FATTOHHON.COM
« Все новости
Ўзбек халқининг ҳаётида тўй муҳим аҳамиятга эга. Албатта, ҳар бир инсон фарзанд тарбиялаб вояга етказар экан, шубҳасиз унинг тўйини кўришни орзу қилади. Лекин, баъзида моддий имконият, орзуларнинг амалга ошишига имкон бермаслиги мумкин. Ҳозирги кунда инсонларнинг кўнгилларидаги энг қадрли орзуларини амалга ошираётган хайрли катта лойиҳалардан бири, Фонд Форум, “Аёллар кенгаши” Республика жамоат бирлашмаси, “Меҳр нури” жамоат фонди, Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди томонидан ташкиллаштирилаётган “1000 та Никоҳ ва 1000 та Суннат тўйлари” хайрия лойиҳаси бўлиб, 2012 йилнинг март ойидан сентябрь ойига қадар, Республикамизнинг Навоий, Қашқадарё, Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Андижон, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Хоразм, Сурхондарё вилоятларида ўтказилди.
17-19 ноябрь кунлари эса, ташкилотчилар томонидан, лойиҳа доирасида Тошкент вилоятининг Ангрен,
Бекобод, Бўка,
Чирчиқ, Олмалиқ шаҳарлари ва Чиноз, Паркент, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ,
Қибрай,
Бўстонлиқ,
Зангиота, Янгийўл туманларида кам таъминланган оилаларнинг Никоҳ ва кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оила фарзандларининг Суннат тўйлари ўтказилиб берилди.
Кўплаб кам таъминланган оилалар ҳаётида “1000 та Никоҳ ва 1000 та Суннат тўйлари” хайрия лойиҳаси жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Тошкент вилоятидаги барча шаҳар ва туманлардаги келинчаклар Guli бренди томонидан махсус яратилган келин либосларида бўлиб, уларнинг юз пардози ва соч турмаклари ҳам, маҳаллий гўзаллик салонлари ходимлари тарафидан бепул амалга оширилди.
Ҳар бир тўйда, лойиҳа муаллифи Гулнора Исломовна Каримованинг келин-куёвларга аталган табрик сўзлари ўқиб эшиттирилди.
Тўйларда келин куёвларга Фонд Форумдан, Фонд Форум логотипи туширилган осма соатлар, Guli брендидан кўзмунчоқ оилавий тумор ҳамда, лойиҳа муаллифи Гулнора Каримованинг табрик сўзлари битилган откриткалар топширилди.
Ҳомийлар томонидан телевизорлар, холодильник, микротўлқинли печь, гилам каби маиший хизмат буюмлари туҳфа этилди.
Суннат тўйи қилинган болаларга ҳам, лойиҳа муаллифи Гулнора Каримованинг махсус табрик сўзлари битилган откриткалар, спорт костюмлари, ҳамда велосипедлар топширилди.
Ҳомийлар томонидан эса, тўй болаларга велосипедлар, ўйинчоқ ва китоблар тақдим этилди.
Тўйларда элга таниқли санъаткорлар ҳам чин дилдан хизмат қилдилар.
Манзура хонанда: - Мана шу “1000 Никоҳ ва 1000 та суннат тўйлар” лойиҳаси сабаб, келин-куёвларнинг ҳаётидаги энг муҳим орзуси ушалди. Ҳозир бошларини тик тутиб, юраги тўла қувонч билан туришибди. Уларни кўриб, ташкилотчиларнинг шундай хайрли ишларидан, Ватанимнинг тинчлиги, фаровонлиги, мана шундай чиройли тўйлар бўлаётганлигидан ғурурланиб кетдим. Мана шу лойиҳа ташкилотчиларидек инсонлар борки, ҳаётимиз яхшилик ва ишонч билан ўтмоқда, инсонларнинг орзулари ушалмоқда.
Абдуҳошим Исмоилов Ўзбекистон Халқ артисти: - Мана шу тўйларимизни ўзбекона қилиб айтганда, ҳашар тўй дейиш мумкин. Кўплаб ташкилотлар биргаликда, ўзбекона урф-одатларимиздан бир-бирига ёрдам қилиш, меҳр кўрсатиш, оқибат қилиш каби хайрли устивор анъаналарига риоя қилган ҳолда, амалга оширмоқдалар. Бундай хайрли ишларни фақат ўзбекистонликлар қилади. Чунки, ўзбек халқининг бағрикенг, саховатпешадирлар. Бугун тўйлари бўлаётган барча ёшларимизга бахт-саодат, келажакда Мустақил юртимизга муносиб фарзандларни вояга етказиб, роҳатини кўриш насиб этсин!
Оппоқ либослардаги келинчаклар, заррин тўн кийган болажонлар қувончи дилларни қувонтирди. Уларнинг хурсандчиликларини сўз билан таърифлаш қийин. “1000 Никоҳ ва 1000 та суннат тўйлар” лойиҳаси уларга ҳаётларидаги энг муҳим бахту қувончни туҳфа этди, десам янглишмаймиз.
Мазкур лойиҳа “Тасвир” газетаси орқали ёритиб борилди ва биз ҳам бу лойиҳада журналист сифатида иштирок этганлигимиздан хурсандмиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова