FATTOHHON.COM
« Все новости
“МАЛИКАДА ЙИГИТЛАР ВА ШУҲРАТДА ҚИЗЛАР”, “ҲОЗИРГИ ЙИГИТЛАРГА ЖАВОБ БЕРИБ БЎЛМАЙДИ”! ҚВЗ КОНЦЕРТИДАН 10.12.2012 13:11

9-10 декабрь кунлари, 2 кун давомида 4 сеансда, «Истиқлол» санъат саройида, барчанинг бирдек севимли гуруҳи бўлган ҚВЗ яъни, “Қувноқлар ва зукколар” терма жамоасининг концерти бўлиб ўтди.

2 кунлик, 4 сеанслик концертнинг ҳар бир сеанси ўзига хос бўлди, десак янглишмаймиз.
Концерт меҳмонлари (саҳнада қўшиқ куйлаганлар):

Шохруххон,

Лола,

“Ато” гуруҳи,

“Божалар” Жаҳонгир Позилжонов.







Концерт томошабин меҳмонлари: (4 сеанс давомида) хонандалар Райҳон, Нилуфар Усмонова, Улуғбек Раҳматуллаев, Динейра, Ойбек ва Нигора, Умидахон, хонанда, актриса ва телебошловчи Ойхон Ифорзода, актрисалар Райҳон Уласенова, Шаҳзода Матчонова, Ҳалима Ибрагимова, актёр Алишер Узоқов, Умид Искандаров, Шерзод Бин, режиссёр ва актёр Жавлон Шодмонов, раҳматли Мўмин Ориповнинг рафиқаси Камолахон ва ўғли Билолхўжа, шоир Бобур Бобомурод, “Аъло” FM радиосидан Олимхўжа Азимов, сўз устаси Шукурилло Исроилов ва бошқалар...

Концерт ташкилотчиси “Kabulov Group”

Концерт режиссёри Шукурилло Маҳкамов

Бошловчи Олимжон Худойназаров

Кадр ортида терма жамоа сардори Бекзод Комилжонов

Концертда журналист Даврон Кабулов ўзининг ўткир сўзлари билан эндиликда йигитларни нишонга олди. “Маликада йигитлар, Шуҳратда эса қизлар” сўзлари шунчаки хамир учидан патир бўлиб, энг асосий гап концерт ниҳоясида янгради. Даврон Кабулов бир сўз билан айтганда, йигитларга йигит киши учун “ҳақиқий кайф” қандай бўлишини тарбиявий тарзда тушунтириб берди. У отасининг ўгитлари ҳақида сўз очиб, йигит киши учун ўз кучи билан оёққа туриб, маъқул ва одобли-аҳлоқли қизга уйланиб, оилали, фарзандли бўлиш ҳақиқий ҳаёт лаззати эканлигини айтганида, кўпларнинг унга нисбатан ҳурмати янада ошганлигига шубҳа йўқ.

Бу галги ҚВЗ терма жамоасини концертда бугунги кунда жуда ҳам долзарб бўлган муаммолар ҳажвий талқинда кўрсатилди. Масалан, талабаларнинг тўлов шартнома, яъни контрактда ўқиш масаласи, “прописка” масаласи, қизларнинг ота-онасини алдаши, йигитларнинг бир сўзли эмаслиги, ғийбатга берилганлиги, фонограмма ва ўғирланган қўшиқлар, фильмлар, қизлар тарбияси, “альфонс”ликка шай куёвлару МТС, ҳаттоки, киракашлару бензин муаммоси ҳам четда қолиб кетмади. Намойиш қилинган чиқишлар, халққа яқинлиги билан томошабинлар эътиборини тортди.


Чиқишлардан, долзарб муаммолар “Вир ва Зара” талқинида, “Эълонлар” , “Суннат қилинган бола дарди” чиқишларида, ҳамда Даврон Кабуловнинг сўзларида, унинг “футболчилар талаблари”ни эълон қилганида, томошабинлар томонидан кучли кулги ва олқишлар бўлди!

Концертнинг яна бир янгилиги, шубҳасиз ҚВЗ қизлар терма жамоаси бўлди. Қизлар тарафидан ҳозирги кундаги йигитларнинг салбий жиҳатлари ҳажвий талқинда кўрсатиб берилди. “Қизлар разборкаси”, Муниса Ризаева ва “Уммон” гуруҳи дуэти пародияси, томошабинлар томонидан яхши кутиб олинди.

Концерт ҳақиқий шоу тарзида ташкиллаштирилган бўлиб, 98 фоиз янгилик бўлди. Томошабинлар эса, мазкур концертда ҚВЗ терма жамоасининг кўпроқ чиқишини кутишганди. Даврон, Миркомил, Отабек, Аҳмад, Алишер, Умиднинг чиқишлари ўзига хос бўлди.

Концертда анъанавий чиқишларни ва мавсумий ҳазилларни ҳам, янгиларидан бир тарихий саҳна кўриниши тарзидаги “Цезарь” номери ва “Клиплар намойиши”. Қолган чиқишлар эса, бариси кутилмаган бўлди.

Шунингдек, саҳнадаги концерт меҳмони бўлган хонандалардан Лола ва

Шохруххоннинг қўшиқларига саҳнавий кўринишлар ҳам намойиш қилинди. Шохруххоннинг саҳна кўринишида, унинг клипларидаги ҳолатлар кўрсатилган бўлса,

Лоланинг клипида эса, икки хил севишган жуфтликларнинг ҳатти-ҳаракатлари, оила қуришлари ҳамда, қўшиқ якунида, Лоланинг ёнига чақалоқ билан келишлари оригинал чиқди.

Хонанда Жаҳонгир Позилжонов концертнинг биринчи куни, кечки сеансида, саҳнада томошабинлар билан сўзлашиб туриб, кутилмаганда, юқори пардаларда бир шингил жонли ижро ҳам қилиб юборди!


Умуман, Жаҳонгир Позилжоновнинг саҳнада ўзи эркин тутиши ва ҳазиллари, томошабинларни жуда ҳам қувонтирди.

Концертнинг иккинчи куни кечки концертда Жаҳонгир Позилжонов ўзининг илгариги ҚВЗ даги фаолиятини эслаб, концерт бошловчиси Олимжон Худойназаровга алоҳида миннатдорчилик ҳам билдирди.


Концертда нафақат чиқишлар янгилик бўлди, балки журналист Даврон Кабуловнинг имиджи ҳам оригинал бўлиб, томошабинлар томонидан унинг яшил костюм-шими (янги фасон) ўзига ярашганлиги ҳам алоҳида эътироф этиб ўтилди.

Энг муҳими, концертда ўта бачканаликка йўл қўйилмади. Агар ҚВЗ ни хушкайфият ва кулги шоуси деб эътироф этсак, кулги ҳеч қачон жиддий таҳлил қилинмайди, деган фикрдамиз. Муҳими ўша кулги, тарбиявий аҳамият учун хизмат қилса, кимнидир фикрларини ижобий тарафга ўзгартира олса!
Концерт юқори кайфиятда ўтди, концертга дам оламан ва маза қилиб куламан, деб келган ҳар бир томошабин кўтаринки кайфиятда кетди, юзида табассум бўлмаган томошабиннинг ўзи бўлмади, деб бемалол айтиш мумкин.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова































