FATTOHHON.COM

« Все новости

АКТЁР АКБАРХЎЖА РАСУЛОВ: РОЛНИНГ КАТТА-КИЧИГИ ЙЎҚ! 05.12.2012 05:33

"Тасвир" газетасида чоп этилган

aktyor-akbarhoja-rasulov-14.jpgҲозирги кунда кино соҳасида бир-икки роль ижро этиб улгурмай, ўзини “машҳур” санаб, атрофдагиларни менсимай қоладиганлар учраб туради. Лекин, кўплаб давлат бюджетига суратга олинган ва хусусий киностудиялар фильмларида суратга тушиб, томошабинлар меҳрини қозонган бўлса ҳам, ҳатто Россия фильмларида роль ижро этса ҳам, камтарлик билан “сал камроқ кўринганим маъқулмикан?” деб, андиша қиладиган санъат соҳаси вакиллари эса, жуда ҳам озчиликни ташкил қилади. Ана шундай кино соҳасида, 12 йилдан буён фаолият олиб бораётган камтар ижодкорлардан бири, кино ва дубляж актёри Акбархўжа Расуловдир. У бу йил бошида режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг Ватанпарварлик руҳида суратга олинган, “Афғон” фильмидаги бош роли билан, яна бир бор ўз актёрлик маҳоратини намойиш этди. “Афғон” фильми томошабинлар томонидан ҳам, кинотанқидчилар томонидан ҳам бирдек юқори савияли фильм, деб қабул қилинди.

Акбархўжа Расулов шу кунгача жуда кўплаб фильмларда суратга тушган: "Севгинатор 2: Қайнона операцияси", "Пойма-пой", "Иблис девори", "Кечиккан ҳаёт", "Дунё" ва бошқалар
Ҳозирда актёр Акбархўжа Расулов ўзбек киносининг умидли актёрларидан ва унга кинода талаб ортиб бормоқда.
Россия ва Украина фильмларида ҳам суратга тушиб келаётган, бугунги кунда дубляжда деярли 80 фоиз қаҳрамонларни “гапиртираётган” ўзбек актёри Акбархўжа Расулов бугун меҳмонимиз.
 
 
Актёр Акбархўжа Расулов
 
Ўзи ҳақида: - 1986 йил 28 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилганман. Санъатга кириб келишим мактаб пайтларидан бошланган. 4-синфни битирганимдан сўнг, раҳматли бувижоним Зумрад ойимлар “Ўзбекистон” телерадиокомпаниясига қарашли “Ўзбекистон” радиосида “Келажак тонги” студиясига олиб борганлар. (эслаб жилмайиб) Ҳали ҳам эсимда, улар қўлимдан етаклаб олгандилар, 4-троллейбусда борганмиз. “Келажак тонги” студиясида кастингдан ўтиб, ўша ерда ишлашни бошлаганман. У ердаги биринчи устозим Шавкат Каримов бўлган. Ундан сўнг, Дурдона Абдуллаева билан бирга ишлаганмиз, кейин у ердаги радиопостановкаларда ишлашни ҳам бошлаганман. Радиода 8-9 йил мобайнида ишладим.
Кино соҳасига эса, илк қадамларим “Ҳикматлар хазинаси” болалар кўрсатувидан бошланган. Кўрсатув режиссёри Замира Бегимқулова шу кўрсатувга чақирганлар. Шу тарзда 1998-99 йилларда “Ҳикматлар хазинаси” кўрсатувида суратга тушишни бошладим. Катта кинога эса, 2000 йилда режиссёр Шавкат Жунайдуллаевнинг “Чархпалак” телесериали орқали кириб келдим. Телесериалда Одил деган болани ўйнаганман, онам ролини Кумуш Раззоқова ижро этган эди. Бу ота-онасидан меҳр кўрмаган фарзанд роли бўлган. Шундан бошлаб, 12 йил давомида, жуда кўплаб фильмларда суратга тушдим. Булар орасида, албатта Россия фильмлари ҳам бор. 2003 йилда Тошкент Давлат Санъат институтига ўқишга қабул қилиндим ва 2007 йилда битирдим. Институтни битириш арафасида режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг ўша пайтлар “Истеъдод” деб номланган театр мактаб студиясига, (ундан сўнг, номи ўзгариб, “Дийдор” студияси бўлган) ўқишга кириб, бир йилдан ортиқ, таҳсил олганман. Оиламиздагилар санъатдан йироқ, умуман бошқа соҳада фаолият юритишади. Санъат соҳасида, авлодимиздан икки инсон чиққан, бири “Санъат” гуруҳидаги Миржамол Абдуқодиров ва мен. Оилада тўрт фарзанднинг учинчисиман. Акам, опам, мен ва укам.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-26.jpg
- Акбархўжа, сизга биринчи саволим, нима учун исмингизни Акбар деб эмас, Акбархўжа деб чақиришади? Бу тахаллусми ёки...
- (самимий) Зумрад ойим, яъни бувимлар эркалаб доим шундай чақирганлар. Радиога олиб келганларида ҳам, шундай атаганлари учун, доимий равишда, ҳозирда ҳам Акбархўжа дейишади. Оилада ҳам, дўстларим ҳам шундай чақиришади.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-28.jpg
- Аввалига кичик ролларни ижро этиш орқали кинога кириб келган экансиз. Қачондан бошлаб, катта ролларни ижро эта бошладингиз?
- 2005 йилда “Ана холос, ёхуд яна бир водийлик келин” деган фильмда суратга тушганман. (самимий) Кичик ролларни ҳам бирдек ижро этишимнинг сабаби, устозларим шундай ўргатишган, “ролнинг катта-кичиги йўқ” дейишган. Ўзим ҳам ҳеч қачон, “бу катта-кичик роль экан” демаганман. Сценарий, режиссёр ва ижодий гуруҳ томонлама ҳам, ўзимни қизиқтирган роль бўлса, каттами, эпизодик ролми, ижро этишга ҳар доим рози бўлганман.
 
- Шу кунгача ижро этган ролларингиздан қайси бирини “ўзимнинг ташриф қоғозим” дея оласиз?
- (ўйланиб самимий) Биласизми, бу саволингизга аниқ ва ноаниқ жавоб бера оламан. Сабаби, мени айнан бир ролим билан халқ таниб, яхши кўриб қолган дея олмайман. Сабабини, бир воқеа мисолида айтишим мумкин. Бир гал вилоятга, дўстимнинг тўйига боргандик. (кулиб, камтарлик билан) У ерда баъзилар мени актёрлигимга ишонишмади, кейин эса кутилмаганда, “ие, сен анови касал боласану” дейишди. Бир видеофильмдаги бир ролимни эслаб қолишган экан. Бу билан айтмоқчи бўлганим, ҳамма жойда ҳар хил. Кимдир у роль билан эслаб қолади, кимдир бу роль орқали. Айнан, бир фильм орқали деб ўйламайман. Ҳар бир фильмни ўзига яраша ўрни бор, деб ўйлайман.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-18.jpg
- Ҳар бир актёрнинг ўзига яраша принциплари бўлади. Сиз-да?
- Ўз принципларим бор, албатта, бу биринчи навбатда, нима бўлишидан, қандай ролга ёндошишдан қатъий назар, унинг моҳиятини, нима демоқчи эканлигини, режиссёр нима демоқчи, мен нима дейишим керак, у персонажни фильмнинг “А” нуқтасидан, “Б” нуқтасигача қандай фикрни юргазиб олиб бориши керак, шу нарсаларни билиб, ўрганиб чиқмагунимча, сценарий ва ўз устимда, ишлайман. Ўзимга берилган сценарийга ҳам ёзиб ташлайман, қанақадир белгилар, ҳарфлар, ёзиб қўяман, буни ҳеч ким тушунмайди. Уни ўзим тушунаман ва кўрганимда қаерда нима қилиш керак, қандай ҳолатда бўлиш керак, қандай фикр, ҳолатларнинг алмашиши, ҳаммасини режалаштириб, тушуниб оламан. Шундан келиб чиқиб, суратга олиш майдонига тайёр бўлиб бориш! Яна бир ҳар бир актёр қилиши керак бўлган, принциплардан бири, суратга олиш майдонига ярим соат олдинроқ бориш, роль матнини ёдлаб, қайтадан тайёрланиб туриш, катта актёрларга ҳурмат, кечикмаслик, пунктуаллик, умуман, оддий нарсалар-ку, лекин ҳозирги кунда баъзиларда бу нарсаларни учратиш қийин, назаримда. Ўзим тенги ёшларда, демоқчиман. Албатта, ёши катта актёрларимизни пунктуаллигига ҳавас қилса арзийди, бу нарсани биз улардан ўрганганмиз.
 
- Ўзингизни омадли актёрман деб ҳисоблайсизми?
- (самимий) Ҳа, албатта. Сабаби, масалан, институтни бир йилда 500-600 инсон битирадиган бўлса, мисол учун, биз билан бир вақтдагилардан, актёр Алишер Узоқов, актриса Шодия Тўхтаева, улар биздан бир курс юқорида ўқишган. Умуман, бир-икки йил оралиғидаги вақтни оладиган бўлсак, 4-5 та одам чиққан. Айтмоқчи бўлганим, актёрлар кўп, улар орасидан ажралиб чиқа олиш, бу ҳам бир омад.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-2.jpg
- Фаолиятингиз бошида дубляжга кўпроқ эътибор қаратгансиз...
- Дубляж соҳасида 2000 йилдан бошлаб, яъни радиодан сўнг, “Чархпалак” телесериалида суратга тушганимда, бадиий кенгашдан ўтганидан сўнг, ўша ерда Баҳодир ака деган инсон, “ўзингга ўзинг овоз берасан” деб таклиф қилганларидан бошланган. Шу ролдан бошлаб, дубляжда овоз беришни бошлаганман. Шундан сўнг, аввал кичик роликлар, кейин эса ролларга чақиришни бошлашган. (самимий) Ҳозирги кунда, агар 10 та фильм чиқаётган бўлса, камида 4-5 тасида бош қаҳрамонлар ролига овоз бераман. Дубляж мен учун, умуман, бошқа соҳа. Кинонинг ичида, лекин бутунлай бошқа дунё, дейиш мумкин. Сабаби, унинг қийинчилиги жуда ҳам оғир. Ролни 50 фоиз юқори кўтариб берадиган ҳам, 50 фоиз пастга тушириб берадиган ҳам бу овозлаштириш.
aktyor-akbarhoja-rasulov-27.jpg
 
- Ўзбек фильмларида, ўзига ўзи овоз бера олмайдиганларга, дубляжда сиз овоз берганингизда нимани ҳис қиласиз? Бу сизга бироз эриш туюлмайдими?
 - (ўйланиб) Биринчи навбатда, ҳар бир инсон ўзига берилган бошқа овозни эшитганида, қанақадир ёқимсизроқ туюлиши мумкин. Сабаби, ҳамма ўз овозига ўрганган, лекин шу билан биргаликда бу нарса томошабинларга ёқиши ҳам мумкин. Ҳар хил вазият бўлади. Дубляж студиясига келганимда, овоз текширилгандан кейин, биринчи проба берилади. Сизни тасдиқлашгандан кейин, овозингиз тушмаётганлигини ўзингиз сезсангиз, “йўқ овозим тушмади” дейишга ҳаққингиз бор! Менимча, шунақа ҳам қилиш керак. Чунки, фақатгина мен ишлай, овоз бераман, пул топаман, деб дубляж қилиб кетавериш менимча, нотўғри бўлса керак. Менинг ўзимда ҳам шундай вазият бўлган, мен овоз берганман, улар “бўлди, зўр” дейишган. Мен ўзим, “йўқ, мени овозим тўғри келмади” деб, чиқиб кетганман. (самимий жилмайиб) Қайси фильм эканлигини айтолмайман, чунки бу нарса орамизда қолган. Ҳеч қандай хафагарчилик бўлмаган, сабаби, бу иш, ижод, қандайдир изланиш! Бу нарсани тан олиш керак! Вақти келиб, масалан, мени ўзимга ҳам, режиссёрнинг ҳоҳиши билан актёр Алишер Узоқов, Адиз Ражабовлар овоз беришган. Умуман, олганда ҳамма нарса битта ғоя учун, битта фильм учун, битта якун учун қуриладиган бўлса, бошқа инсонга овоз беришни нотўғри тарафи йўқ, деб ўйлайман. Энг керакли принцип, роль ижро этган инсонга, ёмон овоз беришга ҳаққингиз йўқ! Энг ками, ўша баравар ишлашингиз керак. Умуман олганда эса, ундан кўпроқ ва юқори даражада қилиб ишлаб беришингиз зарур.
 
- Ҳозирги кунда умуман, шоу бизнесда, профессионаллар ва нопрофессионаллар ўртасида рақобат борлиги сезилади. Нима деб ўйлайсиз, бугунги кунда, шоубизнес ва кино соҳасида ҳам, қайси бири кўпроқ муваффақиятга эришишяпти, профессионаллар ёки нопрофессионаллар? Бунга сизнинг муносабатингиз?
- (ўйланиб) Энди бу ерда биринчи навбатда омадга ҳам боғлиқ! Кимдир ўн беш йил йил меҳнат қилиши мумкин, кимдир бир йил меҳнат қилиши мумкин, лекин бир хил натижага эришиши мумкин. (самимий) Буни тақдир ҳам дейиш мумкин. Буни тушунтириб бериш ҳам қийин. Мен ўзим ҳам, масалан 2000 йилда катта кинога кириб келган бўлсам, ҳозирги кунгача, секин-асталик билан эришдим, назаримда. Сабаби, инсонни ўзининг ҳоҳишига ҳам боғлиқ бўлса керак. (кулиб) Балки, ёшлигимда, тезроқ танилишга қизиқиш бўлган бўлиши мумкин. Бу энди ёшликда бўладиган нарса, ҳар битта инсон бу нарсадан ўтади. Бориб-бориб, сиз бу нарсадан йироқлашишни бошлайсиз. Қандайдир ўзгариш жараёнлари, босқичлари бор. Профессионаллар ва нопрофессионаллар тўғрисига келадиган бўлсак, ҳаёт ҳаммани  ўзининг жойига қўйиб қўяди, дейди-ку. Керак пайтда, керакли жойда, ким қанақалиги мисол учун, билиниб туради. Юқори авлод вакиллари билан ишлаганимда, улардан анча ёшлигим, уларга нисбатан кучсизлигимни сезаман. Лекин, бу дегани, уларга ёмон кўз билан қарашим керак дегани эмас. Аксинча, улардан ўрганиш, кўпроқ нарса олишга ҳаракат қилиш керак. Мисол учун, Ёдгор Саъдиев, Карим Мирходиевлар билан ишлаганда, мисол учун, кўпроқ ўзингиз шу нарсани билдирсангиз, улар ҳам сизга беришади. Агар ўзингиз қизиқмасангиз, уларни ҳам сизга бир нарса беришга ҳоҳиши ҳам бўлмаса керак, деб ўйлайман. Рақобат, эса ҳар доим бўлади ва бўлиб қолаверади.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-15.jpg
 
- Россия фильмларида ҳам суратга тушгансиз...
- Россия ва Украина давлатлари билан ҳамкорликда ишланган фильмларда суратга тушганман. Бу 2006 йилдан бошланган. “Застава” фильмида, Чимён тоғларида суратга олиш ишлари бўлиб ўтган. Ўша ерда мени четдан кузатиб юрган Евгений Сакуров деган трюк саҳналаштирувчи, бошқа бир фильмга тавсия этган. Ундан сўнг, улар мени Украинада суратга олинган “Сильнее огня” фильмига, 3 кунлик съёмкага чақиришган. (самимий кулиб) Албатта, роль катта эмасди, лекин, юқоридаги фикрдан келиб чиқиб, ролнинг катта-кичиги бўлмайди дегандек, аввалига кичик роллар ижро этиб, бориб-бориб, ҳозирги кунда Россия, Украина билан ҳамкорликда олинган фильмларда бош қаҳрамонлар роллари даражасигача чиқиб келдим.
 
- Сиз роль ижро этган Россия фильмлари намойиш этилганда, сизга ҳам эътиборли жиҳатлари бўлдими?
- Бўлган албатта. (самимий кулиб) Бу “Россиялик актёр”, деган тушунчалар чиқиб қолди. Шу ўринда айтиб ўтмоқчиман, мен ўзбек актёриман, ўзбек актёрлигимча қоламан, агар яна таклифлар бўлса, бизнинг менталитетимизга тўғри келадиган бўлса, албатта, чегарадан чиқилмайдиган, бизни халқимиз тўғрисида нотўғри фикрлари бўлмайдиган роллар бўлса, бундай ролларни ижро этишга розилик билдираман. Бу ҳам, қандайдир кичик ютуқ, деб ўйлайман.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-9.jpg
- Шунча йиллардан буён кўплаб фильмларда суратга тушиб келяпсиз. Россия фильмларида ҳам суратга тушдингиз. Лекин, нима учун ўз ижодингизда рекламага, промага эътиборсизроқсиз, ёки бу сиз фильмларида суратга тушган режиссёрларнинг айбими?
- (ўйланиб) Йўқ, эътибор етарли даражада, назаримда. Бу устозларимизнинг ўгитларига, маслаҳатларига бориб тақалса керак. Актёрни умуман, иложи борича, томошабинлар саҳнада ва экранда кўриши керак, деб ўргатишган. Шу нарса шунчалик миямга қуйилиб қолган, кўпинча тенгдош актёрлар, дўстларим, шу нарсани ўзимга айтиб, уришишади ҳам. Балки, камчилигим ҳам шудир? “Нега кам интервью берасан, нега телевиденияда кам кўринасан, нега ОАВ да кам кўринасан?” деган саволларни беришади. Балки, бу ишим нотўғридир, балки вақти келиб нега шундай қилган эканман, деб ҳам ўйлашим мумкин. Лекин, менимча, энг кераклиси ижод, ўзимни ишимни билиб қилсам, керакли инсон, ўзига керакли маълумотни ўз топиб олиши мумкин.
 
