FATTOHHON.COM
« Все новости
28 ноябрь куни “Истиқлол” санъат саройида “Янги авлод” Болалар ижодиёти фестивалининг катта гала-концерти бўлиб ўтди.
Фестиваль болалар гуруҳларининг барабан садолари билан бошланди.
Гала-концерт бошловчилари Нилуфар Сотиболдиева ва Ойбек Рихсибеков.
Мазкур гала-концертда “Янги авлод” фестивали ғолиблари ўз саҳнавий чиқишлари билан иштирок этдилар.
Шунингдек, ғолибларни тақдирлаш маросими ҳам ўтказилиб, ғолиблар лойиҳа муаллифи Гулнора Исломовна Каримова томонидан тақдирландилар.
Мазкур Гала концертда хонандалар Зулайҳо Бойхонова,
“Уммон” гуруҳи,
Улуғбек Раҳматуллаев,
“Шаҳзод” Рашид Ҳолиқов,
Муниса Ризаева,
“Зарба”, Ҳосила Раҳимова,
“Элдидо” гуруҳи,
Комил, Сарвар,
Умидахон ва
“Божалар” Жаҳонгир Позилжоновлар, иқтидор эгалари бўлган болалар билан биргаликда дуэтлар куйладилар.
Дуэтлар ичида энг таъсирлиси шубҳасиз марҳум устоз санъаткор Ботир Зокиров томонидан куйланган “Араб танго”сининг Рашид Холиқов ва ёш иқтидор эгаси Шохрух Ҳамро билан куйлаганлиги бўлди, назаримизда.
Фестиваль ғолибларини тақдирлаш учун машҳур бастакор, Россиялик санъат арбоби, Халқаро мукофотлар соҳиби, Александр Журбиннинг ташрифи муҳим ва қувончли воқеа бўлди.
Саҳнада ғолибларни чин дилдан қутлаган Александр Журбин ўзининг ҳам аслида Тошкентда туғилганлиги ва “Успенский” номли мусиқа мактабида таҳсил олганлиги ҳақида ҳам айтиб ўтди.
Фестивалда меҳмон сифатида Ўзбекистон Халқ Рассоми Акмал Нур, Ўзбекистон Халқ артисти Муножот Йўлчиева, шоир Бобур Бобомурод каби машҳур ижодкорлар ҳам ёш иқтидорлар ижодидан завқландилар.
Фестивалда ҳар бир вилоятни ифодалаган ҳолатдаги мусиқий чиқишлар, ниҳоятда дид билан саҳналаштирилган. Ўша вилоятларнинг урфу одатлари ва маҳаллий либосларига жиддий аҳамият берилган.
Саҳна чиқишларидан, энг эсда қоларлиси уй-рўзғор буюмлари орқали мусиқа чалган Элмурод Шох бошчилигидаги гуруҳ бўлди.
Ҳеч бир мусиқа асбобидан фойдаланишни ҳоҳламаган бу гуруҳ, мусиқа чалиш учун энг яхшиси уй-рўзғор анжомлари деб, шундай бир мусиқа чалдиларки, ҳаммани қойил қолдирдилар.
Композиция якунида, гуруҳ аслида моҳир доирачилар эканлигини намойиш қилдилар.
Шунингдек, бошқа саҳна чиқишларидан, испан, рус, грузин, вьетнамлик қизлар саҳнавий чиқишлари ўзига хослиги билан бошқалардан ажралиб турди.
Фестиваль ғолибларининг ҳар бири ўзига хос ижро ва иқтидор эгалари десак янглишмаймиз. Уларнинг баъзиларининг ижросини тинглаб ҳайратланмай илож йўқ. Келажакда мазкур фестиваль ғолиби, иштирокчиси бўлган болалардан, юртимизга муносиб санъат вакиллари етишиб чиқадилар, деган фикрдамиз.
Янги авлод фестивали Республикамизда 2004 йилдан буён Фонд Форум томонидан ўтказилиб келинмоқда. Мазкур фестивалда болалар санъатнинг турли йўналишлари бўйича қатнашиб, ўз маҳорат ва иқтидорларини намойиш қилишлари мумкин бўлади.
Мазкур фестивалда 6 дан 14 ёшгача бўлган болалар ижодий жамоалари ва алоҳида номинантлар иштирок этишлари мумкин.
Бу гал “Янги авлод-2012” ғолибларининг беллашувлари, мазкур йўналишлар бўйича Ўзбекистон Давлат Консерваторияси ва Республика Рассомчилик коллежида бўлиб ўтди.
“А” - классика (фортепиано, торли, пуфлама, зарбли чолғулар);
“В” - вокал (анъанавий иро, академик ижро, эстрада);
“С” – миллий чолғулар (торли, чертиб чалинадиган, зарбли);
“D” – рақслар (миллий, бал, спорт, замонавий рақслар, балет);
“F” - шеърият, адабиёт ва театр сценарийси гуруҳлари ғолиблари Ўзбекистон давлат консерваториясида ҳакамлар олдида чиқишлар қилишди.
“Е” – Тасвирий санъат (амалий ва тасвирий санъат) гуруҳи иштирокчиларининг асарлари.
Фестиваль илк маротаба ўтказилганида, Тошкент ва Самарқанддан 300 ёш истеъдод эгаси қатнашганди, 2012 йилда эса уларнинг сони 30 128 нафарга етди. 2005 йилдан буён мазкур фестиваль бутун Республикани қамраб олган.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова