FATTOHHON.COM
« Все новости
“ЁЛЛАНГАН СОВЧИ” ФИЛЬМ ПРЕМЬЕРАСИДАН! 30.11.2012 07:04

30 ноябрь куни соат 17.00 да Киночилар уйида актёр ва режиссёр Суҳроб Ҳасановнинг “Ёлланган совчи” фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

Фильм премьерасини актёр Миролим Қиличев олиб борди.

Фильмда бош ролларни Умид Искандаров,

Суҳроб Ҳасанов ижро этишган.
Шунингдек, фильмда Саида Раметова, Рихситилла Абдуллаев, Юлдуз Ҳамидова, Теша Мўминов ҳам роллар ижро қилишган.

Монтаж режиссёри Эркин Муродов

Фильм мавзуси ҳозирги кунда ҳаётда учрайдиган айрим фирибгар кимсалар ва енгил ўйлайдиган қизлар ҳақида бўлиб, қайсидир маънода тарбиявий аҳамиятга эга жиҳатлари ҳам бор.
Лекин, фильм режиссёри ҳаётий тажрибаси етишмаганлиги туфайлими, танланган мавзуни имконият даражасида тўлиқ очиб бера олмаган, назаримда. Фильмда воқеалар кетма-кетлигида, актёрларнинг ҳатти-ҳаракатларида бироз сунъийлик ҳам сезилгандек. Қайсидир маънода, салбий ва ижобий роллар ижрочиларининг ўринлари алмашиб қолгандек ҳам таассурот уйғотади. Балки, Умид Искандаров салбий қаҳрамонни, Суҳроб Ҳасанов эса, ижобий қаҳрамонни ижро этгани маъқулмиди? Бу шахсий фикр, албатта.
Фильмнинг мазмуни тарафлама, ҳозирги кунда манфаат учун ҳамма нарсага тайёр, ҳаттоки қиз боланинг пулини олишдан ҳам тап тортмайдиган йигитлар ва ҳаттоки унаштирилган бўлса ҳам, бегона йигитнинг “самимий ёрдам”ларидан бош тортмайдиган қизлар ҳақида ҳикоя қилади. Фильмнинг номи унинг биргина эпизодида акс этган, яъни номард йигит бир аёлни бош қаҳрамон қизнинг уйига ёлғондан совчи қилиб юборганида. Бу ёлланган совчи аёл ролини актриса Муяссар Бердиқулова ижро этган.

Билмадим, одатда ижодкорларнинг иккинчи фильми, биринчи фильмидан устунроқ бўлиши керак, аммо, негадир Суҳроб Ҳасанов ўзининг биринчи режиссёрлик ишида, ўз маҳоратини кўпроқ кўрсата олганди, назаримда.
Ҳар қандай фильм тақдирини томошабинлар ҳал қиладилар, лекин, ўша фильмни охиригача кўришга томошабинларнинг сабри етадиган фильм бўлиши керак, деб ўйлайман.

Фильмни жиддий таҳлил қилиш фикридан йироқман, лекин ҳар бир фильм ортида, барибир қайсидир даражада оғир ақлий меҳнат ётади. Буни жуда ҳам яхши биламан. Нима бўлган тақдирда ҳам, фильм ижодкорларига келажакда омадлар тилаб қоламан.
Феруза Фаттохова