- Сиз учун қай бири муҳим: Ижодий завқланиш, кимдандир ўзиш, ёки ижодий мавқе?
- Ижодий изланиш! Фильмларда тушиш, театр саҳнасида роль ижро этиш, актёрга нима учун керак? Шу нарсасиз, у яшай олмайди, изланишсиз тура олмайди. Ёши катта актёрларнинг баъзилари нафақага чиққандан кейин, оламдан кўз юмишган. Сабаби, ижоднинг тўхташи ёмон оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин. Энг кераклиси, бу изланиш, жараён.
aktyor-akbarhoja-rasulov-24.jpg
 
- Ижод сиз учун?
- (ўйланиб) Ижод бу ҳаёт! Бу нарсасиз яшаш қийин. Ижод, кино, бу ўзингни, ўз фикрларингни ифода этиш, кўрсата олиш, умуман қандай ўйлаяпман, қандай яшамоқчиман, нима демоқчиман? Барчасини намоён этиб, кўрсата олиш.
 
- Умуман, ижод майдонингизда ўз ўрнингизни қандай деб ўйлайсиз?
- Билмадим. Инсон ўзига ўзи баҳо бериши қийин, лекин агар бу гапни четга суриб қўйсак. Унда, ҳаммаси ўз ўрнида, мен ўйлаган режалар бўйича кетяпти. Сабаби, мен ўзи машҳурлик, юлдузликка жуда ҳам интилмаганман, тўғриси.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-3.jpg
- Бунга бошидан ҳоҳишингиз бўлмаганми?
- (самимий кулиб) Бошида бўлган. Кейин институтни битириб, режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг студиясига борганимдан кейин, энг муҳими ўз ишингни билиб қилиш кераклигини англадим. Мисол учун, кимгадир керак бўлсангиз, сизни ҳоҳлаган жойдан топиб олишади. Менимча, фақат интервью бериш учун ишлаш нотўғри бўлса керак. Муҳими, мен ишлаяпман, бу мени ишим, касбим, (кулиб) агар банкир бўлсам, сиз келиб мендан ҳисоб варақаларини сўрардингиз.
 
- Ижодда курашувчанмисиз?
- Курашувчанман, ўзим билан ўзим курашаман. Бошқа актёрларда рақобат деган нарса бор, у актёр ундай қилибди, мен бундай қилишим керак, деган нарса менда йўқ. Ўзимни йўналишим бор деб ўйлайман, қайси маънодаки, оддийликни яхши кўраман. Мисол учун, режиссёрлар ҳам бир нарсани таклиф қилишса, келинг шуни оддийроқ қилайлик дейишга ҳаракат қиламан. Сабаби, оддийликни одамларга етиб бориши осон. Дубляждан мисол келтирсак, (дўқ оҳанги билан гапириб) “Қаерда эдингиз?” дейиш ўрнига, оддийгина қилиб, (самимий оҳангда) “қаерда эдингиз?” деса бўлади-ку. Чунки, ҳаётда шундай гапирилади. Шу маънода, иложи борича оддийлаштиришга ҳаракат қиламан. Томошабинни қабул қилиши ҳам осон бўлади. Масалан, биз уйга бориб, (драматик оҳангда) “менга овқат борми?” демаймизу, оддийгина “овқат борми?” деймиз. Шунинг учун, иложи борича оддийлаштириб, халққа яқинроқ қилиш керак, деб ўйлайман. Банк ходимини ўйнаган бўлсам, иложи борича шу соҳа инсонларининг терминларини ишлатишга ҳаракат қиламан. Лекин, асосийси бу эмас, фикр.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-20.jpg
- Ҳаётда бир тўхтамга келишингиз осонми?
- Ҳаётда, албатта, ўз олдимга мақсад қўйсам, унга эришаман. Деярли 90 фоиз, ҳамиша шундай бўлади. Чунки, қалб ва ақл бор, мен эса, кўпинча қалбимга қулоқ соламан. Чунки, менимча бошқача бўлиши мумкин эмас. Энди ақл билан ҳам иш қилиш керак, бир томондан бу ҳам тўғри. Бу ҳар доим баҳсли масала бўлиб келган, ақлга бўйсунайми, қалбгами? Менда эса, 70 фоиз қалб амрига қулоқ соламан. Барибир, ўша ичингиздаги “жиз” этган нарса тўғри бўлиб чиқади. Ўзи устозим ҳам айтгандилар, “кийим олишга борсанг ҳам, ўша кийим ўзи сени чақиради, эшитишни билиш керак” дегандилар. Шу нарса актёрда бўлиши керак, роль танлашда ҳам, ҳаётда ҳам. Ўзи характеримдан келиб чиқиб ҳам, йўлбарс йили, тарози буржида туғилганман. Йўлбарс то ўлжасини қўлга киритишни аниқ билмагунча, унга ташланмайди. Тарози эса, хато қилишдан қўрқади. Мен, шундан келиб чиқиб, иккиланишлардан 10 йиллар олдин жуда ҳам қийналганман, панд еганман. Кейин эса, психологияга оид китобларни ўқиб, ҳаётни ўрганиб, ўзимдаги бу нарсани енга олдим. Умуман, инсон психологияси шунақа даражада кучлики, уни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Мумкин бўлмаган нарсалар, аслида бемалол содир бўлиши мумкин, агар фақат ўлимни ҳисобга олмасак. Қолган ҳамма нарсани енгса бўлади. Шунинг учун ҳам, мен ўз характеримдаги иккиланишларни енга олдим.
 
- Ҳозир таваккалчимисиз?
- Ҳа, таваккалчиман! Лекин, таваккалчилик билан бирга, бирор нарсага эриша олмасам, мен бу нарсадан афсусланмайман. Демак, шундай бўлиши керак эди, дейман.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-16.jpg
- Актёрлик сизни нималарга ўргатди?
- Бу соҳа биринчи навбатда, қандайдир ҳаётни тушунишни ўргатади. Инсонларни кузатишга, фикрлашга ўргатади. Жуда ҳам нозиктаъб инсон бўлиб қолишингиз ҳам мумкин. Бу нарсадан эҳтиёт бўлишингиз керак. “Юлдузлик касаллиги” деган нарсалар бор. Лекин, санъатнинг энг кераклиси, фикрлашингиз мумкин, нимадир яратишингиз, яратмасангиз ҳам, бирор янгилик киритишингиз мумкин. Ваҳоланки, бу нарса жуда қийин бўлса ҳам. Боя айтганимдек, энг муҳими, бу жараён, шу нарсанинг ўзингиз исташингиз.
 
- Сизнинг-ча, актёр бир қолипга тушиб қолмаслиги учун нималар қилиши керак?
- Вақти келса, баъзи бир, бир хилликдаги роллардан воз кеча олиши керак. лекин, агар жуда ҳам кучли актёр бўладиган бўлса, дейлик, бугун бир комедик фильмда суратга тушса, кейинги сафар яна шундай роль таклиф қилишса, кучли актёр уни икки хил қилиб, ўйнаши мумкин. Агар шу нарсага куч топа олмаса, унда иложи борича бу ролни рад этиши керак, менимча. Сабаби, бир хиллик томошабинларни меъдасига тегиши мумкин, ўзини ҳам тўхтатиб қўйиши мумкин. Актёр ўзини ўзи кузата олиши керак. Ўзига ўзи кўзгу бўлиши керак. Мен ўзим битта амплуада ишламасликка ҳаракат қиламан. Мисол учун, “Севгинатор 2” фильмидаги ролим билан “Афғон” фильмини солиштирсак, умуман, бошқа-бошқа дунё. Гап ролнинг жиддий, салбий ёки ижобийлигида эмас, қандай инсон эканлигида бўлиши керак. Ҳар хил жанрдаги ролларни ижро этиш керак, тўғри, бу жуда ҳам қийин. Лекин, қўлдан келганча, ижро этишга ҳаракат қиламан.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-25.jpg
- Ижро қилиб келаётган ролларингиз ичида қай бири энг мураккаб бўлиб, ижро этишингиз қийин бўлган, ёки  ўзингиз учун қандайдир муҳим бир аҳамиятга эга?
- Ўзи ҳар биттаси қийин, жуда ҳам қийин. Албатта, ҳаммадан “бу ролинг яхши чиқибди” деган гапни эшитиш яхши. Мақтов ҳаммага ҳам ёқади. Лекин, шунгача бўлган меҳнат, мисол учун, ўзингиздан ўтганини ўзингиз биласиз. (ўйланиб) Шу кунгача 30 дан ошиқ фильмларда роллар ижро этиб келаётган бўлсам, орада, бешталикда ажралиб чиққан фильмлар ҳам бор. Бу дегани, қолганларда меҳнат қилинмаган, дегани эмас! Бу нарса бир менга боғлиқ эмас. Мен ўзим яқин орада маза қилиб ишлаган фильмларимдан, “Ўргимчак тўри” фильмида, “Афғон” фильмида маза қилиб ишладик, гуруҳ ҳам жуда яхши ижодий гуруҳ эди. Ўзи инсон ҳаётида, ҳаётга нисбатан қандайдир саволлар туғилади, шундай бўлдики, мен ўша вақтда жавоб учун, кетганман, десам ҳам бўлади. Ёлқин Тўйчиевдан “Афғон” фильмига таклиф олганимда, бу тўғри маънода, ўша пайтда энг керакли нарса бўлган. Бу нарсани айтишдан қўрқмайман, ўша пайтдаги ҳолат ҳамон эсимда. Актёр, дўстим Адиз Ражабов билан бирга ўтиргандик, “яхши фильм бўлсаю, шартта бориб суратга тушиб, ҳамма нарсани унутсанг” дегандик. Орадан бир оз вақт ўтиб, қарабсизки, шундай фильмга таклиф бўлиб, иккимиз ҳам унда ишлай бошладик. Ниятни холис қилиш керак. Бу билан бошқа фильмларда ёмон ижод бўлди, дегани эмас! Ҳар битта фильмда, ҳар битта ишлаган инсон билан қандай фильм чиқишидан қатъий назар, ўзим учун нимадир оламан. Қолаверса, мен фақат актёрлик эмас, режиссёрлик бўйича ҳам дарс олганман. Баҳодир Йўлдошевнинг студиясида ҳам ўқиганимда, актёрлик ва режиссёрлик бўйича ўқиганман. Балки вақти соати, келиб режиссёрликка ҳам қўл урарман? Кўрамиз, буни вақт кўрсатади.
 
- Ўзингиз ижро қилган ролингиздан қониқмаган ҳолатлар ҳам бўладими?
- Кўп бўлган. Ҳатто, ўша “Афғон” фильмини олсак ҳам, ўзимга маъқул бўлмаган жойлари бор. Инсонга энг кераклиси, ўзи билса бўлди. Бундай хатоларни газета ва телевиденияда айтиш шарт эмас, ўзи билса ва ўша хатоларни такрорламаса, энг кераклиси шу. Мен ўз ижодимдан камдан-кам қониқаман. Режиссёр ҳам шундай бўлиши керак. Мен мени мақтамайдиган режиссёрларни яхши кўраман. Сизни мақташдими, тамом, сиз ишлашдан тўхтаб қоласиз. Лекин, бир пайтнинг ўзида озгина қувватлаш ҳам керак. Бу нарса инсоннинг ўз характерига боғлиқ. Инсон бу нарсани ҳам тушуниб олиши керак. Масалан, бу шунақа режиссёр, у мақтамайди, деб тушуниши керак.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-21.jpg
- Ҳамкасбларингиз ва тенгдошлардан кимнинг ижодини кузатиб борасиз?
- Мен ўзим ёқтириб, маза қилиб кузатадиган актёрларим Карим Мирходиев, раҳматли Ҳожиакбар Нурматовнинг ижодини жуда ҳам ҳурмат қиламан. Афсуски, бирга роль ижро этиш насиб қилмаган. Тенгдошларимиздан, Алишер Узоқовни, Адиз Ражабовларни, мен уларни кучли актёрлар деб ҳисоблайман. Актрисалардан Муқаддас Ҳолиқова, Барно Қодирова, Гулбаҳор Йўлдошеваларни ижод тарафлама кучли деб ҳисоблайман. Энди, уни ажратиб, буни ажратиш нотўғри бўлса керак, деб ўйлайман. Одам экранда кам кўриниши мумкин, лекин ким қандай маҳоратга эга эканлигини яхши биласиз-ку. Шундай актёрлар бор.
 
- Журналист бўлганингизда қайси мавзуда мақола ёзардингиз?
- Агар журналист бўлганимда, ҳалигача шу нарсани ҳоҳлайман. Яқин-яқингача орамизда бўлиб, ўтиб кетган ва анча даврлар аввал ўтиб кетган актёрларимизни эслашга оид мавзуларда бир кўрсатувми тайёрлардим, ёки мавзулар бўлса, шуларни ёритишни ҳоҳлайман. Кўпчилик ёшлар улар ҳақида билишмайди. “Аббос Бакиров, Наби Раҳимов ким?” десангиз,  билмайдиганлар ҳам кўп. Лекин, билмаслик айб эмас, ўша нарсага қизиқмаслик айб бўлса керак, назаримда. Бизнинг соҳа вакиллари бу нарсани жуда ҳам яхши билишлари керак.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-8.jpg
- Актёрликдан ташқари, бошқа касбингиз, қизиқиш ва хоббингиз борми?
- Футбол ўйнашни яхши кўраман. Ёшлигиман футбол ўйнайман, ўтган йили озгина травма олганим учун, ҳозир ўйнай олмаяпман. Ўзимизнинг актёрлар ва режиссёрлар йиғилиб футбол ўйнаб турамиз. Китоб ўқишни ҳам яхши кўраман, бу хобби эмас, вазифаларимдан бири. Актёрликдан бошқа касбим йўқ, шунинг ўзи етарли.
 
- Ота-онангиз ҳамма ролларингизни кўриб, фикр билдиришадими?
- (ўйланиб) Бу ҳақида, биринчи бўлиб, раҳматли бувимлар Зумрад ойимларни эслаб ўтсам яхши бўлади. Зумрад ойимлар, ҳар доим телевизорда кичик болалар чиқса, “Қандай бахтли ота-онанинг фарзанди экан?” дердилар. Шу гаплари ҳалигача, қулоғимда қолган. Ҳар қандай актёр ва актрисанинг ота-онаси, минг роли қандай чиқишидан қатъий назар, хурсанд бўлишади, унинг учун жон куйдиришади. Ёмон бўлса ҳам, яхши деб туришади. (кулимсираб) Лекин, мени уйимда муҳит сал бошқачароқ. Уйда менга тўғрисини айтаверишади! Лекин, ҳар доим ҳам аслида бундай эди, деб уларга тушунтириб бера олмайсиз. Қанақадир танқид қилишади, тўғри бўлса тўғри, деб айтишади. Масалан, “Афғон” фильмидаги ролимга яхши фикрлар билдиришди. (кулиб) Лекин, Россия фильмларида тушганимда, ўзимизни фильмларда ҳам, қаҳрамонимни ўладиган саҳналари бўлса, уларга ёқмайди. Кейин, “Ўргимчак тўри” фильмида гиёҳванд ролини ўйнаганимга, ота-онам, ҳамда раҳматли бувимлар томонидан қаршиликлар бўлган. (кулиб) Яхши маънода, “унақа ролни ўйнамай қўя қол, болам” дейишган. Лекин, “бекор ўйнабсан, ўйнай олмабсан” деган роллари бўлмаган. Улар ҳам тушунишади, энг кераклиси мен изланяпман, ўз устимда ишлаяпман.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-1.jpg
- Мунтазам кўриб борадиган кўрсатувингиз борми?
- “Звездопад” кўрсатувини кўриб бораман. Бизни ўзимизнинг санъаткорлар ҳақидаги, кўпчилик билмаган сирларни очадиган, ёшларга ва катталарга ҳам қизиқарли бўлган, санъат соҳасидаги инсонларнинг ҳаётини ёритиб бера оладиган кўрсатув, деб биламан ва шу кўрсатувни жуда яхши кўраман.
 
- Шу яқин орада сизни таъсирлантирган фильм?
- Охирги вақтда, режиссёр Кустурицанинг “Папа в командировке” фильмини кўрдим. Инсон тақдири ҳақидаги фильмларни ёқтираман. Тўғрисини айтсам, мен даҳшатли фильмларни кўра олмайман. (кулиб) Гап қўрқишда эмас, қўрқмайман. Мен учун булар қандайдир сунъий туюлади ва қизиқарли эмас!
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-12.jpg
- Бугунги кунда шоубизнес соҳасида сизни ташвишлантирадиган ҳолатлар?
- Мобиль телефонлар! (кулиб) Сабаби, яшириб ўтирадиган нарса эмас, дейлик шу соҳа вакиллари у-бу жойга съёмкага боришлари мумкин. Сизни четдан телефонга съёмка қилиб олиб, сиз ҳақингизда нотўғри бўлган фикрларни чиқариб юборишлари мумкин. Ҳамма ҳам, актёр ҳам, инсон, лекин бу дегани, ёмон ишлар қиляпти, дегани эмас! Мени ўзимда бундай нарса учрамаган, учрамасин ҳам. Мен, умуман олганда, деб айтяпман, инсонларда ёмон фикр уйғотадиган нарсаларни телефонларга чиқариб юборишяпти. Ижод тарафлама эса, энди чиқиб келаётган ёш актёр ва актрисаларда, ишга бўлган профессионализм бироз етишмаяпти, деб ўйлайман. Масалан, бу нарса ўзимда ҳам бор, одам ўзининг айбларини ўзи билади. Лекин, актёр билиши ва қилиши керак бўлган, оддий элементар нарсалар бор. Масалан, катталарга ҳурмат, у инсон ўзи ким бўлишидан қатъий назар, қолаверса ролга бўлган муносабат, жиддий ёндошиш, кадрда юз кўриниши эмас, роль ижросига эътибор қаратиш, бир гап бор, “қалбингизни грим қилинг” дейилади. Устингиздаги кийим ва грим, бўладиган нарсалар, улар ҳақида қайғурадиган инсонлар бор. Ҳар бир образнинг ички дунёси бўлиши керак. Энг кераклиси, роль устида ишлаётганда, ўша нарсага жиддийроқ ёндошиш керак. Съёмка вақти баъзилар, “мана бунақа олинг, унақа олинг” дейишади. Суратга олаётганлар қандай олишни ўзлари яхши билишади, энг кераклиси ўз ишингни қил, ролингни ижро эт, қолган ҳаммаси бўлади. Оддий нарсалардан биттаси, суратга олиш майдонига кечикиб келиш. Жуда ҳам кўп учрайдиган, тўғриси, мени жаҳлимни ҳам чиқарадиган ҳолатлар! Дейлик, кадрда Фурқат Файзиев турибди, суратга тушадиган актёр ёки актриса, бир-икки соатлаб, (ярим соат эмас!) кечикиб кириб келяпти. Ёки ухлаб қолиш вазиятлари ҳам бўлиб туради. Бу ўша инсонларни ўзига бўлган ҳурматсизлиги, деб биламан. Сабаби, бу соҳада ишлаяпсанми, бошқаларни ҳам ҳурмат қилиш керак.
 
- Севгининг ҳаётингиздаги ўрни?
- Жуда ҳам катта. Актёрга ҳаводек керак бўлган нарсалардан биттаси, бу севги бўлса керак. Ҳиссиётлар, кечинмалар, ҳис-туйғулар бу нарса бўлмаса, мумкин эмас. Ҳаётда бир марта бўлса ҳам севиб кўрмаган инсон, қандай қилиб кадрда севгини кўрсатиб бера олиши мумкин? Бу туйғусиз роль ижро этиш, жуда ҳам қийин. Худди сиз ролингизда самолёт бошқараётган бўлсангизу, қандай бошқаришни билмасангиз, буни томошабин барибир сезади. Худди шунақа гаплар.
aktyor-akbarhoja-rasulov-23.jpg
 
- Ўзингизнинг ҳаётингизда шундай ҳолат бўлганми?
- Шахсий ҳаётим ҳақида гапиришни ҳоҳламайман.
 
- Шахсий ҳаётингиз ҳақида эмас, фақат ҳаётингизда кутилган севги бўлганми йўқми? Ўзингиз айтдингиз-ку ҳозир...  Ёки ҳозир кутяпсизми? Тўғри, албатта, севганингиз борми, у ким деган саволлар жуда ҳам эски ва шахсий ҳисобланади.
- (кулиб юборади) Бўлиб ўтган. Балки, ижро этаётган ролларимда, у инсон кўриб, шу нарсани сезар, билар ҳам... Бу нарса фақат ёрдам беради. (ўйланиброқ) Бундан афсусланиш ҳам керак эмас, назаримда.
 
- Демак, сизни ўз севгисини кутяпти, дейиш ҳам мумкин...
- Ҳа, балки...
 aktyor-akbarhoja-rasulov-17.jpg
- Агар севгингизга оилангиздагилар қарши бўлишса? Ҳозирги кунда бу нарса фильмлар мавзусида ҳам кўпайиб кетди. Ҳаётда ҳам жуда кўп.
- Менимча, ҳаётда энг қийини, ўша бир қарорга келиш. Танлашингга тўғри келиб қолиши, жуда қийин нарса. Энг қийини, албатта, ота-онангни сени қарорингга йўқ дейишлари. Мен ўзим ҳали бу нарса билан тўқнашганим йўқ! Лекин, агар шу ҳол юз берса, мен биринчи навбатда, шуни айтишим мумкин, ота-онамдан келиб чиқиб айтаман, улар ҳар доим мени фикримни ҳурмат қилишган, қадрлашган. Улар балки қарши бўлишмас, балки қарши бўлишар? (ўйланиб) Билмадим. Лекин, энг кераклиси, мен эркак киши сифатида, ўз қарорим учун курашишим керак, менимча энг тўғриси шу бўлса керак! Ота-онам йўқ деди, деб севгидан воз кечиб кетиш, менимча нотўғри бўлса керак. Бу жуда ҳам нозик масала, барибир. Бу ерда ота-онани ҳам кўнглини оғритмаслик керак, севган ёрингизни ҳам кўнглини ранжитмаслик керак. Танганинг бошқа тарафи, нима қилиш керак? Ота-она тараф бўлсангиз, ота-онангиз бахтиёр, ўзингиз бахтсиз бўласиз. Ёки, сиз бахтли бўлсангизу, ота-онангиз сиздан хафа? Аммо, ота-она розилигисиз бир иш қилиш, менинг табиатимга зид. Лекин, барибир севгим учун, курашган бўлардим!
 
- Агар севган инсонингиз сизни танқид қилса?
- Танқиди ўринли бўлса, қабул қиламан.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-5.jpg
- Агар танимаган инсонингиз бирор премьерами, у бу жойда келиб, танқид гапларни юзингизга гапирса?
- Бунга ҳам тўғри қарайман. Баъзилар, “тўғри қарайман” дейди-ю, лекин аксини қилишади. Менда бундай эмас, ростдан ҳам тўғри қарайман.
 
- Аёл киши ҳам жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши керак. Ҳозирги кунда аёлларнинг ишлашига қандай қарайсиз? Масалан, ўзингиз бўлажак рафиқангизга ишлашига рухсат берармидингиз?
- (ўйланиб) Ишлашига қарши эмасман, лекин аёлларга алоқадор касб бўлса, яхшироқ бўларди. Масалан, оғир касбларда қабул қила олмайман. Агар бўлажак рафиқам, уй-рўзғор, болаларни тарбиясини жойига қўйиб қўядиган бўлса, шу нарсалар кучи етса, нима учун ишлашига рухсат бермаслигим керак?
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-22.jpg
- Актрисага уйланган бўлармидингиз?
- Агар севиб қолсам уйланган бўлардим, лекин, битта оилага битта актёр етарли, деб ўйлайман. Шунинг учунми, буни ҳоҳламаган бўлардим. Агар у актрисаликдан воз кечиб, шунга яқинроқ бошқа касб қилса, майли... (кулиб) Таниш режиссёрлардан бири, “агар актёр актрисага уйланса, оилада кўзгу талашиш туфайли, жанжал келиб чиқади”,  деганди. (кулади)
 
- Театрда ҳам роль ўйнашингиз мумкинми?
- Театрда ҳам ишлаганман. “Ёш томошабинлар” театрида бир йилдан ошиқроқ вақт ишлаганман, шу театр ёққанлиги учун! “Удивительная история” деган рус тилидаги спектаклда, бош ролни ижро этганман. Яқинда ҳам таклиф қилишди, бориб ролимни ўйнаб келдим. 9 ёшли бола ролини, ролим эсимда экан! Театр, актёр учун энг керакли ижод манбаи, дейиш мумкин.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-11.jpg
Қисқа саволлар:
 
- Ўзингиз бирор ичимликни, ўзингиз учун кашф қилганмисиз?
- (кулиб) Ёшлигимда, чойга жўхори попукларини солиб, қайнатиб, унга шакар қўшиб, ичишни жуда ёқтирардим. Яна бир мен кашф қилмаганману, ўзи олдиндан бор ичимлик, газсиз сувга лимон суви қўшиб, шакар солиб ичиш. Миллий ичимликлардан айрон ва қимиз ёқади.
 
- Суратга олиш майдонига қадам қўйганингизда, биринчи нимани ҳис қиласиз?
- Биринчи навбатда, “Нима бўлар экан? Қандай бўлар экан?” деган саволларингиз кўп бўлади. Янги гуруҳ бўлса, бир четда туриб, бироз кутасиз, кейин эса, улар билан муомалага қўшилиб кетасиз. Энг биринчи навбатда, барибир “Нима бўлар экан? Қандай бўлар экан? Қанақа ишланар экан?” қанақадир саволлар бўлади. Режиссёр сизнинг фикрингизга қўшиладими, йўқми?
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-7.jpg
- Режиссёрларга эътироз билдирган вақтингиз ҳам бўладими?
- Бўлади, лекин бу ишингиз нотўғри, деб эмас! Мана бундай қилсак-чи, деган маънода фикр билдиришим мумкин. Мен қандай бўлишидан қатъий назар, биринчи навбатда режиссёрнинг фикрига қулоқ соламан!
 
- Қайси рангни ёқтирмайсиз?
- Қизил рангни! Классик жанрдаги рангларни ёқтираман, оқ, қора ва жигарранг.
 
- Нимани ҳеч қачон ўргана олмайсиз?
- Аёл кишига қўл кўтара олмайман.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-10.jpg
- Ҳар қандай эркак нимани унутиши керак эмас?
- Ҳар қандай эркак ўзининг эркаклигини унутиши керак эмас. Нима бўлганда ҳам, эркакчасига иш тутиши керак, назаримда.
 
- Сизни энг ҳайрон қолдирган ҳолат?
- (кулиброқ) Бир жойга меҳмонга борганимизда гувоҳи бўлганман. Бир инсон, тақсимчани тишлаб еб ташлаган. Аввалига у кишини, бошига тақсимчани уриб синдира олади, дейишганди. Кейин, бизни ҳайрон қолдириш учун бўлса керак, кутилмаганда, тақсимчани четидан тишлаб еб, ортидан фанта ичиб юборган. Ҳозир у инсон, тирик ва соғ-саломат.
 
aktyor-akbarhoja-rasulov-13.jpg
- Онангизга қилган биринчи совғангиз?
- Радиотелефон янги чиққан вақтда, биринчи бўлиб, уларга совға қилгандим.
 
- Болалигингизда сиз яхши айта олмаган сўз?
- Милиция сўзини айта олмаганман.
 
- Ҳар куни эрталабки доимий одатингиз?
- (кулиброқ) Нонуштадан аввал, албатта бир стакан газсиз сув ичиш.
 
marosim_boshlanishidan_oldin-5.jpg
- Ватан қадри ?
- Четга чиққан инсон бу нарсанинг қадрига етади. Мусофир бўлган инсон, ўз Ватанининг қадрига ета олади. Масалан, ўзимизнинг пахта гулли пиёламизнинг қадрини, мен четга чиққанда билганман. Мисол учун, биз ҳар куни, эрталаб шу пиёлада чой ичамиз. Биз бунга ўрганганмиз. Шундай бўлиши керак, деган тушунча бор. Лекин, кутилмаганда шу нарса йўқ бўлиб қолса, сиз ҳар доим ҳам, шундай бўлмаслигини тушунасиз. Ҳаётда ўзи, инсонларда, шундай бўлиши керак, деган тушунча мавжуд. Масалан, қази, ош, шундай бўлиши керак, овқат, еймиз. Лекин, билмаймизки, чет элдагилар учун бу қандай зўр нарса, улар қандай қадрлайди. Масалан, бизнинг паловимизни, патир нонимизни бутун дунё билади. Ҳамма, яхши кўраман, қадрлайман, дейиши мумкин. Лекин, барибир мусофир инсон  кўпроқ қадрлайди, назаримда.
 
- Бошқа давлатдаги суратга олиш ишларида, сизни ҳайратга солган ҳолат?
- Суратга олиш гуруҳидан украин йигит келиб, “Сизларда бир ёзувчи бор, исми ёдимда йўқ, лекин у “Шум бола”ни ёзган. Мен у китобни ўқиганман” деган. Ўшанда уни шу нарсани билганлиги ва ўқиганлиги менга таъсир қилган, ўша ерда ҳам, “Шум бола”ни топиб, ўқиганларидан ҳайратланганман, фахрланиб кетганман.

Саида Вахобова

 

aktyor-akbarhoja-rasulov-29.jpg

 

premera_said_muhtor-32.jpg

 

premera_maryam-2_0.jpg

 

mashhurlar-48.jpg

 

film_alisher_uzoqov-43.jpg

 

film_alisher_uzoqov-32.jpg