FATTOHHON.COM

« Все новости

ДИЛСЎЗ: “ЭЙ, БЕКОР ҚИЛИБДИ” ДЕЙИШЛАРИ МУМКИН...  01.12.2012 06:20

dilsoz-.jpg
Бу ёш хонанда ўзини “Бегим” қўшиғи билан тингловчилар меҳрини қозонди. Экранда шижоатли кўрингани билан ҳаётда мулойим бу хонандада, ҳақиқий ўзбек қизининг тимсолини кўриш мумкин. Бугунги “Диллашув” саҳифаси меҳмони, ёш бўлишига қарамай, санъатда ўз ўрнига эга бўлиб бораётган хонанда Дилсўз.
 
Ўзи ҳақида: - 1989 йил 8 майда Навоий шаҳрида туғилганман. 11 – умумтаълим мактабини тамомлаб, Санъат ва маданият коллежида ўқидим. Сўнг, Навоий Давлат Педагогика институтининг мусиқий таълим йўналиши бўйича ўқиб, бу йил тугатдим. Оилада ёлғиз қизман. Ота-онам санъатга қизиқишса ҳам, санъат соҳасидан эмаслар. Лекин, мени доим қўллаб-қувватлашади ва касбимни тушунишади. Оилада битта қизман.
“NewStar media” студияга келишим, тасодифан юз берган. Тошкентга қариндошларимникига келганимда, радио орқали кастинг ҳақидаги эълонни эшитиб қолганман ва қизиқиб студияга борганман. Ўтишимни билмаганман. Танловда қатнашиш учун жуда ҳам кўп қизлар келишганди, ўша ернинг ўзида 100 дан ортиқ қиз бор эди. Мен 13 рақам остида, кирганман. Гарчи 13 рақами кўпчиликка унча маъқул келмаса ҳам, мен учун жуда омадли бўлган! Ҳайъат аъзолари, Сардор Раҳимхон, бастакор Иқбол Муҳаммад, ҳамда радиобошловчилар ўтиргандилар. Иккита қўшиқ ижро этганман. Хонанда Лоланинг ижодига бефарқ бўлмаганлигим туфайли “О, Ҳаёт” (“Севинч” фильмига саундтрек) қўшиғини ҳамда, Уитни Хьюстоннинг “Тан соқчи” фильмига куйлаган саундтреки эди. “Ўзбекча миллий қўшиқлар биласизми?” деб ҳам сўрашган ва битта миллий қўшиқ ҳам ижро қилиб берганман. Кейин, менга “сизга телефон қиламиз” дейишган, натижасини айтишмаган. Ўзимча, ўтмасам керак, деб ўйлагандим. Кутилмаганда, қўнғироқ қилишиб, “Сиз ўтдингиз” дейишганда, жуда ҳам қувонганман! Танловдан ўтиб, қабул қилинаман, деб сира ўйламагандим! Лекин, умид қилгандим. Инсон чин дилдан орзу қилса, албатта амалга ошар экан!
Хонанда бўлиш, мени ёшлигимдан орзуйим бўлган, лекин ушалади, деб ўйламагандим. Чунки, санъаткор бўлиб чиқиш учун катта маблағ керак, деб ўйлардим. Лекин, доим мактабларда ҳам “ким бўласан” деб сўралганида, “санъъаткор” деб ёзардим. Коллежда ҳам мусиқа йўналиши бўйича ўқидим. Кейинчалик ўқитувчи бўлишга қарор қилдим. Шунинг учун ҳам, Педагогика институтига топширдим. Бир йил, бир ярим йил коллежда дарс ҳам бердим. Уйдагилар ҳам бошида бироз қаршилик қилишганди. Кейин ўзим ҳам, таниш-билишсиз ва катта маблағсиз қандай чиқиш мумкин, деб ўйлагандим. (самимий) Майли, бу орзу орзулигича қолсин, ундан кўра мусиқа ўқитувчиси бўлсам ва кейин ўқувчиларим яхши санъаткор бўлишса, улар билан фахрланиб юраман, дею ўзимни овутгандим. Лекин, агар инсон истаса, ҳаракат қилса, ниятига етиши ҳам мумкин экан. Институтда иккинчи курсда ўқиётганимда, “NewStar media”даги кастинг ҳаётимни ўзгартириб юборди! Санъаткор бўлиш, пешонамга ёзилган экан. Лекин, шунда ҳам танилишимга 50 фоиз ишонгандим. Чунки, санъаткорлар жуда ҳам кўп, улар ичида ажралиб чиқа олиш осон эмас. Лекин, ҳози ҳам, мени ҳамма танийди, деб ў       йламайман. Лекин, қисман оз бўлса ҳам мухлисларим бор, деб ўйлайман.
Бугунги кунда ижодимни бошлаганимга бир ярим йилдан ошди. Бир неча қўшиқларимизга клиплар суратга олдик. Биринчи клипим “Севикли ёрим”, кейингиси “Жоним озори”, “Мени эслама”, “Юрагим йиғлар”, “Тингла”, “Бегим”, “Оҳларим”.
Ҳозирда янги “Отажон” қўшиғимизга клип суратга олдик. Қўшиқ муаллифлари Нодир Азимов ва Дилмурод Маткаримов. Мавзуга кўра, лекин, одатийликдан чекинган ҳолда, сюжетли клип суратга олдик.
Ҳозирги кунда илк мусиқий альбомимни чиқариш ниятидамиз, қўшиқларим сони ҳам мусиқий альбом учун етарли бўлиб қолди. Бир-икки ойларда чиқарсак керак, ҳозирда кўпчилик бу ҳақида сўраяпти. Мусиқий альбом номи “Тингла” ёки “Бегим” бўлса керак.
 
- Нима учун Дилсўз тахаллусини танлагансиз? Асл исмингиз?
- Асл исмим Гўзал Жуманиёзова. (самимий кулиб) Кўплар хонанда Феруза Жуманиёзова билан қариндош эмасмисизлар, деб сўрашади. Йўқ, қариндошлик жиҳатимиз йўқ. Лекин, бу хонандани ҳурмат қиламан. Дилсўз тахаллусини студия билан шартнома тузиб, хонандаликни бошлаган вақтимда беришган.
 
dilsoz-2.jpg
- Сиз ўз ижодингизни биринчи замонавий услубда бошладингиз. Кейин миллийликка ўтдингиз. Нима учун? Миллийлик кўпроқ оммалаша бошлагани учун эмасми?
- Ўзимга миллий қўшиқлар ва миллий эстрада ёқади. Лекин, замонавий эстрада қўшиқларини ҳам яхши кўраман. Бошида эстрада қўшиқлари айтиб чиқиш таклифи тушган эди, замонавий қўшиқларим ҳам ёшларга маъқул бўлди. Лекин, барибир ёши каттароқ томошабинларимиз, қолаверса миллий анъаналаримизни, менталитетимизни эътиборга олган ҳолда, кўпчиликка миллий қўшиқларимиз манзур бўлади. Шунинг учун ҳам, миллий йўналишдаги “Бегим” ва “Юрагим йиғлар” тароналари тингловчиларга маъқул бўлди. “Бегим” таронасидан кейин ўзим ҳам, менга миллий йўналиш мос тушишини сездим. Бу қўшиқдан кейин “шу йўналиш сизга мос, мана йўналишда яна куйлсангиз” деган таклифлар тушди. Ўзимни ҳам дилимга ҳам миллий йўналиш ва қўшиқлар яқин. Лекин, бу билан эндиликда йўналишим бутунлай миллий бўлади, демоқчи эмасман! Мен ҳам миллий, ҳам эстрада йўналишида ижод қилмоқчиман. Ҳар икки йўналишни ҳам бирдек олиб бориб, Худо ҳоҳласа, мухлисларга манзур бўладиган қўшиқлар тақдим этмоқчиман.
 
- “Бегим” қўшиғини оммалашишини, машҳур бўлишини сезганмидингиз, ёки таваккал қилиб куйлаганмисиз? Чунки, сиз ёш хонандасиз ва қолаверса, дарҳол миллий йўналишда бундай жиддий қўшиқ куйлашга, ҳамма ёш қизлар ҳам иккиланади.
- Бу қўшиқнинг оммалашишини мен ўйламаган эдим. Лекин, атрофимдаги ижодкорлар, бу ҳақида тахмин қилишганди. Лекин, мен 100 фоиз бундай бўлишини билмаганман. Бу аслида актриса Раъно Ярашеванинг бундан 20 йил аввал ёзган шеъри экан. Буни бастакор Иқбол Муҳаммад куй басталаб, қўшиқ ҳолида бизга олиб келганида, тинглаб кўриб, жуда ҳам ёқтириб қолганман. Бу қўшиқни куйлайман, деганимда, “чиройли ва яхши қўшиқ, лекин сенинг ёшингга мос келмайди-ку” ҳам дейишган. Лекин, мен шу қўшиқни албатта куйлайман, деб туриб олганман. Балки, қайсидир маънода таваккалдир? Куйлаганимдан сўнг ҳам, анча вақтгача оммалашганини ўзим сезмаганман. Атрофимдаги ижодкорлар, “ҳамма ерда шу қўшиқ янграяпти” дейишганда ҳам, унчалик ишонмагандим. Кейин, кутилмаганда тўй хизматларига борганимда, тадбирларда бу қўшиқни куйлаганимда, томошабинларнинг эътиборини кўриб, сезганман. Тасаввур қилинг, тўйхона ва тадбирларда кириб борганимда ва эълон қилишганда, бошида унча аҳамият бермай туришиб, кутилмаганда “Бегим” қўшиғини бошлашим билан 500 дан ортиқ инсонлар бирданига ўгирилиб қараб, эътибор билан тинглашиб, ҳатто қайта-қайта куйлаб беришимни сўрашган вақтлари ҳам бўлади. Ахир шунча инсонни ўзингизга қаратиш қийин-ку! Ана ўшанда қўшиқ оммалашганини сезганман. Албатта, бунинг учун, мазкур шеър эгаси актриса Раъно опа Ярашевага ўз миннатдорчилигимни билдираман! Ҳар кўрганимда, уларга раҳмат айтаман, улар ҳам, “Бу шеър қалбимдан чиққан, дард билан ёзилган, шунинг учун қўшиқ ҳам оммалашди” дейдилар. Иқбол Муҳаммадга ҳам ташаккур! Бу қўшиқ, мен учун жуда ҳам қадрли! Лекин, рости ҳалигача, баъзида бу қўшиқни шунчалик машҳур бўлганига ишона олмайман. Клип ғояси клипмейкер Рустам Муродов ва устозим Сардор Раҳимхонга тегишли. Тинглаганимзда ҳам, хаёлга “Ўтган кунлар” келган. Бу қўшиқ, ҳақиқий “Зайнаб дарди”!
dilsoz-1_0.jpg
 
- Унда “Бегим” қўшиғи оммалашгани учун ҳам, миллий услубда кўпроқ куйлай бошладингизми? Чунки, бундан кейинги тароналарингиз ҳам “Бегим”га яқинроқдек...
- Биласизми, “Бегим” қўшиғи менга мос тушди ва қайсидир маънода ярашди, бу йўналишга янада меҳрим ошишига туртки ҳам бўлди. Балки, шунинг учун ҳам, айнан миллий йўналишдаги қўшиқларимга эътибор кўпроқ бўлаётгандир? Лекин, замонавий эстрада йўналишида ҳам ижод қиляпман. Бир неча янги қўшиқлар тайёрлаяпмиз. Яқин пайтда улар ҳам эфир юзини кўради.
 
- Сиз клипларда шижоатлироқсиз, ҳаётда эса мулойимсиз. Аслида характерингиз қандай?
- Аслида ҳаётда қандай кўрган бўлсангиз шундайман. Клипларимдаги қиз у ўша қўшиқларга мос тушган характердаги қиз. Клипларда қўшиқ сўзларида нима дейилган бўлса, ўшанга мос, ўша образга кириб, айтиб беришим керак. Чунки, мен клипда ҳам мулойим бўлиб турсам, томошабинларни зериктиришим мумкин. Шунинг учун ҳам, қўшиққа мос равишда, клипда чиқишга ҳаракат қиламан. Масалан, “Жоним озори” қўшиғимда ҳам, шўх қўшиққа мос шаддод қиз бўлишга ҳаракат қилганман.
 
dilsoz-6.jpg
- Клиплар ғоясини ким билан бирга ўйлайсизлар? Ғоя ўзингиздан чиқадими? Клипмейкер ғоясига ишонасизми? Ёки устозингиз Сардор Раҳимхоннинг ғоялари бўладими?
- Биз доим профессионал клипмейкерлар билан ишлаганлигимиз сабабли, уларга 100 фоиз ишонамиз! Улар кўпинча биз қўшиғимизни берганимизда, ўзлари ғоя таклиф қилишади, агар бизга ёқса розилик билдирамиз. Устозим Сардор Раҳимхон кўпинча ўз фикрларини билдирадилар. Энг эсдан чиқмайдиган клип бу “Мени эслама” клипим бўлганди. 6-7 та декорация қурилган ва бу ҳаммаси Америка мактабларидаги муҳитни бериши керак эди. Бу клип ҳам қизиқарли, ҳам энг қийин клип бўлганди. Чунки, совуқда суратга олинган. Февраль ойлари эди! Яна устимиздан сув қуйиладиган ёмғир саҳнаси ҳам бор эди! Совуқ кунда, устимдан совуқ сув қуйилган! Умумий саҳналар учун чақирилган моделлар, қизлар ва йигитлар, совуқдан қалтирай бошлашган. Айниқса, битирув оқшоми жараёнини суратга олиш биз учун жуда қийин бўлган. Биз, юпқа кийимларда ёзги пайтдаги ҳолатни беришимиз керак эди. Ҳаво совуқ, биз эса юпқа оқшом либосларидамиз. Бу жараён очиқ ҳавода суратга олинган, негаки битирув оқшоми суратга олинадиган жой декорацияси, павильон ичига сиғмаган. Натижада, совуқда юпқа кўйлакларда суратга тушганмиз. (самимий) Ҳатто, суратга олиш гуруҳидагилар иссиқ кийимларда бўлишса ҳам, совуқдан “қотиб” қолишган. Бизни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Ҳаттоки, “қалтирама, кадрда билини қолади” дейишган. Ҳамма декорациялар қурилганлиги сабабли, катта бюджетли ва суратга олиш жараёнлари жиҳатидан энг қизиқарли ва қийин клип бўлган. Лекин, натижаси яхши бўлган. Ҳалигача бу клипни ҳамма ҳалигача қайси мактабда олгансизлар, деб сўрашади.
 
- Клиплар ва саҳнадаги имиджингиз билан ким шуғулланади?
- Имидж бўйича стилист Жамол ака шуғулланадилар. Шоу бизнесдаги кўп таниқли инсонларнинг ҳам имиджини улар яратадилар. Уларга тўлақонли ишонамиз. Лекин, албатта ўз фикримни ҳам билдираман, агар менга ёқмайдиган ва менга ярашмайдиган кийим бўлса, албатта киймайман. Макияжда ҳам худди шундай.
 
dilsoz-2_0.jpg
- Ўзбекистон Халқ артисти Муножот Йўлчиевадан мақом бўйича сабоқ олдингиз. Келажакда мақом ҳам куйлаш ниятидамисиз?
- Тўғнрисини айтсам, мақомга ҳам ҳурматим баланд.  Ўзбекистон Халқ артисти Муножот Йўлчиевадан мақом бўйича маълум бир муддат дарс олдим. Мақомдан сабоқ олсангиз, бу санъаткор учун катта база бўлади. Миллий эстрада қўшиқларини ҳам куйлай осон бўлади. Шунинг учун ўзимизнинг миллий мақом қўшиқларини ўрганишга аҳд қилгандим. Ҳозирги кунда эса Феруза Очиловадан ҳам дарс оляпман.
 
- Илк марта катта саҳнага чиққанингизда нималарни  ҳис қилгансиз?
- Илк марта “Ўзбегим таронаси” концертида катта саҳнага чиққанман.  “Жоним озори” қўшиғини куйлаган эдим. “Истиқлол” санъат саройи, у ер катта даргоҳ, катта санъаткорлар орасида жуда ҳам ҳаяжонланганман! Ҳаттоки, қандай чиқар экан, деб қўрққанман. Худога шукур, яхши чиқиб олганман, ҳаттоки оёқларим ҳам қалтираган. (самимий кулади) Бор кучим билан ҳаяжонни енгишга уринганман. Лекин, концертда жуда ҳам яхши таассуротлар билан қайтганман.
dilsoz-3_0.jpg
 
- Илк клипингиз ТВ да премьера бўлганда-чи?
- О... ҳаттоки, кўзимдан ёш оқар даражадаги қувонч! Чунки, шунча орзу қилган нарсаларингизга эришсангиз, инсон жуда ҳам хурсанд бўлади. (самимий) Охири мана шу орзуйимга эришганимдан жуда ҳам хурсанд бўлганман! Яқинларим ҳам бирга қувонишган, ҳаммалари хурсанд бўлиб, мени табриклашган! “Севикли ёрим” клипим эди. Сарвар Исаев билан Иззат суратга олишганди.
 
- Санъат йўлига қадам қўймасдан аввал, санъатни қандай тасаввур қилардингизу, қадам қўйганингиздан кейин тасаввурларингиз ўзини оқладими?
- Тасаввуримда бу ҳақиқатдан ҳам қийин касблигини билганман. Чунки, мухлислар эътиборини қозониш ва халқ назарига тушиш ҳам жуда қийин. Бундан ташқари, ҳар доим банд бўласиз, ҳар хил вазиятлар бўлиши мумкин. Барчасини билганман ва қайсидир маънода, ўзимча бунга тайёр эдим. Лекин, санъаткорларга ҳавасим баланд эди. Чунки, шунча инсонлар уларни яхши кўради, халқ назарида бўладилар. Мухлислик қилиб, уларни яхши кўрадилар, деб санъаткорлик борасида яхши таассуротларда бўлганман. Менимча, ёмон касбнинг ўзи йўқ.
 
- Кунига неча соат, ижод билан бандсиз?
- Кунимнинг деярли ярми ижод билан ўтади. Ҳатто, баъзида кечқурунгача.
 
dilsoz-8.jpg
- Ижод асли сиз учун нима?
- Ижод бу биринчи ўринда меҳнат ва ҳаракат қилиш! Агар тинмай ўз устингизда ишлаб, ҳаракат ва меҳнат қилсангиз, ўша очиб бермоқчи бўлган асарингизни тўлиқ билишингиз мумкин. Ижод, бу санъатнинг негизи!
 
- Санъат йўлига киргач, қайси одатларингиздан воз кечдингиз?
- (самимий) Деярли кўп одатларимдан воз кечмадим. Олдин қандай бўлсам, ҳозир ҳам шундайман. (ўйлаб) Менимча, (кулиб) уйқудан воз кечдим. Чунки, кечқурун студияда қўшиқ ёзиш ишлари бўлиб қолиши мумкин, ёки гастрол сафарларига кетиб қолишингиз мумкин.
 
- Аёл киши ва қиз бола учун санъат осон эмас! Бу йўлда қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?
- Кўпинча уйга кеч қайтаман. Энди ҳар қандай касбни ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Масалан, тўйга хизматларга борганда, ҳар хил инсонлар бор. Шу тарафлама бўлса керак. Лекин, албатта бир ўзим бормайман. Кейин ўзингиз ҳақингизда ноўрин гаплар эшитиб қолишингиз мумкин, ғийбат, миш-мишлар дегандек. Бу гаплар нотўғри бўлса ҳам, бундай нарсаларга парво қилмасликка, кўникишга мажбурсиз. Чунки, санъаткор бўлганингиздан кейин, санъат соҳасида бўлганингиздан кейин, албатта кимдир сизни гапиради, ғийбат қилади. Шу тарафлари бор.
dilsoz-5.jpg
 
- Ота-онангизнинг ижодингизга муносабати?
- Худога шукур, улар мени тушунишади. Бошида бироз қаршиликлар бўлган бўлса ҳам, ҳозирда ижодимни кўриб, улар жуда ҳам хурсанд. Ҳар доим қўллаб-қувватлашади. Ота-онам билан бирга яшаймиз, улар ҳам мен билан Тошкентга кўчиб келишган.
 
- Уйга кеч келиш, санъат аҳли учун табиий ҳол. Сиз энг кечи билан соат неччида уйга қайтасиз ва бунга уйдагиларнинг муносабати?
- Агар гастролга бошқа шаҳарга бориб, йўлдан келсам, соат 2-3 ларда ҳам кириб келган пайтларим бўлган. Уйдагилар бундай пайтда мени тушунишади. Чунки, йўлдан келасиз, йўл узоқ. Қолаверса, ижод, меҳнат.
 
- Тўй хизматларида сизга ёқмайдиган жиҳатлар?
- Энди ҳар хил инсонлар бор. Асосан, маст бўлиб гапирганлар. Шунда бироз қўрқаман. Лекин, ҳеч қачон бир ўзим тўйга чиқмайман ва доим ёнимда ҳимоячи инсонлар бўлишади.
dilsoz-7.jpg
 
- Рақс билан ҳам шуғулланасизми?
- Бошида шуғулланганман. Лекин, ҳозир йўқ.
 
- Ҳаётингизга севги кириб келганми?
-  Йўқ, ҳали кириб келмади. (самимий кулади) Ёшликда, мактаб пайтларида шунчаки ёқтиришлар бўлган холос. Лекин, кейин вақт ўтиши билан бу нарса, шунчаки болалик эканлигини биласиз.
 
- Орзуйингиздаги шаҳзода?
- Биринчи ўринда мени тушунадиган, мени ўзимни ва касбимни тушунадиган инсон бўлишини орзу қиламан. Меҳрибон, мени яхши кўрадиган, севадиган ва ҳимоя қиладиган яхши инсон бўлишини ҳоҳлардим.
 
- Агар санъаткор бўлса, рози бўлармидингиз? Чунки, кўпчилик бир оилага битта санъаткор етади, деб фикрлашади.
- Санъаткор, бўлиши мумкин. Нима учун йўқ? Санъаткор бўлса, мени кўпроқ тушуниши мумкин. Чунки, бошқа соҳадаги инсон мени тушунмаслиги ҳам мумкин. Энди, бу пешона, тақдир.
 
- Сиз учун севиб турмуш қурган муҳимми ёки совчи орқали? Шахсий фикрингиз...
- Мен шахсий фикрим, ўзим учун севиб турмуш қурган яхши, деб биламан. Чунки, севса бир-бирини тушунишади, деб ўйлайман. Ўзим ҳам севиб турмуш қуриш тарафдориман. Лекин, севган инсоним ота-онамга ҳам маъқул келиши керак, деб ўйлайман. Йўқ, мен севиб қолдим, нима бўлса ҳам ўшанга турмушга чиқаман, демайман! Бу нотўғри иш! Лекин, совчилар орқали турмуш қурганлар ҳам, севиб турмуш қуриб ажрашиб кетганлар ҳам бор. Бу нарса худди тарози палласидек, тенг эмас.
 
dilsoz-9.jpg
- “Муҳаббатнинг кўзи кўр” деган фикрга муносабатингиз?
- (самимий) Кўпинча атрофдагиларга қараб, ростдан ҳам шундай деб ўйлайман. Масалан, инсон бутунлай ўзига қарама-қарши, дунёқараши бошқача бўлган инсонни севиб қолиш мумкин. Дейлик, қиз оғир-босиқ бўлиб, шўх йигитни севиб қолиши мумкин. Плюсга минус бўлиб қолиши мумкин. Бундай ҳолатларни дугоналаримда кўрганман. Дугоналар секин четга сурилиб, биринчи ўринга ўша инсон бўлиб қолади. Ҳаттоки, унинг камчиликларини айтсангиз ҳам кўзига кўринмайди ва билинмайди. Йўқ, деб гапингизга аҳамият бермайди. Ўша йигитнинг тарафини олади. Чиндан ҳам кўзи кўрми, деб юборасиз. Кейин бўлса, баъзи ҳолларда афсусланиб, чиндан ҳам “муҳаббатнинг кўзи кўр экан, шунча айтсангиз ҳам билмаган эканман”, дейишади.
 
- Дейлик, севгига ота-она қарши бўлса, лекин танлагани муносиб инсон бўлса, қиз бола қандай йўл тутиши керак, деб ҳисоблайсиз?
- Ҳақиқатдан ҳам, жуда қийин вазият. Лекин, менимча, ота-она биринчи ўринда, уларнинг айтганини қилиш керак. Аммо, агар у инсондан ҳам, кўнгил узолмаса, унда ота-онасига ўша вазиятни тушунтириши керак. Ота-онасини ўша инсон билан яқиндан таништириб, маслаҳатлашиб кўриш керак. Балки, ким билади, ота-она ҳам фарзандига ёмонлик раво кўрмайди, балки тушуниб рози бўлишлари ҳам мумкин. Агар шунда ҳам ота-она рози бўлишмаса, унда барибир ота-онасининг айтганини қилиши керак, деб ўйлайман. Чунки, ота-онанинг розилигини олмаса, кейин бу нарса бир умр юзига солиниши мумкин. Агар бахтсиз бўлиб қолса, бир умр ўзини айбдор санайди. Шунинг учун ҳам барибир ота-она ризолиги муҳим.
 
dilsoz.jpg
- Келинликни қандай тасаввур қиласиз?
- (самимий кулиб) Келинлик бу жуда ҳам чиройли давр! Айниқса, бизнинг ўзбек келинчаклари жуда ҳам чиройли бўлишади. Ҳар хил миллий кийимлар кийиб, кўзингизни қувнатади. Ҳар бир ўзбек қизи келинлик бахтини орзу қилади. Шунинг учун ҳам, ҳар бир ўзбек қизига келинлик насиб қилсин!
 
- Ўтган йили шоу бизнес вакиллари орасида, куз ойларида сизни тўйингиз бўлиши, ҳаттоки куёвнинг ким эканлиги ҳақида гаплар бўлди. Айтишларича, куёв “Манго” гуруҳи хонандаси экан. Шу гапларга ойдинлик киритсангиз.
- (самимий кулади) Бу гапларни ўзим ҳам эшитганман! Бу бутунлай нотўғри. Бундай гаплар чиқишига сабаб эса, ўша гуруҳдаги йигитларнинг 2 таси ҳам Навоийлик ва мени курсдошларим бўлишади. Энди курсдошлар бўлгач, кўришиб қоламиз, курсдошлар даврасида ҳамма бирга ўтиради. Шунинг учун, шундай гаплар чиққан бўлса керак. Лекин, бу гаплар нотўғри.
 
- Оилавий ҳаётни қачонларга режалаштиряпсиз?
- Яқин икки йиллардан кейин бўлса керак, деб ўйлайман. Чунки, ҳозирда ўзимни энди ижод бошладим, деб ҳисоблайман. Ҳозир оила қурсангиз, ижод қолиб кетиши мумкин. Чунки, оила қургач, инсон учун барибир оила муҳимроқ бўлади ва иккаласини ҳам бирдек олиб бориш қийинроқ бўлади.
dilsoz-4_0.jpg
 
- Шоу бизнес сизни қанчалик ўзгартирди?
- Деярли яхши томонга ўзгартирди. Инсонлар билан мулоқот қилишни ўргандим. Муомала маданияти, ўз устимда кўп ишлаш, яхши тарафлама мени кўп нарсаларга ўргатди.
 
- Дуэтлар ижро этганингиз ҳақида хабарлар эшитдик. Лекин, у дуэтларнинг ўзини ҳали эшитмадик. Масалан, хонанда Зиёда билан, шунингдек Озодбек Назарбеков билан дуэт?
- У дуэтлар ҳали чиқмади. Зиёда билан дуэтга клип олмоқчимиз. Менимча, балки қиш ойларига чиқар? Зиёда қачон вақти бўлса, ўшанда клип суратга олишимиз керак. Озодбек Назарбековга таклиф билан чиққанимизда рад этмадилар. Қойил қолдим, мен ёш санъаткор бўлсам, улар бўлса Ўзбекистон Халқ артисти! Шу тарафдан ҳам, уларнинг камтарлиги, самимийлиги ва инсонийлигига тан бердим! Йўқ демадилар, уларга катта раҳмат айтаман! Бу дуэт ҳам тайёр бўлди. Лекин, уни кейинроқ тақдим қилмоқчимиз. Декабрь ойининг бошларига чиқиши мумкин.
zolotaya-dolina-7.jpg
 
- Озодбек Назарбеков билан ҳамкорликда ишлаб, устоздан қандай жиҳатларни ўргандингиз?
- У киши ҳеч қачон инсоннинг гапини ерда қолдирмайдилар. Жуда ҳам самимий ва камтар инсон. Студияда ҳам менга кўп ўргатдилар, мана бундай айтсангиз чиройли чиқади, деб йўл-йўриқлар кўрсатдилар. Ҳақиқатдан ҳам жуда яхши инсон эканликларига яна бир бор амин бўлдим.
 
- Устозингиз Сардор Раҳимхон билан ҳам дуэт куйлаш режада борми?
- Ҳа, лекин ҳали қўшиқ йўқ-ку, лекин режада бор.
dilorom-5.jpg
 
- Қайси қўшиғингизни куйлаганингизда таъсирланиб кўзларингизга ёш келади?
- “Майли” деган қўшиғим бор, уни ҳали чиқармаганмиз. Лекин, дисклар орқали тарқалиб кетибди. Ўша қўшиғим ўзимга жуда ҳам ёқади. Кейин “Бегим”ни ҳар гал куйлаганимда, сўзлари жуда ҳам таъсирли, бу қўшиқни такрорлаб, кўзига ёш олиб ўйнайдиган аёллар ҳам бор. Бу ҳолатдан ҳам таъсирланаман. “Бир олмадек оқдим сойда, олмадингиз бегим-ей” деган сўзлари бор, куйлаганимда, этларим жимирлаб кетади. Маъноси жуда ҳам кучли.
 
- Куз келганда нималарни ҳис қиласиз?
- Куз фаслини яхши кўраман. Жуда ҳам чиройли фасл, инсон кўпроқ хаёлга берилади. Ёмғирда сайр қилишни жуда ёқтираман. (жилмайиб) Романтикман. Кўнгилдан ҳар хил хаёллар ўтади.
 
- Шеър ҳам ёзасизми?
- Ҳаракат қиляпман, лекин ундай зўр чиқмаяпти. (самимий кулади) Агар келажакда яхши шеър ёзсам, ўзим ёзиб, ўзим куй басталашни орзу қиламан. Ҳозир шуни устида ишлаяпман. Ҳали бу борада тажрибали эмасман.
 
dilsoz-1.jpg
- Характерингиздаги қайси жиҳатлар, санъаткор бўлишингизга ёрдам берди?
- Сабрлилигим ва меҳнатдан қочмаслигим бўлса керак. Ҳар доим устозлар, дўстларим гапиришса, “хўп” дейман. Шу бўлса керак.
 
- Дилсўз ошхонада?
- Ошхонада (самимий кулиб) ҳамма овқатларни пиширишни биламан ва қила оламан. Фақат хамирли овқатларда бироз қийналаман, лекин, тайёрлай оламан. Европа таомларини тайёрлашни унчалик яхши билмайман, аммо ўзимизнинг ўзбек миллий таомларини жуда ҳам яхши биламан ва бемалолд тайёрлайман.
 
- Фильмларда суратга тушишингиз ҳам мумкинми, таклифлар бўляптими?
- Фильмлардан таклифлар бўлди. Лекин, мени ҳозирча фильмда суратга тушиш ниятим йўқ. Чунки, биринчи навбатда ҳозирда ижодимни ўйлайман. Қўшиқчиликдан бошладимми, шуни давом эттиришни истайман. Балки қўлимдан келмай қолиши мумкин. Яхши чиқмай қолса, оммалашмаса, кейин “эй, бекор қилибди” дейишлари мумкин. Шу тарафларини ҳам ўйлайман. Балки менда, актёрлик маҳорати йўқдир? Тўғрисини айтсам, шундай гаплардан қўрқаман ва шунинг учун ҳам, ҳозирча фильмда роль ижро этиш ниятим йўқ!
 
Қисқа саволлар:
- Энг кечи билан соат неччида уйқудан турасиз?
- Кеч ухлаган бўлсам, эрталаб соат 10.00 ларда!
 
- Студия битта қўшиқни неча соат ёзишингиз мумкин?
- Бошида, биринчи қўшиқ айтган вақтларим, тажрибам йўқ эди. Шунинг учун, бир-икки соат, чунки студияга кирсам, ҳаяжон босарди. Ҳозир эса, 30-40 минутларда.
dilsoz-4.jpg
 
- Жонли ижрога муносабатингиз?
- Жонли ижро устида кўп ишлайман. Келажакда концерт берсам ҳам, фақат жонли ижрода концерт бериш ниятидаман, Худо ҳоҳласа.
 
- Ҳаётда сиз учун оқ ранг кўпми, қора рангми?
- Мен учун оқ ранг кўп!
 
- Ҳеч кимникига ўхшамаган хоббингиз борми?
- Тўқиш! Ҳар хил нарсалар тўқийман. Дугоналаримнинг болаларига шапкачалар тўқиб бераман. Тикиш ҳам қўлимдан келади, лекин вақт етишмайди.
dilsoz-3.jpg
 
- Шоу бизнес оламида дугоналарингиз борми?
- Ҳа, бор. Актрисалардан Севара Солиева билан яқин дугонамиз! Санъаткорлардан эса, хонанда Зиёда билан яқин дугонамиз! Бошқалар билан ҳам яхши муносабатдаман.
 
- Клип суратга олишда сиз учун энг қийин жиҳат?
- Совуқ бўлса, қийин бўлади.

Саида Вахобова

Интервью "Тасвир" газетасида чоп этилган