FATTOHHON.COM
« Все новости
10 НОЯБРЬ КАТТА СИНОВ ОЛДИДАН! ХОНАНДАЛАР ФИКРЛАРИ! 09.11.2012 14:44







“Марди майдон”–жонли ижродаги қўшиқлар фестивали, совриндорлари ва таниқли санъаткорлар иштирокида, “Сени шарафлаймиз Ўзбекистоним” деб номланган жонли ижродаги катта гала концерт дастури олдидан!

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимова: - “Марди майдон” фестивали доирасида, бундай жонли ижродаги концерт Ўзбекистонда биринчи марта ўтказиляпти. Ўзбекистон Мустақилликдан сўнг, санъат соҳасида ҳам, кўплаб муваффақиятларга эришди. Айниқса, ёшларимизнинг ижодга бўлган чанқоқлиги, бу бизнинг ютуғимиз деб ҳисоблайман. Лекин, уларнинг ичида ҳақиқий санъат учун фидоийлик қила оладиганлари, ўз устида ишлаб, меҳнатдан қочмайдиганлари, жонли ижрода куйлай оладиганларини саралайдиган вақт ҳам келди, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам, “Жонли ижро” фестивали айни вақтида ўтказиляпти. Бу фестиваль ёшларни саралаш билан бирга, уларга жуда катта имкониятлар беряпти. Айниқса, ҳозирги кунда техника ривожланиб, қўшиқлардаги овозларни бир-бирларидан ажратиб бўлмайдиган бир вақтда, бу “жонли ижро” фестивали, айни муддао бўлди! “Марди майдон” деганда, номидан ҳам келиб чиқадики, ҳақиқий мардлар майдонда синалади! Курашда, кураги ерга тегмаган деган ибора бор. Шунга қиёслаб айтиш мумкинки, ҳақиқий мард хонандалар бўлса, мардлар майдонга чиқишсин! Қайси йўналишда бўлмасин, жонли ижрода куйлай оладиганлар, ёшидан қатъий назар, майдонга чиқишсин. Эфирда рекламага зўр берадиганлар ҳам, бунга имкони етмайдиганлар ҳам бор. Мана барчасига бирдек имконият, майдонга чиқиб, санъатини кўрсатсинлар! “Ўзбекнаво” томонидан ўтказилаётган бу тадбирдан жуда ҳам миннатдорман. Репетиция жараёнларида бошқа хонандалар, ёшларни кузатдим. Ҳаттоки, кўзларимда ёш айланди, қувончдан! Чунки, орамизда истеъдодли ёшлар жуда ҳам кўп экан! “Истиқлол” санъат саройида жонли куйлаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Шунга бел боғлаганларга омад тилайман! Созандаларнинг маҳорати, ёшларимизнинг истеъдодидан жуда ҳам фахрланяпман. Фестивалда ёшларимизга омад тилайман, ёшларимиз қатори меҳмон санъаткорларга ҳам муваффақият тилайман!

Хонанда Зиёда: - “Марди майдон”, “жонли ижро” ҳақида ҳар доим яхши фикрдаман. Техника ривожланиши сабаблими, жонли ижро анча камайиб кетган эди. “Ўзбекнаво” ташаббуси билан жонли ижро, ўзбек санъатига қайтмоқда. “Ўзбекнаво” томонидан биз ёшларга шунчалик имконият яратиб берилаётган экан, биз ёшлар бундан хурсандмиз, миннатдормиз. Мен ўзим ҳам, ҳар доим жонли ижрода куйлашни ҳоҳлардим. Мана ҳозир аста-секинлик билан концертларимиз ҳам жонли бўлиб бормоқда. Бошдан оёқ жонли ижродаги концертлар ҳам бўлмоқда. Эшитиб, жуда хурсанд бўляпмиз. Худо ҳоҳласа, ўзим ҳам келгуси йил концерт берсам, жонли ижрода бўлади. “Ўзбекнаво” ташкилоти жонли ижро борасида, жуда катта ишга қўл урди, деб ҳисоблайман. Негаки, агар биз ёшларнинг онгимизга ҳозирдан сингдиришмаса, кейинчалик яна фонограмма бўлиб кетарди. Энди эса, сезиларли равишда жонли ижрога қайтиб келяпмиз. Репетиция жараёнларини кузатишим бўйича, менга хонандалар Умидахон, Милена, Шохжаҳон Жўраев, ҳамда “Дурдона” гуруҳларининг ижролари маъқул бўлмоқда. Умуман, ҳар бир санъаткор ўзига хос. Концерт дастуримиз кўтаринки руҳда, муваффақиятли ўтади, деган умиддаман.

Хонанда Рухшона: - Жонли ижро фестивалида, биринчи ўринда қатнашувчиларнинг ўзидан ҳам кўп дарс олдим, дея оламан. Мисол учун, хонанда Жаҳонгир Отажоновдан ҳаяжонланмаслик, саҳнада ўзини эркин тутишни ўргандим. Бундан ташқари, бу ердаги репетиция жараёнларида барча хонандалар ҳар хил йўналишларда куйламоқдалар ва биз бу йўналишларни ҳам ўрганишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ҳамма жонли ижродан ўзи учун кўп нарса оляпти, деб ўйлайман. Мен жонли ижрони ва бу каби фестивалларнинг оммалашишини, унда ҳамма санъаткорларнинг қатнашишларини жуда ҳам ҳоҳлардим. Чунки, “Марди майдон” деб бекорга айтилмаган. Ахир майдонга мардлар чиқади! Мардлар ўзини синайди! Бундан ташқари, мен қўшиқ хонанданинг юрагига ўтириши керак, деб ҳисоблайман. Юракдан куйланган жонли ижро бошқача бўлади ва инсонларнинг ҳам юрагига етиб боради. Ҳозирда менга ҳамкасбларимиздан Жаҳонгир Отажонов ҳамда, Рушананинг ижролари жуда ҳам маъқул бўлмоқда. Шуни ҳам айтмоқчиман, бу ерда ҳамма ўзига хос, ўзига яраша маромида куйлашяпти.

Хонанда Умидахон: - Тўғрисини айтсам, ҳар бир санъаткор учун жонли ижрода куйлай олиш шарафли бўлса керак, деб ўйлайман. Қолаверса, ҳамма йиғилиб, созандалар билан аҳил бир жамоа бўлиб, тайёргарлик кўрдик, репетиция қиляпмиз. Созандалар жонли чалишяпти, биз ҳам жонли куйлаяпмиз. Бу дегани, юрагимиздаги қўшиғимизни тингловчилар, мухлисларга етказиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Бунинг устида ишлаяпмиз. Ҳар бир санъаткорни овозини, ўз йўналишини, нолаларини эшитиб, ҳар биридан ўзимга кераклисини олишга ҳаракат қиляпман. Ҳар бир санъаткор ўзига хос, деб ўйлайман. Ҳамма ижодкорларнинг ижодларини кузатишга ҳаракат қиляпман ва ҳаммаларини ҳурмат қиламан. Бу ердаги ҳамма хонандалар ва созандаларга омад тилайман, жонли ижродаги концертни илк марта бошлаяпмиз, бу катта масъулият, деб ўйлайман. Бу каби жонли ижро концертлари яна давом этади, деган фикрдаман. Худо ҳоҳласа, халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади, деган умиддаман.

Хонанда Ойбек Тўхтаев Ўзбекистон Давлат консерваторияси талабаси: - Мен февраль ойида ҳам “Марди майдон” жонли ижро фестивалида қатнашиб, яхши натижаларга эришган эдим. Жонли ижро ва репетициялардан кўп нарса олиш мумкин. Масалан, репетиция вақти қўшиқни яхши айтасиз-да, кейин саҳнага чиққандан сўнг, ҳаяжонланиб, ўзингизни кўрсата олмай қолишингиз ҳам мумкин. Лекин, бу ердаги репетицияларда эса, оркестр билан биргаликда жонли ижрода куйлаб, секин-секин бизни ҳар тарафлама етук бўлишимизга ҳаракат қилиняпти. Бизни катта саҳна, яна профессионалликка тайёрлашяпти, бизга шунчалик эътибор қаратишяпти. Бу билан ўзбек санъатига ҳақиқий санъаткорлар етказиб беришга ҳаракат қилинмоқда. Шунча вақт мобайнида репетиция жараёнлари кечди, хонандаларнинг ҳар бирини ўз услуби, ўз йўли бор. Уларнинг ҳар биридан нимадир олиш мумкин! Менга кўпроқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ўлмас Оллобергановнинг жонли ижролари маъқул бўлмоқда. Шарқона қўшиқларни мукаммал даражада, таъсирли, оҳанги, талафузлари бирга бир даражада куйлай олдилар. Шундай бир дардли қўшиқлари бор, биз ўзимиз ҳам ўрганиб, куйлашга ҳаракат қиляпмиз. У кишининг ижроси менга кўпроқ таъсир ўтказди, десам янглишмайман.
Cаида Вахобова
Феруза Фаттохова
БУГУН МУҲИМ САНА! КИМ САНЪАТДА НИМАГА ҚОДИР ЭКАНЛИГИНИ НАМОЙИШ ҚИЛА ОЛАДИГАН КУН!
ДЕМАК, “ИСТИҚЛОЛ” САНЪАТ САРОЙИДА, “СЕНИ ШАРАФЛАЙМИЗ ЎЗБЕКИСТОНИМ” ДЕБ НОМЛАНГАН ЖОНЛИ ИЖРОДАГИ КАТТА ГАЛА КОНЦЕРТ ДАСТУРИГА МАРҲАМАТ!