FATTOHHON.COM
« Все новости
УЗОҚ КУТИЛГАН КОНЦЕРТ БЎЛИБ ЎТДИ! 25.02.2013 12:50

14-15 февраль кунлари ўтказилиш керак бўлган мазкур концерт дастури 25-26 февраль кунларига кўчирилганлиги ҳақида хабар қилган эдик.
Мазкур концерт Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Маданият ва спорт ишлари бош бошқармаси томонидан ташкиллаштирилган бўлиб, ҳамкорлар «ART MODERN MUSIC», “SHOSH IJODKORLARI”, “MADANIYAT va SPORT SERVIS”.

25 февраль кунидан репортажни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Авваламбор, шуни айтиш керакки, концерт Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижодига бағишланди.
Концерт дастурини Фатхулла Маъсудов ва Дилдора Рустамова олиб боришди.
Шоир Сирожиддин Сайид чиқиб, кириш сўзини бошлаб берди.
Ундан сўнг, унинг сўзларига ҳамоҳанг равишда актёр Ёқуб Аҳмедов, Алишер Навоий қиёфасида чиқиб келди. Актёр томошабинлар учун ҳамиша Алишер Навоий тимсоли десак, адашмаймиз. Негаки, айнан шу актёр ижро қилган “Навоий” видеофильмидаги Алишер Навоий образи ҳамон барчанинг дилида!
Ундан сўнг, бир гуруҳ ёшлар чиқиб, Алишер Навоий ижодидан ғазаллар ўқишди.
Ўзбекистон Халқ артисти Муножот Йўлчиева “Кеча келгумдир дебон” дея хониш қилди.
Саҳнада Заҳириддин Муҳаммад Бобур қиёфасида актёр Муҳаммадали Абдуқундузов намоён бўлди. “Бобур” видеофильмидан сўнг, Бобур образига ҳеч ким бунчалик мос тушмаслиги ҳалигача томошабинларнинг тилида! Муҳаммадали Абдуқундузовнинг “Бобур”и барчанинг дилидан бирдек жой олган!
Бир гуруҳ ёшлар эса эндиликда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодиётига мурожаат қилиб, Бобур ғазалларини ўқидилар.
Хонанда Замира Суюнова миллий либосда, “Мушкулдир” дея куйлади. Кечанинг таъсирли қўшиқларидан бўлди, дейиш мумкнн.
Қўшиқ куйлаш навбатини Алишер Файз олди, тахаллусига монанд саҳна янада файз олди. Сўнгра, Даврон Аҳмедов, Шаҳноза Отабоева, Дилшод Раҳмонов, Толибжон Исроилов (сухандон), Валижон Қодиров, Акром Убайдуллаев ва Моҳичеҳра Яхшибоева (дуэт), Дилдора Ниёзова, Нурилло Зариповлар ўз қўшиқларини куйладилар. Албатта, баъзиларининг номларини илк бора шу концертда эшитиб турибмиз.

Хонанда Анвар Санаев анча “танаффус”дан сўнг, ижодга қайтгани мухлислар уни соғингани билинди.

Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг чиқиши ўзгача олқишларга сабаб бўлди. Негаки, бугунги концертга ҳам кўплар бу хонанданинг иштирок этишини билиб, тушган бўлсалар ажаб эмас.
Дилноза Исмияминова, Муниса Ризаева, Шуҳрат Воҳидов, Ҳулкар Абдуллаева, Собиржон Мўминов, Фарҳод Саидовлар қўшиқлар куйладилар.

Муниса Ризаева концертдаги иштироки кўпчилик учун кутилмаган бўлди. “Хайрият, концертларда чиқяпти-ку” деганлар ҳам бўлди.
Фарҳод Саидов эса, “Қизми бу, кийикми бу”нинг мантиқий давоми ҳисобланмиш қўшиғини “Кийикдан ҳам ўтдинг-ку” дея куйлади.
Концерт дастурини хонанда ва сухандон Шуҳрат Қаюмов жонли ижрода “Жанон бўламан деб” қўшиғи билан якунлади.
Концертда ҳар бир қўшиққа рақслар саҳналаштирилган бўлиб,рақсларни “Тошкент зеболари” рақс дастаси раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Карима Узоқова саҳналаштирган.
Концерт бадиий раҳбари Соҳиб Аббосхон.
Концерт мазмунли ўтди, лекин бу концерт ўша ўз белгиланган вақтида ўтказилганида, балки ғазал ихлосмандлари учун янада таъсирли бўлармиди, назаримизда. Билмадим, ҳамма нарса ўз вақти-соатида бўлгани яхши, деб ўйлайман. Нима бўлганда ҳам, концертдан маънавий озуқа олишди.
Концерт 26 февраль куни ҳам "Истиқлол" санъат саройида кўнгилдагидек бўлиб ўтди. Лекин, интервьюда банд бўлганлигимиз сабабли, концертнинг иккинчи кунида иштирок эта олмадик.
Феруза Фаттохова
Фотолар учун BEK STUDIO Улуғбек Ҳакимовга миннатдорчилик билдирамиз.