FATTOHHON.COM

« Все новости

ТЎЙЛАР МУБОРАК РАЙҲОН ВА ЙИГИТАЛИ! 16.11.2012 07:20

Бугун 16 ноябрь куни барчанинг бирдек севимли хонандаси Райҳон ва ёш актёр Йигиталининг бахт тўйи бўлиб ўтди!
 
rayhon_toyi-4.jpg
Райҳон ва Йигиталини чин дилдан бахт оқшоми билан табриклаймиз! Узоқ йиллар бахтли ҳаёт кечириб, шириндан-шакар фарзандларнинг ота-онаси бўлишларига тилакдошмиз!
 
rayhon_toyi-1.jpg
Мазкур тўйга журналист эмас, меҳмон сифатида таклиф қилинганлигимиз учун, тўйдан махсус репортажни амалга оширмадик.
Лекин, тўйдаги айрим ўзига хос жиҳатларни санаб ўтамиз.
  1. Тўйни ҳақиқий йил тўйи дейиш мумкин!
  2. Версалнинг атрофини, бир тараф то Чорсуга етгунча, иккинчи тараф то Ғунча кинотеатрига етгунга қадар, йўл четларида бўш жой қолдирмаган машиналар карвони эгаллаган.
  3. Ичкарига ўрнатилган катта монитор орқали, бемалол ташқаридаги ҳолатларни кўриш мумкин эди.
  4. Тўй бошланишидан олдин хонанда Карен Гафуржанов меҳмонлардан ўзига хос видеоинтервью олди ва барчаси ўша монитор орқали намойиш қилинди. Биринчи бўлиб, “Шаҳзод” гуруҳи Рашид Холиқов видеоинтервью берди.
  5. Тўйхонага кириб келишда, Йигитали Райҳонни қўлларида кўтариб олди. Бу ҳолат икки ёш вальс тушиб бўлгач ҳам такрорланди. Яъни, вальсдан сўнг, Йигитали Райҳонни яна қўлларида кўтариб олди.
  6. Райҳон ва Йигиталидан олдин тўйхонада қанотли фаришта либосидаги болакайлар рақси бўлди, Райҳоннинг “Бахтли бўламан” қўшиғи янгради.
  7. Тўйхонага кириб келган Райҳон ва Йигиталини Фаррух Зокиров “Келибди” қўшиғи билан кутиб олди.
  8. Тўйда Фарҳод Алимов ва Нилуфар Сотиболдиевалар бошловчи бўлишди.
  9. Тўйда қўшиқ куйламаган машҳур деярли қолмади.
  10. Тўйга ҳозирда Москвада ижод қилаётган хонанда Согдиана ҳам меҳмон сифатида ташриф буюрди.
  11. Тўйхонанинг кираверишидаги холлда икки тарафда иккита баннер қилиниб, бир тарафда Райҳон ва Йигитали миллий либосларда, иккинчи тарафда эса замонавий либослардаги фотолар акс этган эди.
  12. Тўйда Райҳон ва Йигиталининг муҳаббати фотоларда акс этган видеороликлар, бир неча марта намойиш этилди.
  13. Биринчи бўлиб, келин-куёвни Юлдуз Усмонова рақсга чорлади. Юлдуз Усмонова қизи Нилуфар Усмонова билан биргаликда ҳам қўшиқ куйлашди.
  14. Фаррух Зокиров ҳазил тариқасида Юлдуз Усмонова куйлаётганда, видеочи ролини ўйнаб берди.
  15. Деярли барча меҳмонлар Райҳон ва Йигитали билан тўхтовсиз суратларга тушишди.
  16. Тўйга Фонд Форум Васийлик кенгаши Раиси Гулнора Исломовна Каримова ташриф буюрди ва келин-куёвни табриклади. Уларга Франциядан келтирилган Guli брендидан атирларни туҳфа қилди.
  17.  Гулнора Исломовна Каримова хонанда Рашид Холиқов билан биргаликда дуэт ижро қилишди.
  18. Райҳон ва Йигитали бутунлай ўзгача вальс тушишди. Уларни оқ либосдаги раққосалар ўраб олишганди. Йигитали Райҳонни қўлларида баланд кўтаргани жуда ўзгача бўлди.
  19. Ҳаммани қойил қолдирган рақслардан бири, бошида шамлар билан рақс тушган Зарина исмли раққоса қиз бўлди. У шамлар рақсидан сўнг, арабча рақсга ҳам тушди.
  20. Райҳон ва Йигитали тўй давомида, бир неча марта бирга рақс тушишди. Уларнинг қувончи чексиз ва жуда бахтли эканликлари кўриниб турарди.
  21. Келин тарафидан гул отиш маросими ҳам жуда ўзгача ўтди. Гул отиш маросимида биринчи марта отилган гулдаста ерга тушиб кетди, иккинчи марта уни бир амаки илиб олгани жуда кулгили бўлди. Бунга нисбатан Райҳоннинг ўзи ҳам “Бу адолатдан эмас!” деб юборди. Шундан сўнг, гулдаста амакидан олиниб, Райҳонга қайтариб берилди. Сўнг, “учинчиси ҳалол” деган сўзлар билан гулдаста учинчи марта отилди ва уни Райҳоннинг синглиси Насиба илиб олди.
  22. Райҳон ва Йигитали торт кесиш олдидан ундаги шамни яхши ният қилиб, пуфлаб ўчиришди. Сўнг торт кесишди.
  23. Раъно Ярашева келин салом ўтказди. Райҳон, барча Раъно Ярашева санаб ўтган инсонларга келин салом қилди. Охирида эса, Йигиталига ҳам алоҳида келин салом қилди.
  24. Тўйда негадир, баъзи меҳмонлар бир-бирларини “байрамингиз муборак бўлсин!” деб табриклашди)))
  25. Райҳон ва Йигиталини, бутун тўйхонадаги деярли барча инсонлар фотоаппаратлардан ташқари, Ipad ва қўл телефонларига фото ва видеога тинимсиз олишди. Тўй тугамай туриб, “twitter” ва «Одноклассники» сайтлари тўй фотоларига тўлишга улгурди. Шундай экан, тўйдаги назоратчилар, фотоаппаратларга қарагунча, аввал Ipad ва қўл телефонларига фото олиб, ўша ернинг ўзида сайтларга жойлаб ўтирганларга эътибор қаратсалар, ўз вазифаларини уддалаган бўлар эдилар.

Саида Вахобова

rayhon_toyi-3.jpg

 

rayhon_toyi-2.jpg

 

rayhon_toyi.jpg