FATTOHHON.COM
« Все новости
“ИЛХОМ” ТЕАТРИДА! 28.11.2012 11:10

27 ноябрь куни “Илхом” театрида “Белый белый черный аист” спектаклининг навбатдаги намойиши бўлиб ўтди.

Мазкур драма, адиб Абдулла Қодирийнинг “Калвак Махзумнинг хотира дафтарлари” асосида режиссёрлар Марк Вайль ва Ёлқин Тўйчиевнинг ҳамкорликдаги инценеровкаси бўлиб, Марк Вайль саҳналаштирган.

Мазкур спектакль 15 йилдан буён “Илхом” театрида, саҳнада намойиш қилиниб келинмоқда ва спектаклнинг режиссёри ўзгармаган, яъни ҳануз марҳум Марк Вайль саҳналаштирган вариантида намойиш этилмоқда.


Актёрлар Сейдулла Молдаханов, Нигора Каримбоева ва Адолат Кимсановалар спектаклнинг илк составидан буён, ҳамон мана шу спектаклда роль ижро этиб келишмоқда.

Эндиликда, мазкур спектаклда актрисалар Райҳон Уласенова, Малика Иброҳимова, Зулфия Раимқулова, актёрлардан Борис Гафуров, Сайфитдин Мелиев, Аброр Йўлдошев ва бошқаларни ҳам кўришимиз мумкин.

Спектакль бежизга “Белый белый черный аист”, яъни “Оппоқ, оппоқ, қора лайлак” деб номланмаган.
Инсонлар лайлакларнинг уясини бузгандек, баъзида ўзлари сезмаган ҳолда, яхшилик қиламан деб, жондан азиз фарзандларининг ҳаётини ҳам бузиб юборишлари мумкин. Спектаклда айнан мана шундай хатоликлар қандай фожеаларга олиб келиши мумкинлиги кўрсатиб берилган, назаримизда.
Шунингдек, ҳаётни икки тарафдан яъни, оқ ва қора кунлардан иборат эканлигига рамзий ишора қилинган.

Спектакль чуқур фалсафий мазмунга эга.
Спектаклнинг энг ўзига хос тарафларидан бири, у бир вақтнинг ўзида икки тилда ижро қилинганлигидир. Саҳнада актёрлар бир вақтнинг ўзида икки тилда, яъни рус ва ўзбек тилида ўз ролларини ижро этишлари, шу вақтга қадар, бошқа ҳеч бир спектаклда учрамаган ҳолат. Шунингдек, актёрларнинг кучли драматик маҳоратлари ва ўз ролларини жуда ҳам қойилмақом тарзда ижро этганликларига қойил қолмай илож йўқ.

Спектакль декорацияси ҳам фалсафий мазмун касб этган. Ёшларнинг кўнгли, беғуборлиги рамзи сифатида арғимчоқ, йигитнинг вайрон бўлган юраги тимсоли учун эса, унинг ёндирилган дафтари, шу каби элементлардан моҳирона фойдаланилган.

Спектакль воқеалари 20 асрнинг бошларида бўлиб ўтади. Зиёли ота ўз ўғли Махзумнинг ишларидан ва дунёқарашидан шубҳаланган ҳолда, уни уйланса қуйилади, қабилида ёш қиз Моҳичеҳрага уйлантиради.
Икки ёш одатга кўра, бир-бирларини фақат тўй куни кўрадилар...
Муносабатларга ота-онанинг ноўрин аралашуви, ўзаро тушунмовчилик, жаҳолат сабаб, спектакль қайғули якун топади . . .
Спектаклда инсон кўнгли, туйғулар ва ички кечинмаларга алоҳида ўрин берилган.

Спектакль орқали, инсон ҳаётида, муҳими энг бошиданоқ ўз қадамларини тўғри қўйиши кераклиги, биргина нотўғри қадам, баъзида инсонларнинг ҳаётини издан чиқариб юборишига урғу берилган.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова