FATTOHHON.COM

« Все новости

IV ЗАМОНАВИЙ ХОРЕОГРАФИЯ ВА СПОРТ ПЛАСТИКАСИ ХАЛҚАРО ТАНЛОВИ 08.11.2012 13:27

ras-musobaasi-2.jpg

7,8,9 ноябрь кунлари “Ўзэкспомарказ”нинг 4-павильонида, Фонд Форум ва ҳамкорлар билан биргаликда, Фонд Форум Васийлик кенгаши Гулнора Каримованинг лойиҳаси бўлган, IV Замонавий хореография ва спорт пластикаси халқаро танлови бўлиб ўтказилди.

Мусобақалар Анъанавий спорт-бал рақслари, халқларга оид рақслар, street-dance (“кўча” рақси), modern dance (эркин услуб), спорт акробатикаси ва бадиий гимнастика каби йўналишларда, ҳамда замонавий рақсларнинг Hip-Hop, Hip-Hop Junior (3-12 ёш болалар учун), Break ва Dancehall йўналишлари бўйича ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, роллерлар, скейтерлар, велосипедчилар суратлари акс этган “Street Art кунлари”, мавзуга оида фотокўргазма ҳам ташкил қилинган. Фотокўргазмадан Профессионал фотосуратчилар Руслан Рахматов ва Павел Кимнинг суратлари ўрин эгаллаган.

Лойиҳа ҳомийлари - Beeline, Artel, Lukoil, Zara ва Bolajon компаниялари.

Танловда иштирок этиш учун Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистондан 30 дан ортиқ рақс жамоалари ариза топширган бўлиб, иштирокчиларнинг умумий сони 500 кишидан ортиқ. Иштирокчилар ёши 5 ёшдан 25 ёшгача.

Ҳакамлар: постановкачи хореограф Татьяна Круглова, Ўзбекистон халқ артисти, балерина Гули Ҳамроева, режиссёр Рустам Шамсутдинов ва бошқа мутахассислар.

Баҳолашда ҳар бир чиқишнинг бадиий ва хореографик жиҳатлари, ижро техникаси ва пластикаси, актёрлик маҳорати, мусиқа, хореография ва либослар уйғунлиги каби кўплаб жиҳатларга эътибор қаратилди.

Мазкур мусобақа доирасида 8 ноябрь куни “Ўзэкспомарказ”нинг 4-павильонида ёш бўлишига қарамай, анча танилиб улгурган голландиялик раққос ва хореограф Кензо Альварес ва халқаро рақс танловлари иштирокчиси ва ғолиби, қозоғистонлик брейк раққоси Шадрнинг маҳорат дарслари бўлиб ўтди.

Мазкур маҳорат дарслари ўта қизиқарли ва ўзига хос равишда бўлиб, ёш спортчилар учун ҳақиқий совға бўлди. Негаки, барча йиғилган ёшлар Кензо Альварес ва Шадрнинг кўрсатмаларига амалга қилган ҳолда, у билан берилиб рақсга тушдилар.

 

Кензо Альварес ўз дарслари ўта самимий ўтишга ҳаракат қилди ва саҳнадан сакраб тушиб, ёшлар билан баравар ҳаракатланиб, улар билан бирга рақс ҳам тушди. Шадр ўзининг мураккаб рақс техникаси билан ўртоқлашди.

 

ras-musobaasi-5.jpg

Кензо Альварес: - Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Ҳали кўп нарсалар билан танишишга ҳали улгурганим йўқ. Лекин, мана ҳозир меҳр билан боқиб турган чеҳраларни кўриб, яхши ўзига хос атмосфера борлигидан хурсандман. Ҳозир кўрсатган рақсларим бу мени ўзимнинг услубим ва бунда мен ўзимни англайман. Бошқалар ҳам рақс билан шуғуллансалар фойдадан ҳоли бўлмайди, деб ўйлайман. Инсон бу рақслар орқали ўзини эркин ҳис қиладилар. Рақс бу менинг ҳаётим десам янглишмайман. Бу ҳам бир қобилият ва шу билан бирга кўникма ҳамдир. Лекин, фақатгина қобилиятнинг ўзи билан иш битмайди. Инсон тинимсиз машқлар орқали бу қобилиятни ўзида шакллантира олиши керак. Шундангина ўз кўзлаган мақсадига эриша олади. Ёшларнинг бу рақсларга болалигидан қизиқишлари ва шуғулланганлари яхши, деб ўйлайман. Чунки, вақт ўтган сари уларнинг малакаси ва тажрибаси ҳам ошиб бораверади. Рақсда мусиқанинг ҳам ўрни беқиёс. Мусиқа бу рақс вақти энг асосийси, десам ҳам бўлади.  Ҳар бир  мусиқа раққосга ўзига хос руҳият бағишлайди. Бу ердаги муҳит жуда ҳам ўзига хос ва менга жуда ҳам маъқул бўлди. Чунки, рақсга қизиқаётган жуда ҳам кўп фаол ёшларни кўриб, ўзимни жуда ҳам бахтли ҳис қилдим. Агар яна Ўзбекистонга келиш имкони бўлса, албатта, яна бу ерда рақсдан дарс берган берган бўлар эдим. Ўзбек рақсларидан хабардор эмасдим, лекин бу ерга келиб, ўзбек миллий рақсларини кўриб, жуда ҳам хурсанд бўлдим. Бу рақсларни қанчалик юқори малакага эга эканлиги, раққослар маҳоратининг ёрқин далили, деб ўйлайман.

 

Кензо Альварес 1993 йилда туғилган. 12 йилдан буён рақс билан шуғулланади. Болалигидан туғма иқтидор соҳиби бўлиб, илк марта отасининг Нидерландиядаги рақс мактабида, рақс билан шуғулланишни бошлаган.Ўзининг “The Kulture kids” гуруҳи билан биргаликда, машҳур "Move Like Michael Jackson" ТВ-Шоуда қатнашган. Ҳозирда Кензо Альварес ёш бўлишига қарамай, Голландияда “Hip-Hop” бўйича энг таниқли ва муваффақият билан ижод қилаётган раққослардан бири ҳисобланади.

 

ras-musobaasi-7.jpg

Шадр: - Менга асли рақснинг шайдосиман ва рақсга жуда қизиқаман. Асл касбим иқтисодчи. Лекин, мен рақсни танлаганман, чунки юрагимда мен раққосман! Мусиқа янграган вақти мен беихтиёр рақсга туша бошлайман, чунки мазкур мусиқани юракдан ҳис қиламан. Рақслар ҳам юракдан бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Менинг рақсларим чинакамига ва юракдандир. Мен 10 йилдан буён профессионал рақсга тушаман. Аввалдан бор бўлган рақсларни ҳам, ўзим ўйлаб топган рақсларимни ҳам, барчасини чин дилдан ижро қиламан. Мен Европада ҳам маҳорат да

рслари ўтганман. Ҳар бир жойдаги аудитория ўзига хос, деб ҳисоблайман. Доим инсонларга

улар қизиққан нарсаларни кўрсатиш керак, деб ўйлайман. Бренк-денс бу менинг ҳаётим! Мен айнан рақс билан яшайман! Рақс билан қувонаман. (самимий кулиб) Ҳамма муаммоларни рақс билан ҳал қиламан. Рақсда энг муҳими мусиқа ва у инсонларнинг рақсга тушишлари учун, деб ўйлайман. Рақсда ҳам мусиқага монанд ҳаракатланасан ва керакли ритмни амалга оширасан. Мен ўзбек рақсларидан ҳайратланаман. Ўзбек рақсларини Олма-отада ҳам кўп бора кўраман. Тошкентдан ижодий сафар билан ижодий жамоалар гастролларга келишганда, миллий ўзбек рақсларини кўриб, қойил қолганман. Тошкентдаги бугунги рақс мусобақаси ҳам менда катта таассурот қолдирди. Кўргазма ҳам жуда ўзига хос ва ажойиб. Кензо Альвареснинг маҳорат дарсини ва кўплаб ёш ўзбек раққосларининг чиқишларини кузатдим. Ўзбекистонга илк марта келишим ва бу ер ҳақида аввал интернетдан маълумотларга эга бўлгандим. Лекин, бу ерга келгач, ҳар бир нарса ўзига хослиги ва ажойиблиги билан мени ҳайратлантирмоқда. Ўзбекистонга яқин бўлган Қозоғистонда яшасам, ҳам бу ерда кўп нарсадан бехабарлигимни англадим ва барчаси билан танишиш истагидаман.

 

Шадр Райс унинг биринчи асл исми-шарифи бўлиб, 6 ёшида Германиядан оиласи билан Қозоғистонга кўчиб келишган. Шундан сўнг, исми-шарифини Александр Сосоев деб ўзгартиришига тўғри келган. Break Dance бўйича раққос ва дарс ҳам  беради. Break Dance билан 8 йилдан буён шуғулланади ва «Nu’ pogodi» гуруҳида ижод қилиб келмоқда.  Профессионал раққос. Шунингдек House ва Hip-Hop рақсларига ҳам қизиқади. Кўп марта Халқаро рақс мусобақаларида қатнашиб, ғолиб бўлган.

 

Сергей Тоников “2 D студио” - Мазкур раққосларнинг маҳорат дарслари, рақс оламида ижод қилувчилар учун муҳим аҳамиятга эга. Барчага шундай имкониятларни яратиб берганлари учун Фонд Форум ташкилотига катта раҳмат! Фонд Форум бугун маҳорат дарси учун қайси раққосларни келишларини сўрашганда, биз Кензо Альварес ва Шадрни айтдик. Келгуси йилда маҳорат дарслари яна кўпроқ бўлади, деган фикрдамиз.

 

Сёма ижодкор: - Биринчи навбатда, бугунги ажойиб тадбирлар ва маҳорат дарслари учун Фонд Форумга ташаккур билдираман. Барчаси жуда ҳам профессионал тарзда ташкиллаштирилган. Маҳорат дарсларидан болалар ва барча қатнашувчилар жуда ҳам хурсанд бўлишмоқда. Ҳар бир ҳаракатларни такрорлаб, ўша услубларда рақсга тушишга ҳаракат қилаётганларини ва бунинг уддасидан чиқа олаётганларини кўриш жуда ҳам завқли.

 

Рустам Алимжанов раққос, Туризм коллежи талабаси: - Кензо Альварес жуда маҳоратли ва кучли хореограф. Ёш бўлишига қарамай, ўз рақслари билан танилган. Менга унинг рақсларни саҳналаштириши, унинг рақс услуби жуда ҳам ёқади. Фонд Форум ташкилотидан маҳорат дарси учун айнан уни  келишини ташкиллаштирганларидан жуда ҳам миннатдорман.

 

Фитрат Мирзаев Мусиқа мактаби ўқувчиси 13 ёшда: - Бугун Кензо Альвареснинг маҳорат дарсларини кўриш учун келганман. Кензо Альвареснинг рақсларини экран орқали кўп бор тамоша қилганман. У жуда ҳам кучли раққослардан бири. Мен ҳам рақс билан мунтазам шуғулланган бўлардим. Лекин, афсуски шу кунларда бироз вақтим етишмаяпти. Бундан аввал 2-3 йил давомида рақс билан шуғулланганман.

 

Изар Мухтаров рақс ўқитувчиси: - Бугунги мусобақалар, кўргазма ва маҳорат дарслари менда катта таассурот қолдирди. Барчаси жуда ҳам дид билан ташкиллаштирилган. Маҳорат дарсларидаги рақслар менга жуда ҳам ёқди. Кўриб турибсиз, ўзим уларнинг ҳаракатларини такрорлаб, роса рақсга тушдим. Мен ҳозир бу ерда эканлигимдан ва барчасига гувоҳ бўлганлигимдан қувончим чексиз. Мен ўзим ҳам 3 йилдан буён рақсдан дарс бераман. Ўз гуруҳим бор. Улар ҳам ҳозир маҳорат дарсларида қатнашмоқдалар.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

ras-musobaasi-6.jpg
ras-musobaasi-8.jpg
ras-musobaasi-1.jpg
ras-musobaasi-3.jpg
ras-musobaasi-4.jpg
ras-musobaasi.jpg
"ТАСВИР" ГАЗЕТАСИДА ЧОП ЭТИЛГАН