишга жуда узоқ вақт давомида интилганман. Ҳаттоки, муҳаббатни ҳам рад этганман. Фақатгина ижод қилишдан тўхтаб қолмаслик учун! Балки, 2-3 йилдан кейин мен бунга, тайёр бўларман? Лекин, мен ўз ижод йўлимни эндигина бошладим ва тўхтаб қолишни истамайман! Мен ижод қилишни жуда ҳам кучли ҳоҳлаганман ва тўғри маънода, ижодга касалман! Мен шунчаки қўшиқ айтишни ҳоҳлаганим учун, ёки чиройли кўринишим учун ижод қилмайман. Мени ижод қилишимнинг асосий сабаби, мен тўғри маънода ижодга, ўз ижодимга касалман! Мен ўз ижодим учун ҳаётда кўп нарсага тайёрман! 24 соатлаб мусиқа ёзаман, 24 соатлаб ўз устимда, ижод устида ишлайман. Бирор янгилик, энг яхши ижод намунаси яратиш учун бор имкониятимни ишга соламан. Мен ҳамма қатори ўртамиёна бирор нарса яратишни истамайман! Мен доим ажралиб туришни ҳоҳлайман! Мен ажралиб чиқа олдим ва энди бу ёғига ҳам менга ишонч билдирган томошабинларни, мухлисларимнинг ишончларини суистеъмол қила олмайман! Улар эса менга ишонадилар! Мен хонанда сифатида ижодимни бошлаганимга унча кўп бўлгани йўқ, лекин шу қисқа вақт ичида, ўз мухлисларимга эга бўлдим. Бу эса жуда катта бахт! Чунки, баъзи бир неча йиллаб ижод қилиб, ҳеч ким ижодига мухлис бўлмаганлар ҳам бор. Мени эса, ўз мухлисларим бор! Улар учун ҳам ижоддан тўхтамаслигим керак, деб ўйлайман. Масалан, турмушга чиқсам, балки турмуш ўртоғим ижод қилишимга, қўшиқ куйлашимга рухсат берар? Лекин, рухсат бермаслиги ҳам мумкин! Ҳаётда ҳамма ҳар хил ҳолат бўлади. Лекин, шуниси аниқки, оила қургач, турмуш ўртоғингизга ҳар куни, ўзингиз нонушта, тушлик ва кечки овқат тайёрлашингиз керак! Демак, бунинг учун сиз кун давомида уйда бўлишингиз керак! Тўғрими? Айтинг-чи, унда қачон ижодга вақт бўлади? Вақт бўлмайди! Буниси аниқроқ! Ижодни оила билан боғлаш, биргаликда олиб бориш мумкин, қачонки, маълум бир поғонада, ўз ўрнимни ушлаб тура олсам. Ўшандагина мен, оила билан шуғуллана олишим мумкин. Кўплар менга, “26 ёшда экансиз, демак сизни ёшингиз катта бўляпти, қарияпсиз ҳам”, дейишади. Ҳаттоки, баъзилар “сизни замонингиз, вақтингиз ўтиб кетяпти” ҳам дейишади. Йўқ, ҳақиқий аёлни ҳеч қачон замони ўтиб кетмайди! Ҳамма нарсани ўз вақти соати бор! Кимнидир тақдири 17 ёшда келса, кимникидир 20 ёшда, яна кимгадир 35 ёшда келади. Пешонага ёзилгани бўлади, барибир. Ҳаттоки, 50 ёшда ҳам бахтини топганлар бор. Биз ҳеч қачон, ўзимизни иккинчи ярмимизни қачон топишимизни билмаймиз. Шунчаки, “турмушга чиқди” деган белги учун турмушга чиқишни, эса, мен ўзим ҳоҳламайман! Инсон ўзи севиб, севилиб турмуш қуриши керак, деб ҳисоблайман! Агар ўзаро муносабатларда севги-муҳаббат бўлмаса, ўша муносабатларнинг ўзи бўлмайди, барибир бир куни синиб кетади! Шунчаки, бирга яшаш нима учун керак? Ахир биз бу дунёда бир марта яшаймиз ва бу дунёда ҳеч нарса абадий эмас. Масалан, ота-онани, баъзида боламга яхшилик қиляпман деб ўйлаб, фарзандларини уларнинг розилигисиз, турмушга беришлари, уйлантиришлари ҳам, нотўғри деб ўйлайман! Чунки, биз ўз ҳаётимиз билан яшашимиз керак. Мен айнан, мана шундай қилмаганлари учун ҳам, ўз ота-онамдан жуда миннатдорман! Бизнинг оилавий анъаналари жуда ҳам ўзбекона! Жуда кўп ўзбекча урф-одатларимиз бор, уларга амал қиламиз. Бизнинг оилада бу урф-одатлар унутилмаган. Мен ўз томиримда ўзбек қони оқаётганлигидангина эмас, балки саломлашиш, меҳмондўстлик каби ўзбекона урф-одатларимизни ҳам билишимдан ва уларга амал қилишимдан фахрланаман, қувонаман! Бу бизни халқимизнинг анъанасидир. Мен бундан хурсандман, лекин мени ота-онам ҳеч қачон нимадир қилишга мажбурлашмаган! Мен ҳамма ишни ўз ҳоҳишим билан қиламан ва ҳеч ким мени бирор нарсага мажбур қилмаган. Бизда танлаш ҳуқуқи бор, нимани ҳоҳлаётганингни танлашинг мумкин. Йўқ, десанг, йўқ, демак бу сени ҳаётинг ва биз бирор нарсани ўзгартиришга ҳаққимиз йўқ! Ота-онам менга маслаҳат берадилар, лекин ҳеч қачон мажбурлашмайди. Мен буни жуда ҳам тўғри тарбия усули деб биламан ва мен ҳам келажакда ўз фарзандларимга шундай усулни қўллайман!
- “Фирибгар” фильмида суратга тушган вақтларингизда, ижодкорлар орасида, сизни “турмушга чиққан”, деган гаплар бўлганди. Ҳаттоки, “тўйи бўлди”, “эри бор” деган гаплар чиқди. Бу гаплар қаердан тарқалди?
- Ҳа, кўплар “мени турмушга чиқди”, дейишганди. Лекин, мен турмушга чиқмаганман! Гап шундаки, ўша вақтларда мен “Пойқадам” фильмида суратга тушгандим. Фильмда келин образида, куёв билан суратим бўлади. (самимий кулиб) Ана шу сурат шаҳар бўйлаб тарқалиб кетди. Бу шунчаки кино учун эди. “Пойқадам” фильмида узоқ вақт мобайнида, турмушга чиқа олмаётган қиз ролини ижро этгандим. У оилага келин келгач, ўша қизнинг ҳам бахти очилиб, турмушга чиқади. Ўша фильмдаги суратнинг тарқалиши, гап-сўзларга сабаб бўлган! Ҳаттоки, (кулиб) мени ўша пайтларда “қозоқ миллатига мансуб йигитга турмушга чиқди” ҳам дейишган. Сабаби, ўша тўй суратидаги йигитни, кўринишидан шу миллатга мансуб деб ўйлашган.
- Ўша пайтларда “қайсидир ресторанда тўйи бўлди. Тўйида Тоҳир Содиқов унга атаб қўшиқ куйлади”, деган гаплар тарқалди. Ҳатто, рестораннинг номигача гапиришди.
- Йўқ, (кулиб) лекин мен ростдан ҳам тўйимда Тоҳир Содиқов “Кел яшайлик биз бирга” қўшиғини куйлаб беришини ҳоҳлайман. Гап шундаки, бу қўшиқ яратилган вақтда, мен бу қўшиқни хонанда, мени тўйимда фақат мен учун куйлаб беришини ҳоҳлаб, қўшиқни ҳаттоки бу сотиб олмоқчи ҳам бўлганман! Лекин, мен турмушга чиқмадим, вақтни ортга суравердим. Тўғрисини айтсам, мен турмушга чиқмоқчи бўлган инсон бор эди. Мен буни ҳеч кимдан яширмайман. Менга ҳамма совчи юборганлар ичидан бир йигитни танлагандим ва шу инсонга турмушга чиқсам бўлади, дегандим. Жуда ҳам яхши инсон, учрашувларга чиққанман ва ҳаммадан ҳам шу йигит маъқул бўлганди. Мен унга турмушга чиқишим керак эди... Лекин, кейинчалик мен барибир, мен ижодни танладим, яъни шу фикрга келдимки, агар чиндан севса кута олади! (самимий) Агар бу чиндан менинг тақдирим бўлса, 15-20 йилдан кейин бўлса ҳам, ёнимда бўлади. Агар тақдирим бўлмаса, унда нега мен уни ортидан қувишим керак? Тўғрими? Ахир пешонада нима ёзилган бўлса, шу бўлади. Мана, масалан, мен неча йиллаб саҳнага чиқишни орзу қилгандим, лекин амалга ошмаган. Нима учун ҳозир, энди амалга ошди? Мен буни тушундим, сабаби илгари мен бунчалик мулоҳазали ва жиддий эмасдим, кўп нарсага жиддий қарайдиган инсон эмасдим. Мени ҳатто, ёш бола эди, дейиш ҳам мумкин. Ҳар қандай қиз каби, мен ҳам оиламнинг эркаси эдим. Мен кўпроқ ўз бизнесим билан шуғулланардим. Тўғри, ҳар доим қўшиқ куйлашни ҳоҳлаганман, лекин Оллоҳ буни менга, мен ижодсиз яшай олмаслигимни тушуниб етганимда берди. Ҳамма нарсани ўз вақти соати бўлар экан. Агар Оллоҳ менга, бугунги машҳурликни, хит қўшиқларимни, бугунги эришганларимни, олдинроқ берганида, мен балки бошқача ҳаёт кечирган бўлар эдим. Лекин, Оллоҳ буларни менга, бир неча инсонлардан янглишиб, кўнглим қолган, кўп нарсаларни кўрган вақтимда, ўзим бизнес билан шуғулланиб, кўпроқ маблағ топа бошлаган вақтимда берди. Шунинг учун ҳам, мен Оллоҳ буни менга айнан ҳозир, шу вақтда берганлигидан жуда ҳам хурсандман. Чунки, ҳозир мени вақтим, айнан куйлашим керак бўлган вақт! Агар бу 5-6 йил аввал содир бўлганида, бошқача бўлиши мумкин эди. Нимаки бўлса, фақат яхшиликка бўлади. Мен гиперлиберал инсонман ва ҳар қандай нарсага позитив ёндошишга ҳаракат қиламан. Мени ҳеч ким ҳеч қачон йиғлаганимни кўрмаган ва кўрмайди ҳам. Мен ҳеч қачон хафа бўлиб, кайфиятсиз ўтирмайман, ҳар доим жилмайиб, табассум қиламан. Мен ҳар доим ҳамма билан саломлашаман ва яхши муносабатда бўламан. Бу билан ўзимни яхши кўрсатишга ҳаракат қилаётганим йўқ! Мен ўзи ҳаётда шундай инсонман! Мени ўзгартириб бўлмайди. Мени атрофидаги инсонларнинг кўплари, менга хоинлик қилишган, мени яхшилигимдан, характеримдаги яхши жиҳатларимдан фойдаланишган. Мен ўзимни мақтаётганим йўқ, мен ростдан ҳам позитив инсонман! Мен ҳар қандай муаммога позитив нуқтаи назар билан қарайман. Мен ҳеч қачон, “бу ёмон бўлибди, шундай экан” демайман, “а ҳеч нарса қилмайди, нима бўлса яхшиликка” дейман! Ҳар доим шундай қиламан, чунки онам мени шундай тарбия қилганлар ва шунга ўргатганлар! Ахир айтишади-ку, онасига қараб қизини ол, деб. Шу гап тўппа-тўри, чиндан ҳам шундай. Онамдаги бор барча яхши жиҳатлар, менга ҳам ўтган. Шунинг учун ҳам, мен жуда ҳам позитив инсонман!
- Хонанда бўлганингиздан сўнг, ўзингиз учун нималарни кашф этдингиз?
- Биласизми, аввалига бу ишни жуда ҳам осон, деб ўйлардим! Йўқ, осон эмас экан, бу аслида жуда ҳам қийин иш экан! Бу бошқалар ўйлагандек, “вой, чиройли клип, бўлди” эмас! Бунга қанча меҳнат кетади! Қанча асаб ва жуда кўп вақт кетганидан, мени ҳаттоки, нормал ухлашга ҳам вақтим йўқ! (самимий кулиб) Бу реал ҳолат! Кечаю кундуз ижод билан бандман! Асосан, кечалари мусиқа ёзаман, янги ғоялар, фикрлар билан янгиликлар қилишга ҳаракат қиламан. Ҳеч қачон, бирор нарсани менсиз амалга ошишига йўл қўймайман! Мен ҳаммасини ўзим қилишим керак. Масалан, ўз қўшиқларимни то яралгунича ҳаммасини ўзим қилишга ҳаракат қиламан. Менга ҳеч ким ёрдам бермайди. Шу кунгача нимагаки эришган бўлсам, ҳаммасига ўз меҳнатим билан эришдим. Бу реал! Тўғри, мени ёрдам берадиган администраторим бор, лекин, барибир мени назоратимсиз ва айтганимсиз ҳеч нарса содир бўлмайди. Ҳамма нарсани ўзим қилишга ҳаракат қиламан. Бу мен учун катта мактаб бўлган, десам ҳам бўлади. Бугунги кунда мен ўзим учун шу нарсани кашф қилдимки, мен шуғуланишни ёқтирган машғулот ҳам, аслида “Уммон” гуруҳининг сентябрь ойида, “Туркистон” саройида бўлиб ўтадиган концертида. Бу мен учун катта мактаб. Мен учун, яна бир кашф этганимнинг юбори ва, шундай бир Озодбек Назарбековдек инсонлар билан мулоқотда бўлганлигим. Мен у кишининг ижодини жуда ҳам қадрлайман ва уни инсон сифатида ҳам жуда ҳурмат қиламан! Бу инсон, менга ҳозирги кунда жуда ҳам асқотаётган 2-3 маслаҳат берганлар. Илгари мен бунгача аҳамият бермаган эканман, ҳозир эса, бунга жуда катта эътибор беряпман. Бу нарса, қўшиқ учун шеър танлаш! У киши айтганлар: - Қўшиқда мусиқа, асосийси эмас! Энг муҳими, сен ўша қўшиқни тўғри куйлашинг ва ўз мухлисларингга ўз ижод намунангни тўғри тақдим қила олишинг! Бу гаплар менга, жуда катта сабоқ бўлди. Чунки, мен илгари, қўшиқ учун шеърни шунчаки буюртма қилардим. Энди эса, йўқ! Асло бундай эмас! (жилмайиб) Мен эндиликда бир қўшиқ учун, ҳар битта шеърни диққат билан ўқиб, текшираман. Ҳаттоки, студияга қўшиқни ёзиш учун борганимда ҳам, куйлаётганда ҳам вокалга эмас, ўзимни кўнгил, юрак ҳолатимга кўпроқ аҳамият бераман. Чунки, мен халққа ўз кўнглимдаги ҳис қилаётган ҳолатни етказиб беришим керак. Мен бу қўшиқни, худди бошқа инсонлар қандай ҳис қилишларини ҳоҳлаётган бўлсам, ўзим ҳам шундай ҳис қилишим, ўзимдан ўтказишим, ўша қўшиқда яшашим керак! Буни менга Озодбек ака Назарбеков ўргатдилар. Буни менга Консерваторияда ҳам, бошқа жойда ҳам ўргатишмаган! Устозларимга келсак, энг катта устозлардан бири Дони Илёсов, у кишини менга ёрдамлари катта бўлган десам ҳам бўлади. Мен ёшлигимда у киши рафиқасига қатнаб вокал сирларини ўрганишим учун, Устозларим менга вокал ва ўзимни тутиш бўйича сабоқ беришган. Лекин, Озодбек ака айтган нарсани ўргатишмаган. Лекин, айнан шу нарсани, яъни ўзим куйлаётган қўшиғимни ёзишдан олдин, ҳис қилиш, ўзимдан ўтказиб куйлашим кераклигига мени амин бўлдим. Озодбек Назарбеков ўргатдилар. Бунинг учун у кишига катта раҳмат, айтаман! Бунинг учун, у кишидан жуда миннатдорман. Мен шундай кейин ўз қўшиқларимга бошқача муносабатда бўла бошладим. Илгари, мен қўшиқларимни ёздириб бўлгандан кейин тингламас эдим! Ҳозирги кунда куйлаётган қўшиқларимнинг ҳаммасини ўзим ҳам тинглайман. Кўпчилик қўшиқчилар, ўзлари куйлаган қўшиқни тинглашмайди. Улар қўшиқни ёздиришади, лекин машинада ёки уйда ўзлари эшитишмайди. Улар, ўз ижодига мухлис эмаслар! Менга эса, ўз қилаётган ишим ёқади. Авваллари менга бу ёқмасди. Ҳозир мен тўғри маънода шунга касал бўлганман. (самимий кулади)
- Демак, сиз ўз ижодингиздан қониқяпсиз? Шундайми? Ахир ижодкорни ўз ижодидан қониққани, тўхтагани дегандек гаплар ҳам бор!
- Ҳа, ҳозирда мен ўз қўшиқларимга бошқа муносабатдаман, ўз қўшиқларимни ўзим ҳам тинглайман. Биласизми, мен нима учун қониқяпман? Чунки, Озодбек акам Назарбеков мени ўз қўшиқларимни ҳис қилишга, ўзимдан ўтказишга ўргатдилар. Ҳар сафар қўшиқларимни эшитганимда, мен уларни ҳар сафар ҳис қиламан ва ўзимдан ўтказаман! Мен ҳозир қўшиқ мусиқасига ҳам, сўзларига катта эътибор бераман. Мен ўзим ижро этганимда, уни тинглаб кўрганимда, ўзимнинг вокал даражамга қарамаганман! Илгари, фақат вокалига аҳамият берардим. Ҳозир ўз қўшиқларимни шунчалик юрак билан, ўзимдан ўтказиб куйлайманки, автоматик равишда, вокал ҳам жуда яхши чиқади. Мен бу тарафлама, ўз ижодимдан қониқяпман, демоқчиман!
- Қўшиқларингизга мавзуларни қаердан оласиз?
- Мен ҳеч қачон қўшиқ мавзусини танламайман! Мен ҳар қандай мавзуни олишим мумкин. Нима учун? Қўшиқларда кўпинча нима ҳақида куйланади? Севги-муҳаббат, хиёнат, Ватан, чиройли осмон, қуёш ва шу кабилар. Мен нима ҳақида куйлашимдан қатъий назар, ўша нарсани ўзимдан ўтказа олишим керак. Мен уи ҳис қилмасам, ўша қўшиқни куйламайман! Ўзинг ҳис қилмаган ва ўзингдан ўтказа олмаган қўшиқни нега куйлаш керак? Масалан, дейлик ҳаётингизда кимдир бўлган, шу пайтда бир қўшиқда, шеърда ўша вазият ҳақида айтилган. Сиз ўша воқеани, ҳолатни эслайсиз, тўғрими? Яъни, ўзингиздан ўтказа бошлайсиз. Бу бутунлай бошқа нарса. Чунки, ҳар бир инсонда қалб бор. Қанчалик совуққон бўлмасин, барибир ҳаммасидан юракдан ўтказади. Ҳар гал қандай мавзуда ёзилмасин, агар у нимаси биландир ҳаётимга ўхшаса, мени уни куйлайман! Чунки, мен уни ҳис қила оламан, ўзимдан ўтказа оламан.
- Санъат оламидаги илк қадамларингизни актриса сифатида бошладингиз, бир неча фильмларда роллар ижро этдингиз. Эндиликда хонанда сифатида машҳурликка эришгач, актрисасликни бироз унутгандексиз ...
- Ҳа, нега? Чунки, мен ҳеч қачон актриса бўлишни ҳоҳламаганман. Бу ҳаммаси мен учун ижодга йўл эди. Мен ҳар доим ўзимни ҳамма нарсада синаб кўришни истардим. Қўшиқчи бўлиш, кинода роль ижро этиш, теннис ўйнаш, ҳаттоки ўзимни спортда ҳам синаб кўришни ҳоҳлардим. Мен ҳеч қачон, ҳеч нарсага инжиқлик қилмаганман. Нимаики қилишни ҳоҳлаган бўлсам, ўша нарсани албатта, қилардим. Мени кинода суратга тушгим келди. Нима учун йўқ? Ахир бу ўзим учун ҳам янгилик-ку! Биз бир марта яшаймиз ва ҳаёт нима билан тугаши қоронғу. Ҳеч ким буни билмайди ҳам. Лекин, масалан, орадан, дейлик, 20-25 йил ўтиб, менинг фарзандларим, мен кичик бўлса ҳам роль ижро этган фильмларни кўришса, ўзим ҳам улар билан кўриб, “вой, кўряпсанми қандай бўлганман, нима қилганман” дейиш, ахир бу жуда мароқли. Қолаверса, ахир бу ҳам ҳаётингизда бир тарих бўлиб, эсда қолади. Санъат шундай чегара билмаски, агар эплай олсанг, сен ўз ижодингда ҳоҳлаган нарсани амалга оширишинг мумкин. “Ҳижрон” фильмигача, мен ҳеч қачон ҳеч қандай фильмда суратга тушмаганман. Бу фильмда суратга тушгач, ўзимни ролни қандай ижро этганимни тушунмаганман. Лекин, бошқалар кўриб, “Муниса, сени ижройингни кўриб, таъсирланиб кўзимизга ёш олдик, йиғладик” дейишганда, “демак, ўхшата олибман, эплабман” дедик. Майли, агар 100 фоиз бўлмаса ҳам, беш фоиз бўлсин, лекин одамларга ёқибдими, демак нимагадир арзийди. Демак, ўзимни кинода синаб кўрсам бўлади. Лекин, менинг асосий мақсадим, ҳамиша, хонанда бўлиш эди! Мен актриса эмасман, мен қўшиқчиман! Мен ҳар доим мени қўшиқчи сифатида билишларини ҳоҳлаганман! Шунинг учун ҳам, кинода роль ижро қиламанми, йўқми, унчалик фарқи йўқ, десам ҳам бўлади. Лекин, менга яхши сценарий беришса, яхши роль бўлса ва мени бунга вақтим ва ҳоҳишим бўлса, албатта, кинода ўйнайман. Мен ҳаётимда ҳар доим янги синовларни ёқтирадиган инсонман! Ҳеч қачон йўқ демайман. Лекин, агар бунга вақтим етишмаса, қўшиқчилик билан шуғулланишим керак бўлса, албатта, қўшиқчиликни танлайман.
- Отангиз ижодингиздан қанчалик хабардорлар ва уларни бунга муносабатлари?
- Мени отам, менинг ижодимдан 40 фоиз хабардорлар, десам ҳам бўлади. (самимий кулиб) Тўғри, ижодимга оилам қарши эмас. Лекин, улар мени тўйда қўшиқ куйлашимга, тўйларга чиқишимга қаршилик қилишади. Оиламиз шаҳарда обрўли ва таниқли оилалардан. Ота-онамни шаҳарда жуда кўпчилик танийди. Бундай оилаларда эса, тўйга чиқиш, қандайдир шармандалик, уят ҳисобланади. Лекин, мен отамга гап пулда эмаслигини тушунтира олмаяпман. Тўйларда маблағ топаётганимда эмас гап! Бу менинг ижодим! Ахир мени халқ шу тўйларга таклиф қиляпти-ку! Халқ мени тўйга таклиф қиляптими, демак мени ижодимга қизиқяпти, қўшиқларим уларга керак! Мен эса, буни рад қила олмайман! Чунки, тўйлар менга машҳурлик олиб келади, халқ ва мухлисларим билан муносабат ўрнатади. Биз халққа яқинроқ бўламиз. Ким бизни тўйга чақиради? Ахир ҳаммада ҳам тўйига артист чақириш учун катта пул бўлавермайди-ку. Демак, бу инсон ният қилган ва мени тўйига чақиряпти. Бу мен учун фахр! Катта фахр! Кимгадир бу ҳеч нарса эмасдир? Лекин, мен учун бу бахт! Яъни, инсонларни мени ўз тўйида, ўзининг бахтли кунида кўрмоқчи эканлиги! Улар бошқа бир қўшиқчини эмас, мени кўришмоқчи! Мени, Муниса Ризаевани кўришни, қўшиғини тинглашни ҳоҳлашяпти. Ахир бу мен учун қандай бахт! Бу ҳар қандай артист учун, катта бахт, деб ўйлайман! Яъни сени ижодингга талаб бўлиши бахт! Мен буни тушунтириб бера олмайман. Ахир фақатгина концертларда кўриниш билан иш битмайди. Чунки, концертлар унчалик кўп эмас, йилига 5-6 та дейлик, ахир бу кам-ку. Қолаверса, санъаткор халққа яқин бўлиши керак, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам, отам тўйларга чиқишимни билмайдилар. Мени омадим келгани (самимий кулиб) отам хорижда яшайдилар ва отам бу ерга келганларида эса, онам ҳамиша отамга сездирмасликка ҳаракат қиладилар. Онам эса, тўйларга чиқишимга қарши эмаслар, ижодим борасида қўллаб-қувватлайдилар. Ҳар тарафлама, маблағ тарафлама ва маънавий томондан ҳам ёрдамлашиб келмоқдалар. Ўз пайтида онамдан ёрдам сўраган пайтларим ҳам бўлган. Чунки, ўз ижодимга ўзим маблағ сарфлаганман. Машинадан тортиб, майда буюмларгача! Клипларим, қўшиқларга сарф қилганимгача! Мени хушторим ҳам, ҳомийим ҳам йўқ! Нимаики қилган бўлсам, ҳаммасини фақат ўзим амалга ошириб келмоқдаман! Албатта, бу менга қийин, лекин мен учун бу бахт! Менга шунчалик қийин бўлгани билан, мен шунчалик ҳаракат қилаётганим учун ҳам, Оллоҳ менга беряпти ва мен бундан жуда ҳам хурсандман.
- Ота-онангизни сизга энг кўп такрорлайдиган гаплари?
- (кулиб) Улар мени “шаддод қиз” дейишади! Чунки, мен ўзим ҳам жуда шўх қизман!
- Қачон охирги марта отангиздан пул олгансиз ва уни нимага ишлатгансиз?
- Охирги марта мен отамдан янги машина учун пул олганман ва кейин икки ҳафтадан сўнг, бу машинада авария бўлганман. Ундан олдин нексия ҳайдардим. 16-17 ёшларимдан ўзим меҳнат қилиб пул топганман. Хуллас, отам ўша янги иномарка машинани туғилган кунимга сотиб олиб берганлар, икки ҳафтадан сўнг авария бўлганман ва у машина шунчалик яроқсиз ҳолга келганидан, бутунлай ташлаб юборишган. Ўзим бўлса, 3 ой касалхонада даволанишимга тўғри келган.
- Қачон охирги марта ота-онангиздан хафа ёки хурсанд бўлдингиз?
- Мен ҳеч қачон ота-онамдан хафа бўлмаганман! Ота-онам ёмон бўлган тақдирда ҳам, яхши бўлган тақдирда ҳам, улар менинг ота-онам ва қандай бўлишларидан қатъий назар, улар мен учун энг яхши ота-онадирлар! Мен ҳаётда ҳеч қачон ота-онам билан уришмайман, мен учун уларнинг ҳар бир сўз қонун! Улар яхши гап айтишадими, ёмонми, мен эшитиб, фақат жим бўлиб, гапирмай қўя қоламан. Чунки, улар менинг ота-онам!
- Келажакда она бўлганингизда, ўзингизни онангиз, сизнинг тарбиянгизда қўллаган қайси усулларни, ўз фарзандингиз тарбиясида қўллаган бўлардингиз?
- Ҳаммасини! Менинг онам идел она ва у ўз умрини бизга, фарзандларига бағишлаган. Мен ҳам худди шундай қиламан. Мен ҳам ўз оилам ва фарзандларимнинг бахти учун, қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан.
- Клипларингиз борасида ғояларни қаердан оласиз?
- Билмадим, бу Оллоҳ берган маҳорат ёки қобилиятми, лекин студияда қўшиқни ёздираётганимдаёқ, уни тинглаганимда кўз олдимга унга клип ғояси келади. Ҳар қандай қўшиғимни куйлаганимда, тинглаганимда, унинг менда ғояси туғилган, тайёр бўлади. Менга ҳеч қайси клипмейкер ғоя бермаган. Навбатдаги қўшиғим “Голливуд-Болливуд” ҳам ўзимнинг ғоям! Мен ўз ғоямни ҳеч қачон ўзгартирмайман! Кўпинча баъзилар “мана бундай қилайлик” деб фикр қўшмоқчи, ўзгартирмоқчи бўлишса, мен дарҳол “йўқ” дейман! Мен шу қўшиққа шундай ғоя кўрдимми, демак у шундай бўлиши керак ва томошабинларга ёқади, деб ўйлайман. Кўплар, “бу ерда мана бундай мавзуда экан, қиз болага бўлмайди, Тошкентда шунақа,” ҳам дейишади. Мен эса, буни ижод дейман! Ахир чиндан ҳам бу ижод бўлса, нима учун мен одамлар нимадир дейишади деб, ўз ғоямни ўзгартиришим керак? Ўша одамлар мени, ижодимни яхши кўришса, бу ғоя ҳам уларга маъқул бўлади, деб ўйлайман. Мени бу борада омадим келгани, мен кинода суратга тушганим ва кўплар мени актриса сифатида билишларидир. Шунинг учун ҳам, улар мени ҳар хил қиёфаларда, ҳар хил қаҳрамонлар қиёфасида қабул қила оладилар! Лекин, мени ўрнимда агар бошқаси бўлганида, балки уни нотўғри тушунган бўлармидилар? Аммо, бу ишни мен қилдим ва мен ўз ижодимни шундай тақдим эта олганман. Ижодимдаги муҳим бир плюс, бу мен ўзимни, ижодимни бошқача тақдим эта олганим! Мен кўп нарсага қодирлигимни кўрсата олдим, яъни мен очиқкўнгил қизман, мен ҳоҳлаган ишимни қила оламан. Мухлислар мени шундай кўринишда қабул қилишди ва эслаб қолишди. Улар мени уйда ўтирган, мулойим қиз қиёфасида кўришмаган ва мен ўзим ҳам бундай қиз эмасман! Мен қандай бўлсам, шундайлигимча кўринганман! Мен бундан умуман уялмайман, ташвиш ҳам қилмайман, ўзимдан кимдир ясаб ҳам олмоқчи эмасман! Мен комплекссиз инсонман ва шунинг учун ҳам турли хил клиплар суратга олдираман. Энг қизиғи, бу нарсалар халққа ёқяпти ва “баракалла, қойил” дейишяпти. Агар ўрнимда бошқаси шундай қилганида, балки уни нега шундай қилганини муҳокама қилишармиди? Чунки, бошқалар ўзларини бошқача тақдим этганлар. Мен эса, бутунлай бошқача. Шунинг учун ҳам, менга омад кулиб боқди ва мен ўзим ҳоҳлагандек ижод намуналари чиқаришим мумкин. Бунинг учун ҳеч ким мени айбламайди ва муҳокама қилмайди.
- Сизнинг саҳнавий имиджингиз, ички дунёйингиз билан ҳамоҳангми?
- Ҳа, чунки мен саҳнавий имиджларимни ўзим ўйлаб топаман.
- Сиз учун имиджни ўзгартириш шунчаки касб туфайлими ёки, бундан ўзингиз ҳам завқ оласизми?
- Имидж бу шундай нарсаки, у ҳар куни ўзгаради. Мода қандай бўлса, ўзгарса, биз ҳам моданинг ортидан кетамиз. Ҳар бир клипни ўзига хос имиджи бор. Масалан, мен чиройли оқшом кўйлагини кийиб олиб, трактор ҳайдай олмайман! (кулиб юборади) Демак, ҳар бир нарсанинг ўз ўрни бор! Мен ҳар доим вазиятга мос кийинаман!
- Ҳаётингиздаги энг катта ўзгариш?
-Бундай ҳодиса, 6 ойча аввал содир бўлди! 6 ой аввал менинг ҳаётим бутунлай ўзгариб кетди! Мени ҳаётимда, мен жуда ҳам ишонган инсонлар бор эди. Мен уларга ишонардим, ёрдам ҳам берганман. (ўйланиб) Мени иккита яқин дугоналарим бор эди, мен уларга нафақат ўз уйимдан жой бергандим, улар учун кўп нарсалар қилганман. Мен улар учун, агар шундай аташ мумкин бўлса, онадек эдим. Лекин, кутилмаганда улар менга хоинлик қилишди. Бу мен учун, худди ортимдан пичоқ ургандек бўлди! Ҳаётга ва инсонларга бўлган қарашларим, 360 градусга ўзгариб кетди. Мен энди ҳаётга бутунлай бошқача муносабатдаман. Мени 25 йиллик ҳаётимда давомида, ҳеч нарса, шу вазиятчалик синдира олмаганди. Мени энг яқин одамларим менга жуда қаттиқ хиёнат қилишди, мен эса уларни кечира олдим. Мен уларга нисбатан дилимда нафрат сақлаяпман, улардан хафаман дея олмайман! Менинг онам мени бир нарсага ўргатганлар, яъни, “инсонларни кечиришни билгин! Кечир! Ҳеч қачон ҳеч кимга нисбатан ўзингда нафрат сақлама!” Шунинг учун ҳам, мен шундайман. Мени тез жаҳлим чиқиши ва 5 дақиқадан кейин ҳаммасини унутишим мумкин! Лекин, буни унутишим мумкин эмас! Мен буни унутмаган бўлсам ҳам, уларни кечира олдим. Қачонки, сен бирор инсонлар билан ҳаётда биргаликда дўстлашсанг, яшасанг, ёрдам берсанг, яхши-ёмон кунларида ёнида бўлсанг!... Лекин, мен уларни кечирдим. . . . Аммо, бундай бўлганидан афсусланмайман! Демак, шундай бўлиши керак эди. Мени ёмон нарсадан оллоҳ асрайди, деб ҳисоблайман. Мени Оллоҳ яхши кўради, шунинг учун ҳам мени ўраб турган инсонларнинг асл юзларини кўрсатди. Мени синдиришди, десам ҳам бўлади ва мен 5-6 ой ўзимга кела олмадим. 2-3 та китобларни ўқиб чиққач, руҳшуносга ҳам мурожаат қилиб, ўзимдан ёши ва бу ҳаётда кўпни кўрган ёши катта инсонлар билан муносабатда бўлиб, яъни, ота-онам, амаким, Озодбек ака Назарбеков, администраторим, улар менга кўп нарсаларни тушунтириб бера олдилар ва мен енгил тортдим, ҳам ўша дугоналаримни кечирдим. Ҳамма нарсани ўз ҳолича қолдирдим ва ҳар бир инсонни ҳаётда ўз йўли бор, деган фикрга келдим. Лекин, бу нарса мени тоблади ва мен тошдек бўлиб қолдим. Мен ҳозирда ҳамма нарсага бошқача қарайман. Яъни, жуда эҳтиёткорлик билан демоқчиман.
- Хонанда Райҳон билан дугонасизлар. У билан дуэт куйлаш ҳақида ўйлаб кўрмаганмисиз?
- Биз Райҳон билан бу ҳақида гаплашганмиз. Бу нарса бизнинг режаларимизда бор. Лекин, мен ҳозирда “Уммон” гуруҳи билан дуэт куйлаяпман ва дарҳол яна дуэт чиқаришни ҳоҳламаяпман. Райҳон билан ҳаётда яқинроқ танишганимдан сўнг, ҳаётда у каби инсонлар бошқа йўқлигига амин бўлдим! У жуда ҳам бағрикенг, жуда ҳам меҳрибон ва ҳеч қачон инсонлардан фойда кўзламайди. Бундай яхши инсонлар ҳозир ҳаётда жуда кам, деб ўйлайман. Кўплар биров билан фақат манфаат юзасидан дўст бўлишади. Йўқ, инсонлардан манфаат кўзлаш керак эмас! Уларни қандай бўлсалар, шундайликларигача севиб, ардоқлаш, ҳурмат қилиш керак! Масалан, мен бугун кимдирман, лекин, эртага ҳеч ким бўлмаслигим ҳам мумкин. Бу ҳаёт! Бугун бор, эртага йўқ! Бугун сен юлдузсан, эртага ҳеч ким бўлмаслигинг мумкин! Ҳеч қачон ҳеч кимни ажратиш, мавқе билан ўлчаш керак эмас! Шунинг учун бўлса керак, мени ҳар хил ўртоқларим бор, баъзилари бадавлат оиладан бўлса, ҳатто меҳрибонлик уйларида ўсган дугоналарим ҳам бор. Мен ҳар доим уларнинг ҳаммаси билан бир хил яхши муносабатда бўлганман! Райҳон ҳам шундай яхши инсон! У ҳам ким билан яхши муносабатда бўлса ва кимни дўст деб билса, улар учун кўп нарсага тайёр ва кўп нарсалар қила олади. Мен уни жуда ҳам яхши кўраман ва жуда ҳам ҳурмат қиламан ва ҳамиша унинг ёнидаман, ҳар қандай кунда ҳам. Биз у билан ҳеч қачон уришмаганмиз! Мени яқинда бувим вафот этдилар. Райҳон у ерда уч кун давомида, эрталабдан кечгача, ёнимда хизматда бўлди! Мен буни ҳеч қачон унутмайман! Унинг онаси вафот этганида, мен ҳам унинг ёнида бўлган эдим. Баъзилар, “ёмон кунингда ёнингда турадиган дўст танлаш керак” дейишади. Йўқ, бу нотўғри! Йўқ, ёмон кунингда эмас, яхши ва қувончли кунингда ёнингда бўлиб, сен билан бирга, сенинг қувончингдан қувонадиган, сенинг қувончингга шерик бўладиган дўстлар, ҳақиқий дўстлардир! Албатта, сенга ёмон бўлса, улар сенга ҳамдард бўлишлари мумкин. Чунки, улар сенинг қайғуйингдан қувонаётган бўладилар. Лекин, сенга яхши бўлганда, сенга яхшилиги учун қувонишса, ана улар ҳақиқий инсонлардир! Чунки, кўпчилик сен билан бирга, сени бахтингдан хурсанд бўла олмайдилар! Улар сен билан бирга йиғлашлари мумкин, лекин сен билан бирга сенинг қувончингдан хурсанд бўлиб кула олмайдилар. Ҳаёт шундай, ҳозир кўпчилик сенинг хурсандчилигингни кўра олмайди. Вақт ўтиб, ёшим катта бўлгани, инсонлар билан кўпроқ мулоқотда бўлганим сари, бунга кўпроқ амин бўляпман.
- Охирги марта қачон йиғладингиз?
- (самимий) У-тўрт кун олдин! Ўзимнинг шахсий ҳаётим туфайли...
- Юлдузлик касаллиги билан қандай курашасиз?
- (самимий) Менда юлдузлик касаллиги йўқ! Ҳеч кимдан ҳалигача, “Муниса юлдузлик касалига чалинибди” деган гапни эшитганим ҳам йўқ. Чунки, биз қандай юлдуз бўлишимиз мумкин? (самимий кулиб) Ахир юлдузлар осмонда-ку! Худди шундай деб ёзиб қўйинг, “Юлдузлар фақат осмонда!” Биз эса, ерда юрамиз. У дунёга бўлса, ҳамма инсонлар битта матода, ҳеч нарсасиз кетадилар. Юлдуз бўлиш керак эмас, шунчаки инсонларга бахт улашадиган инсон бўлайлик!
- Дўстларингиз юзингизга айта оладиган камчиликларингиз ҳам борми?
- Ҳа. “Нима учун бунчалик қизиққонсан, нега бақирасан? Нормал гапиргин” дейишади. Мен танқидни тўғри қабул қиламан! Бу мен учун катта мактаб ва мен камчиликлар устида ишлайман. Чунки, сен ўзинг, ўз камчилигингни сезмайсан ва бу бошқа четдан қараган инсонга яхшироқ билинади.
- Интернетда социал сайтларда регистрациядан ўтганмисиз?
- Йўқ, мен интернетда, ҳамма социал сайтларда рўйхатдан ўтмаганман. Фақат “Facebooc” да борман ва фақатгина ўз дўстларим билангина мулоқотдаман.
- Лекин, интернетдаги “одноклассники” сайтида сизни профилингиз бўлиб, у ерга деярли ҳар куни янги, бошқа жойларда учрамаган суратларингиз қўйилади, ҳамда деярли ҳар куни янгиликларингиз статусга ёзиб борилади!
- Бу мен эмасман! “Одноклассники”даги Муниса Ризаева ёпиқ профиль, бу мени администрациям! Шунингдек, ашаддий мухлисларим ҳам бор.
- Ушалмайди, деб ўйлаган орзуйингиз вақт ўтиши билан амалга ошганми?
- Менинг ижодим! Охирги вақтларда мен буни амалга ошишига ишонмай ҳам қўйгандим. Неча йил ҳаракат қилганман!
- Сиз учун рашк?
- (самимий) Мен рашкчи эмасман! Мен ўзимни ўйлайдиган инсонман!
- Гўзалликни ўткинчи дейишади. Сиз ўз гўзаллигингизни сақлаб қолиш учун нималарга тайёрсиз?
- Биласизми, (кулиб) мен бурнимни ўзгартирмоқчи бўлганман. Ҳалигача бу нарса режамда бор. (кулиб) Лекин кўплар, “бурнинг ўзингга ярашади” деб фикримдан қайтаришяпти! Лекин, ҳеч қачон пластик операция қилдирмаганман ва келажакда ҳам пластик операция қилдириш ниятим йўқ!
- Нима деб ўйлайсиз, аёл кишининг пул топиши қанчалик муҳим?
- Агар мени тақдирим ва мени ўз ҳаётий принципларим шундай бўлмаганда, мен ҳаётимни ишламай ўтказган бўлардим. Аёл киши, гулдек нозик бўлганлиги учун ҳам аёл кишидир! У ҳақида қайғуришлари керак, ахир гул ҳам парваришни талаб қилади. Мен бунга шундай муносабат билдираман. Илгари, балки мен бошқача фикр билдирган бўлардим. Ҳозир эса, мен аёл киши, бу биринчи навбатда аёл киши эканлигини тушунаман. Аёл киши асраб, авайланиши керак, менимча.
- Унда “аёл киши уйда ўтириши керак” деган фикрга қўшиласизми?
- Ҳа. Менимча, мен маданиятимиздан келиб чиқиб, ўзбек қизи бўлганим учун ҳам шундай фикрда бўлсам керак. Бизнинг маданият бошқача, бизда менталитет бошқа. Неча йиллаб хорижда яшаган бўлсам ҳам, мени принцип ва қарашларим ўзгармаган. Мен европача қиз эмасман, шунинг учун бўлса керак, мен аёл киши, фарзандлар кўриши, эрига мазали таомлар тайёрлаб, яхши идеал рафиқа бўлишга муносиб, деган фикрдаман.
- “Аёл киши кучли бўлиши керак”, деган фикрга қандай қарайсиз?
- Йўқ, кучли бўлиши керак эмас, чунки биз шундоғам кучлимиз! Бизни Оллоҳ шундай яратган! Биз эркаклар кўтара олмаган, бардош беролмайдиган нарсаларни, бошдан кечира оламиз, бардош бера оламиз!
- Ўз ҳис-туйғуларингизни ўз вақтида назорат қила оласизми?
- Ҳа, мен ўз қалбимни хотиржам назорат қила оламан! Қанчалик оғир бўлмасин, бемалол реал ҳаракат қила оламан. Менинг ақлим, юрагимни бошқара олади.
- Қувноқ, шўх дўстлар давраси, ёки сокинлик, орзу қилиш, орзуларга берилиш? Қай бирини танлаган бўлардингиз?
- Бугунги кунда сокинлик, орзу қилиш, орзуларга берилиш! Агар ҳаттоки, бир йил олдин бу савол берилганда, шўх дўстлар даврасини танлардим.
- Ўзингиздаги ўзингиз ёқтирмаган жиҳатлар?
- Шўхман, жуда ҳам баланд овозлиман, жаҳлим тез, қизиққонман. Мени жаҳлим тезлиги кўпинча менга панд беради. Мен ҳақиқат учун курашаман. Агар кимдир нотўғри гапираётган бўлса ва мен буни билсам, охиригача тортишаман ва аслида қандайлигини, ҳамда ўзимни ҳақлигимни исботлаб бераман.
- Қоматни сақлаш учун спорт билан шуғулланасизми ёки парҳез қиласизми?
- Спорт билан шуғулланаман, югураман. Уйимда тренажёрлар бор, шуғулланаман. Лекин, парҳез қилмайман.
- Сиз учун бахт? Севги, карьера, оила... Айнан биттасини танласангиз?
- Бахт бу оилада, деб ўйлайман!
- Москва ва Туркия сафарлари ҳақида?
- Москвада, Россия телеканалларидан бирида, “Голос” деган кўрсатув кастингида иштирок этдим. У ерда 2 та кастингдан ўтдим, яна 3 кастинг ҳам бор ва яна боришим керак. Кейин эса, Москвадан сўнг, Туркияга дам олишга бордим. Бир ҳафта у ерда дам олиб, кейин яна Москвага, Москвадан эса, Тошкентга қайтдим.
Саида Вахобова