FATTOHHON.COM
« Все новости
Art Week Style.uz-2012 санъат ҳафталигининг 9 октябрь куни жаҳон юлдузи Демис Руссоснинг концерти бўлиб ўтди. Албатта, хонанда концертда ўзининг хит қўшиқларини куйлади. Томошабинлар ҳар бир қўшиқдан сўнг, хонандани олқишлаб қарсаклар чалишди.
Ўзбек санъатининг машҳурлари ҳам томошабин сифатида концерт меҳмонлари бўлишди:
хонандалар Согдиана, Райҳон,
Фаррух Зокиров,
Зулайҳо Бойхонова,
Муножот Йўлчиева, созанда Абдуҳошим Исмоилов,
ҳамда режиссёр клипмейкер Ёдгор Носиров...
шунингдек, Art Week Style.uz-2012 санъат ҳафталигининг хорижий меҳмонлари...
Демис Руссос ҳам томошабинларнинг унга бўлган меҳрибончиликларидан қувонганлиги табиий, чунки “Салом, хайрли оқшом Тошкент!”, “Мен сизларни севаман”! деб, таъкидлади. Ҳаммани ҳайратга солиб, “Раҳмат!” ва “Салом Тошкент!” сўзларини ўзбек тилида айтди.
Хонанда «Goodbye my love, goodbye» қўшиғини куйлаганда, залдаги барча томошабинлар қўлларидаги қўл телефонларини ёқиб, худди шам каби баланд кўтариб, хонандага жўр бўлиб, қўлларини тебратиб, бирга куйладилар. «Rain and tears», «We shall dance», «Quand je t'aime» каби қўшиқларни ҳам биргаликда куйладилар. Демис Руссос сокин қўшиқлардан ташқари шўх қўшиқлар ҳам куйлади ва унинг ёнида, саҳнада бир неча раққоса қизлар рақс тушдилар.
Хонанда Согдиана Демис Руссосни концерт бошида гулдаста билан табриклади. Хонанда ўз саломатлиги сабаб, креслода ўтирган ҳолатда қўшиқ куйлади.
Концерт ниҳоясида Демис Руссос барчанинг қалбидан бирдек жой олган энг машҳур қўшиқларидан бири «From souvenirs to souvenirs» қўшиғини куйлади. Бутун зал оёққа турди ва хонанда билан биргаликда куйлади.
Демис Руссосга Art Week Style.uz-2012 санъат ҳафталиги лойиҳаси муаллифи Гулнора Исломовна Каримова саҳнага чиқиб, гул тақдим қилди.
Концерт кутилганидан ҳам, файзли ўтди.
Артимиос (асл исми) Демис Руссос 1946 йил 15 июнда Мисрда, Александрия шаҳрида туғилган. Унинг отаси архитектор бўлган. Маълум бир муддатдан сўнг, оила Грецияга қайтишган. Санъатга алоҳида меҳр қўйган, ўзига тўқ оила фарзанди бўлишига қарамай, Демис тақдир тақозоси билан ёшлигида мусиқачи сифатида Кабареда ишлашига тўғри келган. Чунки, у гитара, труба(пуфлаб чалинадиган мусиқа асбоби) ва пианино чалишни яхши биларди.
1963 йилда у ўз мусиқачилар гуруҳини ташкил этди. Ўзи гуруҳда бас-гитарада ижро қилиб, иккинчи овоз сифатида нақоратларни куйларди. Бир гал гуруҳ яккахони дам олган вақтида, ундан ўзи ўрнига куйлаб туришини илтимос қилди. Шунда Демис, The House Of The Rising Sun" классик қўшиғини ва Перси Слэджнинг "When A Man Loves A Woman" қўшиғини куйлаб берди. Барча унинг овозидан ҳайратга тушди ва ундан яна қайта куйлашини сўрайдиган бўлишди. Натижада, у янги "We Five" гуруҳини ташкил қилишига ва ўзи яккахон хонанда сифатида куйлашига тўғри келди. 1968 йилда у яна бошқа истеъдодли мусиқачилар Лукас ва Вангелис билан танишиб, янги гуруҳ тузишиб, машҳурлик ниятида Грецияни тарк этишди. Аввалига Буюк Британия, кейин Франция Парижга боришди.
Лу Рейснер номли машҳур продюсер улар билан ишлашга рози бўлди ва гуруҳга "Aphrodite's Child" деб янги ном берди. Аввалига гуруҳ фаолияти яхши эди, лекин кейинчалик гуруҳи бўлиниб кетди. Шунда, Демисга овоз ёзиш студияси яккахон хонанда бўлиб чиқишни таклиф қилди. Унинг биринчи хит қўшиғи "We Shall Dance" ва биринчи мусиқий альбоми "On the Greek Side of My Mind", Италия, Испания, Франция, Голландия, Германия ва Скандинавиягача машҳур бўлиб, европа хит парадларида 5 ўринни эгаллади! Сўнг, унинг "We Five" гуруҳидаги дўстларидан бири С. Влавианос унга My Friend The Wind", "Forever", "Velvet Mornings" каби кўплаб хит қўшиқлар ёзиб берди. Машҳурликка эришган Демис Руссос ўзининг мусиқий гуруҳи билан бутун дунёни айланиб чиқди, концертлар берди. Бразилияда у 150 минг кишилик стадионни томошабинлар билан тўлдиришга эриша олган иккинчи хонандадир. Ундан олдин, фақат Френк Синатра бундай муваффақиятга эриша олганди.
1978 йилда эса, Демис карьера ва шахсий ҳаёти ҳақида ўйлаб олиш учун, саҳнани тарк этди. 1985 йилда у ижодга қайтди! Дарҳол 20 та янги қўшиқлар ёзди ва "The His-tory Of Demis Roussos" (Демис Руссос тарихи) мусиқий альбомини чиқарди, жонли ижрода концертлар берди.
1993 йилда "Insight" (Интуиция) мусиқий альбоми оммага тақдим қилинди. 1995 йилда эса, бир йўла "In Holland" ("Голландияда") ва "Immortel" ("Ўлмас") альбомлари ёзилди. "Serenade" ("Серенада") мусиқий альбоми ғарб классик операларининг замонавий талқиндаги варианти бўлди. Демис Руссос бундан кейин ҳам кўплаб янги қўшиқлар ижро этди: "Mon Ile" (“Менинг оролим”) мусиқий коллекцияси, “Феномен” тўплами (4 та дискдан иборат), классиканинг замонавий талқини бўлган"Auf Meinen Wegen" мусиқий тўплами, "Fiesta Fiesta Brazil", "Cinderella", "Hello" ва ҳоказо....
Демис Руссос ҳозир ҳам ижоддан тўхтамаган ва жаҳондаги мамлакатлар бўйлаб, концертлар беришда давом этмоқда.
Оилавий ҳаётда Демис Руссос 3 марта уйланган, 2 та боланинг отаси. Катта қизи Эмили 31 ёшда ва ўғли Сирилла 26 ёшда.
Cаида Вахобова
Феруза Фаттохова