FATTOHHON.COM
« Все новости
“МЕНИНГ ДЎСТИМ ЖИН” ФИЛЬМИ ПРЕМЬЕРАСИДАН! 21.02.2013 12:44
21 февраль куни «Алишер Навоий» (собиқ Панорама) киносаройида “Менинг дўстим Жин” фильмининг премьераси бўлиб ўтди.
Фильм режиссёри дебютант Иқбол Мелиқўзиев

Фильмда бош ролни актёр Муҳаммадисо Абдулхаиров ва Асқар Ҳикматовлар ижро этишган.

Фильмда шунингдек, актрисалар Шаҳзода Муҳаммедова, Зуҳра Солиева, Ҳосият Ҳусанова, ҳамда бир неча ёш актёрлар суратга тушишган.

Фильм премьераси бошқа премьералардан бироз фарқли равишда бошланди. Яъни, премьера олдидан холлда, “Мадакаскар” қаҳрамонлари деб таъриф берилган “қаҳрамонлар” кийимидагилар юришганди.

Сўнг, улар саҳнага чиқишди ва томошабинлар ўз жойларини эгаллаб, зал “тинчлангунга” қадар, намойиш қилинадиган фильм ва унинг ижодкорларига “таъриф” берган ҳолда, “ўз санъатларини намойиш қилишди”. Бунга биров аҳамият берди, биров аҳамият бермади. Ҳар ҳолда томошабинлар ўриндиқларга жойлашиб олгунларига қадар “убить время”)))).

Фильм ижодкорларини ҳам ўша “қаҳрамонлар” таништирдилар.

Таништирувдан сўнг, Режиссёр Иқбол Мелиқўзиев ижодий гуруҳга ва барчага миннатдорчилик билдирди.
Сўнг, фильм намойиши бошланди.
Фильм фантастик комедия жанрида суратга олинган бўлиб, унда Муҳаммадисо Абдулхаиров жин ролини ижро қилган. Бош қаҳрамон омадсиз йигит ҳаётини, мана шу жин ижобий тарафга ўзгартириб юбориши, фильмнинг асосий мазмунини ташкил қилади. Фильмнинг тарбиявий аҳамиятга эга жиҳатлари ҳам бор, албатта. Масалан, бош қаҳрамон йигитнинг фақат ўзини ўйламаслиги ва барча амалга ошиши мумкин бўлган тилакларни ҳам фақат бошқаларга сарфлаши, онасига меҳрибонлиги, инсонларга ёрдам бермоқчи бўлишлари, фақат яхши ниятдалиги.
Лекин, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади, деганларидек фильм баъзи камчиликлардан ҳам ҳоли эмас. Масалан, компьютер эффектларидан фойдаланилганлиги кўпчилик эпизодларда аниқ сезилиб қолгандек. Шунингдек, бош қаҳрамон йигитнинг фильм давомида ўзини тутиши, кўпчилик томошабинларнинг ғашини келтириб юборди ва “бу ногиронми? Нега ўзини бундай тутади?” деган саволларни келтириб чиқарди. Бу қаҳрамонда бадиийлаштириш, бироз ошириб юборилгандек, назаримизда. Қолаверса, уни ўз онасига ачингани билан баъзи эпизодларда онасига қарашмай, ачинишни фақат сўз билан ифода этиши ҳам бироз нотабиийдек, у балки онасига ёрдам беришларини, ҳатти-ҳаракатлари билан кўрсатганида, сал таъсирлироқ бўларди, деб ўйлаймиз. Коллежда ҳам фақат география дарси бўлавериши(!), томошабинларни, бироз зериктирди, назаримизда. Фильм умуман, нафақат бизга, балки кўпчилик томошабинларга “Старик Хоттабыч” фильмини эслатиб юборди. Албатта, бу фантастик комедия ва унда бадиийлаштиришлар бўлиши одатий ҳол. Лекин, умуман олганда фильм, болаларга мўлжалланган яхши фильм, дейиш мумкин. Болалар учун шундай, махсус компьютер эффектларига бой фильм яратилиши, кино санъатимизда қувончли ҳол, деб ўйлаймиз. Шунинг учун ҳам, фильмни жиддий таҳлил этиш фикридан йироқмиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Ижодий ҳамкорлик учун Сардор Ариповга ва
Фотосуратлар учун Мурод Лапасовга миннатдорчилик билдирамиз.