FATTOHHON.COM
« Все новости- Концерт таассуротлари ўзингиз учун қандай бўлди?
- Бу концертимиз, Юртимиз, Давлатимиз бизга берган неча йиллик билимининг ҳисоботи дейишим мумкин. Танилиш, деган сўз, “тан олиниш” деган сўздан келиб чиққан-да. Ёшлигимиздаги “пойдевор”лар, ундан ҳам олдин мусиқа мактаби, Консерваториядаги билимларни ишга солиб, озгина бўлса ҳам, халқ кўнглини олишга ҳаракат қилдик. Репертуарнинг ўсиб боришига, томошабинларга манзур бўладиган репертуар танлашга интилдик. Ўзим ҳам ҳаяжондаман, кимнинг фикри қандай экан?
- Концертингиздан қанчалик қониқиш ҳосил қилдингиз? Қанчалик кўнглингиз тўлди?
- Тўғриси, кўнглим тўлгани, 50 фоиз бўлди!
- Нима учун? Шунча йиллик тажрибага эга санъаткорсиз?
- (кулиб камтарлик билан) Катта саҳнани овоз созлаши ва акустика деган сўз бор-ку! Биз эса, жонли ижрода кичикроқ жойда машқ қилганмиз! Катта саҳнада эса, овоз ёйилиб кетади! Энди баъзи камчиликлар бўлди, аммо менимча, у камчиликлар ўзаро билинади холос, деб ўйлайман.
- Ўзингиз учун саҳнанинг ўзида қандай кутилмаган ҳодиса бўлди? Томошабинлар сезишмади, лекин ўзингиз сирни оча оласиз?
- Саҳнада чолғуларни алмаштириб чалганимда, баъзилари ишламай қолди! (кулади) Чолғуларни овози яхши чиқмай қолди... Кейин бир чолғунинг ўрнига бошқа чолғу чалиб юборишимга тўғри келди! “Жунбуш” деган чолғу чалишим керак эди, уни ўрнига гитара чалиб юбордим! Чунки, у чолғуни овозини етказиб беришга овоз кучайтиргични овози етмади, шунинг учун гитарани қўлимга олиб уни чалиб кетдим!
- Концерт давомида жуда кўп чолғуларни кетма-кет чалдингиз. Қайси бири ўзингиз учун янгилик бўлди, яъни ўша чолғуни фақат концерт учун атайлаб ўргандингиз, лекин олдин чалишни билмасдингиз?
- Скрипка чалишни! Концерт учун атайлаб ўргандим! Репетицияда жуда яхши чалаётгандим, аммо саҳнада ҳаяжон билан унча келишмай қолди... (кулади)
- Концертга репертуар танлаганингизда, нимага асосланиб танладингиз?
- Дастур ўсиб бориши лозим. Мен ўзим хаёлан концерт дастурини мухлислар сафида ўтириб кўриб чиқаман. Қайси қўшиқдан сўнг, қайси қўшиқ янграши керак, қачон шўх қўшиқ, қачон мусиқа бўлиши керак? Ана шу репертуарнинг ўсиб боришини таъминлаб бера олсангиз, томошабинлар ҳам зерикмайди! Дастурдаги кетма-кетликни тўғри қўя билиш керак! Концертимизда дастурни тўғри қўя олдик, деб ўйлайман. Концертда ҳар хил қўшиқлар янгради, лекин анъанага айланган, Ватанимизни мадҳ этгувчи қўшиқ билан якунладик!
- Бу галги концертингизда Хоразмча йўналишдаги қўшиқлар кўпроқ бўлгандек...
- Чунки, Хоразмча йўналишдаги қўшиқларни кетма-кет айтдик-да! Хоразм йўналишида устоз Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Туркманистон Халқ артисти Ортиқ Отажоновнинг 2 та қўшиқларини айтганман! Концертгача, шу икки қўшиққа мухлисларнинг талаби катта бўлди, шунинг учун бу 2 қўшиқни кетма-кет айтдим. “Лазги” эса, ўз номи билан “Лазги”! Руҳий кайфият бериш учун куйланди, улар ўлмас қўшиқлар даражасига етган.
- Опера йўналишида ҳам куйладингиз...
- Ҳа, Азиза Муҳамедовани кўп ижроларини эшитганмиз. Ўша бирга куйлаган қўшиғимизни ўзим ҳам яхши кўраман! “Сеҳрли созлар” курсатувимда шу қўшиқни дуэт қилиб айтган эдик. Яхши чиққан, шунинг учун ҳам, бу қўшиқни концерт дастуримга қўшиш ниятим бор эди! Буни бир бошқача талқинда тақдим этдик!
- Концертдан сўнг...
- Саҳнада ҳам айтганимдек, январь ойидан буён гуруҳимиз билан бирга астойдил тайёргарлик қилиб, ҳаракат қилдик. Томошабинларга маънавий озуқа беришга ҳаракат қилдик. Бунга эриша олдикми, йўқми, буни албатта, мухлислар фикрларидан биламиз. Мухлисларимиз, томошабинлар ҳамиша соғ-саломат бўлишсин!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Ўткир Мирзааҳмедовга
миннатдорчилик билдирамиз