FATTOHHON.COM
« Все новости
МУҲАММАДИСО АБДУЛХАИРОВ: ЭРТАГА 60-70 ЁШГА... 28.10.2012 07:54
















Бу актёр ўзининг комик роллари билан томошабинлар меҳрини қозонган. У фильмларда кўриниши билан томошабинларнинг кайфияти кўтарилиб, унинг ижросидан завқланадилар. Лекин, бир пайтнинг ўзида бу актёр ўзини нафақат комедик, балки жиддий образлар ҳам ярата олишини исботлаган, маҳоратли ижодкордир. Актёрликдан ташқари, қўшиқ ҳам куйлади ва ўзини режиссёрликда ҳам синаб кўрди. 2011-2012 йиллар эса, бу актёр учун чинакамига омадли келди. Чунки, 2011 йилда энг яхши актёр сифатида M&TVA мукофоти совриндори бўлди, 2012 йилда эса, янада кўплаб фильмлари билан томошабинлар меҳрини қозонди, ҳамда илк режиссёрлик фильми катта экранга чиқди. Бугунги “Диллашув” саҳифасининг меҳмони актёр Муҳаммадисо Абдулхаиров

Муҳаммад Исо Абдулхаиров
M&TVA мукофоти совриндори
Оилали, рафиқасининг исми Холида, 2 та ўғли бор.
Кўплаб фильмларда роллар ижро этиб келмоқда. “Улфатлар“, “Хавфли бурилиш”, “Кечир”, “Тундан тонггача”, “Энагалар”, “Ўхшатмасдан учратмас”, “Вафодорим”, “Жаноб Қоровул”, “Оқибат 2:Инсон қадри”, “Акажон хизматингиздамиз” ва бошқалар
Режиссёрликка қўл уриб, “Робинзон Қўзи” фильмини суратга олди.
Хонанда сифатида бир неча қўшиқ ҳам куйлаган.
Эндиликда пантомима спектакль қўйиш ҳаракатида.
Ўзи ҳақида: - 1970 йил 16 августда, Тошкентнинг Ҳувайдо маҳалласида туғилганман. Ғофур Ғулом номли 169- мактабда ўқиганман. 1987 йил Санъат институтининг ўзбек курсига ўқишга кирганман. Ўзбек курсида 1 йил ўқиганман, сўнг мени у ердан ҳайдашган. Лекин, институтдан ҳайдалганимга афсусланмайман. Чунки, 2 йил яна қайтадан топширганман, имтиҳонлардан ўтиб кириб ўқиганман. Дарслар қизиқ бўлмаган, назаримда. Мен у пайт билмаганман, актёрларнинг дарслари мана шундай бўлар экан деб ўйлаганман. Мендан актёр чиқмас экан, деб дарсларга кирмай қўйганман. Табиийки, ҳайдалганман. Кейин кетаётганимда, Валижон Василович Умаров деган режиссёр, ҳозир Миллий театрда режиссёр ва бадиий раҳбарлик қиладиган инсон, менга йўл-йўриқ кўрсатганлар. Ўша пайт улар мени бир-иккита ишларимни, этюдларимни кўрган эдилар. Кетаётганимда, “кетаяпсанми” дедилар. “Ҳа, энди мендан актёр чиқмас экан, Валижон ака” дедим. Ўша пайтда ҳатто сочларимни ҳам олдирган эдим. Чунки, ўша вақтда бизни армияга олиб кетишаётган эди. 1988 йиллар эди. Шунда Валижон ака “Илҳом театри, курс оляпти, юр сен ўша ерга кирасан” деганлар. Ўшанда мен бориб Марк Вайль бошчилигидаги “Илҳом” театрининг ўқув курсига кирганман. Марк Вайль институтдан курс олганди. У ҳам худди шу ўқиш, Санъат инстути дипломи, ҳаммаси ўша–ўша. Фақат, маҳорат дарслари “Илҳом” театрида бўлар эди. Кейин Санъат институтига 3 та тур топшириб кирса, бизлар “Илҳом”га, 9 та тур топшириб кирганмиз. Жуда қийин эди ва ўша қийинлиги менга завқ берган. Ижодкорга қийинчилик ёқади-ку. Кейин ўша гап билан “Илҳом” театри курсига ўқишга кирганман. 2 курсдан устозим охирати обод бўлсин, раҳматли Марк Вайль сабаб, мен спектакль ўйнаб кетганман. Театрдаги илк роль ижро этган спектаклим, бу “Қизил дискета” спектаклида бўлган. Ҳозир “Қизил дискета” деганда ҳеч ким тушунмаслиги мумкин. (кулиброқ) Бу “Темир хотин” спектакли, буни биринчи бўлиб, бизлар Илҳом театрида ўйнаганмиз. Мен у ерда Дасаевни ўйнаганман. Мен этюдлар қилмаганман, кузатишлар қилмаганман. Мен бегона одамлар билет олиб кирадиган, томошабинлар кўрадиган спектаклларда спектакл ўйнардим. Мени ютуғим шунда! Болалигимдан артист, актёр бўлишни орзу қилганман. Худога беадад шукур актёр бўлдим.
Мени яна бир катта ютуғим, Марк Вайль ва Валижон Умаров менга устозлик қилишди. Валижон ака ўша пайтларда Марк Вайлга ассистент эди. Театрдан улар сабаб, жуда кўп давлатларга бордик. Ҳатто, бир хилги пайтлар шунчалик кўп жойларда бўлганимиз, эсимдан ҳам чиқиб кетиб қолади. Энди бу жойларда бўлиш, мақтаниш эмас! Мен чет элни баъзи давлатларида бўлсам ҳам, ҳатто кўчаларини кўрмаганман. Чунки, борганимизда театрдан чиқмас эдик. Театрнинг ўзи завқ берарди. Бизлар эрталаб 9.00 да театрга кирамиз, репитиция қиламиз, декорация қурамиз, ўша ердаги ҳаёт билан яшаб чиқсангиз, қарабсиз-ки кечқурун соат 23.00. Бундай вақт қаёққа ҳам чиқасиз? Яна меҳмонхонага кетамиз. Яна эрталаб соат 9.00 да театрга келишингиз керак. Мисол учун, Австрияда қаерларида бўлганимизни ҳам билмайман. Меҳмонхонадан 15 метр узоқликда театр жойлашган. Театр ҳам зўр эди, ташқарига деярли чиқмасдик. Охири кетишимиздан 1 кун олдин, совғалар олишга чиққанмиз. Чарчаган бўлганингиздан кейин кўзингизга ҳам ҳеч нима кўринмайди.

- Сизга илк муваффақият келтирган фильм?
- (ўйланиб) Энди, уни кўрганмикансизлар? Режиссёр Рашид Маликов суратга олган “Пиёда” деган фильм эди. Баъзида ТВ экранларида кўрсатиб қолади. Мен биламан, кассабоп фильм эмас. Лекин, жуда ҳам маъноси яхши. Муаллифлик киносига ўхшаш ишланган, лекин муаллифлик киноси эмас, оддий кино. Уни уйда мазза қилиб кўриш керак. Менга жуда омад келтирганми келтирмаганми? Менга омад келтирган деганимнинг сабаби, бу ҳам мактаб, албатта камера олдида плёнка олдида. Мен ўша пайтларда актёр сифатида ҳали чақалоқ эдим... Камера бундоқ қараб қолса, ҳаяжонланиб кетамиз. Яна камига плёнкадан камера қараса, яна ҳам ваҳималироқ. Ғалати бўлиб кетардим. Ўша нарсалар, барьердан ўтишлар менга машқ бўлган! “Пиёда”, “Гап” фильмларида суратга тушдим. Улуғбек Ҳамраев, Баходир Зокиров, Равшан Намозов биргаликда “Бахт севги қўшиғи” деган битта фильм суратга олишган. Улар ҳам жуда олдин суратга олинган фильм. Биринчи киноларидан айтяпман. Агар ҳозир пайтдаги кинолардан саволга жавоб берилиши керак бўлса, унда “Улфатлар”, “Хафли бурилиш” фильмларидаги ролларимдан сўнг, ҳақиқатдан менга кўчада одамлар қараб, танишган. Лекин, мени халққа танитган кино эмас, кўрсатув. Мен буни айтишим керак, “Эколаш” кўрсатуви мени танилишимда, 80-90 фоиз роль ўйнади. Ўша кўрсатувдан кейин ҳақиқатдан ҳамма ўшани гапирди. Муаллифлик кўрсатуви, ўзи ҳам яхши нарса эди. Ҳеч кимдан ўғирланмаган! Ўзимизнинг ғоя эди.Уни Мадина Мўминова билан биргаликда қилгандик. Сизни халққа танитишда ҳар бир кино 4-5 фоиз, бир хилги пайт 50 фоиз, яна бир хилги пайт 2-3 фоиз роль ўйнайди. Хуллас, ҳар битта кино ўзининг фоизини қўшиб кетаверади ва охири 5-6 та кино билан 100 фоиз одам таниб қолади. Мисол, мен битта кино мени 100 фоиз мени халққа танитган деб айта олмайман. Қайсидир фильмлар, қанчадир фоиз хизмат қилган.
- Агар кириб келган пайтингиздан, ҳозирги пайтга разм солсангиз қанчалик ўзгардим деб айта оласиз?
- Ўзгаришлар жуда кўп. Кўп нарсани ўрганасиз. Лекин ҳозир мен театрда ишламаяпман. Бу нарса театрда кўпроқ билинади. Чунки томошабин олдига чиқиш бу қийинроқ нарса. 400-500 томошабин, бир хилларида 1000 та бўлиб ўтиради, ҳар хил. Шу ўтирган томошабинлар олдига чиқиб яна спектакл ўйнашингиз керак. Мен бошида бу нарсани тасаввур қила олмаганман. Ғалати бўлиб кетардим. Ўлиб қолай дердим, бўлмаса кичкина жойида спектаклнинг бошида чиқардим. Кейин бу ҳам машқ. Яхши устозларингиз бўлса, секин–секин ўрганиб олар экансиз. Агар тўғри вазифа берадиган устозлар бўлса, нур устига аъло нур. Лекин, аксарият режиссёрлар, устозлар, шогирдларни брак ҳам қилиб қўйишяпти, керак бўлса. Қайси маънода? Маҳоратли болалар уларнинг олдига келишяпти, устоз бўлса ўзи брак, бояги туппа-тузук болани ҳам, брак қилиб қўйяпти. Бу жуда ачинарли ҳолат. Мен ўзим ҳам биламан бир-иккита маҳоратли болалар, ўқишдан олдин мени ёнимга келганда, улар билан гаплашиш қизиқроқ эди. Ўша устозларда ўқигач, кейин келишяпти, устозинг ким десам, “фалончи ака” дейди ёки “опа” дейди. Гапини гапига ёпиштира олмаяпти. Мен эса, уни тушуняпман, унда айб йўқ, у рамкага тушиб қолган. Эркинлик йўқ бўлиб қолган. Қанақадир кимнидир ўйнаяпти. Ҳаётда ҳам, қайсидир актёрни ролини ўйнаб, сиз биан гаплашади. Қарашлари ҳам, ҳаммаси ясама бўлиб қолган. Менимча, ҳаётда ҳам, ишда ҳам, табиий бўлиш керак, деб ўйлайман.

- Яна театрга қайтиш ниятингиз борми?
- Ҳа. Қайтаман ҳам! Ҳозир мени олдинда режаларим бор. Ўша чет эл фестивалларида кўп бўлганман, табийки кўп танишлар ортирганман. Гаплашиб турардим. Мана ҳозир улар чақиришяпти. Англияга, “Шекспир” фестивалига иштирок этиш ниятидаман, февраль- мартларда бўлади. Ўзбеклар пантомима қила олади, деган нарсани кўрсатмоқчиман. Мени ичимда олов ёняпти. Бизларда пантомима спектаклларимиз йўқ, ҳар қалай мен кўрмаганман. Ўзимиз ўйнаганмиз. Ҳозир балки, қаерлардадир ўйналаётган бўлса, мен узр сўрайман. Лекин, мен кўрмадим. Ўша пантомима бўйича, спектакллар қилмоқчиман. Энди кўплар чақиришяпти. Мен қайси театрда бўлса эркинлик бўлса, ўша ерга бораман. Мен штатга кирмайман, келиб ўзимни ишимни қиламан, бажонидил.
- Нима деб ўйлайсиз, яна саҳнага қайтганингизда, ҳаяжон, ўша илк саҳнага қадам қўйганингиздек бўладими, ёки анча бошқача ҳаяжонни ҳис қиласизми?
- Ҳаяжон менимча ўлгунча бўлади, лекин фоизи камроқ бўлади. Ҳатто, Майкл Жексонда ҳам ҳаяжон бўлган. Фақат бу сал бошқачароқ ҳаяжон. У ҳаяжон билан, менимча иккаласини солиштириб бўлмайди. Ҳозиргиси профессионал ҳаяжон бўлади. Бу ерда ану жойини қила олармиканман, деган ҳаяжон! Олдин бўлса, умуман чиқа олармиканман, деган ҳаяжон бўларди. Умуман халқ, “ўв” деб бақириб юбормасмикан, деган ҳаяжон. Бу ерда сиз ўзингиз тушунадиган ёки, ўзингизни мутахассислигингиздаги, ўзини бир нюанслари бўлади-ку, драматургия линиясини тўғри олиб кетяпманмикан, деган ҳаяжон бўлади. Бу бошқачароқ ҳаяжон. Энди ҳар битта актёр ёки санъаткор хаяжонланишда эмас ҳар битта инсонни ўзи сезмаган хаяжони бўлади, Чунки, олдинга интиляпсиз, чунки тўғри юриб кетяпманми, деган ҳаяжон бор. Менимча, сўз билан буни ифодалаб бўлмаса керак.

- Сизни комик ролларнинг энг яхши ижрочиси, дейишади, лекин “Оқибат-2: Инсон қадри” фильмидаги ролингиз жиддий роль бўлди. Бу ролни ижро этишга нима учун рози бўлдингиз?
- Розилик... Мен эртага 60-70 ёшга чиқиб қолганимда, мухлислар фильмларим фақат комедия эканлигини, ўйнаган ролларимга қараб, “эй, жиддий ролларни ўйнай олмайди” дейишларини ҳоҳламайман. Мисол, ҳамма йўналишдаги ролларни ўйнаб беришга ҳаракат қилган бўлар эдим. Мисол, “Оқибат 2: Инсон қадри” фильми. Энди ҳамма ролни ўйнай оламан, дейиш ҳам катта гап бўлиб қолади, бундай дея олмайман. “Аросат”, “Оқибат 2: Инсон қадри” фильмларида, яна бир-иккита фильмлардаги ролларим жиддий роллар. Энди жиддий ролларни ўйнашим ҳам, ўзимни амплуамни синдириш. Ҳар хил йўналишда ҳам, роль ўйнаб кета олиш, бу. Мен “Улфатлар” фильмидаги ролни ҳам, жиддий роль деб ўйлайман. “Улфатлар” фильмида ҳам, мен комедик ҳеч нима қилмаганман. У ерда, оддий шу Мурод ака устозимиз айтган ишларини қилганман. Мен айтган ишни эса улар қилдирмаганлар. “Оқибат 2: Инсон қадри” фильмнинг "юки" кучли, қолаверса, ўқиганимда сценарий ҳам маъқул бўлган. Ўзи, комедик бўлмаган бир жиддий образ яратишни ўйлаб юрган эдим. Қаҳрамонимнинг инсонларга айтар ўз сўзи бор ва таъсирли. Бу фильмга таклиф бўлганида, вақтим жуда ҳам тиғиз эди... Лекин, фильм ижодкорлари, мени кутишибди, бунинг учун катта раҳмат!
- Шу кунгача нечта фильмларда суратга тушгансиз? Ҳеч санаб кўрганмисиз?
-(жилмайиб, самимий) Йўқ, санасам баракаси ўчади. (самимий кулиб) Ҳазил... (жиддийлашиб) Лекин, ростдан санамаганман. Билмадим. Менда бош роль ва эпизодик роль деган тушунча йўқ-де. Шунчаки авваламбор ўша ролни ўйнаш керак. (кулиб) Зўр ижро этишим. Ўртача деган ролдан қониқмайман. Бор, йўқ эмас ўртача роллар ҳам. Бу ҳам ижодга келиб тақалади, гоҳида ундай, гоҳида бундай. Ҳаммаси мен учун бош ролдек ҳисобланади. Балки, мен ўша фильмда 3 минут кўринарман, лекин мен ўша ролга ҳам шундай ён босаман-ки, ролни худди бош роль ўйнаётгандек ҳис қиламан, чунки шундан роль яхшироқ чиқса керак, деб ўйлайман.

- “Энг яхши актёр” йўналишида M&ТVA мукофотини олганингизда нималарни ҳис қилдингиз?
- Мен тўғрисини айтсам, буни умуман кутмаган эди. (самимий) Мен олмасам керак, мени шунчаки ҳурмат қилиб, кучли 3 таликка киргазишди, деб ўйлаган эдим. Йўқ, мукофотга эга бўлдим! Тўғриси, биринчи номимни эълон қилишганини эшитганимда, менда миямга ҳеч нима келмади, чунки мени олдимдаги иккита инсондан биттаси ғолиб бўлади, деб ўтиргандим. Кутилмаганда, Муҳаммад Исо деб қолишганда, “Нима учун? Бундай, бўлиши мумкин эмас” деб қолдим. Ростдан шок ҳолатига тушиб қолганман. Миямга ҳеч нима кирмаган, ҳеч нима чиқмаган. Қувончдан саҳнада нима қилаётганимни ҳам ўзим билмаганман.
- Режиссёр сифатида фильм ҳам суратга олдингиз, бу жараёндан ўзингиз учун нималарни кашф этдингиз?
- Мен у ерда аниқ ўзим режиссёр бўлмаганман. Режиссёрлар кўп эди. Энди мен ғоя муаллифи эдим. Кўп инициатив нарсалар мен орқали бўлгани учун, мен арқонни ўзимга тортиб кетдим. Аслида эса, у ерда Михаил Коменский ва яна бошқа инсонлар ҳам бор эди. Режиссёрлар жуда кўп эди, деса ҳам бўлади. Мен у ерда режиссёр мен эдим, мен ишладим, деб айта олмайман! Лекин, бу ҳам мен учун жуда катта дарс бўлди. Ҳамма томонлама, ўша кинонинг ичидаги ҳар битта йўналиш, маблағ, актёрлик маҳорати, костюмлар, оператор, ҳаммаси мен учун жуда яхши дарс бўлди.

- Сиз ўз ролларингиз билан томошабинларга нима дегингиз келади? Ролларингиз билан айтадиган гапингиз борми?
- Кўп нарса. Улар бир оғиз гап эмас...
- Санъат йўлида нималарни топдиму, нималарни йўқотдим деб ўйлайсиз?
- Санъат йўлидаги кўп дўстлар, мухлислар орттирдим. Ўз ишимни топдим. Менимча ҳеч нарса йўқотмадим, деб ўйлайман. Яна қайтадан туғилганимда ҳам, санъат йўлини танлаган бўлардим. Энди, балки баъзи кичик хатоларни қилмаган бўлардим...

- Фарзандларингизни ҳам санъаткор бўлишларига қандай қараган бўлардингиз?
- Агар қизиқишларини, мойиллигини сезсам яхши қарайман, лекин мажбурламайман. Аксинча, ёрдам берган бўлардим.
- Ҳаёт ҳақиқати сифатида ўзингиз учун нималарни кашф этдингиз?
- Кашф этиш, бу менинг соҳамда роль, образ яратиш. Ўз соҳамда пантомима йўналишида “Боз Масхарабоз” деб номланган бир спектакль қилганман. 1999 йиллар эди. Ўша пантомима спектакли билан анча дунё кезиб келдик. Яъни, чет элларда ўзбек пантомимасини кўрсата олдик. Мен бунга кашф этиш деб қарамайман, оддий ҳолат, шундай бўлиши керак эди ва мен буни қила олдим, деб ўйлайман. Менимча, ҳар қандай инсон шундай қилган бўлар эди.

- Ўзингизни характерингиздаги қайси одатингизни ёқтирмайсиз?
- Жуда ҳам ишонувчанман, ана шу одатимни ёқтирмайман! Чунки, кўпроқ алданиб қоламан. (самимий кулиб) Мени алдаш осон.
- Оила мустаҳкамлиги асосан, оилада кимнинг қўлида деб ўйлайсиз?
- Оила мустаҳкамлиги асосан, икки кишининг қўлида. Чунки, эр хотинни, хотин эрни тушунмай қолса, менимча чалкашлик юзага келади. Менимча, мен рафиқа танлашда янглишмаганман. Рафиқам мени жуда ҳам яхши тушунади ва мени таниқли актёр бўлишимга, Муҳаммадисо Абдулхаиров бўлишимда рафиқамнинг ҳам роли катта, деб ўйлайман. Унинг ҳам тушунгани, сабр-қаноати, шунинг учун ҳам рафиқам Холидага алоҳида раҳмат!

- Кўп фильмларда кетма-кет чиқиш, бир хилликка олиб келмайдими?
- Актёрлик мени соҳам, актёрлик бўйича ўқиб, битирганман. Мени Спилберг фильмга чақиришини кутиб ўтиролмайман-ку. Нимага энди, мени кинога чақиришса йўқ дейишим керак? Бу ахир ўзимни касбим-ку! Мени чақиришяпти, мен роль ижро этяпман. Мен ҳар битта ролимни ўзим бойитгим келади. Ҳар бир ролимни сал бошқачароқ қилиб кўрсатишга ҳаракат қиламан! Бу ижод! Менимча, билмадим, агар чақиришса, ҳамма жойга бораман. Шу одатим бор ва буни ёмон деб ўйламайман. Тўғри, атрофда битта бўшроқ нарса бўлса, минусга кетади, лекин кейин яна бир яхши нарса билан плюс қилиш мумкин-ку!
-Бир хилликдан қочиш учун, нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?
-Кўпроқ ҳар хил роллар ўйнаш керак, деб ўйлайман. Ҳар хил ролларни, масалан, бир сафар жоҳил, бир сафар содда инсонни, бошқа сафар ишонувчан инсонни! Ўшанда актёр чархланади. Съёмкаларда ҳам, “Исо ака, мана келасиз, мана бу қизингиз келиб гаплашасиз” дейишса, мен барибир бир нарсалар қидиргим келади. “Тўхтаб туринглар, мана бу нарсалар турибди. Сал томошабинга қизиқроқ нарсалар қилайлик” дейман.

- Ўзингизни ўзингиз тан олиб айтадиган камчилигингиз?
- Эринчоқлик! Масалан, ҳозир мен спектакль қўйиб ўтирган бўлишим мумкин эди. Ҳамма нарса тайёр, актёрларгача гаплашилган. Саҳналар ҳам тайёр, бир эмас, 3 та саҳна! Лекин, мана эринчоқлигим сабаб . . . (самимий кулади)
- Фильмларда суратга тушганда режиссёрларга қандай талаблар қўясиз?
- Мен ҳеч қачон режиссёрларга талаб қўймайман, мен улар билан бирга ижод қилишга ҳаракат қиламан! Ўз фикримни айтиб кўраман.

-Санъат йўлида қайси ишни қила олмаган бўлардингиз?
-Менталитетимизга тўғри келмайдиган эркак ролини ижро этмаган бўлардим.
- Сценарий ўқиганингизда қай тарафлама рад жавоби беришингиз мумкин?
- Мен ҳеч қачон рад жавоби бермайман. Чунки, сценарий бу скелет, уни тўлдириш, жонлантириш, буни ҳаммаси режиссёр, оператор ва актёрнинг қўлида, деб ўйлайман! Яъни, ижодий гуруҳнинг қўлида. Мисол учун, “Бўғирсоқ” эртагини фильм қилиб суратга олсак, уни ҳам шу даражада суратга олиш мумкинки, керак бўлса жуда кассабоп ҳам бўлишим мумкин. Бу ижод! Бу фантазияга боғлиқ, деб ўйлайман.

- Сизнинг тасаввурингиздаги бахт?
- (самимий) Сиз билан суҳбатлашиб ўтирганимнинг ўзи ҳам бахт! Ўзбекистонда туғилганлигим, тинч-хотиржам яшаётганлигимизнинг ўзи бахт! Масалан, бугун эрталаб, интервью беришга келишдик. Аниқ биламан, белгиланган вақтда тинчлик-хотиржамликда учрашамиз. Режалаштирилган вақтда интервью беряпман. Ахир бу ҳам бахт! Мана телевизорни кўрсангиз, дунёнинг қайси жойларида, нималар бўляпти? Ўша ердагилар бир кун учун, биз каби ниманидир режалаштира оляптиларми? Ахир инсон бахтли бўлиши учун чўнтагида миллион доллар бўлиши шарт эмас, деб ўйлайман. Мен учун мана шу фаровон ва тинч ҳаётимиз бахт! Бундан юксакроқ бахт бўлмаса керак.
- Рафиқангиз сиз роль ижро этган фильм ёки спектаклни кўриб, сизни эмас, партнёрингизнинг ижросини мақтасалар?
- Рашк қиламан! Менимча, рашк қилиш ҳам яхши нарса бўлса керак. Мен барибир, мухлисни ҳам рашк қиламан. Масалан, мен саҳнада роль ижро этяпман, бошқа бир актёр чиқди, у зўрроқ ижро эта бошлади. Томошабинлар унга қарашса, мен рашк қиламан. Бу табиий. Эртаси кунги спектаклда бошқа нарса ўйлаб топиб келаман ва янада яхши ижро этишга ҳаракат қиламан. Рақобат янада ривожланиш ва ўсишга сабаб бўлади. Қарабсизки, буни кўриб бошқа актёр ҳам янада яхшироқ ижро этади. Натижада, спектакль супер спектакль бўлади!

- Футболга қизиқасизми?
- Қизиқаман, “Бунёдкор” ва “Пахтакор”га ишқибозлик қиламан.
- Фарзанд тарбиясидаги муҳим жиҳатлар?
- Менимча, буни ҳеч қайси ота-она, энг муҳими қайсилигини айтиб бера олмаса керак. Энг муҳими, менимча, ҳаммаси! Фарзанд тарбиясида ҳамма нарса муҳим деб ўйлайман. Эрталаб уйғотишингиздан тортиб, яъни қандай уйғотяпсиз, уришибми, яхши гапирибми, менимча, ҳар битта қадам муҳим деб ўйлайман. Энг муҳими, тўғри тушунтириш.
- Мухлисларингизга қанчалик яқинсиз?
- (самимий) Интернетда яқин эмасман. Чунки, мен компьютерни тушунмайман. Ўғлим интернетдан фойдаланади. Мен эса мухлисларга кўчада яқинман.

- Қўшиқлар ҳам куйладингиз. Хонандалик ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
- Ўйлаяпман! Имкони бўлганда, бир яхши мусиқачи мени ёнимга келиб, “келинг сиз билан яхши шуғулланаман” деганда, қўшиқ айтган бўлардим. Менга яқинроғи кўпроқ Жаз, ўша чет эл жазлари! Сокин, хотиржам қўшиқларни кўпроқ яхши кўраман. Агар менга бирор жиддий қўшиқ ёзиб беришса, яхши ёзилганлигини эшитиб кўриб, маъқул бўлса айтиб юбораверардим. Нима учун йўқ?
- Актёр сифатида асосий ютуғим нимада деб ўйлайсиз?
- Менимча, изланишда деб ўйлайман. Чунки, актёр бир йўналишда бўлиб қолса, бироз бўшроқ бўлиб қолади, назаримда. Ҳар хил йўналишда эса излаш керак, ҳар хил образ бўлиши керак, изланиш керак.

- Бир кўрсатувда 5 та тилни билишингиз ҳақида айтилганди. Аслида, нечта тилни биласиз?
- (самимий кулади) Аслидами, 40 та тилни биламан. (жиддийлашиб) Ҳазил... Ўзбек ва рус тиллари. Қисман инглиз ва немис тилларини биламан, сўзлаша оламан. Аммо, 100 фоиз биламан, деб айтолмайман.
- Ҳаётда роль ўйнаб яшайдиган инсонларга муносабатингиз?
- Ёмон, албатта. Ҳаётда роль ўйнаб яшайдиган инсонларни ёқтирмайман!
- Қандай мавзу суҳбат давомида сизни зериктириши мумкин?
- Бу суҳбатдошга боғлиқ бўлса керак, деб ўйлайман. Масалан, умуман қизиқарсиз бир мавзуни, суҳбатдошингиз шундай зўр қилиб гапира беради, эшитиб ўтираверасиз. Шундай бир зўр мавзуни бошқа бир инсон гапириб беради, эшитгингиз ҳам келмайди. Бу мавзуга эмас, суҳбатдошга боғлиқ деб ўйлайман.
- Комик роллар соҳиблари, одатда ҳаётда жиддий бўлишади. Сиз-чи?
- Мен ҳам жиддийман. Лекин, кўпроқ ҳазилкашлик бор. Ҳаллашаман, куламан. Ўзим ҳам кўп кулдираман. Ўзимга ҳам кўпроқ кулиб юриш ёқади. Энди бирор иш ўхшамаса, “бўлди” деб ғам-ғуссага чўкиб, бутун олам қоронғи бўлиб, тушкунликкка тушиш керак эмас! Ўшанда ўзига плюс бўлади.
- Эркак кишини ошхонада овқат пиширишига муносабатингиз?
- Муносабатим зўр! Чунки, ўзим овқат пиширишни билмайман. (самимий кулади) Бир хил пайтлари, чиройли овқат тайёрлашса, ҳавасим келади. Ўзи мени ёмон кўрадиган таомим ҳам йўқ.
- Мухлислар фикри сиз учун қанчалик муҳим?
- Энг муҳим фикр, мухлисларники бўлса керак, деб ўйлайман.

- Вақтни қанчалик қадрига етасиз?
- Вақтни имкон қадар етишга ҳаракат қиламан. Биламан, ҳар бир секундни қадрига етиш керак. Вақтдан унумли фойдаланиб қолиш керак.
- Энг биринчи танқидчингиз?
- Отам билан рафиқам.
- Орзуйингиздаги роль қайси?
- Мени орзуйимдаги роль Отелло ёки Гамлет эмас, бир кичик эпизоддаги роль бўлса ҳам, қайси роль бўлишидан қатъий назар, ўша ролимни 100 йилдан кейин ҳам, томошабинлар, мухлислар кўриб, “вой, зўр бўлган-де, зўр ўйнаган” дейишса, мени орзуйим ўша роль. Билмайман, у қандай роль бўлади.
- Ўзимдаги қайси тарафларим мухлисларга маъқул деб ўйлайсиз?
- Менимча комик тарафларим бўлса керак.
- Доим ёнингизда бўлиши керак, бўлган нарса?
- Хотиржамлик.
- Нимани кўп йўқотасиз?
- Соғлиқни. Чунки, йилдан йилга соғлиқ кетаверади-ку...
Саида Вахобова