FATTOHHON.COM
« Все новостиЖорий йилнинг 6-9 июнь кунлари Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб, “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида Ёшлар фестивали ўтказилди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ҳамда, бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида, ёш авлодни мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, Ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш, ҳамда юртимизга муносиб фарзанд бўлиб, юрт келажагига ўз ҳиссасини қўшиш туйғуларини ошириш, ёшларни “оммавий маданият” ва бошқа иллатлар таъсиридан асраш мақсадида, 2011 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур фестивалнинг йилдан-йилга нуфузи ошиб, қамрови кенгайиб бормоқда.
Мазкур Фестиваль давомида Республика тарғибот гуруҳлари томонидан Тошкент шаҳрида кўплаб лойиҳалар доирасида тадбирлар ташкил этилиб, уларда минглаб ёшлар иштирок этдилар.
9 июнь куни эса, мазкур Фестиваль доирасида “Туркистон” саройининг ёзги майдонида, якуний гала-концерт бўлиб ўтди. Концерт олдидан фаол ёшлар бир қатор номинациялар бўйича “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Гала-концертда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Алишер Файз, Райҳон Ғаниева, Рашид Холиқов (Шахзод гуруҳи), хонандалар Акбар Атамуҳамедов, Жаҳонгир Позилжонов, Сардор Мамадалиев, Лола ва бошқалар иштирок этишди.
Концерт режиссёри Ўзбекистон Санъат арбоби Рустам Шамсутдинов.
Концерт юқори кайфиятда, кўтаринки руҳда ўтди.
Акбар Атамуҳамедов: - Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида бу Фестивалнинг ўтказилиши айниқса, Ёшлар учун жуда ҳам катта маънавий, маданий қўллаб-қувватлаш бўлмоқда! Бу Фестиваль бир неча йиллардан буён ўтказилиб келинмоқда, лекин мен бу йил биринчи марта иштирок этдим! Тўғриси, Фестивалда иштирок этиб, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг қанчалик кенг қамровли ишларни амалга ошираётганлигининг гувоҳи бўлиб, ҳайратландим, қойил қолдим! Бунинг учун, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатига, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари Вазирлигига, “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасига, ҳамда мазкур Фестивалнинг шундай юқори руҳиятда ташкил этилишига ўз ҳиссасини қўшган барча ташкилотларга ўз миннатдорчилигимни билдираман! Мазкур Фестиваль доирасида биз кўплаб вилоятларда бўлиб, ёшлар билан ижодий учрашувларда иштирок этдик. Уларнинг ўй-фикрлари билан қизиқдик. Улар нималарга қизиқишмоқда? Уларни юртимиз равнақи йўлида бўлаётган ўзгаришларга муносабати қандай? Уларни ўзларини тутишиши, фикр-мулоҳазаларини тинглаб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтариб, ёшларимизнинг иқтидорига гувоҳ бўлдик! Уларнинг билими, изланувчанлиги, салоҳиятига ҳавас қилса арзийди! Якуний гала-концерт ҳам, бир нафасда, жуда ҳам ажойиб руҳда ўтди! Айниқса, концерт якунида Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитованинг чиқиши, ёшларнинг юртимиз байроғини ҳилпиратиб, баланд овозда юракдан “Ўзбекистон” деб ҳайқиришлари ажойиб бўлди! Бу бахтиёр ёшларга қараб, юртимизга бўлган чинакам меҳр-муҳаббатни ҳис этиш мумкин эди! Бунинг учун концерт ташкилотчиларига, режиссёрига ҳамда, биргаликда иштирок этган барча ҳамкасбларимга миннатдорчилик билдираман!
Жаҳонгир Позилжонов: - Мазкур Фестиваль доирасида тадбирларда иштирок этганлигимдан жуда ҳам хурсандман. Биз бу Фестиваль доирасида вилоятларда бўлиб, кўплаб лойиҳаларда иштирок этдик. Ўйлайманки, бу тадбирларнинг бош мақсади юрт тинчлиги ва огоҳликка қаратилган. Чунки, Юртимиз тинч бўлганлиги учун ҳам ёшларимиз бахтиёр, ўзлари истаган билим даргоҳларида таҳсил олиб, ўзлари орзу қилган касб эгалари бўлиб, Ватанимиз равнақига ҳисса қўшишмоқда! Бошқа кўплаб мамлакатлар ёшларида эса, бизнинг юртда ёшларимизга яратилганчалик имкониятлар йўқ. Ёшларимиз бунинг қадрига етишлари, ҳамиша ҳушёр, огоҳ бўлишлари зарур, деб ўйлайман. Ёшларимизни маънан етук ва баркамол бўлиб вояга етишларида, Ватанимизга муносиб ворис бўлиб камол топишларида, мазкур Фестиваль муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова