FATTOHHON.COM
« Все новости
Ўзбек Миллий Академик театрида 15 сентябрь, соат 18.00 да Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актёр Жамшид Зокиров хотирасига бағишланган “Танҳо юлдузим” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди. Нурилло Аббосхон асари асосидаги мазкур спектаклни режиссёр Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Валижон Умаров саҳналаштирган.
Ролларда:
Мурод ролида: Ўзбекистон Халқ артисти Теша Мўминов ва Ўзбекистон хизмат кўрсатган артист Қаҳрамон Абдураҳимов;
Умида ролида: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гавҳар Зокирова;
Манзура ролида: Ўзбекистон хизмат кўрсатган артист Муқаддас Ҳолиқова;
Жамила ролида: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Исмоилова
Домла ролида: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳожиакбар Комилов
Полвон ролида: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Абдураим Абдуваҳобов, Фарҳод Абдуллаев
Кундош ролида: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Иброҳимбекова, актриса Феруза Бобоёрова
Лайло ролида: Шодия Тўхтаева, Азиза Шарипова
Шавкат ролида: Асадулло Набиев, Даврон Каримов
Дилдора ролида: Зилола Гулямова
Сайёра: Нигина Анарбаева, Гулнора Жуманазарова
Гавҳар Зокирова, Қаҳрамон Абдураҳимов ва Асад Набиев
Мазкур спектакль раҳматли Жамшид Зокиров сўнгги марта бош ролни ижро этган “Танҳо юлдуз” спектаклининг мантиқий давомидир. Янги спекталда ҳам, бош ролини Жамшид Зокиров ижро этиши керак эди... Лекин, минг афсуски, истеъдодли актёр эндиликда орамизда йўқ. Аммо, ҳаёт давом этаверади...
Спектакль олдидан, театр фойесида актёр Жамшид Зокиров хотирасига бағишланган мусиқали ролик намойиш этилди.
Бундан ташқари, актёр Жамшид Зокиров хотирасига бағишлаб, у роль ижро этган спектакллардан суратлар қўйилиб, махсус стенд ҳам ташкил этилган.
Ташкилотчи Гулнорахон Содиқова, актриса Муяссар Бердиқулова билан
Мазкур ролик ва стенд муаллифи, ташкилотчи Гулнорахон Содиқова
“Танҳо юлдузим” спектакли олдидан, спектаклнинг актёр Жамшид Зокиров ижросидаги биринчи қисмидан лавҳалар кўрсатилди. Томошабинлар кўзларига ёш қалқди.
Гавҳар Зокирова ва Қаҳрамон Абдураҳимов
Сўнг, саҳнада актёр Жамшид Зокировнинг рафиқаси Гавҳар Зокирова ва актёр Қаҳрамон Абдураҳимов чиқиб келдилар. Бир неча дақиқа давомида, актёр Жамшид Зокиров ёдга олинди.
Спектакль намойиши бошланди.
Спектакль инсон бу оламда танҳо бўлмаслиги керак, ҳар қандай инсон, ҳар қандай ёшда ҳам бахтли бўлишга ҳақли, деган ғояни илгари суради. Спектаклда ота-онага ҳурмат ва меҳр туйғуларига алоҳида ёндошилган. Дардли ҳолатлар, юмор билан моҳирона уйғунлаштирилган.
Спектаклда ёшлари катта, фарзандлари уйли-жойли бўлиб кетган инсонлар муҳаббати кўрсатилган бўлиб, бунга уларнинг фарзандлари муносабати табиий кўрсатиб берилган.
Спектаклда юморга ҳам кенг ўрин берилган, айниқса Манзура (Муқаддас Ҳолиқова) нинг саҳнада исириқ тутатган саҳнаси, унинг кундошига муносабати, фарзандлар жанжаллашиб соч юлишишгача боришлари, Домла билан боғлиқ саҳналар мазмунли юморга бой.
Спектаклда бир нечта жуда ҳам таъсирли нуқталар бор, эркак кишининг ўз фарзандлари ёнида тўккан кўз ёшлари, бош қаҳрамон аёл (Гавҳар Зокирова)нинг қизига айтар сўзлари...
Инсон, атрофдагиларнинг гап-сўзларини деб, ўз бахтини қурбон қилиши керакми?
Инсон нима учун яшайди? Болалар ҳам ота-она уларни тушунганчалик ота-онани тушуна оладиларми? Уларга етарлича меҳр кўрсата оладиларми? Умуман, фарзандлар ота-онанинг қадрига етадиларми? Инсон фарзандлари катта бўлгач, ёлғиз қолса, ўз бахтини топишга ҳақлими?
Бу саволларга жавоб топиш учун, мазкур спектаклни кўриш керак...
Спектакль қаҳрамонларининг гап-сўзлари томошабинларни ўйга толдиргани шубҳасиз.
“Момо Ҳаво ва Одам Атонинг ота-онаси бўлмаган. Шунинг учун ҳам инсон ота-онанинг қадрига етмайди”.
“Инсон ёлғиз қолгач, изтиробда танҳо юлдузга айланади”.
“Осмонда юлдуз порлаяпти. Ҳар бир инсоннинг ўз юлдузи бор.”
Хулоса ўрнида шу айтиш мумкинки, тирик эканмиз бир-биримизни қадрлайлик. Ҳеч нима йўқотилган инсон ўрнини босолмайди. Аммо, ҳаёт давом этади...
Феруза Фаттохова
Саида Вахобова
Ташкилотчи Гулнорахон Содиқова, актриса Муяссар Бердиқулова ва
журналист Феруза Фаттохова