FATTOHHON.COM
« Все новости- Самолётдан тушиб, илк бор ўзбек тупроғига қадам қўйганингизда кўнглингиздан нималар ўтди? Нимани ҳис қилдингиз?
- (ҳаяжон билан) Илк бор ўзбек тупроғига қадам қўйганимда, кўнглимни тушуниб бўлмас ва таърифлаб бўлмайдиган даражадаги ҳислар қамраб олди!Бу қандайдир янги ҳиссиёт эди! Сўз билан таърифлаб бера олмайман! Ҳар доим янги бир жойга бориш учун самолётда учганингда нимадандир қўрқасан, кўнгилда қандайдир ҳадик бўлади, бегона жой, бегона муҳит, бегона инсонлар... Аммо, фақатгина Ўзбекистонда, менда шундай ҳолат юз бермади! Яъни, бегоналик бўлмади! Шундай бир кўнгилни ёқимли хотиржамлик эгаллаб олди! Мен самолётда учиб келдим, кўнглимда эса, худди ўз уйимга учиб келгандек, қандайдир қадрдонликни, яқинликни, кўнгилга яқин муҳитни ҳис қилдим! Бу мен учун жуда ҳам муҳим бўлди! Бошқа сафарларга борганда, у ерни билмаслик, у ердаги инсонларни, муҳитни билмаслик, ҳамиша ҳар қандай инсонни чўчитиши мумкин... Айнан мана шундай чўчиш ва ҳадикнинг бўлмаганлиги сабабли ҳам, бу ерда ўзимни жуда эркин ҳис қилдим! Худди ўз уйимга келгандек, ажойиб бўлди!
- Ўзбекистонга келишдан олдин тасаввурларингиз қандай эдию, келгач қанчалик ўзгарди?
- Одатда мен бирор сафарга кетаётганимда, у ердан, у ердаги муҳитдан ҳеч нарса кутмайман ва у жойни ўзим учун тасаввур ҳам қилмасликка ҳаракат қиламан. Чунки, нимадир кутсанг, тасаввур қилсангу, у ерда нимадир сен кутганингдек, тасаввурингдагидек бўлмаса, кўнгил чўкиши мумкин... Шунинг учун ҳам, мен одатда таваккал қиламан! Бу гал ҳам таваккал қилдим! Нима бўлса, бўлди, дедим! Яъни, ўша сафарга бораётган жойимда ҳамма нарса қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишга одатланганман! Нима бўлса яхшиликка, дейман! Лекин, Ўзбекистонга келиб, ҳеч нарсадан кўнглим қолгани ҳам, кўнглим чўккани ҳам йўқ! Ҳаммаси ажойиб бўлди! Шундоқ аэрапортдан чиқдим, ҳали вақтли эди, энг қизиғи мени кутиб олишга чиққанлар мени пайқамай ҳам қолишди, мен эса аэрапортнинг шундоқ ёнидаги кафега кириб кетдим. (кулади) Менга жуда ёқди! Биринчи марта келган бўлсам ҳам, бу ерни худди аввалдан биладигандек, ўзим ҳам кутмаган ҳолда, ўша ердаги кафега аввал кириб юргандек кириб кетдим. Мен боришим керак бўлган Меҳмонхона номини ҳам билардим ва у ўзим такси буюртма қилиб, Меҳмонхонага бормоқчи бўлдим. Сабаби, мени кутиб олишга чиқишади, деб ўйламагандим!
- Ҳозирги кунда нималар билан бандсиз?
- Ҳозирда бир сериалдаги суратга олиш ишларини тугатиб, яна бир янги сериалда суратга тушяпман! 26 та эпизоддан иборат янги лойиҳа!
- Ҳозирда дунёда нотинчлик! Сизни қандай глобал муаммо ўйлантирмоқда?
- (жиддий ва ўйчан) Терроризм! Сабаби, бу ҳақида жуда кўп ўқийман! Яқин Шарқдаги зиддиятлар, бу ҳақида кўп ўқиганлигим учун ҳам, бу нарса мени хавотирга солади, ўйлантиради! Агар менга кимдир бу борада озгина бўлса ҳам ижобий ҳолат ҳақида маълум қилса, сал бўлса ҳам кўнглим ёришади. Чунки, бу зиддиятлар, бу муаммо, инсонлар тақдири, мени жуда хавотирга солади!
- Нима деб ўйлайсиз, сизнингча бу муаммони қандай ҳал қилиш мумкин, ҳеч шу ҳақида, муаммонинг ечими ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?
- Бунга универсал жавоб йўқ! Аммо, битта чора, ёндошиш бор, бу бизни ўзимиздан бошланади! Агар Терроризм тугашини ҳоҳласак, биринчи навбатда инсонлардаги негативни йўқотиш керак, деб ўйлайман! Бу биринчи навбатда ўзига бўлган ишончнинг йўқлиги ва атрофдагиларга ишонмаслик, атрофдагилардан норозилик ҳисси! Шунингдек, ҳамиша сендан бойлигинг ва ҳамма нарсангни тортиб олишларидан қўрқиш! Эртанги кунга ишончсизлик ҳисси! Агар сенга ҳужум қилишса, фақат қарши ҳужум билан жавоб қайтариш одати! Мана шу ҳиссиётларни, шу одатларни тўхтатиш ва йўқотиш керак, менимча! Ўйлайманки, бу терроризм билан курашишнинг бошланиши бўлади. Энг биринчи навбатда эзгуликни ўзимиздан бошлашимиз керак!
- Бутун дунёда актёрлар, Ҳиндистоннинг ўзида ҳам, Хайрия ишлари билан шуғулланишади. Сиз ҳам, хайрия ишлари билан шуғулланасизми?
- Албатта! Аммо, расмий ва ошкора равишда эмас! Ўзим инсонларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан!
- Шоу бизнес ва Кино оламига кириб келганингизда, улар ҳақида тасаввурингиз қандай эдию, ҳозир қандай?
- Бу оламга кириб келганимда, менда қачондир машҳур бўламан, деган фикр бўлмаган! Машҳурликка интилмаганман, десам ҳам бўлади. Тўғрисини айтсам, ҳозирги кунда ҳам, машҳурлик мени ҳаяжонга солмайди, муҳими мен ўз касбимни, ўз ишимни яхши кўраман! Мухлислар эътибори эса, буни янада чуқурроқ англашимга ёрдам беради! Муҳими, ўз касбингни севиш ва интилиш, машҳурлик эса, касбингни бир қисми, агар ўз ишингни севсанг, меҳнат қилсанг, албатта танилишинг мумкин. Бугунги муваффақиятларимга эса, астойдил шукур қиламан!
- “Муҳаббат тафти” сериалидаги қаҳрамонингизнинг ўзингизга ёққан ва ёқмаган жиҳатлари?
- Менга уни ёққан жиҳати, ҳамда менга ўхшаш тарафи ҳам, бу унинг оиласига бўлган муҳаббати ва садоқати! Шунингдек, унинг эскилик сарқитларидан қочишга бўлган уринишлари! Мен ҳам ҳаётда ўзини оқламаган эски урф-одатларга эргашмайман, у ҳам шундай, у ўзи шундай бўлгани учун бошқаларни ҳам, шунга чорлайди. У қандайдир урф-одатларга бўйсунмаганлиги учун, бошқаларни муҳокама қилмайди, айбламайди ҳам. Менга бу сериалдаги қаҳрамонимнинг ёқмайдиган жиҳати йўқ! Мен ўз қаҳрамонимни яхши кўраман! У аслида жуда меҳрибон инсон, аммо у ўз ҳаётидан келиб чиқиб, буни ошкор қилишни истамайди! У жуда ҳам таъсирчан ва бундан фойдаланиб, уни кўп ранжитишган... Аслида қаҳрамоним қалби тоза инсон! Ўзи аслида биз эркаклар жуда ҳам таъсирчан, ҳиссиётлимиз, аммо, буни эркакларга унчалик хос бўлмаган хислат, демасликлари, ҳамда нотўғри тушунишмасликлари учун ҳам, бу ҳақида гапиришдан қўрқамиз!
- Сиз учун ҳақиқий бахт?
- Ҳаётда баъзан тушунтириб, таърифлаб бўлмайдиган нарсалар бўлади! Шу каби ҳақиқий бахт туйғусини ҳам тушунтириб, ёки таърифлаб бўлмайди! Ҳақиқий бахт туйғусини фақат ҳис қилиш мумкин! Лекин, ҳар бир жилмайган, ёки кулган инсонни ҳам, аслида бахтли деб бўлмайди!
-Фаолиятингиз давомида ўзингиз ҳақингизда, ўзингиз ҳам билмаган, энг кутилмаган хабар?
- (кулади) Яқинда бир лойиҳанинг премьерасида эдим. Интервью бериб бўлгач, мухлислардан бири ёнимга келиб, менга совға берди-да, кутилмаганда ҳамдардлик билан мени бағрига босиб, “оилангиздаги нохушликдан хабарим бор, кўнглингизни чўктирманг, бардам бўлинг” деди! Ҳайратда қолдим!!! Мен эса, “оиламда ҳаммаси тинч, шукур, ҳаммаси яхши” дедим! У бўлса, ҳамдардлик билан “мен ҳаммасини биламан, яширишга уринманг” дейди! Охири ундан “хўш, оиламда қандай нохушлик экан?” десам, ишонч билан “рафиқангиз билан ажрашаётган экансиз!” дейди! Ўша вақтда эса, рафиқам қўл телефонимга қўнғироқ қилиб қолди, мен телефонда унга, “ажрашаётганлигимиздан хабаринг борми?” дедим. У эса, ҳазил билан “ҳа, чунки сиз менга 20 минут аввал қўнғироқ қилишингиз керак эди!” дейди. (кулиб) Ҳаттоки, бу ерда ҳам кеча мени “фарзанди бор” деб юборишди. Шуни айтишим керак, уйланганман, аммо ҳали фарзандим йўқ. Болалар билан кўп суратларга тушганман.
- Ҳаётда сизга нима доимо куч бағишлайди?
- Менинг онам! Онамнинг шундай гаплари бор: “Одамларни сен ҳақингда нима дейишлари, сенга нима дейишлари муҳим эмас! Энг асосийси ва муҳими, ҳамма қийинчиликлар ва ҳолатларни енгиб ўта олишинг! Бунинг учун ўзингда куч топишинг керак! Шунда Қуёш ҳам сен учун нур сочади!” Бу менга доим куч бағишлайди! Бундан ташқари, мен ёшлигимда репетиторга қатнар эдим, у киши бадавлат эмасди, камтарона ҳаёт кечирарди. Аммо, доим у мени жилмайиб кутиб оларди. Шунда мен, “нима учун ва нимадан у бунчалик бахтиёр? Нима учун жилмаяди?” деб, ҳайрон қолганман. Кейин ўйлаб кўриб, қалбан тушуниб етдимки, инсон агар пули бўлмаган тақдирда ҳам, ўзини бахтли ҳис қилиши мумкин экан...
- Ҳаётда ҳам, “Муҳаббат тафти” сериалидаги қаҳрамонингиз каби муҳаббатга дуч келганмисиз?
- Бу туйғуни таърифлаб бўлмайди! Ҳар бир инсоннинг муҳаббат ҳақидаги тушунчасини билиш учун, унинг жисмида, у бўлиб яшаб кўриш керак, деб ўйлайман! Агар бирор одам сизга муҳаббатни 2-3 сўз билан таърифлаб берса, билингки, у ёлғон гапиряпти! Мен ўз Рафиқамни 14 ёшимда учратганман, ўшанда у ёнимдан ўтиб, бориб сув олган эди. Ўшанда уни бир кўришда ёқтириб қолганман, кўзимга энг чиройли бўлиб кўринган! У билан танишдим, кейин эса, унга уйландим. Ҳозир бахтли ҳаёт кечириб келмоқдамиз. Уни жуда ҳам севаман! Ҳаммага ҳаётда ўз муҳаббатига эришишни ва бахтли ҳаёт кечиришларини тилайман!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Ўткир Мирзааҳмедовга
миннатдорчилик билдирамиз