FATTOHHON.COM

« Все новости

ШЕРЗОД БИННИНГ ҲАЁТИДА КУТИЛГАН СЕВГИСИ КЕЛГАНМИ?  29.11.2012 12:18

sherzod-1.jpg

Пародиячи Шерзод Бин номи бугунги кунда санъаткорлар орасида ҳам, томошабинлар орасида ҳам кўп янграй бошлади. Илк бор томошабинларни пародиячи сифатида эътиборини тортган Шерзод Бин, кейинчалик ўзини актёр сифатида ҳам намоён эта олди. Намоён этганда ҳам фақатгина комедияда эмас, жиддий ролларни ҳам яхши ижро эта олишини кўрсата олди.  Бугунги “Диллашув” саҳифасининг меҳмони, ёш бўлишига қарамай санъатда ўз ўрнига эга бўлаётган Шерзод Бин.

 

Шерзод Саидалиев Шавкатович

Ижодий тахаллуси: Бин

Санъатда Пародия йўналишида ижод қилади.

Санъат Олийгоҳининг “Эстрада актёрлиги” бўлимини тамомлаган.

Шу кунгача бир нечта фильмда роль ижро этган: “Уйланиш”, “Омад”, “Фаришта”, “Қоракўз”, “Олинг қуда, беринг қуда”, “Сўнгги қўнғироқ”, “Оқибат 2: Инсон қадри”.

Ўзи ҳақида: - 1988 йил 19 ноябрда Тошкент шаҳрида, Чилонзор туманидаги туғруқхоналардан бирида соат тонгги 6.00 атрофида дунёга келганман. Дунёга келишим ҳам жуда ажойиб, антиқа бўлган. Лекин, қандай бўлганлигини айтмайман. Шунинг учун ҳам, санъатда антиқароқ йўналишни танлаганман. Отам тижоратчи, онам эса медицина соҳасида фаолият юритишади. Акам Юридик коллежда таҳсил оладилар. Оилада 4 фарзандмиз, уч ўғил, бир қиз, мен иккинчисиман, акамдан ташқари, укам ва синглим бор. Ота-онамни ҳам эркатой ва шу бирга ҳамма эркаликларини кўтарадиган фарзандларидан биттасиман. Оиламизда ҳамма санъатга қизиқади, акам доира тўгарагига қатнаб, устозлардан сабоқ олганлар. Ҳаттоки, онамларнинг оталари Ҳожи додамиз ҳам мақом айтганлар, телевизорларда ҳам қўшиқлари кетарди. Лекин, оиламизда мендан бошқа ҳеч ким бу соҳани касб қилиб олиб кетмади. Ваҳоланки, ота-онамда ҳам санъатга қизиқиш катта бўлган. Адамларнинг орзуси “Ялла” гуруҳи таркибида виоленчель чалиш бўлган экан. Улар бунга эришиш учун ҳаракат қилганлар, лекин кейинчалик негадир ташлаб кетиб, давом эттирмаганлар.

Санъат бу ҳар бир санъат вакилига худо томонидан берилади. Нафақат санъат, балки ҳамма касбда ҳам шундай. Менга ҳам санъат худо томонидан берилган ва ота-она тарафлама юқтирилган деб ўйлайман. Ҳозирги кунда бу касбни танлаганимга шукур дейман, чунки бу касб туфайли ота-онамнинг ушалмаган орзуларини амалга ошира оляпман, деган умиддаман. Ота-онам эндиликда бу касбни танламаганликларидан хафа бўлишмайди. Санъат соҳасида янада кўп меҳнат қилиб, ижодий ютуқлар билан ота-онамни янада хурсанд қиламан, деган умиддаман.

 

sherzod-7.jpg

 

- Сиз санъат соҳасига айнан ота-онангизни орзуларини амалга ошириш учун кирганмисиз, ёки ўзингизда ҳам қизиқиш бўлганми?

- Ўзимда ҳам қизиқиш бўлиб,  Она-онамнинг орзуларини амалга ошириш учун ҳам ҳаракатим бўлган. Санъатга қизиқиш ота-онам тарафлама менга ўтган, десам тўғрироқ бўлади. Яъни, менга ҳам юқтирган. Ўзи менга Санъат олийгоҳига ўқишга кираётганимда “Қўй, нима қиласан?” деганлар ҳам бўлган. Лекин, онамлар, қайсидир маънода ўқишга киришимга умид берганлар. Олийгоҳга топширганимдан сўнг ҳам, ота-онам мени тушуниб, қўллаб-қувватлашган. Онам ҳам ҳар куни “болам ўқишларга кириб олгин, яхши санъаткор бўлгин” деб дуо қилардилар. Институтни тугатганимга ҳам бир йилдан ошди. Лекин, магистратурани ўқишга ҳоҳишим кучли эмас. Чунки, мени диплом эмас, санъат қизиқтиради. Мен учун ҳозирда энг муҳими, яхши ижод қилиш. Ижодда ҳам ҳалоллик билан ижод қилиш! Санъаткор ҳеч қачон ўз санъатини, ижодини суистеъмол қилиши керак эмас, деб ўйлайман. Суистеъмол қилиш, қайси маънода? Масалан, санъаткор  машҳур бўла бошлаган сари мухлислар пайдо бўлишади, мухлислар кўпаяди, мақтовлар бўлади. Шундан кимлардир масъулиятсизлик қилиб, кайф-сафо, ҳар хил ёмон ишларга берилиб кетади, юлдузлик касаллиги дегандек... Ижодкор бу каби ишларга умуман берилиши керак эмас! Агар берилиб кетса, унинг ижоди синади, деб ҳисоблайман. Ижодкор тўғри ижод қилиши керак, шунда ўзи ҳам ижоддан завқ олади ва мухлисларини ҳам завқлантира олади.

 

- Ижодингиз ҳақида, аввало кимларнинг фикри сиз учун муҳим? Ижодингиз ҳақидаги фикрларга қулоқ соласизми?

- Ижодим ота-онамга, халққа ёқиши, мен учун жуда ҳам муҳим! Ота-онам ва яқинларим, менинг ижодимни биринчи кўриб, баҳо берадиган инсонлардир. Уларнинг фикрларини ҳар доим  инобатга олишга ҳаракат қиламан. Инкор этсам ҳам, ичимда ўзим учун баъзи жиҳатларини тан оламан. Қолаверса, устозлар, дўстлар ва мухлислар фикрлари ҳам муҳим, албатта.

 

- Бин тахаллусини хорижлик қизиқчи Мистер Бинга тақлид қилиб танлаганмисиз?

- Йўқ! Бу тахаллусни мен танламаганман! Бу тахаллусни менга устозим режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов қўйганлар. Санъат олийгоҳида ўқиб юрганимда, бир куни “тур энди, саҳнага чиқ, Бин!” деганлар. Шундан сўнг, тахаллусим Бин бўлиб кетиб қолган.

 

- Нима учун ижодда айнан пародия йўналишини танлагансиз? Масалан, хонандалик ёки актёрликни танлашингиз ҳам мумкин эди...

- Мен институтда “Эстрада актёрлиги” бўлимида таҳсил олдим. Пародия эстраданинг бир бўлими ҳисобланади. Лекин, нима учун айнан пародияни танлаганимни ўзим ҳам билмайман. Институтда ўқиётганимда, бир неча чиқишлар қилдим ва кутилмаганда бу ишларим тарқалиб, томошабинларга манзур бўла бошлади. Буни бошқаларга бунчалик ёқиб, машҳурлик келтиришини ҳам билмагандим. Тўғри, институтда зўр қабул қилишган. Лекин, айнан шу нарсалар учун тўйларга ва табирларга таклиф қилишларини, пародия орқали чиқишлар қиламан деб, ўйламагандим, кутмагандим ҳам. Айнан пародиячи бўлишни эса, унчалик ҳоҳламаганман. Чунки, мени жиддий нарсалар қизиқтирарди. Масалан, трагедия, трагикомедия ва драмани ёқтирардим. Ҳалигача жиддий драматик роллар ижро этишни ҳоҳлайман ва режиссёрлардан жиддий роллар кутаман! Лекин, менга муваффақият шу пародия тарафлама келди. Бундай бўлганлигидан  барибир жуда ҳам хурсандман! Жиддий роллар ижро этиш орзуйим, албатта, бир кун бу ишни ҳам қиламан. Масалан, “Оқибат 2: Инсон қадри” фильмидаги образим ҳам жиддий, драматик образ! Бу ролни ижро этаётганимда, ҳатто баъзи ёши катталар “Сен қандай қилиб жиддий роль ижро этасан? Қандай қабул қилишаркин?” дейишганди. Лекин, томошабинлар яхши қабул қилишди. Ўзимга ҳам кўпроқ жиддий ролларим ёқади. “Сўнгги қўнғироқ” фильмида ҳам жиддийроқ роль ижро этганман, у ҳам ўзимга ёқади. Айнан, нега пародияни танлаганимга келсак, балки агар фақат хонандалик ёки актёрликни танлаган бўлганимда, ҳозир мендан интервью олмаётган бўлишингиз ҳам мумкин эди. Чунки, хонандалар ва актёрлар кўп, ҳамда бу йўналишларда ўзингизни кўрсатиш ҳам, ажралиб чиқиш ҳам қийин. Пародия йўналишида эса, ижодкорлар балки камроқ бўлганлиги учун ҳам, омад кулиб боққандир? Лекин, тўғрисини айтаман, мен бу йўналишдаги муваффақиятни мутлақо кутмаганман! Мен ҳам машҳур қўшиқчи бўлишни ният қилганман ва ҳалигача шу ниятдаман. Ёшлигимдан қўшиқ айтишга ҳам жуда қизиқаман!

 

sherzod-4.jpg

- Актёрликни уддаладингиз, хонандаликка қизиқар экансиз. Унда келажакда сиз режиссёр ҳам бўлишингиз мумкинми?

- Йўқ! Қўлимдан келмаган ишга ҳаракат қилмайман. Лекин, агар келажакда қўлимдан келиб қолса, ўйлаб кўраман. Бир режиссёрга бориб, ўзимни ҳоҳишимдаги ролни айтсам, ғояларимни билдирсам, у мени тушунса ва мен айтган ғоя бўйича сценарий ёзиб, ўзидан ҳам фикрлар қўшиб, мен билан гаплашиб ўша фильмни суратга олишини ҳоҳлар эдим.

 

- Бу ҳақида бирор режиссёрга таклиф бериб кўрдингизми?

- Йўқ ҳали. Бу нарсани ҳали ҳеч кимга айтмаган эдим. Биринчи бўлиб ҳозир сизга айтяпман. Чунки, трагикомедияда ҳақиқий драматик роль ижро этишни ҳоҳлардим. Шундай ролни кутаман. Билмадим, балки ижро этолмасман, лекин шундай орзуйим бор. Балки яхши ижро эта олмасман, балки ижро эта оларман деётганимнинг сабаби, балки бунга маҳоратим етмас. Лекин, энг муҳими ҳоҳиш бор. Ҳоҳиш кўп нарсага интилишга куч беради. Муҳими мақсад бор! Мен ўзи драматик фильмларни кўп кўраман.

 

- Пародиячилик сиз учун касбми ёки хобби?

- (ўйланиб) Мен учун ҳали ўрганиб бўлинмаган жуда қийин касб! Чунки, пародиянинг сир-синоати жуда ҳам кўп! Шунинг учун ҳам, пародиячилар кам, саноқли деб ўйлайман. Жаҳон миқёсида ҳам, бизда ҳам. Агар жаҳон миқёсидаги машҳур пародиячиларни санасангиз, икки кафтдаги бармоқлар ортиб қолса керак. Чунки, ижодда ҳар доим янгилик қилган инсон олдинда бўлади. Пародия ҳам тез-тез янгилик талаб қилади! Менга баъзи журналистлар “нега янгилик йўқ?” дейишади. Негаки, уларга ҳам мухлислар мурожаат қилишади! Пародиянинг қийин томони, ҳоҳлаган вақтда, ҳоҳлаган инсонингизни пародия қила олмайсиз. Масалан, мен ўзим ҳоҳлаган баъзи санъаткорларни пародия қилай десам, уларни халқ эсидан чиқариб қўйган бўлади. Халқ эса, мендан “мана бу санъаткорни пародия қилинг” дейишади. Мен эса, у санъаткорда бирор қирра кўрмасам пародия қилмайман. Масалан, менга “нега Абдулла Қурбоновни пародия қилмайсиз” деган кўп таклифлар тушади. Мен у кишини пародия қилмайман, негаки Шерзод Боймуродов, Абдулла Қурбоновни маромига етказиб пародия қилган. Мен эса, ўша ишга кўзим етмаса, шунча қилган пародияларим, меҳнатимни обрўсини тушириб қўйгим келмайди. Агар ўша пародияни яхши маромига етказиб, қила олишимга кўзим етса, ундан ўтказа олишимни билсам, албатта қилишим мумкин! Лекин, тўй учун экан деб, ёки бошқа нарса учун деб, масалан ўзимдан ўзим чиқиб, плащ кийиб олиб, “Уммон”ни ёки соч кийиб олиб яна бошқа бировни, ўхшамаса ҳам пародия қилиб кета олмайман! Мени бундай қилишга ҳаққим ҳам йўқ! Чунки, шу биргина иш билан шунча йиллар давомида қилган ижодим ювилиб кетиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам, пародиянинг қийинчиликлари жуда ҳам кўп. Агар пародияда 10 та сир бўлса, балки мен биттасини ҳам ўрганиб бўлмагандирман? Баъзида шундай деб ҳам ўйлайман. Чунки, жуда ҳам қийин.

 

- Ҳозирги кунда репертуарингизда яна кимларнинг пародияларини тайёрладингиз ёки тайёрлаяпсиз?

- Ҳозир 2 та янги пародия тайёрладим. Ҳар доимгидек халқ қандай қабул қиларкин, қандай ёқаркин, деган қўрқув, ваҳима турибди. Яширмайман, Иброҳим Тотлисас билан Жасур Умировнинг пародиясини тайёрладим. Иброҳим Тотлисас пародияси ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсам, “Дадамнинг совғаси, совғаларнинг додаси” фильмида роль ижро этган актёр Бахтиёр Турғунов менинг курсдошим ва у Санъат олийгоҳида мана шу пародияни қилганида менга жуда ҳам ёққан эди. “Шу пародияни менга бер” деб бир неча йил сўрадим, у бермасди. Яқинда қўнғироқ қилиб сўраган эдим, рози бўлди ва бу мен учун кутилмаган қувончли ҳол ва катта совға бўлди. Бунинг учун Бахтиёр Турғуновга ўз миннатдорчилигимни билдираман! У Улуғбек Раҳматуллаевнинг “Бемор” клипида ҳам суратга тушган. Энди унинг ўзи бу пародияни маромида, жуда ҳам зўр қилганди. Мен уни у даражада қила оламанми, йўқми, лекин ўз йўналишимда қилишга ҳаракат қилдим. Жасур Умировнинг пародияси ҳам тайёр. Эндиликда кўпчиликда бир савол: “Нега “Уммон”ни пародия қилмаяпсиз?”! Мен тўғриси “Уммон”ни пародия қила олмайман. Ўзи “Уммон” гуруҳининг ижодини ҳурмат қиламан, уларга ҳавас қиламан!  Менимча, ҳозирги кунда кўпчилик уларга ҳавас қилса керак ва ҳавас қилса арзийди. Тўғриси, аввал улар билан танишмасдан туриб, улар ҳақида бошқача фикрда эдим. Ҳаттоки, “Уммон” гуруҳидагилар билан танишаётганимда, улар менинг ижодим ҳақида яхши фикрлар айтишганди, ижодимни ҳурмат қилишар экан. Мен эса, “хафа бўлмасангиз бир гап айтаман. Мен сизларни умуман эшитмайман” дегандим. Улар жим қараб туришган. “Лекин, бир қўшиғингиз жуда ҳам ёқди, бу “Қандай унутдинг” қўшиғи” деганман. Ҳозирги кунда уларнинг “Йўқ”, “Қоши қаро” қўшиқлари ҳам менга жуда ёқади. Ҳозирда “Уммон”ни доим эшитаман! Бу интеврьюимни ўқиган баъзи санъаткорлар ҳайрон бўлишлари ҳам мумкин. Балки, “Уммон”ни профессионал даражада қабул қилишмас? Лекин, энг муҳими уларни халқ тинглаяпти! Ахир бизни сийлайдиган ҳам, тинглайдиган ҳам халқ. Демак, “Уммон” яхши ижод қиляпти! Агар ёмон ижод қилганида, халқ тингламас эди. Мен уларга омад тилаб қоламан ва “Ҳеч қачон бўшашманглар” дейман! Ҳар доим шундай файзда юришсин! Энди “Уммон” гуруҳини пародия қилмаслигимга сабаб, мен ўзимда ҳали уларнинг пародиясини кўрганим йўқ! Тасаввуримга келолмайди. Агар келганида албатта, пародия қилган бўлардим. Кўпчилик пародияларим устида 30-40 фоиз ишлагач, пародияни тўйга олиб чиқиб кетаман. Яъни, кўпроқ халқ ичида баҳолашга ҳаракат қиламан. Қиррасини ҳам ўша ерда, қилавериб топиб оламан. Бошида бироз зерикарли бўлиши, “бўлмабди” дейишлари ҳам мумкин. Лекин, қилаверган сари қирралари чиқиб келаверади. Масалан, Озодбек Назарбеков, Улуғбек Раҳматуллаевнинг пародиялари, ҳозирги кунда энг кучли пародияларимдан! Бошида улар ҳам зерикарли бўлган. Ҳозирги кунда эса, бу пародияларни қилсам аёллар ўрнидан туриб, ўйинга тушиб кетишади, ёққанидан қарсак чалиб ўтиришади. Мен бундан жуда ҳам хурсандман, қидирдим- қидирдим, қирраларини топдим.

 

- Шу кунларда ижодингизда катта бир янгилик бўлаётганлиги ҳақида гап-сўзлар эшитдим...

- Ҳа, шу яқин кунларда, ижодимда жуда катта ўзгариш бўлиши кутилмоқда. Бу ижодий ўзгариш учун акам Улуғбек Раҳматуллаевга миннатдорчилик билдираман! Ҳозир улар менга ёрдам бериб, йўл кўрсатяптилар. Бу ўзгаришни биргаликда амалга оширяпмиз. Бу нарса орзуйим эди. Орзуйим амалга ошаётгани учун акам Улуғбек Раҳматуллаевдан миннатдорман! Ҳозирча томошабинлар учун сир бўла қолсин! Лекин, куз-қиш ойларида ижодимда катта ўзгариш бўлади! Балки биринчи қадамим улар кутгандек зўр бўлмас, лекин секин–секин пишириб бораман! Балки бу ўзгаришни кўриб, “э...” дейишар, балки “Вой, зўр бўлибди” дейишар . . . Лекин, ишга қанчалик кўп меҳр берсангиз, шунча яхши бўлади. Мен жуда кўп пародиялар тайёрлаганман, ёқмаганларини репертуаримдан олиб ташлаганман. Санъат олийгоҳида ўқиётганимда, 1–курсда “Бенефис” қўйганман. Аслида, 1–курсда бенефис қўйиш мумкин эмас, чунки агар спектакль томошабинларга манзур бўлмаса, актёрларнинг руҳияти тушиб қолиши мумкин. Лекин, мени Элмурод Искандаров деган актёр дўстим, акам менга спектакль қўйишимда ёрдам берган. “Бемор” клипида салбийроқ қиёфада чиққан, актёр. Ўшанда институтда “икки” баҳо олиб, ҳайдалишим мумкин бўлган вақтимда ўша спектаклимга “беш” баҳо олиб, институтда қолганман! Ҳайдамоқчи бўлган ўқитувчим ҳам, “шу болага беш қўяман, чунки бир ўзи саҳнада 25 минут туриб, томошабинларни ушлаб тура олди” деганди. Ўйлаб қарасам, ўшанда шу ишга жуда катта меҳр берган эканман. Ҳозирги кунгача маҳсулини оляпман. Агар бир ишга меҳр билан киришсангиз, ишонч билан, ихлос билан ҳаракат қилсангиз, албатта  натижаси яхши бўлар экан. Мана шу мени қувонтиряпти. Шу тарафдан олганда, қилаётган янгилигим ҳам томошабинларга балки манзур бўлар? Балки, бошида бу иш сенга эмас, дейишар, лекин мен ҳаракат қилиб, пишириб бораман. (самимий) Ният қиляпман, бир кун келиб мана шу бугунги қилаётган ижодим, ишларим маҳсули бўлиб, “Истиқлол” санъат саройида бир ойлаб концерт берарман, Худо ҳоҳласа! Инсон астойдил чин дилдан ният қилса, амалга ошади, деб ўйлайман.

 

- Пародиялар сизда қандай туғилади?

- Ҳар хил. Баъзида бир кун кетса, баъзида бир неча дақиқалар, баъзида эса бир йил, уч йиллаб ҳам вақт кетади. Масалан, энг қийнаган пародияларимдан бу Улуғбек Раҳматуллаевнинг пародияси! Кўрмаган клипим, концертлари қолмаган! Ҳозирги кунда ҳаттоки гапиришларини ҳам қилиб берсам, ўзлари ҳам кулиб юборадилар. (Улуғбек Раҳматуллаевдан озгина пародия қилиб беради) Шу пародияни қирраларини топиб олгунимча роса қийналганман! Концертда шу пародияни қилиб чиққанимда, ўзимга ёқмаган, чунки ўшанда ўзим ҳоҳлаган даражада кўнглим тўлмаган! Ҳозирги кунда эса, агар бирор концертда чиқсам, ишонган репертуарларимдан бири, айнан Улуғбек Раҳматуллаевнинг пародияси! Масалан, хонанда Исроил Саидумаровнинг пародияси эса, кутилмаганда жуда ҳам тез туғилган. У киши Санъат олийгоҳида дарс берадилар. Бир куни чўмилиб чиқиб, ойнага қарадим, сочларимни сочиқда артиб туриб, бундай қилдим. (бармоғини бурни учига текказиб кўрсатиб беради) Ойнага қараб, “қалайсан?” дедим. (кулиб юборади) Шу даражада ўхшадики! Ўзим ҳам роса кулдим! Институтда қилиб кўрсатгандим, бутун институтга тарқалиб кетиб қолди. Исроил Саидумаровнинг ўзлари менга, аввалига “Сен мени пародия қилаётган экансан,  агар ҳозир қилиб кўрсатмасанг, “икки” қўяман, институтдан ҳайдаб юбораман” дедилар. Бир неча марта алдаб қочишга ҳаракат қилдим. Кейин бир куни сочимни “укладка” қилдириб келдим ва “бўпти” деб, кўйлагимни ёқасини кўтариб, (Исроил Саидумаров “Нилуфар” қўшиғини шундай кўринишда куйлаганди) сочларимни бироз тўғрилаб, “Видолашмас бу кун кўнгиллар, Алвидо деб хато қилибман” деб куйлагандим, Исроил ака куламан деб, ўтирган стуллари орқага кетиб қолса денг. Куламан деб, стулдан йиқилиб тушганлар, роса кулганлар. Бу пародияни деканимиз ҳам жуда яхши кўрардилар. Вокалдан имтиҳон топширган кунимиз, комиссия ўтирган бўлса ҳам, “Битта Исроилни қилиб бер” дейишарди. Қилиб берардим ва бунинг учун баҳо олардим. Ҳаттоки, ўша Исроил Саидумаровнинг “Райҳон” қўшиғини вокалдан имтиҳон вақти куйлаганимда, “биринчи куплетини ўзинг бўлиб айт, иккинчи куплетини эса мен бўлиб айтасан, пародия қиласан” деганлар! Ўша куни имтиҳонга кирсам, катта профессорлар ўтиришибди. Қўшиқни биринчи куплетини куйлаб бўлгач, иккинчи куплетига ўтганда, битта ўгирилиб, пародия билан қарасам, “гурс” этиб кулги кўтарилди! Ҳамма куляпти, Исроил Саидумаровнинг ўзи ҳам, ўзини кўриб, куляпти! Ўшанда ўқитувчиларимиз “ҳам пародия қилиб туриб, ҳам қўшиқ куйлади” дейишиб, менга “беш” қўйишган! Ўзи одатда, пародия асосан кўп вақт талаб қилади. Камдан-кам ҳолатдагина тез келиб қолади. Менга янгилик қилгин, дейишади. Мен эса, шуни ёзишингизни ҳоҳлардим, масалан сиз бастакор бўлсангиз, келиб сиздан қўшиқ сотиб олишса, мен бориб, пародия қилиб беринг, деб сотиб ололмайман! Уни бастакор қила олмайди, уни шоирлар ёза олишмайди! Агар шунақа бўлганида, ҳозирда қўшиқчилар каби, пародиячилар ҳам кўп бўларди. Бу нарсада тезлашиб ҳам бўлмайди. Масалан, тез қўшиқ қилиш мумкин, лекин тез пародия қилиб бўлмайди! Балки кимлардир қила олар, лекин мени унақа қобилиятим йўқ. Пародияни бастакори, шоири йўқ. Агар шундай бўлганда, бориб, “Истиқлол” санъат саройида ойлаб концерт берган бўлармидим?

 

- Пародияларингизни ўзингиз қанча муддатда янгилаб турасиз?

- Мана ҳозирги репертуаримга 3–4 йил бўлибди. Мана ҳозирда янги пародия қилдим, репертуаримни мусиқаларини янгиладим. Худо ҳоҳласа эшитасизлар. Ҳозирги кунда либосларини ҳам тиктирдим.

 

- Баъзида сизни жиддий қабул қилмай қолишган вазиятлар ҳам бўлганми?

- Жиддий қабул қилишмаса, баъзида жаҳлим чиқади. Ҳамма нарсанинг меъёри бор.  Саҳнада Шерзод Бинман, саҳнада ижод қиламан. Лекин, саҳнадан ташқарида менга, кутилмаганда “Манавиндан битта бўлсин, буни кўрсатиб бер” дейишса, ёқмайди албатта. Айниқса, “артистсан-де” деган гапни жуда ёмон кўраман, шундай деган инсондан кўнглим бир умрга қолиб кетиб қолиши мумкин.

 sherzod-2.jpg

- Ҳаётингизда кутилган севги келганми?

- Тўғрисини айтсам, севги ҳақида ўйлашга ҳали вақтим бор деб ўйлайман. Шунинг учун шошмаяпман, ҳали бу тўғрида ўйлаб кўрмадим. Лекин, кутилган севгини, кутаман албатта. Ҳар бир инсоннинг кутилган севгиси бўлади. Севги бу бахт! Севги бу ҳам нозик, ҳам жуда бир улуғ туйғу! Бир тарафдан севгини тез келишини ҳам ҳоҳлайман. Ижодкорларга ҳам севги керак, деб ўйлайман. Севгини ўзига яраша вазни бўлади, севгини ҳар кимга ҳам бериб бўлмайди. Севги фақат бир инсонга, яъни унга лойиқ инсонга берилиши керак. Агар ҳамма бераверсангиз, севги сизни жазолаб қўйиши мумкин. Яъни, қандайдир бевафо инсонга учраб қолиш мумкин. Шунинг учун инсон, унга лойиқ, ўзини тушунадиган инсонни топиши керак.

 

- Уйлансангиз, рафиқангизни ишлашига рухсат берасизми?

- Одатда, оилада бола тарбияси билан ота-она шуғулланади. Шу бола вояга етиб, ақлу ҳушини йиғиб олгунигача, ота-она унинг тарбияси билан банд бўлади. Оилада ҳам аёл, ҳам эркак ишлаши деган нарсага келсак, аёл киши кўнгли нозик, кўпроқ меҳрибон бўлади. Шунинг учун ҳам, аёл киши бола тарбияси билан яхшироқ, жиддий шуғулланади. Болани меҳрибонлик билан тарбиялайди. Мен кўп вақт иш билан банд бўламан, шунинг учун ҳам, келажакда уйлансам, рафиқам  кўпроқ вақтини болаларга бағишлаб, яхши тарбия берса, хурсанд бўлардим. Агар у ҳам ишласа, болалар тарбияси қолиб кетиши мумкин. Шунинг учун, у уйда болаларни яхши тарбия қилиб, ота-онамнинг дуосини олиб, уларни ҳам ўз ота-онасидек кўриб, ҳурмат қилса, шундай рафиқам бўлишини орзу қиламан.  

 

- Агар севган инсонингиз, касбингизни ўзгартиришингизни сўраса?

- Севги касб танламайди!  Севган инсон, касбига қараб воз кечиб, ё касбига қараб танламайди. Севиб кўнгил берганингиздан кейин, албатта, севган инсонингиз сизни тушуниши керак. Ўйлайманки, мен севган инсоним менинг касбимни тушунади. Чунки, шу касб орқали, санъатим орқали инсонларнинг кўнглини кўтараман, яъни кимдир тушкун ҳолатда бўлса, кўнглини кўтарарман, кимдир ҳаётдан умиди узилиб қолган бўлса, кўриб қайсидир маънода ҳаётга қизиқиши, меҳру муҳаббати ошиши мумкин. Шунинг учун ҳам, менимча мени севган инсоним мени касбимни тушуниб, мени ҳурмат қилади, мени касбимда ва ҳар битта қиладиган ишимда мени қўллаб-қувватлайди, гапларимга “хўп” дейди, тушунади, деган умиддаман. Ҳақиқатда севган инсон касбини ҳам ҳурмат қилади. Одатда, санъаткор деб, кўпчилик касбини ўзгартиришга ҳаракат қилади. Мен уларни тушунаман. Лекин, мен ҳеч қачон санъатимни суистеъмол қилмайман. Агар мен санъатимни суитеъмол қилиб, ёмон нарсаларга берилсам, ўзимга душман бўлсам, шу ишни қиламан. Шунинг учун ҳам, мени севган инсон, мени касбимни ҳам тушунишини ҳоҳлардим.

 

- Эришган ютуқларингизга қараб муомала қиладиган инсонларга муносабатингиз? Чунки, санъаткор бўлганингиздан кейин албатта, бундай инсонларга дуч келасиз.

- Уларга ачинаман.

 

- Хонанда Мавлуда Асалхўжаева билан бўлган воқеаларга ойдинлик киритсангиз?

- (самимий) У инсонга Катта раҳмат дейман! Катта раҳмат дейишимнинг биринчи сабаби, мен аёл кишиларни пародия қилишимни йиғиштира олмаётгандим. Янги репертуар қилиб бўлишим билан, умуман аёллар пародияларини репертуаримдан олиб ташлайман. Ўша пайтда уларнинг ҳаракатлари менга қандайдир бир зарба бўлган эди. Аммо, бу билан санъатнинг қийинчиликлари бўлади, тайёр тургин деган маънода менга сабоқ ҳам бердилар.

 

sherzod-6.jpg

- Аслида нима бўлган эди?

- Видеоларда ҳам кўрган бўлсангиз керак, тўйхонада микрофонни ўчириб қўйганлар. Лекин, мен уларга катта раҳмат дейман, улардан қайсидир маънода қарздорман. Сабаби, биринчидан бу билан мени реклама ҳам қилиб бердилар, иккинчидан боя айтганимдек, тўхтата олмаётган ишимга ёрдам бердилар. Ҳозирги кунда шуни айтишим мумкин, Мавлуда Асалхўжаева халқнинг орасида микрофонимни ўчиртириб, олиб қўйган бўлсалар, ўша Мавлуда Асалхўжаева эндиликда яна қўлимга микрофон бериб, қўлимдан ушлаб саҳнага олиб чиқдилар! Ўзлари қўшиқларини қўйдириб, ўзлари ҳаракатларини кўрсатиб бериб, ўйнаб, ўзлари мени халқнинг орасига яна қўшиб қўйдилар! Мен у инсондан яна қарздор бўлиб қолдим! Бу ҳодиса, хонанда Улуғбек Раҳматуллаевнинг ўғил фарзандли бўлганида қилган Ақиқа тўйида бўлди.  Ўшанда Мавлуда Асалхўжаева келиб, мени бирданига саҳнага олиб чиқиб кетиб, бирга ўйнатиб, қўлимга микрофонни бериб, қўшиқларини айттирдилар. Ҳамма ҳайрон қолди, санъат аҳиллари ҳам ўша ерда эдилар. Мен ўзим ҳам буни кутмаган эдим! Кўпчилик видеога ҳам олишди.

 

- Хонанда Жаҳонгир Отажоновни сиздан хафа бўлганлари ҳақида гаплар бўлганди? Бунга ҳам ойдинлик киритсангиз? У киши билан учрашдингизми?

- Жаҳонгир ака, бошида пародияларимни яхши қабул қилгандилар. Кейин бироз ошириб юборганимдан сўнг, бироз шундай ҳолат бўлди. Тўғри мендан ҳам ўтгандир, жуда ҳам ошириб юборгандирман. Лекин, агар улар хафа бўлган бўлсалар минг бор узр! Жаҳонгир ака жуда ҳам яхши ижодкор ва мен уларни жуда ҳам ҳурмат қиламан! Ҳозирги кунда муносабатларимиз яхши, салом-алигимиз бор! Агар мендан хафа бўлсалар, минг бор узр! Мен у кишини пародиясини репертуаримдан олиб ташладим. Чунки, у пародия жуда ҳам ошириб юборилган, деб ҳисоблайман.

 

- Пародиячиликни танлаганингиздан афсусланган вақтларингиз ҳам бўлганми?

- Баъзида инсон сал сиқилиб қолиш ҳолатлари бўлиб қолади. Масалан, тўйларга борганингизда қизиқчи деб, қарайдиганлар ҳам бўлади. Шу тарафлари ҳам бор. Лекин, бир нарса учун шукур қиламан, санъатда саноқли пародиячилар бор ва уларнинг ичида кичкина бўлса ҳам, Шерзод Бин номи борлигига хурсанд бўламан! Мен ҳам оддий бола эдим. Яхши ният қилсангиз амалга ошар экан, сўрасангиз Худо берар экан.

 

sherzod-5.jpg

- Ҳамма пародиячиларни ҳаётда жуда ҳам жиддий характерли бўлади, дейишади. Сиз-чи?

- Йўқ, мен жиддий эмасман! Жуда кўп гапираман ва кўп кулишаман, ҳазиллашаман. Ҳаттоки, атрофимдагилар сен ҳаётда жиддий бўлгин, саҳнада ўзингни кўрсатгин, дейишади. Мен эса, ҳеч бунга одатлана олмаяпман. Лекин, бир одатим ҳам бор, жуда қаттиқ асабийлашсам, қаттиқ уришишим мумкин ва мени таниб бўлмайди. Лекин, яқинларимга шуни айтишни ҳоҳлардим. Мен асабийлашсам, кўчадаги одамларга жаҳл қила олмайман. Шунинг учун, баъзида уларга жаҳл қилиб қолсам, билиб-билмай кимнидир хафа қилиб қўяётган бўлсам, буни тўғри тушунишсин ва мени кечиришсин. Чунки, уларнинг ҳаммаларини яхши кўраман. Яхши кўрганим учун ҳам, уларни ранжитиб қўйсам, ўзим хафа бўлиб, қийналиб юраман. Хатоларимни ўзим ҳам биламан.

 

- Баъзи кўп такрорлаётган пародияларингизни томошабинларни кўнглига уриб қолишидан қўрқмайсизми?

- Қўрқаман. Лекин, ўша эски репертуаримни қўйганимда ҳам томошабинлар маза қилишади. Бунга шукур қиламан.

 

- Оилангиздагиларнинг касбингизга муносабати?

- Муносабатлари жуда ҳам яхши. Ота-онам жуда ҳам фахрланишади. Онам жуда хурсанд бўлиб юрадилар. Бу нарсадан мен ҳам жуда хурсандман.

 

- Ҳозирги кунда ҳам фильмларда роль ижро этяпсизми?

- Ҳа, албатта. Таклифлар бор, ҳозир бир сценарийни ўқияпман. Бундан ташқари, режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг янги фильмида бош ролни ижро этиш ниятидаман. Яқинда суратга олиш ишлари бошланади. Қаҳрамоннинг характери ҳозирча сир бўла қолсин! Ўзи биринчи марта менга фильмда суратга тушиш таклифини ҳам, устозим Жаҳонгир Аҳмедов  берганлар. Биринчи маротаба уларнинг “Уйланиш” фильмларида роль ижро этганман.

 

1720958401_7_0.jpg

- Клипларда роль ижро этиш масаласига қандай қарайсиз?

- Улуғбек Раҳматуллаевнинг “Жоним” клипида суратга тушганимдан сўнг, клипларда суратга тушиш учун бошқа ижодкорлардан ҳам жуда кўплаб таклифлар бўлди. Мен уларнинг ижодларини ҳурмат қиламан, ҳар бирларни яхши кўраман. Лекин, улар мени тўғри тушунишларини сўрардим, чунки бу масалани бир ўзим ҳал қилмайман. Мени устозларим ҳам бор, улар билан ҳам маслаҳатлашаман. Менга биринчи навбатда қўшиқ маъқул бўлиши керак. Агар яхши ғояли клиплар бўлса, албатта суратга тушишни ҳоҳлайман. “Жоним” клипи менга кўп нарса берди. (самимий кулиб) Кўп жойларда, менга “Жоним” деб гапиришади. Бунинг учун хурсанд бўламан! Шу кунларда менга Улуғбек Раҳматуллаевнинг бир янги қўшиғи жуда ҳам ёқди, ҳатто Улуғбек Раҳматуллаевнинг ёнларига борсам, атайлаб машиналарида шу қўшиқни эшитиб ўтираман. Ёмғирлар” деб аталади. У қўшиқнинг ғоясига салкам бир йил бўлиб қолган. Агар шу қўшиққа клип суратга олдирсалар, шунда суратга тушишни, шу қўшиқнинг клипига таклиф қилишларини ҳоҳлардим. Яна агар “Уммон” гуруҳи клипга таклиф қилишса ҳам, албатта суратга тушган бўлардим.

 

 

- Сизни кинода ролга таклиф қилишганда жуда ҳам катта нарх сўрайди, деган гапларни эшитдик. Бунга муносабатингиз?

- Бу саволни ўзимдан катта санъаткорларга берилганини, уларнинг интервьюларида ҳам ўқиганман. Негадир ҳамма, актёрларга ва хонандаларга “мана бунча олар экан” деб гапиради. Нега айнан актёрларга? Бунинг ортида турган продюсерлар қанча фойда қилади? Ҳеч ким уларни “фалон сўм фойда қилар экан” деб гапирмайди-ку. Ваҳоланки, актёрлар у ерда ҳақиқий меҳнат қилишади. Актёр фильмда қаҳрамон бўлиб яшайди! Шундай актёрлар борки, ўша қаҳрамонини ўйлайвериб, ўша қаҳрамоннинг дарди билан яшаб, ҳаттоки сочлари тўкилиб кетган актёрларни биламан. Актёр ўша қаҳрамоннинг ҳаётида яшайди! Масалан, актёр Алишер Узоқов “Сўнгги лаҳза” фильмида роль ижро этганида, ўша қаҳрамоннинг ҳаёти билан яшаб, ўша қаҳрамоннинг ҳолатига кириб кетган. Мени айтмоқчи бўлганим, бизни йиллаб ўқиганларимиз, меҳнатларимиз-чи? Масалан, мени сўраган гонорарим фильмни умумий тўрт қисмга бўлса, тўртдан бир фоизига ҳам таъсир қилмайди, ҳозирги кундаги фильмларни айтадиган бўлсак. Ҳамма актёрлар, актёрлар дейди, продюсерлар-чи, бошқа инсонлар-чи? Бу гапим бошқа режиссёр ва продюсерларга оғир ботмасин! Нотўғри тушунишмасин! Агар ҳақиқатда ҳам яхши сценарий, зўр роль бўлса, мен қайсидир маънода кичик бир гонорар сўрарман, балки гонорар ҳам олмасман! Лекин, билингки агар саёз бир фильмда суратга тушиб қўйсам, яхши гонорар олган бўламан. Бўлиши мумкин, ёмон фильмларда суратга тушишим, лекин яхши гонорар оламан. Чунки, ё у томони сизга ютуқ бўлиши керак, ёки бу томони! Мен ижодда ҳамма нарсани маблағга тақаб қўймоқчи эмасман! Лекин, ижодкорларнинг меҳнатини паст баҳолаш яхши эмас! Чунки, ижод бу ижод! Баъзи жойларда ўртоқларим ҳазиллашиб, “бу роль ўйнаш, қўшиқ айтиш эмас” дейишади. Шунда “қўлингдан қўшиқ айтиш, роль ўйнаш келадими” деганман. Битта қаҳрамонни ҳар битта ҳолатини, ҳар бир ҳаракатини баҳолаш, ўрганиш учун йиллаб ўқиганмиз, меҳнат қилганмиз. Шундай актёрларни биламан, кечаю кундуз тинмасдан, керак бўлса неча соатлаб ухламасдан то кечқурундан эртаси кундузигача, ўша керакли кадрлар олиб бўлинмагунча ишлаган актёрлар бор. Шундай меҳнат қилгандан кейин, керак бўлса, гонорарини ҳам сўрайди-да. Ахир продюсерлар ҳам улардан фойдаланишяпти-ку. Актёрлар ҳам шунга яраша гонорар сўрайди. Ваҳоланки, ҳозирги кунда актёрларни энг кўп маблағ сўралган гонорари ҳам, фильм бюджетини тўртдан бир қисмига ҳам таъсир қилмайди. Актёрлар ҳам меҳнат қилгандан кейин сўрайди. Продюсерлар ҳақида, бошқалар ҳақида шу пайтгача гапирмадим, улар ўзлари сўз очишди. Энди санъаткор аҳли хизматга чиққандан кейин, меҳнат қилгач, ўшанга яраша маблағ олади. Меҳнат қилганимиздан кейин сўраймиз. Лекин, мен шуни айтмоқчиман, мен ўзимни машҳур инсондек ҳис қилиб юбормадим, чунки мен машҳур эмасман! Балки санъатда ҳеч ким эмасдирман, кўп меҳнат қилмагандирман. Лекин, мен “Жоним” клипида суратга тушганимда, шахсан Улуғбек Раҳматуллаевнинг ўзлари менга гонорар берганлар. “Ака, қўйинг” десам, “Укам, сени меҳнат ҳақинг бу, сен шунча йил ўқиб, бу ишни бошлаяпсан, меҳнатингга яраша маблағ олгин. Ўзингни ҳурматингни билгин.” деганлар. Актёр аввало ўз ҳурматини билиши керак. Қайси маънода? “Мен юлдузман” деган маънодамас! Йўқ, қадрини билиши керак. Ўша қадрига яраша гонорар сўраши керак. Қадридан арзон сўраб юборишга ҳаққи йўқ, қадридан баланд сўрашга ҳам ҳаққи йўқ. 

 

- Кимнидир пародия қилганингизда уларнинг одатлари ўзингизга ҳам ўтиб қолган ҳолатлар бўлганми?

- (самимий кулиб) Ўзимга билинмайди, лекин ўтиб қолади. Масалан, устозим Жаҳонгир Аҳмедов ҳам, Улуғбек акам Раҳматуллаев ҳам бу ҳақида кўп гапиришади, мана буни одати ўтиб қолибди, дейишади. Масалан, хонандалар  Исроил Саидумаровнинг, Жаҳонгир Позилжоновларнинг одатлари ўтиб қолган. Бир хилларида бўлиб туради.

 

sherzod.jpg

- Санъат сиз учун?

- Санъат мен учун игнанинг учида турган дур! Уни жуда ҳам асраб ушлаб туриш керак! Жуда ҳам бир нозик ва айни пайтда, жуда ҳам бир улуғ, буюк нарса! Санъат, бу Оллоҳ томонидан берилган катта бир неъмат!

 

- Рекламага қанчалик эътибор қаратасиз?

- Рекламага эътибор қаратишга ҳаракат қиламан. Барибир рекламасиз, ижодкор қийналиши мумкин. Рекламага жуда ҳам катта куч бермайман, лекин кўпинча омад келиб қолади! Шукур, бу борада омадлиман!

 

- Санъаткорлар “мени ҳам пародия қилинг” деб илтимос қилган вақтлари ҳам бўладими?

- Жуда кўп! Номларини санаб ўта олмайман, санъаткорлар, уларнинг админстраторлари айтишади. Бунинг учун жуда ҳам хурсанд бўламан. Ҳаттоки, баъзи бир санъаткорлар, “нега репертуарингда мен йўқман” деган вақтлари ҳам бўлади.

 

- Қанчалик пунктуалсиз?

- Жуда ҳам пунктуал ёки, тартибсиз эмасман. Ўртачаман.

 

- Санъатдаги яқин дўстингиз?

- Санъатдаги яқин дўстим аввало, санъатим бўлса керак. Шунингдек ҳам устозларим, ҳам акаларим Жаҳонгир Аҳмедов, Улуғбек Раҳматуллаев, Алишер Узоқов! Уларга ҳавас қиламан! Шунингдек, Озодбек Назарбеков ва “Уммон” гуруҳига ҳам! Кўп санъаткорлар билан ҳам яхши дўстман! (самимий кулиб) Агар санъаткорлар орасидаги дўстларимни санасам, саҳифалар етмайди!

 

- Танқидга муносабатингиз?

- Танқидни яхши қабул қиламан, лекин ҳамма нарса меъёрида бўлса! Агар сиз мени танқид қилсангиз, сиз билан тортишсам ҳам, барибир ичимда фикрингизни инобатга олишга мажбур бўламан. Чунки, сиз мени кузатиб турган четдаги кўзсиз.

                                                                                Cаида Вахобова
Интервью "Тасвир" газетасида чоп этилган