FATTOHHON.COM

« Все новости

ФОНД ФОРУМ, “КАМОЛОТ” ВА БОШҚА ТАШКИЛОТЛАР НОМИНИ СОТИБ ҚИЛИНГАН ФИРИБГАРЛИК! ЯНА БИР СОХТА ТАШКИЛОТЧИ! 22.02.2013 16:29

“Беном” гуруҳи администратори Қобил бизга куни кеча, Наманганда бўлиб ўтган фирибгарлик воқеасини гапириб берди. Сабаби, бу ҳодиса Қобилнинг кўнглига қаттиқ теккан ва у “Беном” гуруҳи, ҳамда гуруҳ мухлислари олдида айбсиз айбдор бўлиб қолгандек эди.
Аввалига “Беном” гуруҳи йигитлари бу воқеа ҳақида, гапиришни исташмади. Лекин, Наманганлик мухлислари, қолаверса, бу ҳодиса ҳақида эшитганлар, гуруҳни нотўғри тушунишлари мумкинлиги ҳақида айтилгандан сўнг, ноилож бўлган воқеани айтиб, администраторлари Қобилнинг сўзларини тасдиқлашди!
 
Гуруҳ Администратори Қобил: -3-4 кун олдин қўл телефонимга қўнғироқ бўлди ва бир йигит администратор эканлигини, бизни Наманганда бир хайрия концертига таклиф қилмоқчилигини билдириб, “Камолот” ва вилоят ҳокимлиги номидан хат борлигини, келиб-кетиш харажатлари, концертдаги иштирок учун келишилган маблағни тўлашга розилигини айтди. Хайрия концерти бўлганлиги учун ҳам, одатдаги гонорарнинг атиги 30 фоизига рози бўлинди! Эртасига, соат 14.00 да Наманганда концерт экан! “Бориш харажати учун маблағ жўнатасизми?” десам, у йигит “Кечқурун-ку, қандай қилиб? Ахир эркак лафзини қиляпман! Келишингиз билан бераман!” деди! Иш давомида баъзида лафз қилиб, шартномасиз борсангиз ҳам, лафзининг устидан чиқадиганлар бор. Қолаверса, хайрия концерти бўлса, “хайрия, савоб, меҳрибонлик уйидаги болалар, ногиронлар учун концерт, шуларнинг қувончига” деб турганда, эркаклик лафзини бериб турса, шартнома ҳақида ўйлайсизми? Қолаверса, Наманганга етиб боргунимизча, у тинмасдан қўнғироқ қилди. “Ака, келяпсизларми? Турар жой учун меҳмонхонагача гаплашиб қўйилган” деб ишонтирди!
Наманганга, белгиланган вақтга етиб бордик. Боришимиз билан ваъда қилингандек, маблағ берилмади. Ўзимиз харажат қилиб, ўз машинамизда борганмиз. Борганимиздан кейин, бизни бир кафега олиб киришди ва меҳмондорчилик қилишди. У ерда маълум бўлишича, Наманганга фақат биз таклиф қилинмаган эканмиз! Яна Отабек Муталхўжаев, Шербек, Умар Шамсиев, Фаррух Ҳамроев, ёш ижодкор Ҳасан-Ҳусан ва бир неча хонандалар, худди бизга қилинган “усул” биланми, ёки бошқа нарса дебми, чақирилган экан. Бу ҳолат шубҳалантирди. Хуллас, биз овқатланиб бўлгунимизча, бошқа хонандалар ҳам келиб, бирин-кетин овқатланиб кетишди. Кафедан охирида биз чиқаётсак, официант келиб, биздан ўтириш пулини сўраяпти! Бизни таклиф қилган администратор йигит бўлса, вақтлироқ қочиб қолган. Мен дарров ўша администраторга қўнғироқ қилдим, у телефонда официантга “мен тўлайман!” деди. Шу ўринда айтиб ўтмоқчиман, таклиф қилиб, меҳмондорчилик қилгандан кейин, кетган маблағни ташкилотчи тўлаши керакми? Биз маблағни тўлашимиз ҳам мумкин эди, лекин бизни у администратор ўша ерга бошлаб борган, буюртмани ҳам у қилган бўлса! Балки, у йигит ўша официантга кейинчалик “Беном” тўласин, ёки улар тўламаса ўзинг топ!” деган бўлиши ҳам мумкин. Билмадик, лекин, биз ўша администратор йигит, “мен ўзим тўлайман!” дегани учун, ресторандан чиқиб кетдик! Сўнг, бизни ваъда қилишганидек, меҳмонхонага ҳам жойлаштиришмади! Ярим соатлаб кутдик. Кейин ўзимиз, ҳайрон бўлиб, Наманганлик бир танишимизникига жойлашдик!
Концерт вақти соат 16.00 экан. “Шодиёна” театрида, чиройли кошона, дейишди. Биз Наманганни яхши билмаймиз. Шунинг учун, ишониб борсак, “Шодиёна” ҳеч қандай театр ёки бир хайрия тадбири ўтказиладиган жой эмас, бир ресторан бўлиб, ҳеч қандай хайрия концерти ҳам эмас экан! Қарасак, столлар безатилган ва ҳамма чиройли кийиниб, томошабинлар концертга келишяпти! Бу аслида ўша ерлик бир дизайнер аёлнинг либослар кўргазмаси тадбири экан! Адашмасам, 20 февраль эди. Тадбир вақтидан олдин, Намангандаги фан клубимиз аъзоларидан бир нечтасини ўша “Шодиёна”га текширишга юборгандим. Улар айтишдики, ҳаммаёққа эълонлар осилган, билетлар сотилган, афишанинг бошида “Беном” турибди! Ҳатто, билетлар нархигача ёзиб қўйилибди. Шундан сўнг, мен ҳам “ҳеч қандай хайрия концерти эмас экан, энди ҳеч бўлмаса, ўша келишилган нархни берсангиз, концертга чиқамиз” дедим. Тўғри талаб қўйилди! Улар яъни, ўша йигит ва ўша кўргазмаси бўлаётган аёл бўлса, “шунча жойдан ўзи йўлкира қилиб, бензинга пул сарфлаб келган. Демак, кириб йўлкира пулига бўлса ҳам, қўшиқ айтиб кетади” деб ўйлашган экан!
 
benom-2.jpg
Шу пайт бу ҳақида гапиришни истамаган Сарвар, воқеага ойдинлик киритиш учун қўшимча қилди: - Биринчи ўша тадбир бўладиган жойига, Қобилнинг ўзи борганди. Сўнг, ўша йигит ва аёлни биз билан юзлаштирди. Аёл, фақат йўлкирага етадиган пул олиб келиб, “мени ҳеч нарсадан хабарим йўқ, энди мана шу пулни олиб, қўшиқ айтиб беринглар” дейди! Мен дарҳол, “йўқ!” дедим! Мени характерим шундай, ёлғон гапни кўтара олмайман! Айниқса, “хайрия, ногирон болаларга” деб ёлғон гапириб чақиргани учун ҳам шундай қилдим! Хайрия, ногирон болаларни номини қўшиб ёлғон гапирган фирибгарлар учун қўшиқ куйлагимиз келмади, бунга ғурур йўл қўймади! “Пулинг ўзингда қолсин! Пулинг ҳам ўзингга сийлов” дедим! Шундан кейин бошланди, бизга таҳдид (угрожать) ҳам қила бошлашди. Аёл менга администратор йигитни кўрсатиб, у менга  “Мен Фонд Форумда ишлайман!” деб айтган, сизларни бутунлай текинга олиб келаман” деган, деди. Яна “Наманган вилоят Фонд Форумданмиз, нега қўшиқ айтмас экансиз?” ҳам дейишди. Биз ҳам “Фонд Форумда кимлар ишлаш-ишламаслигини яхши биламиз” дедик. Шунда, дарров ўзгаришиб, “Камолот”данмиз, дейишди. “Келажак овози”ни ҳам орага қўшишди. Вилоят ҳокимлиги ҳам қолиб кетмади. Гаплари ўхшамагач, у аёл яна ўзини оқлади, гўёки у ҳеч нарсани билмаган, ҳаммасини ўша администратор йигит қилганмиш.  Мен ўша аёлга: “Сиздекларни кўпини кўрганман. Ҳаммаси уюштирилгани билиниб турибди.” дедим. (бироз асабийлашиб) Умуман, уларни “Фонд форум”дек жиддий ташкилот номидан сохта иш юритишга нима ҳаққилари бор? Фонд Форумдек обрўли, жиддий ташкилот номини сотмоқчи бўлаётгани, жуда жаҳлимни чиқарди!
 
Қобил гапни давом эттириб: - “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати ва вилоят ҳокимлиги номидан, имзо қўйилган хат ҳам кўрсатишди! У хат ҳам балки сохтадир? Билмадим, лекин улар атайлаб қилишгани, ўша администратор йигит ва у аёл келишиб олганлари кўриниб турибди. Иккови, айбни бир-бирига тўнкашяпти. Бизга “Мажбурсанлар, қўшиқ айтасанлар, Фонд Форумданмиз” деб таҳдид қилгани ортиқча! Камига,  у йигитни номи ҳам сохта бўлиб чиқди! Атайлаб, ёш хонандаларни ҳам мана шундай  чақириб, яна “машинада эмас, бемалол таксида келаверинглар, ҳамма харажатингизни ўзимиз тўлаймиз” дейишган! Яхши ҳамки, биз ўзимизни машинамизда борганимиз! Баъзи ёш хонандалар уларга ишониб, “харажатимизни тўлайди” деб, ўзлари билан кўпроқ пул олиб келишмаган экан, ноилож баъзилари йўлкираси, харажатини тўлаш учун, ўша ресторанга кириб қўшиқ айтишга мажбур бўлишди! Баъзи хонандаларни тўйга келиб, пулни олдиндан талаб қилади, дейишади. Мана бундай ҳолатлар бўлгач, хонандалар нима қилишсин? Ўз ёнидан харажат қилиб, бизга ўхшаб овора бўлиб, қайтиб кетсинми? Ёки келишилган маблағ ва ваъда қилинган шароит бир четда қолиб, йўлкира учун қўшиқ айтсинми? Бечора хонандалар неча марталаб бундай фирибгарларга чув тушаверади. Шундай тушавергач, “пишиб” кейин, “олдиндан тўла, кейин бораман” дейди-да! Яна санъаткорларни айблашади!
 
benom-3.jpg
Сарвар самимийлик билан: - Санъаткорларда айб йўқ, деб ўйлайман! Ҳамма айб, мана шундай инсонларда! Уларнинг “айби” билан санъаткорлар ҳам, “олдиндан талаб қўйиш”га мажбур бўлишади, назаримда. Балки, ҳақиқатдан ҳам кейинги сафар маблағ ваъда қилаётган инсонни, ўша пайт пули бўлмас, кейин қилиб берар? Лекин, биз бора олмаймиз, чунки бундай ҳолатга дуч келиб бўлганмиз, ишона олмаймиз! Ўша кафедан ҳам, ўша администратор йигит “мен тўлайман” дегани учун чиқиб кетдик, бизни ундай харажатдан қочадиган, овқатланиб, пулни тўламайдиган одатимиз ҳам йўқ!
Қобил: - Ўша аёл қандайдир ўқув маркази директори экан. Йигит бўлса, уялмай ногиронларни, хайрияни “ниқоб” қиляпти! Инсонийлик деган нарса умуман, йўқ! Телефонда у администратор шундай бир “ишончли” гапларни гапирдики, ишонганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Шунинг учун, гуруҳдаги йигитларга “мен лафз қилиб қўйдим, хайрия, савоб экан. Ҳамма ишни ташлаб бўлса ҳам, ўша ногиронларни, норасида болаларни қувонтирайлик” деб илтимос қилгандим. Бу мени катта хатойим! Мана оқибати, савоб, хайрия деб, шу ҳолат юз берди! Ўша инсонлар ўз мақсади йўлида, хайрия ва ногиронларни рўкач қилиб, шунчалик пастликка боришгани, ҳайрон қолдирди! Биз жуда кўплаб хайрия концертлари, тадбирларида қатнашганмиз. Ҳеч қачон, рекламасини ёнида “билетлари фалон пулга сотилади” деб ёзиб қўйилмаган! Фонд Форум ва бошқа ташкилотларнинг хайрия концертлари ҳеч қачон ундай пулли бўлмайди! Намангандаги ўша ерда анчагина хонандаларнинг администраторларини кўрдик. Тошкентдан шунча хонандани чақиришган, ҳайрон қоласиз! Йўл бўйи ўйлаб келдим, инсон шунчалик ҳам пасткашликка бориши мумкинми? (самимий) Биз ёрдам қилмоқчи эдик, улар айтаётган ўша меҳрибонлик уйлари болалари ва ногиронларни қувонтирмоқчи эдик! 
 
- Нега ҳуқуқ тартибот органлари ёки тегишли жойларга мурожат қилмадингизлар?
benom_0.jpg
Сарвар сал асабийлашиб: - Мурожаат қилинса ҳам, “нега шартнома тузмадингизлар?” дейишади. Қайсидир маънода биз ўзимиз ҳам айбдормиз. “Савоб иш, хайрия, меҳрибонлик уйлари болалари ва ногиронларга”, деб туришгани учун рози бўлиб, ҳеч қандай шартнома тузмадик. Қолаверса, эркаклик лафзи, деганига ҳам ишонгандик! Чунки, биз лафз қилсак, ҳеч қачон сўзимиздан қайтмаймиз! Чунки, эркак кишимиз! Биласизми, яна нимадан жаҳлим чиқди? Бизни бир кунимиз бекор кетди! Бизда ҳозир вақт масаласи муаммо! Масалан, кунига уйқуга 2-3 соат вақт ажрата оламан холос! Баъзида ўша уйқу ҳам йўқ! Хонандаларга қўшиқ ёзамиз, ўзимизда қўшиқ ёзамиз, ўз қўшиқларимизни студияда ёздирамиз. Қолаверса, фильмларга ҳам мусиқа ёзамиз. Клип суратга олдириш керак, вақт йўқлигидан уни ҳам тунда суратга оляпмиз, ҳозир. Қолаверса, тадбирлар ҳам бор. Ўзингиз тасаввур қилаверинг, 1 кунни биз учун қадрини! Майли, йўлга кетган харажат, унга ачинмаймиз. Лекин, фирибгарлар учун кетган кунимга ачиндим! Ўзи вақт етишмаслигидан асабийлашиб юрган бўлсаму, бу ёқда ўша фирибгарлар вақтингизни бекор кетказишса! Эртага ростдан ҳам меҳрибонлик уйларидан “хайрия тадбири” деб чиқишса, ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмайсиз! Яна ёлғон, фирибгарлик деб ўйлайсиз! Инсонларга бўлган ишончингиз кетиб қолади. Кейин ким айбдор?  Яна санъаткор айбдор бўлади! “Санъаткор шунақа, пулни олдиндан талаб қилади”, дейди. Албатта, олдиндан талаб қилмаса, фирибгарга дуч келиб, мана бундай аҳволга тушади, агар индамай қўшиғини айтиб кетса, кейин ким унга гонорар беради? Ахир ҳамма жойга бориб, текинга куйламайди-ку! Қўшиқ яратиш ва ёздириш ҳам маблағ талаб қилади! Яна камига, бундай фирибгарлар, мухлислар ёнида сени ёмонотлиқ қилиб турса! Масалан, Наманганлик инсонлар “Беном” келади, деб ўша концертга билет сотиб олган бўлишлари мумкин-ку! Бу воқеа бўлиб, биз қайтиб кетганимиздан кейин, улар томошабинларга буни қандай тушунтирганларидан бехабармиз! Лекин, биз ҳеч қачон мухлисларимизни, назардан четда қолдирмаганмиз! Ҳоҳ ижтимоий тармоқларда бўлсин, ҳоҳ ҳаётда! Ҳаммаларига озгина бўлса ҳам, вақт ажратишга ҳаракат қиламиз!
 
Қобил: - Мен шахсан ўзим шу нарсага аҳамият бераман! Гастролларда ҳам, иложи борича мухлисларни четда қолдирмаймиз! Ўша куни ҳам, Намангандаги фан клуб аъзолари бизга роса телефон қилишди! Ҳаммасига бирма-бир тушунтириб беролмайсиз. Лекин, инсофли халқмиз! Мухлислар ҳам, “Майли” дейди, лекин кейинги сафар ўзингиз концерт ўтказмоқчи бўлсангиз, “эй, булар келмайди, келса ҳам кетиб қолади” дейишлари мумкин! Бу эса, “Беном” гуруҳини рейтингига ҳам салбий таъсир кўрсатади! Қолаверса, ўша фирибгарлар йиғилганларга, ўзларини оқлаш учун, “Беном” сизларни менсимади”, ҳам деган бўлишлари мумкин! Шунинг учун, Наманган вилоятидаги мухлисларга айтмоқчимиз, биз ҳар доим айтилган жойга вақтида бориб ўрганганмиз! Қолаверса, мана администраторлик номеримга ҳам Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятларидан мухлислар қўнғироқ қилишади! Мухлислар учун вақт ҳам ажратиб қўйганмиз! Ўша пайтда, Сарвар ёки Комилнинг вақти бўлишига қараб, ҳар доим улаб бераман! Мухлислар ҳам буни билишади! Шунинг учун ҳам, мана бу бўлиб ўтган воқеани деб, биз тўғримизда бошқа фикрларга боришмасин! Биз ҳали Наманганда концерт бермаганмиз. Ўша куни яхши ният билан хайрия концертида, мухлисларга совға қиламиз, деб янги мусиқий альбомимиз дисклари, совғалар ҳам олиб олгандик. Яхши ниятда боргандик! Ўша бизни чақирганлар, бунчалик пастликка боришини билмагандик. Балки, ҳокимият билан келишиб, қандайдир ҳужжатлар ҳам қилишгандир? Лекин, концерт бўладиган жойда ҳеч қандай меҳрибонлик уйи болалари, ногирон болалар йўқ эди! Бунга ҳаммамиз гувоҳ бўлдик! Ундай “ташкилотчилар”га инсоф берсин! Бошқа хонандалар ҳам, биз каби азият чекмасликлари учун ўша бизга қўнғироқ қилинган номерни эълон қиламиз: (+99893) 640 82 72. Шу номер эгаси телефон қилиб, бирор “хайрия тадбири”га таклиф қилса, яхшилаб ўйлаб кўришларини маслаҳат берамиз.  
 
benom-1_0.jpg
“Беном” гуруҳи бу ҳодисани айтишмоқчи эмасди. Улар, “ўтган нарса ўтди, бундай нарсаларни гапирмаймиз” деб туриб олишганди. Лекин, мухлисларига тушунмовчилик бўлмаслиги учун, қолаверса, санъаткорларнинг номларига бўлаётган ҳар хил ноўрин гаплардан келиб чиқиб, бўлган воқеани айтишларига тўғри келди!

 

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова