FATTOHHON.COM
« Все новостиЁдгор Мирзажонов кетма-кет янги клиплар суратга олганлиги, унинг мухлисларини янада жонлантириб юборди.
Ёдгор Мирзажоновнинг мухлислари орасида, «Ёдгор Мирзажонов жонли ижрода қўшиқ куйлай оладими?» деган саволлар билан бизга мурожаат қилганлари ҳам кўп бўлди. Ҳаттоки, “у жонли куйлай олмайди” деб, фикр билдирганлар ҳам бўлди. Лекин, ашаддий мухлислар эса, бу каби ҳолатларга изоҳ талаб қила бошладилар.
Шу ҳолатни эътиборга олган ҳолда, 12 ноябрь куни Ёдгор Мирзажонов билан унинг янги “Гўзалдирсан” клипининг монтаж жараёнида учрашиб, саволларга жавоб олинди.
- Мухлисларингиз орасида «Ёдгор Мирзажонов жонли ижрода куйлай оладими?» деган савол кўпчиликни қизиқтирмоқда...
Ёдгор Мирзажонов:- Жонли ижрода қўшиқ куйлай оламан албатта. Ёшлигимдан аввал мусиқа мактабида, сўнг Санъат институтда таҳсил олганман. Мусиқа мактабида ўқиётган вақтларимда хор билан бирга солный куйлардим. Мени доим биринчи овозга қўйишарди. Санъат институтда ўқиётган вақтимда ҳам, фақат жонли ижрода куйлардим. Институтда мусиқа актёри йўналишида ўқиганман. У ерда ҳам мақом куйларидан ҳам таҳсил олганман ва бемалол жонли ижрода куйлашим мумкин.
- Сиз ҳам “Марди майдон” жонли ижро фестивалида қатнашишингиз мумкинми?
- Ҳа, албатта. Тўғрисини айтсам, менга “Истиқлол”санъат саройида ўтказилган жонли ижродаги концерт дастури жуда ҳам манзур бўлди. Бу концертнинг мақсади ҳам, менга маъқул бўлди. Бу фестивалнинг кейинги босқичларида қатнашиш ниятидаман. Яъни, ўзимни бирорта қўшиғимни жонли ижрода мусиқачилар биргаликда ишлаб олиб, кейин уни саҳнада мухлисларга ижро қилиб бериш истагим бор. Таклиф бўлса, албатта қатнашган бўлардим. Чунки, мени қўшиқларимни бемалол жонли ижрода ҳам куйласа бўлади. Қандайдир мураккаб, жонли ижрода куйлаб бўлмайдиган қўшиқларим йўқ.
- Тўйларда жонли ижрода куйлашингизга тўғри келганми?
- Ҳа, албатта! Шундай бир пайтлар бўладпки, жонли ижрода куйлашнинг ҳам ўз вақти бўлади. Баъзида агар, мухлислар сўраган қўшиқларни мусиқачилар чала олишмаса, унда фонограммада куйлашга тўғри келади. Йўқ, жонли ижрода куйлаб беринг, дейишса, бемалол жонли ижрода ҳам куйлаб бераман. Бундан 3-4 йиллар олдин, мен жонли ижрода қўшиқ куйлаш истагида гуруҳ йиққан эдим. Бир неча созандаларни жамлаб, тўйхоналарга ўша созандалар билан бирга кирадиган бўлдим. Барабан, орган, гитара, ҳаммаси бор эди. Тўйларда жонли ижрода куйладим. Кимлардир буни тушунди, кимлардир тушунмади. Томшабинлар шунчалик фонограммага ўрганишган эканки, “нима учун бундай куйлаяпти, қўшиқлари илгари бошқача чиқарди, энди бошқача? Нега мусиқалари ҳам бошқача?” дейишди. Энди жонли ижро бўлгандан кейин, бошқача бўлади-да. Чунки, жонли ижрода баъзи бир мусиқа асбоблари борасида чегараланган бўлади. Ўша қўшиқдаги ҳамма мусиқа асбобларининг овозини тўлдириб бериб бўлмаслиги мумкин. Аранжеровка қилинганда, у ерда нечта мусиқа асбобининг овози бўлади. Жонли ижрода эса, бир неча мусиқачи шуларни ҳаммасин чиқариб беришга ҳаракат қилишади. Мен бирровларда ҳам жонли ижрода куйлаб кўрмоқчи бўлдим. Топилган маблағни ҳаммасини ўзимга ҳам олиб қолмай, созандаларимга тенг тақсимлай бошладим. “Ёдгор тўйларда, бирровларга ҳам жонли ижрода куйлаётган экан” деган фикр бўлади, жонли ижро оммалашади, дегандим. Лекин, қарасам, бошқалар келиб, фонограммасини уриб кетяпти, мени жонли ижродаги қўшиқларимга туриб ўйнамаганлар, уларни фонограммасига ўйнаяпти! Уларни қўшиғидан миннатдору, меникидан норози! Уларни “зўр айтди, маза қилиб ўйнадик” дейишяпти. Ваҳоланки, улар фонограмма куйлашяпти. Тўғри, ўзини қўшиғини фонограммасини куйлаяпти, бунга эътирозим йўқ. Лекин, мен шунча созандалар билан жонли куйласам ҳам, тингловчиларга фонограмма ёқяпти. Буни устига, баъзи жойларда тўйда куйлаётсам, баъзи тингловчилар келиб: - Ака, мана бу қўшиғингизни қўйиб беринг-дейишяпти. “Куйлаб беринг, ижро қилиб беринг” эмас, “қўйиб беринг”дейишди. Улар фонограммага шунчалик ўрганиб қолишган экан. Жонли ижрода куйласанг, келиб "қўшиқ қўйиб беринг" дейишса... Кейин мен ҳам ўйладим, “Эй Ёдгор, сен ҳам фалон пулга қўшиқ ёздирасан, аранжеровка қилдирасан, клип олдирасан, сенга ҳам маблағ керак. Тўйларга фақат созандалар учун чиқмайсан-ку.” дедим. Шундан кейин, созандаларни ҳаммасига рухсат бериб, ўзим ҳам, бошқаларга ўхшаб фонограммада куйлай бошлагандим. Оқимга қарши оқиб бўлмас экан. Мен буни олдин бошладим, бошлашга уриниб кўрдим. Лекин, вазият сабаб тўхтатдим-да, фонограммани давом эттиришимга тўғри келди. Чунки, тингловчилар фонограммани талаб қилишаётган эди. Лекин, эндиликда жонли ижрода куйлаш вақти келган экан, мен бемалол созандалар йиғиб, қўшиқларимни ҳаммасини жонли ижрода куйлай оламан!
- Жонли ижрога муносабатингиз?
- Ҳозирги кунда томошабинлар жонли ижрони талаб қила бошлаганларидан жуда хурсандман. Бу санъатимизнинг ривожига ҳам, яхши таъсир кўрсатади. Биз фонограмма деб, фонограммага бутунлай ўтиб олишимиз ҳам яхши эмас эди. Айниқса, ҳозирги кунда жуда ҳам, фонограмма чуқурлашиб кетган эди. Шунинг учун ҳам, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси жонли ижрони тарғиб қилиши айни муддао бўлди. Ҳозирги кунда ҳаттоки, бировларнинг қўшиқларини қўйиб, унга оғиз қимирлатишяпти, бу ёқда ҳақиқий санъаткорлар қолиб, бошқа санъатга бегона инсонлар ҳам санъаткор бўлиб кетиш ҳоллари учраяпти. Бундай ҳолатларга эса, назаримда чек қўйиш вақти ҳам келди. Чунки, жонли ижрода куйлай оладиган санъаткор бор, куйлай олмайдигани бор. Мен ҳаётимни санъатга бағишлаганман, санъаткор оиласида туғилганман. Отам раҳматли, Маъмуржон Узоқовларнинг қўшиқларини, эски мақом қўшиқларини куйлаганлар. Мисол учун, мен бирор қўшиқни ҳам жонли айта олмасам, унда санъаткор бўлиб, нима қилдим? Мен ҳозир бир режа устида ўйлаяпман! Қиш ойлари ичида мен, профессионал созандаларни йиғиб, тахминан тўрт созанда билан репертуаримдаги ҳамма қўшиқларимни, халқ куйларини, ҳаммасини жонли тарзда ишлаб олиб, тўйларда ва бошқа жойларда жонли ижрода қўшиқ куйлаш ниятим бор! Баъзилар, “Ёдгор жонли ижрода қўшиқ куйлай олмайди, овози йўқ, фақат фонограмма қўшиқлар айтади” дейишлари, шундай фикрлар ҳам бўлиши мумкин. Лекин, мен жонли ижродаги имкониятларимни кўрсатиш ниятларим бор!
- Яккахон концерт бериш истаги-чи?
- Келгуси йилга мўлжаллаяпмиз. Продюсерим Феруза опамнинг фикрига кўра, бу йил фақат ижод билан шуғулланамиз. Янгидан янги қўшиқлар яратиб, клиплар суратга оламиз. Бу йил шошмаймиз-да, фақат янги қўшиқларни мухлисларга етказиб бериб, келгуси йилга насиб бўлса, ҳамма янги қўшиқларимни жамлаб, маълум бир қисмини жонли ижрода куйлаб, яккахон концерт бериш ниятимиз бор.
Саида Вахобова суҳбатлашди