FATTOHHON.COM
« Все новости
“ҚОВУН” ФИЛЬМИ ҚОВУН ТУШИРДИМИ? ПРЕМЬЕРА 24.10.2012 05:36

























24 октябрь куни «Алишер Навоий» (собиқ Панорама) киносаройида режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг “Қовун” деб номланган навбатдаги режиссёрлик фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

















Премьерага келган ижодкорлар: режиссёрлар Абдувоҳид Ғаниев, Баҳодир Одилов, Ориф Йўлдошев, иккинчи режиссёр Дилбархон Юсупова, режиссёр ва монтаж устаси Шерзод Шохалилов, актёр ва режиссёр Фахриддин Шамсиматов, режиссёр ва рассом Анвар Шодиев, актёрлар Карим Мирходиев, Алишер Узоқов, Беҳзод Ҳамроев, Абдухалил Мингноров, актриса ва режиссёр Мунаввара Абдуллаева, актриса Анжелика Есимбетова, продюсер, журналист ва киношунос Феруза Нодирова, журналист Шоира Рауфбоева, журналист Шоира Юнусова ва бошқалар ...

Фильм ижодкорлари саҳнага таклиф қилиндилар.

Фильм режиссёри Зулфиқор Мусоқов фильм ижодий гуруҳини таништириб ўтди.


Фильмда бош ролни актёр Пўлат Саидқосимов ижро этган. Шунингдек, кўплаб таниқли актёр ва актрисалар ҳам, турли эсда қоларли ролларда намоён бўлишган.




Жумладан, фильмда суратга тушган актёрлар Бобур Йўлдошев, Фарҳод Абдуллаев, Лутфулла Саъдуллаев, Тоҳир Миралиев, Машраб Кимсанов, Сергей Шамсуддинов, Жумадилла Раметов, Темур Мусоқов, актрисалар Азиза Бегматова, Нигора Каримбоева, Фотима Режаметова, Жамила Ғофурова ва бошқалар...
Фильм намойиши бошланди. Воқеалар Американинг Нью-Йорк шаҳри ва Ўзбекистоннинг “Қовунқоқди” қишлоғида бўлиб ўтади. Фильм комедия жанрида суратга олинган. Фильмда ўзбек халқининг қанчалик бағрикенглиги, соддалиги ва самимийлиги кўрсатишга ҳаракат қилинган. Лекин...
Режиссёр ўзининг бу комедия фильми билан, яна бир янги жанрга қўл урган бўлса ажаб эмас, яъни воқеалар ошириб кўрсатиладиган комедияга, назаримизда. Шунингдек, фильм баъзи камчиликлардан ҳоли эмас, деб ўйлаймиз, албатта иш бор жойда камчилик бўлганидек. Шуниси ҳайратланарли, ҳозирги ривожланган бир давримизда, ҳаттоки қишлоқларда ҳам рус тили ва бир нечталаб чет тилларини ҳамма ўрганиб равон сўзлашилаётган бир пайтда, негадир фильмда ҳар доимгидек ўзбекларни рус тилида акцент билан қандайдир тил билмайдигандек кўрсатилиши, бироз эриш туюлмасмикан ва бунга чек қўйиш вақти келмадимикан, деб ўйлаб қолиш мумкин. Шунингдек, фильмда масалан, бир миллат номи ҳам “яҳудий” деб, айнан урғу берилган ҳолда, ҳажв остига олиниши бироз маданият қоидаларига тўғри келармикан, деб ўйлаймиз. Балки, инсонларнинг ҳатти-ҳаракатлари четдан кузатилса, чиндан кулгили туюлар, лекин томошабинни кулдириш учун атайлаб ҳаддан ортиқ бўрттиришлар билан берилса, унда давлат бюджетига олинган фильм билан хусусий фильмнинг деярли фарқи қолмайди, назаримизда. Бундан ташқари, ёши катта устозлик даражасига эришган актёрлардан Лутфулла Саъдуллаевдан экранда очиқчасига, жуда маданият ва аҳлоқ қоидаларига зид келадиган ИШОРАни очиғи кутмаган эдик... Ҳаттоки, бу комедия бўлса ҳам! Бундай ишора бирор бир савияси паст фильмда қўлланилса, балки ажабланмасмидик...
Бундан ташқари, фильмда қаҳрамонлар тарафидан, шундай бир сўзлар ҳам ишлатилдики, эшитиб, ҳайрон қоласан.
Киношунос журналистларимиздан Шоира Рауфбоева айтганларидек, фильм деталлардан ташкил топишини ҳисобга олсак, фильмда қишлоқ шароити кўрсатишга ҳаракат қилингану, лекин негадир қишлоқ аёлларининг бирортаси маҳаллий кийиниш одатларига риоя қилмаган.
Ҳар қандай фильм тақдирини томошабинлар ҳал қиладилар, лекин улар ҳам экранга ўша фильмни нима учун кўргани келганликларини билишлари керак, деб ўйлаймиз, ҳаттоки у енгил дам олишга мўлжалланган комедия бўлган тақдирда ҳам. Фильм намойиши ниҳоясига етгач, фильм ҳақида фикр сўралганида, профессионал ижодкорлар ҳам ўз фикрларини билдиришни исташмади...
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова