FATTOHHON.COM
« Все новости
Бу актрисани кўплар фильмлардаги комедик образлари ва сўз устаси Шукурилло Исроилов билан биргаликда, концертлардаги саҳнавий чиқишларидан танишган. Баъзилар уни “шўх” дейишса, баъзилар эса, бунинг аксини айтишади. Бугунги “Диллашув” саҳифамиз меҳмони, актриса, тадбиркор Ҳалима Иброҳимова
Санъат институтини тамомлаган. 20 дан ортиқ фильмларда суратга тушган, “Дев билан пакана”, “Қизилжарлик Эшмат”, “Ниқоб” ва бошқалар...
Кўплаб клипларда ҳам суратга тушган.
Актриса оилали, турмуш ўртоғининг исми Жалолиддин, кичик тадбиркор.
Икки фарзанди бор, ўғли Жасурбек 3 ёшга тўлади. Қизи Гулноза 1 ёш-у 8 ойлик.
- Ўтган йилга нисбатан сизни бу йил киноларда камроқ учратмоқдамиз. Бу ҳолатни нима билан изоҳлашингиз мумкин?
- Биласизми, асосан фарзанд тарбиясига кўпроқ вақт ажратганим учун ҳам, киноижодкорлар айтган пайтга, вақт ажрата олмадим. Баъзи таклифларда, вилоятларда ҳам суратга олинадиган жойлари бор экан. Мен эса болаларим тарбияси билан банд бўлганлигим учун чиқа олмадим. Шу сабабли, кўп таклифларга ўзим рад жавобини беришимга тўғри келди. Яна бу сабабдан ташқари, кўпроқ таклифлар бўлган фильмлардаги мавзулар ҳам, бир хил бўлиб қолди. Яъни, роллар борасидаги таклифлар. Фильм сценарийсини ўқиб чиққанимда, менга таклиф қилинган роллар, кўпинча “уришиб бериш, дўқ қилиб бериш ёки қанақадир қўполроқ характерда” бўлганлиги учун ҳам, “мен бундай ролларни кўп ўйнаганман” деб, тўғриси, ўзим бормадим. Бошқача характердаги ролларни ижро этишни истардим.
- Пародияга ғоя, сизда қандай келиб чиқади?
- Биринчи бўлиб, бугунги кунда мухлислар томонидан яхши қабул қилинаётган, рейтингли хонандалар бор-ку, ўшалар кўз олдимга келади. Энди, албатта саҳнага ёки тўйга чиқиб, ижро қилишим шарт эмас. Ўзимиз ҳам, ўзаро мисол учун, битта санъаткорни эркакми, аёл кишими фарқи йўқ, мана шу кунда ким элга ёқяпти, кимнинг хит қўшиғи бор, ўзи замон билан ҳамнафас бўлган битта образни чиқариб беришади. Қанақадир ўзингизда ҳам ижод қилишга меҳр бўлиб қолади-ю, ана шунақа пайтда пародия қилинади. Мисол учун, мажбурий “мана буни пародия қилиб бергин” деса, қилиб бера олмайман. Агар ўзимдан келиб чиқиб, ўзимни яқинларимни орасида ўтирганимда, ёки таниш- билишларим билан ҳазил-ҳузул қилганимда, “мана бу бунақа” деб гапириб беришим мумкин. Бир хилларида кўчада ҳам, саҳнада ҳам, илтимос қилишганида қилиб бера олмайдиган жойларим ҳам бўлади. Кайфиятга, вазиятга ва ҳоҳишга боғлиқ, деб ўйлайман.
- Пародия қиладиган инсонингиз машҳур бўлиши керакми? Ёки...
- Менга у одам машҳур бўлиши шарт эмас! Мен халқ ичида юраман. Мисол учун, сомса сотувчисими, музқаймоқ сотадиган қизми, ёки бошқа иш қиладиган инсонми, уларни ҳам пародия қилса бўлади, у аниқ санъаткор бўлиши шарт эмас. Ўзи асосан, ҳамма нарса халқдан олинади. Масалан, мен халқни кузата оламан. Кўп кузатаман ким қанақа? Масалан, соат 8.00дан – 17.00 гача ишласангиз, ҳар куни келадиган, тирикчилик қиладиган инсонни қанақалигини, нима қилишини биласиз-ку, битта жойда ишласа, уларни ҳаракатларини ён-атрофингиздагиларга пародия қилиб кўрсатиб беришингиз мумкин-де. Лекин, у инсон санъаткор бўлиши шарт эмас.
- Сиз ўзингизни репертуарингизни қандай тайёрлайсиз? Олдиндан ҳаётда кўрган нарсаларингизни ўзингиз учун ёзиб борасизми, ёки бирор концертга таклиф тушса, ўша концерт учун бирор нарсани, таклифдан сўнг излайсизми?
- Мисол учун, ўзимга керак нарсалар бўлса, албатта ҳар доим ёзиб бораман! Барибир қанақадир “хом-ашё” бўлади. Склет қилиб қўямиз. Мисол учун, Шукур акам “мана бу санъаткорнинг концертига чиқар эканмиз” десалар, “олиб кел, ниманг бор” деб ўртага ташлаймиз. Барибир, 70 фоизини Шукур акам гапирадилар. Чунки, улар барибир кўпни кўрганлар, биладилар. Шукур акамдан келиб чиқиб, орасига менинг гапим, ёки менинг гапимни орасига, Шукур акамнинг гаплари қўшилади, ўшандан кейин, битта ёқадан бош чиқариб иш қиламиз. Асосан, шу концертда ижод бўлади. Бир хилларида, бир кун олдин ҳам бўлиб кетаверади. (кулади) Мавзуларни вазиятга қараб, қандай мавзулиги, барибир томошабинларга тез етиб борадиган қилиб тайёрлаймиз.
- Турмушга чиқишдан олдинги Ҳалима ҳаёт ҳақида қандай ўйларди-ю, турмушдан кейинги Ҳалима қандай ўйлайди?
- Энди турмушга чиқмасимдан олдин ҳам, характеримни ҳамма билади, эркакшода, шўх қизман. Ўша пайтда фақат меҳнат ва ижод қилардим. Турмушга чиқмасимдан олдин санъатга кўпроқ алоқам бор эди. “Карьера” деганда, мен учун биринчи ўринда, ўзимнинг бизнес соҳам бор. Тўйларга, саломларга борсам, бошқа актрисаларга ўхшаб, тирикчилик қилсам, мен фақат карьера учун қилардим. Энди турмушга чиққунимча, ундан-бундан совчи келиб турган бўлган, мен эса фақат санъатни ўйлаб турган бўлганман-де. Кейин ўйлаб қарасам, турмушга чиқиш ҳам керак экан. Қарасам, синфдошларимнинг болалари катта бўлиб қоляпти, 8 ёш, 10 ёшга кириб қолишяпти. “Эй, уже пара” деб турмушга чиққанимдан кейин, бола-чақали бўлганимдан сўнг, мана бу ўзингиздан қоладиган зурриётларни кўриб, кўзингиз барибир қувнаркан-де. Ана ўшанда, ҳаёт қанақалигини билар экансиз. Орқангизда қоладиган инсон борлигини билгандан кейин, яна ҳам яшагингиз келаркан.
- Сизнинг фикрингизча аёллик бахти нимада?
- Аёллик бахти фарзандда, оилада албатта! Масалан, санъат соҳасида ишласангиз-де, ҳамма сизни ҳурмат қилсаю, лекин орқангиздан онам деб қоладиган фарзандингиз бўлмаса, топганингизни ўзингизни бола-чақангизга эмас, қанақадир бегонага қолдириб кетсангиз алам қилади. Барибир инсонни ўзининг зурриёти бўлиши керак. Барибир сизни қадрлайди, яхшимисиз, ёмонмисиз болангиз учун онасиз! Барибир биринчи ўринда, менимча оила!
- Фарзандларингизни биринчи айтган сўзи?
- Ўғлимни биринчи айтган сўзи “Мама кетдик” (кулади) У фақат қаергадир кетади-де. “Мама” дейди, чунки энагам рус. Шунинг учун русча ҳам, ўзбекча гапиради. Хуллас, 2 та гапини тушунардим “Мама, кетдик”! Лекин, ҳозир ҳамма нарсани тушунтириб беради, ҳамма нарсага ақли етади! Қизим бўлса, акаси нима деса, шуни ортидан қайтаради. Ўғлим “кетдик” деса, орқасидан “мен ҳам кетаман” дейди. (кулади) Энди унинг гаплари акасиникичалик эмас-у, лекин у ҳам акасига қараб кетяпти. (кулиб) Акаси нима деса, “мен ҳам, мен ҳам” деб ўзини қўшиб туради, “Мен ҳам кетаман”, “Мен ҳам бораман”, “Менга ҳам бер” мана шунақа гаплар!
- Болаларингиз сизни телевизорда кўришадими? Кўрганда нима дейишади? Роллар ижро этишингизни билишадими?
- Телевизор кўришганда дарҳол танишади, кўриб хурсанд бўлиб сакрашади! Чапак чалишади, “Мама” деб бақириб, қучоқлаб олишади! Жиянларим ҳам телевизорда чиқсам, “хола” деб таниб, қувонишади.
- Фарзандларингизнинг характери кимга кўпроқ ўхшайди? Сизга ёки турмуш ўртоғингизга? Ташқи кўриниши-чи?
- Ўғлимнинг кўриниши ҳам, характери ҳам менга ўхшайди. Қайсарликлари ҳам. Қизим эса, ғирт адасининг ўзи! Лекин, уятчан, аммо яхши гапирсангиз, бемалол тил топишиб кетади. Ўғлим эса, ундай эмас, уни эътиборини тортиш қийин.
- Биринчи марта фарзандингизни қўлингизга олганингизда нимани ҳис қилгансиз?
- “Вой, мен она бўлдимми?”, деб юборганман (кулади). Биринчи бор боламни қўлимга олганимда, биласизми, менда қандай ҳиссиёт бўлган, кўнглимдан “мана мен ҳам фарзандли бўлдим, мени ҳам орқамда онам деб қоладиганим дунёга келди, ишқилиб умри зиёда бўлсин” деган нарса ўтган. “Нима бўлса ҳам соғ бўлсин, нима бўлса ҳам мени орқамда қолсин”, деганман. Аввалига битта бола ҳоҳлар экансиз, кейин иккита, мана ҳозир 3-4 фарзанд кўргим келяпти. Мисол учун, “Иккита фарзанд билан ўтаманми, яна иккита фарзанд кўрсам яхши бўларди” дер экансиз. Барибир кўпчилик яхши-да, биз ўзимиз ҳам оилада 4 та қизмиз.
- Болаларингиз тарбиясида нималарга аҳамият берасиз?
- Болаларимнинг тарбиясида, биринчи навбатда озодаликка катта аҳамият бераман! Айниқса, кийимларининг тозалигига! Мени боламни кийимлари кир, ёки исқирт юрганини, ҳеч ким кўрмаган! Худо ҳоҳласа, кўрмайди ҳам. Ҳамма айтади, “бир кўрайлик, болангиз, болаларга ўхшаб юрсин” дейишади. Лекин, мен биринчи ўринда тозалигига, гигиенага, соғлиғига аҳамият бераман. Болаларимни қизиқадиган нарсаларига ҳам катта аҳамият бераман. Лекин, жуда унақа талтайтириб юбормайман. Чунки, баъзиларнинг болалари талтайиб, баъзи жойларга олиб борсангиз, дастурхонларга тегиниб, бир нималар қилади-ку, мен шу нарсани жуда ҳам ёмон кўраман. Айниқса, кўзини тўқ қилиб ўстиряпмиз, барибир бирор жойга борса, тарбияли ва маданиятли бўлиши керак! “Кимнинг боласи” деганда, “мана буни боласи” бўлиши керак-де, барибир! Мана шу нарсага аҳамият бераман.
- Фарзандларингиз келажакда сизни касбингизни эгаллайман дейишса, қандай муносабат билдирасиз?
-Йўқ-йўқ! Аниқ йўқ. (ўйланиб) Биринчи бу ҳақида ўйлаб кўрдим. Қизимни қанақадир қизчаларнинг гуруҳларидан, қўшиқ айтишгами, ёки рақс гуруҳигами, берсам, деб ўйлардим. Дейлик, 8-10 ёшгача шуғулланади, кейин чиқариб оламан, деган фикр бор эди. Лекин, ўйлаб қарасам, агар шу соҳада кетиб қолса, кейин қайтара олмайман. Бошқа нарсага қизиқмай қолиши мумкин, деб ўйладим. Энди Худо ҳоҳласа, катта бўлишяпти, ниятим уларни яхши мактаб, олийгоҳларда ўқитиш! Барибир ўқиса, билим олса, ёмон бўлмайди.
- Айнан, санъат соҳаси қийинлиги учун ҳам, уларнинг санъаткор бўлишларини ҳоҳламайсизми?
- Ҳа, қийинлиги учун! Энди ўзимиз ҳам, қийинлигини кўряпмиз. Мисол учун, пашшадек нарсангиз бўлиб қолса, филдек қилиб ясаб ташлашади. Элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди! Ҳар нарса бўлиши мумкин. Мисол учун, халқни ичида қанақадир битта гапга, 100 та жавоб қайтариб кетамиз. Лекин, барибир санъатда қоқилганлар ҳам бор, ўшаларнинг йўли бўлиб қолмасин, деган ниятда, мен шу нарсани ҳоҳламайман.
- Оилада ҳал қилувчи сўзни ким айтади?
- Энди, ҳал қилувчи сўзни, айнан оиламизда эрим гапирадилар! Кўчада мен гапираман. (кулади)
- Оиланинг тинчлиги, аҳиллиги кўпроқ кимга боғлиқ, деб ўйлайсиз?
- Энди оиламизда, кўпроқ менга боғлиқ. Сал шўхроқ бўлмасам, сал уришқоқроқ бўлмасам, ҳаётим яхшироқ кетади. Мен буни биринчи ўринда биламан.
- Сизда ижод, оила, бизнес бор. Булардан ташқари ҳам, бўш вақтингизда, қизиқишларингиз борми?
- Мени онам раҳматли ўзлари тикувчи бўлмасалар ҳам, ўзларининг оналаридан кўриб, тикишларни ўрганганлар. Мен ҳам онам тикканларида, ёнларида ўтириб, кўриб ўргандим, яна мактабда ўқиганимда ҳам жуда кўп тўгаракларга қатнаганман. Тортлар пиширишга, тикишга, зардўзликларга, ҳамма нарсага қизиқиб кўрганман. Лекин, охири бориб мана шу санъаткорликка бориб тақаламан, деб ўйламаганман. Аммо, барибир озгина жиддийроқ соҳага ўқишга кирмоқчи бўлганман. Бироз оилавий шароитим тўғри келмагани учун, бу йўлдан бора олмадим. Лекин, барибир санъаткор бўлганимдан афсусланмайман! Чунки, шу касб орқали эл ҳурматидамиз!
- Масъулият сўзи, сиз учун нимани англатади?
- Маъсулият сўзи, бу жуда ҳам катта нарса! Биринчи ўринда, санъаткорлик маъсулияти ҳам бор. Масалан, мени кўпчилик, дейлик, 70 фоиз одам санъаткор деб билса, 30 фоиз одам барибир тадбиркор деб билади. Мисол учун, Тошкент ҳисобини олганимда шундай. Ўша тадбиркорликнинг ҳам ўз масъулияти бор. Тадбиркорлик санъаткорликка, санъаткорлик тадбиркорликка уланиб кетмаслиги учун, иккаласини биттада тенг ушлаб туриш керак. Оилани ҳам ўзига яраша масъулияти бор. Мен энг қийини, оила деб ўйлайман. Чунки, яхши-ёмон кунингиз ўтса ҳам, йиғласангиз ҳам, кулсангиз ҳам, барибир шу оилангиз билан баҳам кўрар экансиз. Айниқса, эримга шунақа пайтда ён босаман. Улар билан мана шу тўғрисида гаплашаман, кўпинча “мана бу нарсанг нотўғри, ёки тўғри” деб, йўл кўрсатадилар. Оилада эри-хотин иккаламиз. Лекин, кўчада санъаткор бўлганим учун ҳам, масъулиятни ўзим бўйнимга оламан.
- Кўпинча экранда ҳам, кўчада ҳам қўрқмас Ҳалима, сифатида таассурот қолдирасиз. Оилада-чи, қандай Ҳалимасиз?
- Оилада ҳам худди шунақа! (самимий кулиб) Ўзимни характеримдан келиб чиқиб ҳам, менга шунақа роль беришади-де ўзи! Лекин, мен Санъат институтида ўқиганимда, ўзи комик актриса бўлганман, лекин драма факультетида ўқиганман. Ҳамма менга, “Сен ўзи эстрадада ўқишинг керак”, дейишган. Лекин, айнан драма факультетида ўқиганман. Ўшанда ҳам, 3-4 йил ҳеч қандай комедик роль ўйнамадим. Фақат, ўша “Мирзо Улуғбек” ва шунга ўхшаш асарларда, катта-катта шоиралар ва шоҳларнинг оналари ролларини ижро этганман. Ҳар доим жиддий роллар ўйнаганман. Кейин охирида, Давлат имтиҳонида комедик роль ижро этганман. “Темир хотин” спектаклини қўйганимизда, мен Қўчқор аканинг Салтанат деган қўшнисини ўйнаганман. Ўшанда домлам, “сени ролинг мана шунақа” деб айтганди. Энди қаранг, мен қанақадир юмшоқ келин, ёки бўлмаса кўп овқат ейдиган семиз аёлнинг ролини ўйнашим керак. Ёки, мен аниқ комик актриса бўлишим керак. Аммо, битта санъаткор дўстим Улуғбек Рахматуллаев, “Ҳалима сен ўзингни жиддийроқ салбий ролда синаь кўргин, сенга жуда ҳам ярашади”, деб ҳатто клипига ҳам таклиф қилди. “Мен сени шундай бир жиддий ролда кўрмоқчиман, синаб кўргин, барибир ҳамма нарсага эришиш мумкин. Битта комедик роль билан чегараланиб қолмагин”, деган мақсадда айтди. Энди хонанда Улуғбек Раҳматуллаевнинг навбатдаги клипида, жиддий ролга тайёрланяпман.
- Ҳамма инсонларнинг ҳам бир бўш тарафи бўлади. Сизда-чи, бўш тарафингиз борми?
- Бўш тарафимми, тез хафа бўлиб қоламан. Кейин яна битта нарса, мени энг ёмон кўрган нарсам, ёлғон гапириш! Баъзи пайтларда инсонларга ўзингизнинг тўғрилигингизни тушунтириб бера олмайсиз-ку, ўшанда одамлардан тўғриси, хафа бўламан. Кўнглим бўш, ўзим биринчи ҳазиллашаман, ҳазиллашаман, кейин кўнглимга битта нарса тегиб қолса, хафа бўлиб қоламан. Масалан, пул топишдан, кийинишдан, саҳнага чиқишдан, ким биландир рақобатлашишлардан, ҳеч нимадан қўрқмайман. Лекин, қанақадир кичкина нарса ҳам кўнглимга тегиб қолиши мумкин. Ўзи кўнгил нозик бўлади. Айнан, ўзимнинг шахсиятим, ўзимнинг жуссам тўғрисидаги гапга хафа бўламан. Масалан, саҳнага чиқиб бизлар ўзимизни устимиздан куламиз-ку, саҳнада семиз, бошқа деймиз. Лекин, баъзи пайтда кўчада мана шу гапни кўтара олмайман. Бир хиллар, саҳнада ўзингиз гапирасиз-ку, дейишса, мен “у саҳна, бу ҳаёт-ку” деб айтаман! Ана шундай пайтда, озгина хафа бўлиб қоламан. Менинг образим, саҳнадаги ижодим, ҳеч қачон ҳаётимга таъсир қилмаслигини ҳоҳлайман!
- Сиз ўзингиз инсонларга яхши кайфият берасиз, лекин сизни ўзингизни кулдириш осонми?
- Мен роса куламан! Оддий гапга ҳам куламан. Агар қанақадир кайфиятим бўлмаса, умуман кулмайман. (кулади) Ўзимизнинг даврада ўтирадиган акалар-укалар, ўртоқларим билан роса ҳазил-ҳузул бўлади. Баъзи пайтда кўчада, светафорларда одамлар кўриб қолишса, “Салом алайкум” дейишса, мен уларга “яхшимисиз” дейман, “Вой кулмас экансиз-а” дейишади. Ўзи ҳаётда ҳаммага қандай қилиб тиржайиб юрасиз? Тўғри келмайди-да, барибир.
- Вақт ўтиб, сиз ҳам режиссёрликка қўл уришингиз мумкинми?
- Мен ўтган йили худди шу соҳа бўйича, магистратурага ҳужжат топширдим. Афсуски, имтиҳонлардан ўта олмадим. Энди, яна ҳаракат қилмоқчиман. Режиссурага топширмоқчиман, қани ўқиб кўрай, деган фикрлар бор, йўқ эмас. Олийгоҳда ўқиганмиз. Балки магистратурага, бу йил кирарман.
- Агар режиссёрлик қилсангиз, қайси мавзуда фильм суратга олардингиз?
- Ҳозирча сир! (кулади) (ҳазил билан) Фикримни ўғирлаб қўйишади....(кулади)
- Бугунги ўзбек киноси ҳақида фикрларингиз?
- Мени ўзбек киноси ҳақидаги фикрларим, яхши тарафга ижобий фикрлар! Чунки, барибир ҳозир ўзбек киносида анча янгиликлар бор! Майли, кимнингдир киноси ўхшаяпти, кимники кассабоп, кимнинг киноси хит бўлиб кетяпти. Кимнидир киносини 2 йиллаб томошабинлар тинмай кўришяпти. Барибир ҳам, санъат олийгоҳида ўқиганлар, актрисалар ишсиз бўш ўтирганлари йўқ! Қандай мавзу олиб чиқишларидан қатъий назар, ўхшайдими, йўқми, кимлардир ёмонлайдими, бадиий кенгашдан ўтмайдими, барибир ҳам мен ўшаларнинг тарафдориман. Чунки, ўша фильм суратга олаётганлар бўлмаса, бизлар санъат дунёсида, оламида ўзимиздан ўзимиз чиқишимиз ҳам қийин. Улар чиқса, кўпроқ ишлашса, мисол учун, бизларга ҳам иш топилади. Бизлар яна ҳам халқ кўзига кўринамиз. Ким нима қилса ҳам, мен омад тилайман! Мана Россияларда, Америка Қўшма Штатларида режиссёрларимиз фильмлар суратга олиб келишди. Мен эшитиб, роса хурсанд бўлдим. Ундан ташқари фестиваллар бўляпти. Мен ҳамма ютуқларимиздан хурсандман.
- Фильмлардаги қайси ролингизни, ташриф қоғози деб биласиз?
- Мен биринчи бўлиб, “Дев ва пакана” фильмини айтаман. Чунки, у фильм “Анапа”да совринли ўринларни олиб келган. Мен роль ижро этган, биринчи фильм, ҳам кинотасмага суратга олинган. Фильмнинг эришган ютуқлари, бизнинг ҳам ютуғимиз. Шундан хурсандман. 20 тача фильмда ўйнаган бўлсам ҳам, мен биринчи бўлиб “Дев ва пакана” фильмини айтаман. Ўзим мазза қилиб роль ўйнаган фильмим эса, Валижон Шамшиев суратга олган “Қизил жарлик Эшмат” фильми, унда режиссёр ёрдамчиси ролини ўйнаганман. Ўзимга ёқади, ўзимнинг характеримдан ҳам келиб чиққан. Лекин, кинодаги “ташриф қоғозим”, “Дев ва пакана” фильми!
- Мана сиз эркин ижодкорсиз, лекин сиз ҳам продюссер билан ишлашингиз мумкинми?
- Агар менинг фикрим тўғри бўлса, ҳозир шу саволга бир ҳолатни мисол келтирмоқчиман. Энди, бу пешона, санъаткорман, ўзингизникида азами, тўйми, барибир сиз айтилган жойингизга боришингиз керак. Мени эса, раҳматли қайнонам вафот этганларида, ўша куни “Сен азиз, муқаддассан аёл” концертининг биринчи куни бўлган. Мен ҳам тўлиқ репетиция қилиб, 2 ой ҳамма билан саҳнага чиқишга тайёрланганмиз. Худони иши билан мана шундай бўлиб қолгандан кейин, “мана шундай ҳолат бўлиб қолди, бормайман” десам ҳам, барибир мажбур бўлдим ва концертга бордим-да! Эртага, агар продюссерлик иши бўйича ҳам, агар қанақадир иш қилиб, битта компанияга борсам-у, олдиндан билиб бўлмайди, боламнинг соғлиғими тўғри келмай, ёки Худо асрасин аза бўлиб қолсами, ўша пайтда мен уларнинг айтганини қиладиган бўлсам, мен шартта кетган бўлардим! Мен ўзимнинг болам учун, ўзимни уйимдагилар учун ҳам ўша ишдан кетардим! Шунинг учун учун ҳам мустақилман! Шунинг учун бировга бўйсуниб ишлаш, менга тўғри келмайди. Балки бошидан ишлаб кўриш керак эди, шу шароитга ўрганардим, энди эса бу нарсанинг ҳожати ҳам йўқ! Лекин, вақт кўрсатади. Нима бўлишини, Худо билади, балки болаларим катта бўлиб, қанақадир битта проект қиларман. Лекин, мен ҳали катта гапира олмайман. Балки шароитлар ҳали яна ўзгарар... Аммо, ҳозирча бизларда мана шу гап.
- Дубляжда ҳам фаолият юритишингиз мумкинми?
- Дубляжда ўзим роль ижро этган 3-4 фильмга овоз берганман. Ҳатто, ўзим ўйнамаган фильмларга ҳам овоз беришга чақиришган, у фильмларнинг номи эсимда йўқ. Киноларда, характеримга мос образларга, овоз беришга чақиришган жойлари ҳам бўлган. Агар “Ҳалима мана шу роль овози сизга тўғри келяпти” деб айтишса, бажони дил бориб дубляжда ҳам қатнашишим мумкин.
- Орзуингиздаги ролни ижро этдингизми?
- Йўқ, ҳали ижро этмадим. Қандай роллигини айтмайман, сир бўла қолсин!
- Қайси вазиятда сиз жуда ҳам қаттиқ асабийлашишингиз мумкин?
- Айниқса, кино съёмкада биттада ўйнаб берадиган саҳнани, 4 соатга чўзганда асабийлашишим мумкин. Битта камера билан ишлаб, бошингиздан, юзингиздан, ортингиздан, ёнингиздан ва яна ҳар хил жойлардан олиб, вақтни чўзганда, ана ўшанда бизларда асаб кўтармайди! Энди кино суратга олаётганда, озгина бюджетни кўтариб, 3 та бўлса ҳам, камера қўйиши керак, деб ўйлайман. Санъаткор биттада ўхшатиб беради. Масалан, мана “Йўл бўлсин” деган фильмда ўйнадик, кинотасмага олишаётганда, 4-5 марта дубль қилиб, яхшилаб ўйнатиб, битта “мотор” деганда суратга олишган. Ўша фильм зўр ўринларни олди. Хусусий киностудияларда, бир ойда ҳам фильм суратга олиб ташлашяпти. Битта эмас, 2 та камера қилиб қўйиб, озгина харажат қўшса бўлади, лекин бундай қилишмайди! Кўпчилик санъаткорлар, менимча шу нарсадан нолийдилар. Чунки, озгина ўйнайдиган ролингизга, суратга олиш майдонида ярим кун қолиб кетишингиз мумкин! Шуниси қийнаб, асабийлаштиради! Масалан, соат 11.00 да борсангиз, режиссёр “бир соатда қўйиб юбораман”, деб айтади. Ёки, соат 13.00 да бораман деб, бошқа ишингизни режалаштирсангиз, бу ёқда суратга олиш майдонида, соат 15.00 дан ошса ҳам бўшамайсиз. Яна баъзи жойларда, “мени тез-тез суратга олиб ташланг, мени вақтим йўқ” деб талаб қилишингизга ҳам, тўғри келиб қолади. Чунки, ҳар доим вақтни чўзишади.
- Ижоддаги илк муваффақият, сизда нимадан бошланган эди?
- Биринчи муваффақият, шу Шукурилло Исроилов мени саҳнага олиб чиққанларидан бошланган эди! Шукур акам мени тўйда кўриб қолмаганларида, сиз ҳозир мендан интервью олмаётган бўлардингиз! (кулади).
- Ҳозирги кунда, негадир биргаликдаги ижодингиз камдек?
- Шукур акам, участка қурдилар-да, ижод қилишга вақтлари бўлмади. (кулади) Шундай деб ёзиб қўйинг. (кулади) Рўзадан кейин Худо ҳоҳласа, вақтлари бўлар.
- Комедия жанрида ижод қиласиз. Ўзингиз-чи, қайси жанрдаги фильмларни кўришни ёқтирасиз?
- Ўзим биринчи романтик ҳинд фильмларини кўришни ёқтираман. Ҳинд фильмларининг якуни, барибир яхшилик билан тугайди, кейин муҳаббат ҳам бўлади ва комедия ҳам. Тарихий фильмларни ҳам яхши кўраман. Ўзимизнинг фильмларимиздан “Алпомиш”фильмини яхши кўраман, ҳурмат қиламан. Чунки, мактабда ҳам тарихни яхши ўқиганман. Китобга қараб, солиштирган пайтларим ҳам бўлган. Тарихий фильмлар, ҳинд фильмлари ва комедияларни кўп кўраман. Жангари фильмлар қизиқтирмайди, ундай фильмларни ёқтирмайман. Ўзбек киноларидан “Суюнчи” фильмини яхши кўраман. “Келинлар қўзғалони”, “Парвона” спектаклларини яхши кўраман. Ҳозир охирги 10 йилликда, “Чимилдиқ” спектаклига тушдик. Ҳинд фильмларидан “Ҳаётда ҳамма нарса бўлади”, “Вир ва Зара” фильмлари ёқади. Инсонда сабр борлиги, севги-муҳаббат, ўша фильмларда кўрсатилган.
- Кўпчилик мухлисларингиз ҳозирги кунда “Ҳалима бироз озибдиларми?” дейишяпти. Бунга муносабатингиз?
- (самимий) Ҳа, озгина озишимнинг сабаби ҳам, фарзанд тарбияси билан боғлиқ! Турмуш қуришдан олдин беғам, беташвиш бўлиб юрардим. Болали бўлгандан кейин эса, ҳоҳлайсизми йўқми, болаларингизга қараш учун вақтли турасиз. Энага қараса ҳам, барибир ўзингиз овқатлантирасиз. Қолаверса, ҳозирги пайтда ҳаво иссиқ, шунинг учун ҳам тўғрисини айтсам, озгина юрагимни енгиллаштириб олиш учун, парҳез қилдим. Юрганда ҳансираб қолмаслик учун, ўзимни тетик ҳис қилишим учун, бу нарса керак деб ўйладим. Озгина озган бўлсам ҳам, соғлиғим аъло даражада!
- Сиздан мухлисларингиз қандай ижодий янгиликлар кутишлари мумкин?
- Шаҳноз билан биргаликда ижод қилишни бошладик. Мен ҳам қўшиқ айтмоқчиман! Сабаби, мен Санъат институтини битирганман, у ерда қўшиқ айтишни ҳам ўрганганмиз! Мен санъаткорман, аввал ҳам қўшиқ айтганман. Фақат бу нарса овоза бўлиб, тарқалмаган. Ўзим яхши кўрган санъаткорларнинг қўшиқларини айтган, студияга кириб ўз овозимда қўшиқ куйлаган вақтларим бўлган. Энди эса, бунга жиддий киришмоқдаман.
Саида Вахобова
Интервью "Тасвир" газетасида чоп этилган.