FATTOHHON.COM

« Все новости

ШЕЪРИЯТ КЕЧАСИДАН! 20.02.2013 03:02

8_5.jpg
20 февраль куни соат 17.00 да «Ёшлар ижод саройи»да Буюк шоир ва шоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 530 йиллигига бағишланган Шеърият кечаси бўлиб ўтди. Бу каби шеърият кечаси, 6 февраль куни Навоий шаҳрида, Буюк шоир Алишер Навоий таваллудига ҳам бағишлаб ўтказилган эди.
Бу сафарги шеърият кечасида кўплаб ёш шоирлар, “Келажак овози” танловлари ғолиблари ва иштирокчилари, “Келажак овози” фаоллари, ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулла Шоъмарупов, хонанда Бахтиёр Раҳмонов, шоир Бобур Бобомурод, шоира ва педагог Юлия Матенова, ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди. Шеърият кечасида Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова иштирок этиб, ўз шеърларидан ўқиб берди ва шеърият кечаси иштирокчиларини эсдалик совғалари билан тақдирлади.
Мазкур шеърият кечаси доирасида, бу кечага қатнашиш учун, махсус танлов ҳам уюштирилган эди. Унга кўра, иштирокчилар ўз шеърларидан бир неча сатрини Twitter ёки Facebook ка жойлаштиришлари керак бўлиб, бу танловда қатнашиш учун ўзига хос ариза вазифасини ўтади. Ёш муаллифлардан танловга 50 дан ортиқ ижод намуналари юборилди ва улардан 15 нафар ёш ижодкорлар шеърият кечасида ўз шеърларини ўқиб бердилар.
Шеърият кечасида жами 200 дан ортиқ инсонлар иштирок этдилар. Кечани актёрлар Ҳасан ва Ҳусан Солиҳовлар олиб боришди.
“Келажак овози” вокал чолғу ансамбли эса, ўзларининг мусиқалари билан кечага мусиқавий муҳит бахш этдилар. “Этно Арт” театр студияси вакиллари, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётини акс эттирган саҳна кўриниши намойиш қилдилар.
Кеча давомида ёш шоирлар, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ғазал ва рубоийларидан ташқари, ўз шеърларини ҳам ўқиб бердилар. Уларнинг шеърлари Ватан, муҳаббат, соғинч ва ўзини англаш каби мавзуларда бўлиб,  ҳар бири ўзига хос эди. Уларнинг шеърларига нисбатан шоирлар ва санъат намоёндалари томонидан очиқ фикрлар билдирилди.
Кечада рус қизи Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетининг IV босқич талабаси Анастасия Доронина ўзбек тилида Бобур ғазали ифодали ўқиб бергани, таҳсинларга сазовор бўлди.
Шунингдек, ёш хонанда Бахтиёр Раҳмонов томонидан ижро қилинган “Қуёш порламоқ учун” қўшиғи ҳам, кеча иштирокчиларига жуда ҳам манзур бўлди.
Кечада иштирок этган ёш шоирларнинг ҳар бири учун энг муҳим баҳо, бу Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримованинг сўзлари бўлди.  Гулнора Каримова кеча иштирокчиларининг ҳар бири ўзи хос қобилиятли эканлигини, шунингдек, шеърни баланд овозда ўқиш шарт эмаслиги, маҳорат билан, муаллиф томонидан мазмунли ва юракдан ёзилган шеърни, шивирлаб ўқилганда ҳам, эшитиш мумкинлигини айтиб ўтди. Шеърият кечасида Гулнора Каримова ўзининг “Шом” шеърини ўқиди. Мазкур шеър илк бора, Самарқанд вилояти Имом ал-Бухорий мажмуасида ўқилганди. Шеър ўшандаёқ мазмуни, кучли фалсафий маънога эгалиги билан тақдимот қатнашчиларини таъсирлантирганди.
 
Қалб торлари таранг,
Шовқинли тўлқин,
Сўнгида ой акси фақат.
Бир кун каби битта бу умр...
Товланади улар оловдай.
Дунёнинг товуши келар,
Баъзида у жуда ҳам кучсиз,
Баъзида “тингла” деб уйғотар.
Ер юзига парда тортилиб,
Минорадан таралар овоз, аммо...
Яна азалий холат...
Қуёш ҳам ботар,
Бўшатиш керак ойга ўрнини.
 
Шеърият кечаси якунида, ҳайъат аъзолари кечада фаоллик кўрсатган энг яхши ёш шоирлар номларини эълон қилдилар ва уларга Гулнора Каримова томонидан эсдалик совғалари, шеърий тўпламлар, мусиқий диск ва сувенирлар топширилди. Гулнора Каримова келажакда бундай шеърият кечалари давом этиши кераклиги, фақатгина шоирлар учун эмас, балки созандалар, рассомлар ва бошқа ижод, маҳорат вакиллари учун ҳам ўтказилиши кераклигини билдирди.
Кеча шеърият ихлосмандларига манзур бўлди.
Cаида Вахобова