FATTOHHON.COM
« Все новости2016 йил 22 июнь куни Тошкент шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар Маданият Вазирларининг мажлиси ўтказилди.
Унда Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазири ўринбосари Г.А. Аҳмеяров, Хитой Халқ Республикаси Маданият вазири Ло Шуган, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва туризм вазири А.А. Максутов, Россия Федерацияси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари В.В.Аристархов, Тожикистон Республикаси Маданият вазири Ш.Ш.Орумбекзода, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири В.Аҳмедов ва ШҲТ бош котиби Р.К.Алимов иштирок этишди.
Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири В.Аҳмедов бошқариб борди.
ШҲТ га аъзо давлатларнинг Маданият Вазирлари томонидан, ўтган давр мобайнида маданият ва санъат соҳаларида ҳамкорликнинг ривожланиши, дўстона ҳамжиҳатликда атрофлича муҳокама қилинди.
ШҲТ га аъзо мамлакатларнинг маданият соҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги давлатлараро Битим (Бишкек, 2007 йил 16 август) ва маданият вазирлари йиғилишидаги келишувларнинг ижроси ҳақида фикр алмашилди.
Мажлис қатнашчилари томонидан ШҲТ доирасида келгусида маданий алоқаларни ҳамкорликда янада ривожлантириш, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматнинг мустаҳкамланиши, турли халқлар ва динларнинг бирдамликда камол топиши, ШҲТ га аъзо давлатлар халқларининг кўп асрлик анъаналари ва урф-одатлари бўйича билимларни кенг тарғиб қилишга эришиш лозимлиги билдирилди.
ШҲТ кузатувчи давлатлар ва ҳамкор томонлар билан маданият ва санъат соҳасида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Келгусида ШҲТ ҳудудида, шу жумладан, Буюк ипак йўли бўйлаб, маданий меросни сақлаш ва ўрганиш бўйича, икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, мажлисда маданий бойликларни талон-тарож қилиш ҳамда, уларни ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқиш, архитектура ёдгорликларини реестри ва маълумотлар базасини яратиш, маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, ноёб санъат асарларини таъмирлаш-тиклаш ва бошқа йўналишлар бўйича мутахассисларни тайёрлашда ҳамкорликни жонлантириш масалалари келишилди.
Меҳмонлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари томонидан кўрсатилган алоҳида эътибор ва улар учун Ўзбекистон санъат намоёндалари иштирокида ташкил этилган концерт дастури учун миннатдорчилик билдирилди.
ШҲТ га аъзо мамлакатлар Маданият Вазирларининг навбатдаги йиғилиши 2017 йил 22 июнь куни Астана шаҳрида ўтказилиши тўғрисидаги Қозоғистон Республикаси томони таклифи, кўриб чиқиш учун қабул қилинди.
Шу каби тадбирларнинг ташкил этилиши давлатлараро тотувликнинг ортиши, маданият ва санъат соҳасининг ривожланиши каби масалаларда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Вазирлик Матбуот Хизмати