FATTOHHON.COM
« Все новости31 май куни Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театрида «Истиқлол йилларида ўзбек опера санъатининг ривожи ва истиқболлари» мавзусида Матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида Ўзбек опера санъатининг ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа вакиллари, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ижодкор Ёшлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Узаков, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Муяссар Раззоқова, Ўзбекистон Халқ артисти Самандар Алимов, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев, Вазирлик Матбуот хизмати ва бошқа ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Матбуот анжуманида, Истиқлол йилларида ўзбек опера санъатининг ривожига қаратилаётган эътибор ва ёш иқтидорларга яратилаётган шароитлар, Мустақиллик йилларида бастакорларнинг опера ривожи санъатида тутган ўрни, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан опера ижрочилари ўртасида ўтказилаётган кўрик-танловлар, фестиваллар ва ёшларнинг эришаётган ютуқлари, ҳамда анъанавий “Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочиларининг Республика кўрик-фестивали ҳақида, фикрлар билдирилди.
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ижодкор Ёшлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Узаков: - Ўйлайманки, опера санъати юртимизда, ўз ўрнига эга, ўзига хос санъат тури ҳисобланади! Ҳозирда опера санъатини ривожлантириш учун юртимизда ёшларга кенг кўламдаги имкониятлар берилмоқда. Жумладан, мазкур Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театри, ўтказилаётган кўрик-фестиваллар, ёшларимизнинг Халқаро кўрик-танловларда қатнашиб муносиб ўринларга эга бўлаётганлиги, барчамизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади. Ҳозирда Халқаро кўрик-танловларда ўрин эгаллаётган ёшлардан, келажакда Ўзбек Опера санъатининг етук намоёндалари етишиб чиқишига ишонаман! Юртимизда Опера санъати борасида ўтказилаётган кўрик-фестиваллар, нафақат миллий мумтоз санъатимизни, балки жаҳон миқёсидаги санъат турлари ҳам, ўз ўрнига эга эканлигини кўрсатади. Мана шу соҳани Ўзбекистонда ривожлантириш учун мутахассисларнинг катта меҳнати, керак бўлса умри сарф этилаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Муяссар Раззоқова: -Иқтидорли ёшларимиз жуда ҳам кўп. Улардан кўрик-фестиваллар орқали энг истеъдодлиларини саралаб, уларни жаҳонга олиб чиқишимиз керак, деб ўйлайман. Чунки, ўзбек ёшлари жуда ҳам истеъдодли, уларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Улар санъатимиз келажаги!
Истеъдодли ёшларни излаб топиш, уларнинг ноёб санъатини асраб-авайлаш, интилишларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг натижаси туфайли, юртдошларимиз жаҳон саҳналарида бетакрор ва бой маданий меросимиз намуналарини халқаро жамоатчилик олдида намоён этиб, нуфузли халқаро танлов ва фестивалларнинг ғолиблигини қўлга киритиб келмоқдалар.
Маданият ва спорт Вазирлиги томонидан ўтказилаётган қатор кўрик-фестиваллар, концерт дастурлари ўзбек опера санъатининг ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўтказилаётган Маданият ва спорт тадбирлари натижасида опера ижрочилигига ёшларнинг қизиқишлари кундан кунга ортиб бормоқда.
“Competizione dell’Oera” Халқаро танлови нафақат қатор хорижий мамлакатларда яшаб ижод қилаётган ёш истеъдод соҳибларини жамлаши, уларнинг маҳоратларининг бир неча мезонлар бўйича баҳолайдиган, жаҳон опера санъатининг кўзга кўринган намоёндаларидан иборат ҳакамлар ҳайъатининг ташрифи билан ҳам алоҳида эътиборга молик бўлди.
Шунингдек, куни кеча ўтказилган “Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочиларининг Республика кўрик-фестивали ҳам ёш истеъдодларнинг маҳоратларини намойиш этиш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш, ёш ижрочилар маҳоратини ошириш, уларни янада рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Мазкур кўрик-фестиваллар ғолибларидан келажакда Ўзбек Опера санъати довруғини Жаҳонга ёядиган кучли опера ижрочилари етишиб чиқишлари шубҳасиз.
Саида Вахобова