FATTOHHON.COM
« Все новости
УЛУҒБЕК РАҲМАТУЛЛАЕВ КОНЦЕРТИДАН! 27.10.2012 09:34









































26-27 октябрь кунлари хонанда Улуғбек Раҳматуллаев ўзининг “Лайлойимсан” яккахон концерт дастурини тақдим этди. Концертнинг биринчи кунида, хонандалар Шаҳзода, Лола, Мавлуда Асалхўжаева, “Божалар” Жаҳонгир Позилжонов, режиссёр ва актёр Жавлон Шодмонов, ҳамда “Тарона” студияси директори Даврон Муқимовлар меҳмон бўлишган бўлса,





концертнинг иккинчи кунида хонандалар Зиёда, Муниса Ризаева, Жаъфарбек, Азиз Ражабий, клипмейкер Наримон Султонхўжаев, актрисалар Дилноза Кубаева ва Муяссар Бердиқулова, ТВМ телеканали журналисти Ойбек Рихсибековлар томошабин сифатида меҳмон бўлдилар.


Концерт бошланишидан олдин Улуғбек Раҳматуллаевнинг яқин дўстларидан бири Шерзод Бин концертга келган таниқли инсонлар, мухлислар ва Улуғбек Раҳматуллаевнинг отасидан ҳам видео интервью олди.

Концерт Улуғбек Раҳматуллаевнинг бир вақтнинг ўзида катта экран орқали намойиш қилинган дил сўзлари билан бошланди. Қуюқ тутун ортидан чиқиб келган Улуғбек Раҳматуллаев “Жоним” қўшиғи билан концертни бошлади.


Қўшиқдан сўнг, Улуғбек Раҳматуллаев бошқа концерт дастурларидан фарқли равишда, концерт учун биргаликда меҳнат қилган ижодий гуруҳ вакилларини таништириб ўтди.

Концерт 3 блокдан иборат бўлди. Концертда, хонанда “Капалак”, “Лайлойимсан”, “Бемор”, “Омадим келмади” каби хит қўшиқлари билан биргаликда бир неча янги қўшиқларни ҳам ижро этди. Улар ичида, энг таъсирлиси шубҳасиз “Она” қўшиғи бўлди.


Мазкур қўшиқни ижро қилишдан олдин хонанда залда томошабинлар қаторида ўтирган ўз онасини гул билан табриклади.

Концертда ҳар бир қўшиққа алоҳида рақслар саҳналаштирилган бўлиб, рақсларни Ўзбекистон Халқ артисти Рушана Султонова саҳналаштирган.

Рақслардан айниқса, “Капалак”

ва “Лайлойимсан” қўшиғига саҳналаштирилганлари ўзига хос оригиналлиги билан ажралиб турарди.

Улуғбек Раҳматуллаев концерт давомида 3 та дуэт қўшиқ ҳам ижро қилди.

Биринчиси Ўзбекистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов билан “Шоҳиста” қўшиғи бўлиб, устоз санъаткор 30 йил олдин Улуғбек Раҳматуллаевнинг суннат тўйида хизмат қилганлиги айтиб ўтилди.


(Бу ҳақида, Улуғбек Раҳматуллаев ўз интервьюсида ҳам айтиб ўтган эди.)


Иккинчиси Ўзбекистон хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева билан “Ўқилмаган китоб” дуэти бўлиб,


Улуғбек Раҳматуллаев Райҳоннинг 16 ноябрь куни бўлиб ўтажак тўйи ҳақида ҳам баралла айтиб ўтди.

Учинчи дуэт эса, жажжи бўлажак хонандалар бўлди. Яъни, Улуғбек Раҳматуллаев болажонлар билан биргаликда куйлади.

Концертда Улуғбек Раҳматуллаевнинг яқин дўстларидан бири Шерзод Бин ўзининг янги репертуарини ҳам намойиш қилди.


Унинг янги репертуаридан Ғиёс Бойтоев, Иброҳим Тотлисас ҳам ўрин олган эди. Шунингдек, Шерзод Бин Исроил Саидумаров, Озодбек Назарбеков, “Божалар” Жаҳонгир Позилжонов, Жасур Умиров ва Улуғбек Раҳматуллаевнинг ўзини ҳам “ёддан чиқармади”.

Журналист ва телебошловчи Даврон Кабулов эса, томошабинлар билан Улуғбек Раҳматуллаевнинг қўшиқларини куйлай олиш бўйича мусобақа ўтказди ва


Улуғбек Раҳматуллаев мазкур мусобақа қатнашчиларига гул билан ўзининг плакатларини совға қилди.


Сўнг, Даврон Кабулов томошабинларга саҳнадаги катта монитор орқали Улуғбек Раҳматуллаев ва унинг укаси Дилшод Раҳматуллаевнинг болалигидаги видеоларини намойиш қилиб, бу видеолар учун Раҳматуллаевлар оиласига миннатдорчилик ҳам билдирди.

Бундан ташқари, Улуғбек Раҳматуллаевнинг қўшиқлари борасида, “Нима учун капалак, масалан, чигиртка ёки тиллақўнғиз эмас” деб ҳазиломуз эътирозлар ҳам билдириб ўтди. Улуғбек Раҳматуллаев эса бунга жавобан, “Капалак” қўшиғини ўша сўзлар билан ҳам жонли ижро қилиб берди.

Концерт давомида Улуғбек Раҳматуллаев бир неча бор мухлисларидан совғалар ва гуллар қабул қилиб олди.


Мухлислари унинг суратини футболкага тушириб ҳам келган эдилар, шунингдек, гуллар орасида унинг исми ёзилган катта гулдаста ҳам бор эди.



Меҳмонлардан Муниса Ризаева, Зиёда ва Дилноза Кубаевалар ҳам Улуғбек Раҳматуллаевни табриклаб, гул ва совғалар тақдим қилдилар.

Улуғбек Раҳматуллаев концертини ўзи бош роллардан бирини ижро қилган “Ақл ва юрак” фильмига куйлаган “Ширин орзу” деб номланган саундтрек қўшиқ билан якунлади.

Концерт мазмунли ва файзли ўтди.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова