FATTOHHON.COM
« Все новости
МОДЕЛЬЕР ДИЗАЙНЕР ЛОРИС ДИРАН: КЛАССИКА ВА ЗАМОНАВИЙЛИКНИНГ УЙҒУНЛАШУВИ 15.10.2012 20:44
6 октябрь куни Миллий Санъат марказида, Art Week Style.uz-2012 Санъат ҳафталиги доирасида, америкалик таниқли модельер Loris Diran нинг либослар намойиши бўлиб ўтди.
Мазкур намойишда томошабин сифатида, Санъат ҳафталиги меҳмонлари, ОАВ вакиллари ҳамда мода ихлосмандлари иштирок этдилар.
Модельернинг бу янги коллекцияси ўзида классика ва замонавийликни уйғунлаштира олганлиги билан ҳам, таҳсинга лойиқ. Ундаги эркаклар либослари ретро услубга яқин, шу билан бирга қўлларига, темир безаклар билан безатилган калта қўлқоп кийган ва оёқ кийим сифатида лакли чешка танланганлиги эътиборни тортади.
Аёллар либосларида эса, асосан юпқа шифон материал етакчилик қилиб, бошқа материаллар билан уйғунлаштирилган. Шунингдек, шерст, трикотаждан ҳам фойдаланилган. Енгил, қоматни аниқ ва чиройли кўрсатадиган кўйлаклар билан бирга, юпқа кўйлаклар, шунингдек аёллар костюм-шимлари, ҳамда кофталар ҳар қандай аёлни бефарқ қолдирмайди.
Ўзининг янги коллекциясида дизайнер асосан, кулранг, қора, жигарранг, тўқ яшил ва янада тўқроқ рангларга мурожаат қилган. Фақат аёллар либосларида истисно тарзида, бироз очроқ ранглардан фойдаланилган. Барча либосларда куз нафаси сезилади, гўёки кузнинг булутли кунлари, мазкур либосларда акс этгандек таассурот уйғотади.
Loris Diran:- Бу коллекцияни яратишда жуда қийналдим. Оилам яқиндан қўллаб-қувватлаган ҳолда ёрдам берди. Шунинг учун ҳам, бу коллекцияни оиламга бағишлайман. Классик модага ўзимни янги ғояларимни қўшган ҳолда, ажойиб янгилик қилиш ниятидаман. Дунёни маданият бирлаштиради. Менга Ўзбекистондаги маданият, ўзбекона маданият жуда ҳам манзур бўлди! Art Week Style.uz 2012 Санъат ҳафталигидан ҳайратдаман, ўз коллекциямни мазкур ҳафталикда тақдим қилганлигимдан жуда ҳам хурсандман.
Унинг либосларини Рики Мартин, Бейонс, Ne-Yo, Жонатан Рис-Мейер, Сара Жессика Паркер, Николетт Шеридан, София Милош, Линда Картер, Бритни Спирс, Лив Шрайбер, Эндрю Маккарти каби машҳурлар эгнида кўриш мумкин. Шунингдек, машҳур Мерил Стрип иштирокидаги “Иблис Прадо кияди” (“Дяволь носит Прадо”) фильмида ҳам унинг либосларидан фойдаланилган.
Модельер асли келиб чиқиши Франциялик ва ёшлигида оиласи билан Америка Қўшма Штатларига доимий яшаш учун кўчиб келишган. У аввалига Versace и Chanel модалар уйларида ўз иш фаолиятини бошлаган. Сўнгра, 2003 йилда Loris Diran COTURE деб номланган ўз либослар линиясини яратган. Аввалига у фақат аёллар либослари билан шуғулланган, лекин кейинчалик Loris Diran эркаклар учун ҳам либослар ярата бошлади. Ўз бутигига эга. У ўз либосларида асосан, креативга эътибор қаратади.
Владимир Лексашов (Мазкур модалар намойишида модель сифатида иштирок этмоқда): - Моделлик мен учун хобби, асосий иш фаолиятим, хорижий фирмада электроника йўналиши бўйича ишлайман. Loris Diran либослар намойишида қатнашишга ҳеч бир иккинланмай рози бўлдим, негаки бу модельернинг либослари ўзига хос! Классика билан замонавийликни уйғунлашиши, ҳамда ҳашамдор ва қулай бўлиши, Loris Diran либосларининг асосий моҳиятини ташкил этади, деб ўйлайман. Бу модельернинг яна бошқа либослар намойишларида ҳам иштирок этган бўлар эдим.
Loris Diran либослари асосан, 70 йиллар модаларини ёдга солади. Беихтиёр, Элвис Пресли, “Чикаго” мюзиклидан Ричард Гир либослари ёдга тушади. Унинг либосларида бир вақтнинг ўзида ҳашамдорликни ва қулайликни кўриш, ҳамда ҳис қилиш мумкин. Эътироф этиш мумкинки, модельернинг мазкур намойиши ҳам жуда муваффақиятли ўтди ва намойишдан сўнг, кўплаб журналистлар ҳамда, мода ихлосмандлари модельердан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова