FATTOHHON.COM
« Все новости
АЛИШЕР УЗОҚОВДАН "ЭНДИ ДАДАМ БЎЙДОҚ" ФИЛЬМ ПРЕМЬЕРАСИДАН! 01.10.2012 09:07










































1 октябрь куни соат 18.00 да Алишер Навоий (собиқ Панорама) киносаройида, “Томошабин билан юзма-юз” дастури (нодавлат студияларда суратга олинган фильмлар миллий фестивали) доирасида, актёр ва режиссёр (ҳамда хонанда) Алишер Узоқовнинг “Энди дадам бўйдоқ” иккинчи режиссёрлик фильмининг премьераси бўлиб ўтди.
Премьера жаҳон премьераларига хос равишда, фильм намойишидан аввал ижодкорларни қизил поёндоздан ўтишлари билан бошланди.
Кино ва эстраданинг машҳур хонанда, актёр ва актрисаларини қизил поёндозда журналист Даврон Кабулов кутиб олиб, саволлар бериб, кузатди.
Мазкур маросимни эса, “Catalea group” компанияси ташкиллаштирди. “Энди дадам бўйдоқ” фильми, компания тақдим этаётган илк фильмдир.
Премьерага келган машҳурлар Насиба Абдуллаева, Нозим Тўлахўжаев, Мурод Ражабов, Иброҳим Расулов, Сардор Раҳимхон, Улуғбек Раҳматуллаев, Муниса Ризаева, Жамила Ғофурова, Раъно Шодиева, Cанжар Шодиев, Жаҳонгир Позилжонов, Фаррух Соипов, Умид ва Муҳаммадали Искандаровлар, Акбархўжа Расулов, Отабек Маҳкамов, Мадина Мумтоз, Фарҳод ва Ширин, Аюб Шахобиддинов, Санжар Шодиев, Шерзод Шохалилов, Шерзод Бин, Шохруххон, Динейра, Азиз Раметов, Зарина Низомиддинова, Шаҳзода Муҳамедова, Асал Шодиева, Умидахон, журналист, киношунос продюсер Феруза Нодирова ва бошқалар...
Иккинчи қаватдаги фойеда кичик саҳна ҳозирланиб, у ерда хонандалар томошабинларга қўшиқлар ижро этишди.
Кинозалда ҳам томошабинлар гавжум...
Премьера олдидан саҳнада ҳам бир неча хонандалар томошабинларга ўз қўшиқларини тақдим этдилар.
Премьерани журналист Даврон Кабулов ва актёр Акбархўжа Расулов олиб бордилар.
Премьерани машҳур актёр Мурод Ражабов очиб берди ва фильм ижодкорларига ўзининг самимий тилакларини билдирди.
Премьеранинг бошқа премьералардан ҳайрон қоларли ва фарқли жиҳати, киноижодкорлар ўз ҳоҳишларига кўра, саҳнага чиқмай, “Томошабин билан юзма-юз” дастурининг номидан келиб чиқиб, томошабинлар орасида ўтиришни лозим топдилар.
Фильм ижодкорларини саҳнада бошловчилар номма-ном ўқиб таништирдилар.
Фақатгина олиб борувчиларнинг таклифи билан саҳнага фильм режиссёр Алишер Узоқов чиқиб, ижодий гуруҳ ва томошабинларга миннатдорчилик билдирди.
Фильм ҳомийси “Roison” компаниясидан Алишер Узоқовга телевизор совға қилинди.
Шундан сўнг, фильм намойиши бошланди.
Фильмда бош ролларни актёр Алишер Узоқов, Матёқуб Матчонов, Толиб Мўминов, актрисалар Раъно Ярашева, Ситора Фармонова, Мадина Мумтоз ва Жамила Ғофурова ижро қилишган.
Оператор Шерзод Халилов
Монтаж режиссёри Муҳбилло Убайдуллаев
Фильм комедик мелодрама жанрида бўлиб, ундаги самимий ва беғубор кулги томошабинларнинг кайфиятини кўтариб юборди. Фильм оила мавзусига бағишланган ва ундаги воқеалар кундалик ҳаётда учраб туриши шубҳасиз, назаримизда.
Фильмнинг асосий муваффақиятларидан бири, бу унинг мавзуси ва актёрлар жамоасининг тўғри танланганлигидир. Фильмдаги ҳар бир роль эгаси, ўз ролини маҳорат билан ижро қилган. Актриса Мадина Мумтознинг бу комедик роли ижодида бурилиш бўлган.
Актёр Толиб Мўминов драматик актёр бўлса-да, мазкур фильмдаги роли билан комедик ролларни ҳам қойилмақом тарзда ижро эта олишини намойиш қилган.
Фильм комедия жанрида бўлганлиги билан ўзига хос тарбиявий аҳамиятга ҳам эга. Масалан, лўли билан боғлиқ эпизодлар туфайли инсон ҳаётда ўта содда бўлмаслиги, ҳамиша ўйлаб иш қилиши кераклиги кўрсатиб берилган. Фильмда фирибгарлар муаммоси ишонарли тасвирланган. Оилавий воқеалар эса, инсон ўз оиласи ва ўз яқинларининг қадрига етиши кераклигини билдиради.
Лекин, иш бор жойда камчилик бор дейилганидек, фильм баъзи камчиликлардан ҳоли эмас. Масалан, гилам билан боғлиқ эпизод, бироз ноўриндек, ахир кенг уйда бирор ҳоҳлаган бошқа жойга ҳам беркиниш мумкин, назаримизда. Шунингдек, ҳомиладор аёлнинг югуриб юриши ҳам бироз, қийинроқ масала. Аммо, киноижодкорлар айнан юморга урғу берганликлари учун ҳам, бу каби бўрттиришлар фильмда қўлланилган, деб ўйлаймиз.
Аммо, муҳими фильм бачканалик ва зўрма-зўраки кулгидан йироқ. Унда, соф табиий юмор бор. Оддийликдан, оддий сўзлардан кулгида унумли фойдаланилган.
Фильмда компьютер графикасидан моҳирона фойдаланилган бўлиб, айниқса, фильмнинг бошланиш қисмидаги анимация, якуний қисмларидаги салют эсда қоларли ва ишонарли чиққан.
Фильмда режиссёрлик иши ҳам яхши уддаланган. Актёр Алишер Узоқов актёр ва хонандалик маҳоратидан ташқари, ўзининг бу иккинчи режиссёрлик иши билан, режиссёрлик маҳоратини ҳам кўрсата олган дейиш мумкин.
Cаида Вахобова
Феруза Фаттохова
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()





