FIDE ХАЛҚАРО ШАХМАТ ФЕДЕРАЦИЯСИ ГРАН-ПРИСИ ТУРНИРИНИНГ ЁПИЛИШ МАРОСИМИДАН 09.12.2012 06:25
4 декабрь куни Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида FIDE Халқаро шахмат федерацияси Гран-приси турнирининг тантанали ёпилиш ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
21 ноябрь куни очилиш маросими бўлиб ўтган мазкур турнирда, 11 кун мобайнида жаҳоннинг 12 нафар энг кучли шахматчиси ўзаро куч синашди.
Юртимизда шахмат бўйича бундай юқори даражадаги шахмат турнири илк маротаба ташкил этилди.
1. Ван Хао (Хитой) 1989 йил 4 августда таваллуд топган.
2. Борис Гельфанд (Исроил) 1968 йил 24 июнда таваллуд топган
3. Леньер Домингес Перес (Куба) 1983 йил 23 сентябрда туғилган.
4. Гата Камский (АҚШ) 1974 йил 2 июнда туғилган.
5. Фабиано Каруана (Италия) 1992 йил 30 июлда туғилган.
6. Сергей Карякин (Россия) 1990 йил 12 январда туғилган.
7. Рустам Қосимжонов (Ўзбекистан) 1979 йил 5 декабрда таваллуд топган.
8. Петер Леко (Венгрия) 1979 йил 8 сентябрда туғилган.
9. Шахриёр Мамедьяров (Озарбайжон) 1985 йил 12 апрелда туғилган.
10. Александр Морозевич (Россия) 1977 йил18 июлда туғилган
11. Руслан Пономарев (Украина) 1983 йил 11 октябрда туғилган.
12. Петр Свидлер (Россия) 1976 йил17 июнда туғилган.
Ҳамюртимиз Рустам Қосимжонов якуний беллашувда Борис Гельфандга қарши чиқиб, дуранг натижага эришди.
Тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон шахмат федерациясининг раҳбар ўринбосари, мусобақа бош ҳаками Ҳусан Турдиалиев ва
Халқаро шахмат федерацияси президенти Кирсан Илюмжиновлар сўзга чиқишди.
Навбатдаги фикрлашилган режалар: Аёллар ўртасида ФИДЕ Гран-присини пойтахтимизда ўтказиш, 2013 йилнинг кузида шахмат бўйича талабалар халқаро турнирини ташкил этиш, шаҳримизда Шахмат саройини барпо этиш, Халқаро шахмат академиясини ташкил этиш, болалар шахмат мактабини очиш, “Мактабда шахмат” дастурини амалга ошириш ва бошқалар...
Турнир ғолиблари эълон қилинди:
1. Сергей Карякин (Россия)
2. Ван Хао (Хитой)
3. Александр Морозевич (Россия)
Ҳамюртимиз Рустам Қосимжонов эса олтинчи ўринни эгаллади.
Ғолибларга диплом ва мукофотлар, ҳамда барча 12 нафар шахматчига Фонд Форум ва GULI брендидан совғалари топширилди. Шунингдек, Рустам Қосимжоновга эса, Ucell компаниясидан ҳам махсус совға топширилди.
FIDE Халқаро шахмат академияси президенти Кирсан Илюмжинов: - Турнир жуда ҳам юқори даражада ўтди. Шахматчиларнинг иқтидор, салоҳият даражали ҳам жуда юқори эди. Охирги ўйингача ким ғолиб бўлишини тахмин ҳам қила олмадик, баҳсларга сабаб бўлди. Ҳамма иштирокчилар албатта, биринчи ўрин учун курашдилар. Жуда ҳам кучли ўйинларга бой турнир бўлди, десам янглишмайман. Мазкур турнирни бунчалик юқори савияда ўтказилганлиги учун ташкилотчиларга, Фонд Форумга, Гулнора Исломовна Каримовага ўз миннатдорчилигимни билдираман. Келгуси йил эндиликда аёллар ўртасида ҳам Гран при турнири ўтказиш ниятидамиз. Келгуси йил сентябрь ойида эса, талабалар халқаро турнирини ўтказамиз. Бу борада ҳомийлар ҳам ҳозирдан ўз таклифларини билдирмоқдалар. Ўзим Тошкентга 1978 йилда илк марта турнирда қатнашиш учун келган эдим. Орадан шунча вақт ўтди, Ўзбекистон ривожланиб шундай юқори даражага эришди. Бу гал келганимда ўзига хос илиқ муҳит менга жуда ҳам маъқул бўлди. Инсонлар кўзларига қувонч, илиқлик, нафақат иқтисодий, балки спорт ва маданият тарафлама ҳам юксак даражадаги ўсиш, мени қувонтирди. Бу ерда инсонларда ўзига хос позитивлик бор, дунёнинг кўп давлатларида бўлганман, лекин ҳеч бир юртда ўзбеклардаги каби позитивлик, меҳр-оқибатни ҳис қилмаганман. Юртингиздаги тинчлик ва фаровонлик абадий бўлсин!

Шахмат бўйича 17-жаҳон чемпиони (Ўзбекистон) Рустам Қосимжонов: - Бундай турнирнинг Республикамизда биринчи марта ўтказилиши! Бу супер турнинг жаҳон чемпионатининг бир қисми ҳисобланади. Турнирдаги баҳслар жуда ҳам мураккаб кечди. Бу ерда дунёнинг энг кучли шахматчилари йиғилган ва ҳамма кучли ўйнади. Турнир юқори даражада ўтди. Бундай турнир ёшларнинг шахматга бўлган қизиқишларини янада оширади, деган фикрдаман. Шахмат ёшларни тез фикрлаш, қарор қабул қилиш, вақтни тежаш, фойдали иш билан шуғулланишга ўргатади.

Шоир Бобур Бобомурод: - Шахмат Шарқда азалий анъаналардан биридир. Қадимдан олимларимиз, уламоларимиз ҳам, бобокалонларимиз ҳам, шатранж яъни шахмат ўйнаганлар. Бу ҳақида ёзилган достонларни ҳам биламиз. Бу бизнинг маданиятимиз ва тарихимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Масалан, буюк саркарда Амир Темур шахмат тахтаси атрофида, қанча муҳим масалаларни ҳал этишган. Шу маънода, айтсак, шахмат бизга бегона эмас! Мана шунча кун давомида ўтказилган турнирни кузатдик, жуда қизиқарли ва баҳсли турнир кечди. Ўйлайманки, бизнинг юртимизда бундай турнирларнинг ташкил қилиниши, жуда ҳам керак. Шахмат ақл гимнастикаси ва халқимиз орасида, унга бўлган қизиқиш катта.

FIDE Халқаро шахмат федерациясининг Мукофот фонди гран-прининг ҳар бир босқичи учун 170 минг еврони ташкил этади (сумма барча иштирокчилар ўртасида тақсимланади). Ucell, Asia Insurance, InfinBank, Ekopen, UzTex каби компаниялар гран-прини юртимизда ўтказиш ишларига ҳомийлик кўмагини кўрсатишди. Юртимизда ўтказилган FIDE гран-приси Халқаро шахмат федерацияси аъзоси бўлган 170 мамлакатга тўғридан-тўғри эфирга узатилди.
Гран-прининг илк босқичи сентябрь ойининг охири, октябрь ойининг бошида Лондонда ўтказилган эди. Унда биринчи ўринга Борис Гельфанд (Исроил), иккинчи ўринга Шаҳриёр Мамедёров (Озарбайжон) ва учинчи ўринга Веселин Топалов (Болгария) сазовор бўлишганди. Икки йил ичида умумий олтита босқич ўтказилади. Гран-при сериясининг натижаларига кўра, олинган очколарнинг умумий ҳисобига кўра ғолиб аниқланади. Ғолиб ва иккинчи ўринни олган ўйинчи 2014 йилда номзодлар турнирида иштирок этади. Гран-прининг учинчи босқичи 2013 йилнинг апрель ойида Португалия пойтахти Лиссабонда ўтказилади.
Саида Вахобова








