FATTOHHON.COM
« Все новости
ПРЕМЬЕРА “ШУ ЕТМАЙ ТУРУВДИ” ФИЛЬМИ 30.11.2012 07:33

30 ноябрь куни соат 18.00 да Алишер Навоий номли (собиқ Панора) киносаройида режиссёр ва актёр Отабек Мирзахоловнинг “Шу етмай турувди” деб номланган янги фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

Премьерани актёр ва сўз устаси Ғайрат Аҳмедов олиб борди ва ўзига хос ҳазиллари билан фильмнинг ижодий жамоасини таништириб ўтди.

Фильмда бош ролларни хонанда, актёр ва режиссёр Жаҳонгир Позилжонов, Феруза Норматова, Шукрулло Исроилов ижро этишган.


Шунингдек, фильмда суратга тушганлар: актёрлар Тўхтамурод Азизов, Алишер Отабоев, Ғайрат Аҳмедов, раҳматли Мўмин Ориповнинг фарзанди Билолхўжа Орипов, актрисалар Ҳосият Ҳусанова, Анжелика Есимбетова ва бошқалар.

Монтаж режиссёри Муҳбилло Убайдуллаев
Рассом Анвар Шодиев

Фильмда режиссёр ва актёр Отабек Мирзахоловнинг ўзи ҳам кичик, лекин ўзига хос роль ижро қилган.
Фильм ўзбекона комедия.

Фильмда асосан спортга катта урғу берилган. Фильм бош қаҳрамоннинг спорт соҳасидаги мураббий бўлиши, мусобақалар жараёни, фильм сюжетининг асосий қисмлари спорт билан боғлиқ. Лекин, спорт мусобақалари билан боғлиқ саҳналар бир кунда олинганлиги, қаҳрамонларнинг кийимларидан билиниб қолган.

Фильмда миллийликка катта аҳамият берилган. Бу нарса асосан, либосларда, урфу одатларда акс этган. Айниқса, келинчакнинг милий либосда бўлиши чиройли чиққан, лекин унинг қишлоқнинг чанг кўчасида, аёллар қуршовида пиёда олиб кетилиши, фильмдаги воқеалар мазмунига мос келса ҳам, томошабинларга ноъананавийроқ туюлди.
Фильм тарбиявий аҳамиятга ҳам эга бўлиб, фильм қаҳрамони билан кечган воқеалар тимсолида, ёлғончилик инсоннинг ўзига зарар келтириши ва охир-оқибат, кулгили вазиятларга тушиб қолиши ҳақида фикр юритилган. Фильмда лафзсизлик, айниқса, эркак киши ўз лафзида туриши кераклиги ҳақида ўринли таъкидланган.

Фильм динамикага бой ва шу билан бирга таъсирли саҳналари ҳам бор. Айниқса, қизни ўз ота уйини тарк этиш саҳнаси ва ундаги актёр Тўхтамурод Азизовнинг ижроси, таъсирли чиққан.

Жаҳонгир Позилжонов ижро этган бош қаҳрамон жуда чорасиз бир вазиятда қолган спортчи мураббий ва унинг келгуси ҳаёти, қилаётган ҳатти-ҳаракатига боғлиқ. Яъни, у ўз ёлғони сабаб бўлиб, спорт мусобақаси туфайли ўз тўйига бора олмаётган чорасиз куёв. Унинг қаҳрамонига бир вақтнинг ўзидаа ачиниш, айни вақтда унинг ҳолатидан кулиш мумкин ва бу актёрнинг ютуғи деб ўйлайман.
Фильмда тўйларда бировнинг қўшиғига оғиз қимирлатадиганлар ҳам қаттиқ ҳажв остига олинган.

Умуман, фильмни 100 марта эшитгандан бир марта кўрган яхши! Лекин, ишонаманки, бу фильмни кўрган томошабин “Шу етмай турувди”, деб бу фильмни назарда тутмасликлари шубҳасиз.

Фильм 1 декабрдан Тошкент шаҳрида кинотеатрларда ўз намойишини бошлайди!
Фильмдан ёдда қолган жумлалар:
- Телефонда никоҳ ўқиб қўя қолинг.
- Ipad ни очиб, скайпни ёқиб никоҳ ўқиб қўя қолай.
- Ўзимни тўйимда ўзим бўлмаганман!
- Тўйимдан 3 кун олдин уйдан чиқиб кетиб, чалларида қайтганман. Келин тўйда бир ўзи ўтирган!
- Инсон ҳаётда нимагадир эришиш учун нимадандир воз кечиши керак.
- Валайкум ассалом, демайман!
- Мени Қўчқор ака, деб чақира қолгин!
Саида Вахобова