FATTOHHON.COM
« Все новости
ШАҲНОЗ: МУДДАТНИ МЕН ТАНЛАГАНИМ ЙЎҚ... 12.12.2012 07:28
ИНТЕРВЬЮ "ТАСВИР" ГАЗЕТАСИДА ЧОП ЭТИЛГАН
- Бу йил жонли ижродаги концерт бераётган хонандалар орасида, ягона аёл хонандасиз. Шу сабабданми, баъзилар орасида, “3 кунлик концерт кўп эмасмикан? Зални тўлдира олармикан?” деган гаплар айлана бошлади. Шундан келиб чиқиб, айтмоқчиманки, биринчи марта яккахон концерт беришингиз, дарҳол 3 кун катта муддатни танлашингиз сабаби?
- Бу 3 кун муддатни мен танлаганим йўқ. Бу тақдиримда ёзилган кун экан. Лекин, қачондир нимадир бўлиши керак. Бу аниқ имтиҳон, синов! Дейлик, талабага имтиҳон қандай бўлади? Эртага имтиҳон, дейилади, тамом. Талаба бир кун қолган бўладими, барибир ўша имтиҳонга тайёрланиб улгуради. Бу ҳам худди шундай. Концерт кунлари одатда, 2 ёки 3 кун қилиб белгиланади. Белгиланган сана 3 кун экан, рози бўлдим ва буни ўзим учун синов деб қабул қилдим. Мени хонанда сифатидаги имтиҳоним шу кунга аталган экан, демак, бу тақдир! Исботи нима бўлиши мумкин? Фақат қийинчиликларга бардош бериш! Қайси маънода? Яъни, ҳаммани бир ерга жамлаш! Мусиқачилар, ҳаммаси жонли ижрода чала оладиган бўлишлари керак. Қарс икки қўлдан чиқади. Икки ойдан буён тинимсиз репетиция қиляпмиз! Албатта, осон эмас, мусиқачиларни тўплаш, ҳар бирига ўз репертуарингизни бериш, уларнинг чалиб кўриши, бир-биримизни ижодий қобилиятимиз ва характеримизни текшириб олиш керак, қолаверса уларнинг ҳам ўз ишлари, режалари, оиласи бор! Ҳаммасига улгуриш керак! Менга шунчалик ишонч билан, шароит яратиб беришган экан, мен ҳам масъулият билан қарашим керак! Зал тўлиш-тўлмаслиги ва бошқа нарсалар, аввало Аллоҳдан ва қолаверса, ҳар доим жонли ижро шайдоси бўлган мухлисларимга боғлиқ! Менинг мақсадим, фақат шу йўналишни очиб берсам, ҳаммада бор бўлган, жонли ижро ҳақидаги орзу-ниятларни амалга ошириш мумкин, демоқчиман. Чунки, кўпчилик созандалардан хавотир олади, жонли ижрода яхши чала оладими, дейди. Мени йўналишим шарқона йўналиш билан синтез поп-рок бўлгани учун ҳам, кўпчилик хонандаларга қизиқарли бўлса керак. Чунки, ўша шарқона йўналиш билан синтез поп-рокни, асл ҳолатини чиқариб беришга ҳаракат қиляпмиз. Ҳеч қайси қўшиғимни бузмасдан, ким фонограмма ҳолатида қандай эшитган бўлса, ортиқча безак бермасдан, жонли созлар билан худди шундай мухлисларга етказилади. Лекин, орасида янгилиги ҳам бўлади, чунки бу ахир жонли ижро! Мен ҳар битта созандани мени қўшиғимга нисбатан бўлган фикрини билишим керак эди, шунинг учун ҳам ҳар битта созанданинг қўшиқларимга бўлган ҳурмат-эътиборидан миннатдорман. Бу асосан, икки тарафлама ҳамоҳанглик. Биз ўша аранжеровкадаги ҳар битта товушни, созандалар ижросида, жонли ижрода бўлишига ҳаракат қиляпмиз. Созандалар гуруҳини айтиб ўтадиган бўлсам, улар аллақачон халқ кўнглидан жой олган ҳақиқий профессионал созандалар. Булар: устоз бастакор Алишер Икромов ва симфоник оркестр билан, “Сато” гуруҳининг бадиий раҳбари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоир Қўзиев тамбурда, ҳозирги кунда фақат жонли ижрода куйлайдиган “Серенада Ижод” гуруҳи бадиий раҳбари гитарист Нодир Тошхўжаев ва концерт дастурининг бадиий раҳбари Жасур Бадалбоев, қолаверса, ҳамма хонандаларимизга таниш бўлган Маъруф ака доирада, Маъмур ака дуторда, Олим ака Ҳакимов табла-перкусияда, жуда кўпчиликни йиғишга ҳаракат қилдим. Ҳаммалари рози бўлиб қатнашаётганликлари ва мени қўллаб-қувватлаётганликлари учун катта раҳмат!

- Репетиция жараёнларининг энг қийин тарафи?
- Энг қийини, репетициянинг эрталаб бўлаётганлиги. Чунки, ҳамма кечаси тўй хизматлари, студияда қўшиқ ёзиш ва ижод билан банд. Натижада кеч уйқу, эрталаб эса, репетиция. Мен ўзим авваламбор бастакорман, хонандаларга қўшиқларнинг шеъри, мусиқасини вақтида етказиб беришим керак. Улар ҳам улгуриши керак. Ҳомийсиз концерт бераётганим учун ҳам, ташкилий ишлар ҳам, ўз бўйнимда. Шу эрталабки уйқу масаласи, бир хилларида ҳар бир созанда умуман ухланмасдан ишлашига ҳам тўғри келяпти.
- Унда овозингизни чарчатиб қўймайсизми?
- Дам олиб, дам олиб репетиция қиляпмиз. Ўзим ҳам бошида шу нарсани ўйлагандим. Демак, маъсулиятнинг ўзи куч берар экан. Қандайдир илоҳий куч бу!
- Жонли ижродан ташқари, концертда яна нималар билан томошабинларни ҳайратга солмоқчисиз?
- (самимий кулиб) Буни айта олмайман. Ҳайратга сола оламанми, буни ҳали билмайман-ку... (жиддийлашиб) Концертда янгиликлар кўп, янги қўшиқлар, дуэтлар бор. Барибир концертга келган ҳар бир инсон нимадир олиб кетишига ҳаракат қилмоқдамиз.
- Концерт режиссёри? Бошловчиси?
- Қайсидир маънода ўзим, чунки, режиссёр, бошловчи, таништирувлар, гап-сўзлар, кўп вақтни олиши мумкин. Шунинг учун, концертда асосий эътибор ва урғуни қўшиқларга қаратдим. Чунки, концертга келган томошабинлар мени қандай эканлигимни шундоқ ҳам билишади, деб ўйлайман. Ортиқча таърифлар томошабинларни вақтини олиши мумкин. Мени меҳнатимни кузатган инсонлар, ижодимга қизиққанлар, фикрлар билдиришади. Тўғри, жонли ижро ҳозирда янгилик эмас. Жонли ижрони мендан аввал ҳам қилишган, мендан кейин ҳам қилишади. Мен янгилик қиляпман, деб айтмайман. Мен қўлимдан келса, хурсандман. Мақсадим, мендан кейингиларга далда бўлиш.

- Сизни имиджингиз, асосан қора ва қандайдир кўзга ташланмайдиган ранглардан иборат. Концертда-чи? У ерда ҳам шу имиджингизга содиқ қоласизми?
- (самимий кулади) Мени имиджим ва юриш-туришимга шундай эътибор шунчалик кучли экан, катта раҳмат! Концертимда қандай кийинишимга келсак, ҳозирча сир бўла қолсин! Қора-оқ рангга келсак, албатта бу менинг саҳнавий имиджим. Мен ўзи ёрқин рангларни, кўзга ташланишни ёмон кўраман. Лекин, модани кузатиб бораман. Ҳамманинг ўз диди бор. Бу борада баҳслашиш ноўрин, деб ўйлайман.
- Нима деб ўйлайсиз, ўзи оламда оқ ранг кўпми ёки қора ранг?
- Қора деб ўйлайман, чунки биз қорани енгиб, оқ кунга етишамиз, шунда оқнинг қадрига етиб яшаймиз. Ҳамма ҳам қадрига етяптими, йўқми, буни билмадим.
- Сизнинг қўшиқларингиз фалсафий, ҳаётий. Бу сизни ҳаётни кўп кузатганингиздан ёки ҳаётда тажрибангиз катталигиданми?
- Қандай тажриба бўлиши мумкин? Бу фақат ён-атрофдаги инсонлар билан суҳбатлардан кейинги хулосалар! Менга келаётган мухлисларимнинг хатлари, менга ишониб ёзган уларнинг тақдиридаги муаммолардан келиб чиққан ҳолатдаги қўшиқлар. Қолаверса, тўғри ҳар битта ижодкор, ўз қўшиғига қисман ўз дардини ҳам қўшиши, бу қўшиқни янада ҳаётийлаштиради.

- Муҳаббат туйғуси сиз учун?
- Муҳаббат энг улуғ илоҳий туйғу. Бу туйғу ҳаммага насиб этсин! Буни кимдир юрагида сақлайди, кимдир намоён қилади. Фақат битта нарсани айтишим мумкин, Оллоҳга шукур менинг ҳаётимда армонли, жавобсиз муҳаббат бўлмаган! Ҳали ҳаммаси олдинда деб ўйлайман. Муҳаббат, бу ишонч, умрнинг сўнггигача, охирги нафасгача бўладиган ишонч. Бу ўша инсонни минус-плюслари билан қабул қила олишингиз. Бунга барибир тўла-тўкис таъриф йўқ, менинг фикримча.
- Сизни ҳаётда идеалингиз борми?
- Идеал инсон ким? Идеал дейиш учун, ўша инсонни камчилигини ўзингиз тўлдириб қўясиз. Ўша инсонда ўзингиз қандай ижобий тарафини кўрасиз. Ижобий инсонларни эса, ҳеч ким билмаган минус тарафини биласиз. Буни айта олмайсиз, чунки у ҳаммага яхши кўриниб бўлган. Қандайдир ғашингизга тегиши мумкин, лекин буни айта олмайсиз. Лекин, у сизни қизиқтиради. Шунинг учун ҳам, инсон идеал инсонни ўзи учун ўзи яратади.
- Ҳаётингизда кутилган севги келганми?
- Келади, худо ҳоҳласа. Бу шундай инсон бўладики, мени қадрлайдиган, фикрларимни ҳурмат қиладиган, орзуларимни инобатга оладиган, биринчи ўринда менга ҳақиқий вафодор дўст бўладиган инсон албатта, келади. Афсуски, бу қачон содир бўлиши бизга маълум эмас.
- Баъзи бастакорлар хориж мусиқасидан қандайдир нимасинидир олишади. Бунга муносатингиз?
- Албатта, хориж мусиқасини айнан кўчирилишига қаршиман. Лекин, маълум бир услубини олинишига қарши эмасман. Масалан, бухороча, фарғонача усул дейишади. Дейлик, хорижлик хонанда Селин Дион фарғонача услубда куйласа, биздан ўғирлабди, демаймиз-ку. Услуби бизнидек бўлибди, деймиз. Лекин, баъзилар, ўша хориж қўшиғини 100 фоиз ўз тилида, меъёрида, оригиналдек айтса, унда мен тан бераман. Менда ҳеч қачон плагиат бўлмаган. Фақат ўзимга ёққан қўшиқлардан 2 тасини, яъни биринчиси Далер Назаровнинг “Чоки-чоки” қўшиғини, талабларга кўра, ўз тилида куйлаган эдим. Иккинчиси Анди ижросидаги “Че мишуд” қўшиғини эса, хонанда Фирдавс Пазлитдинов таклиф қилганди. Томошабинлар томонидан яхши қабул қилинганлигидан хурсандман.

- Аввал, клип суратга олдиришга эътиборсиз эдингиз. Концерт олди эса, клиплар суратга олдириб, тақдим эта бошладингиз. Бунга концерт сабабми ёки эндиликда ҳар бир қўшиғингизга клип суратга олдирасизми?
- Илгари ўқишим бор эди. Ўтган йили Дипломатия университетининг Халқаро муносабатлар факультетини тамомладим. Бу ёқда ўқиш, бу ёқда бастакорлик ва албатта клип суратга олдиришга вақт етишмас эди. Ҳаттоки, ўқиш вақтида ўқитувчиларимга ҳазил билан “сизларга ҳалақит бермаяпманми” деганман ҳам. Ўқишни тамомлагач, концерт ўтказиш ҳақидаги фикрга келишдан олдин, клиплар суратга олдиришни бошладим. Кейин эса, концерт қўйиш масаласи чиқди. Бу вақтда суратга олинган клипларим тайёр бўлди ва клипларни концертга атайлаб тайёрлагандек кўринди. Аслида ундай эмас! Келажакда яна кўплаб клиплар суратга олдириш ниятидаман.
- Рекламага қанчалик аҳамиятлисиз?
- Реклама ҳозирги кунда давр талаби. Масалан, қўшиқ айтдим, қўшиқни яна ҳам сингдириш учун клип керак. Қўшиқда айта олмаган гапларингизни клипда кўрсатишингиз мумкин. Мен учун клип, мини кино. Қўшиқда бутун бир ҳаёт ўтиб кетиши мумкин. Лекин, инсон буни ҳаммасини айтиб ўтирмайди-ку. Буни эса, бир неча лаҳзада клипда кўрсата олиш мумкин. Шунинг учун айтила олмайдиган нарсаларни клипмейкер, ўз маҳорати билан, декорациялар, манзаралар, турли деталлар орқали, кўрсатиб бериши керак. Шунинг учун ҳам, мен қўшиқда айтилмаган нарсаларни клип орқали айтиш керак, деб ўйлайман.
- Ижод учун нимадандир воз кечганмисиз?
- Ҳеч нарсадан! Худога шукур, дўстларим ёнимда, оилам, яқинларим ҳаммаси мен билан бирга. (самимий кулиб) Воз кечганим, балки уйқудан воз кечгандирман?...
- Илк саҳнага чиққан вақтингизни эслай оласизми?
- 1999 йил “Ўзбегим таронаси” радиосининг 1 йиллигида, “Чоки-чоки” қўшиғи билан илк марта катта саҳнага чиққанман. Ўша пайтда хит-парадда биринчи ўринни олган эдим. Албатта, ўзига яраша ҳам қувончли ва ҳам ҳаяжонли бўлган. Ўшанда меҳмон сифатида чиққанман. Лекин, барибир биринчи қўшиғим ўзим учун “Шунчалар” қўшиғи. Бу қўшиқ 1999 йил охирида чиққан.

- Ҳозирги кунда шоубизнесдаги қайси ҳолатлар сизни ўйга толдиради?
- Баъзи хонандаларнинг ўзини алдашлари! Яъни, рекламага пул кетказавериш, ўзини ўзи алдаш эмасми? Шунча рекламанинг ўрнига дейлик, овози билан шуғулланса ва росмана ижод қилиб, рекламага арзигулик қўшиқ яратса эди, деган фикр келади.
- Тинимсиз ижод билан бандсиз. Ўзингизга қанча вақт ажратасиз?
- Ҳозир мени энг катта орзуйим ушалиш арафасида! Бу орзуйим жонли ижрода концерт бериш эди! Бу кунни қанчалик кутаётганимни тасаввур қила олмайсиз. Яна бир орзуйим бор, худо ҳоҳласа, бу йил концертим омадли ўтса, келгуси йил ҳамма хонандалар билан биргаликда, “Шаҳноз ва унинг дўстлари” концертини жонли ижрода ўтказгим келяпти. Шунда нафақат мен, балки бошқа хонандалар ҳам жонли ижрога қодирлигини кўрсата олишга имкон бўларди. Мен шунинг учун ҳам бошқа хонандаларни репетициямга келиб, тинглаб кўришларини таклиф қилдим. Масалан, DJ Пилигримм ҳам яқинда Тошкентда концерт бериш ниятида. У аранжеровкачи Жасур Бадалбоев билан янги мусиқий альбом устида биргаликда ишлади. Жонли ижродаги концертим ҳақида эшитиб, репетиция жараёнини кузатиб бормоқда. Агар шу нарса ҳар бир хонандага ўзининг жонли ижрога бўлган, ишончини мустаҳкамлашга имкон берса, мен бундан жуда хурсандман. Мен бу концертга бор-йўғимни, бутун қалбимни бағишлаяпман.
- Қўшиқ яратаётганда олдиндан хит бўлишини сезасизми?
- Кўпинча, ҳа! Ўша қўшиқни ким ижро этишини билсам, ўша инсонни характерини ҳам билиб олган бўламан-ку. Ўзим билан ишлайдиган, ёнимдаги хонандаларнинг ҳаммасини характерини биламан. Қўшиқларим, менинг юзим. Қўшиқнинг омадсизлиги, биринчи аккордидан билинади. Ўзимга раво кўрмаганни, ҳеч қачон ҳеч кимга раво кўрмайман. Балки, шунинг учун ҳам, мен уларнинг ишончи, қалбидадирман. Шундай ҳурматда ва эътиборда бўлиш умр охиригача насиб этсин! “Яхши қўшиқларни ўзига олиб олади” деган нарса менга нисбатан бўлмаган ва бўлмайди ҳам!
- Кинода суратга тушиш ҳақида ҳам ўйлаб кўрганмисиз?
- Кинода суратга тушиш учун таклифлар жуда ҳам кўп. (самимий кулиб) Бу гап модадан қолиб кетди, деса ҳам бўлади. Энди, ҳаммани ҳам фильмда роль ижро этиш орзуси бўлса керак. Юракка етиб борадиган даражадаги роль бўлса, актёрлар ҳам ўз ўрнида танланган бўлса, Ўзбекистонда янги Шаҳноз деган актриса, пайдо бўлади

- Тақдирга ишонасизми?
- Ишонаман. Лекин, ҳар бир инсон ўз тақдрини ўзи ҳам сабабчи бўлиши мумкин экан. Биласизми, мен нолишни ёмон кўраман. Мен ўйлайманки, омадсиз инсоннинг ўзи йўқ! Омад бу инсоннинг не бўлса ҳам умидсизликка тушмаганлиги ва ҳаракат, интилишдан тўхтамаганлиги учун бўлган мукофот!Омад ҳар биримихзнинг ўзимизда! Биз омадли туғилганмиз, биз бахтли туғилганмиз! Буни сезиш ва юзага чиқариш, ўз қўлимизда!
- Шаҳнозда қўрқув борми?
- Албатта! Оллоҳ назаридан қолмаслик! Эл назаридан қолмаслик!
- Рақобатга қандай қарайсиз?
- Оддий қарайман. Чунки рақобат бўлиши керак. Ҳамма нарсага шароит яратиб берадиган бу вақт. Тингловчиларга ишончим катта бўлганлиги учун, мени бундан кўнглим тўқ, деб ўйлайман. Ютуқларга эришиб, ўз меҳнатингиз роҳатини кўргандан кейин, яна ҳам кўпроқ меҳнат қилгингиз келар экан. Баъзи хонандаларни вақти ҳам, маблағи ҳам бекорга кетаётганлигига ачиниб кетаман. Ҳозирги кўпгина хонандалар кўпроқ машҳурликка интилишади. Тўғри ҳозирда хонандалар кўп ва мен уларнинг кўпайишидан хурсандман. Бу рақобатни кучайтиради, талаб ва сифатни оширади. Чунки, тингловчиларни ҳеч қачон алдаб бўлмайди, улар ҳақиқий ижодни, ҳақиқий истеъдодни қадрига етишади.
- Аёллик бахти сиз учун?
- Аёллик бахти, бу ўз тасаввуридаги инсонга яқин инсонни учратиши ва унинг эътибори, ишончида бўлиши.
- Ҳаётда кимга суянасиз?
- Аввало Аллоҳга! Қолаверса, оиламга, дўстларимга!
- Нимани ҳеч қачон ёддан чиқармайсиз?
- Иймонни, масъулиятни!
- Ҳаётда қандай принципларга эгасиз?
- Ҳамиша берган ваъдамнинг устидан чиқишга ҳаракат қиламан. Орзуйим, ҳеч ким мендан хафа бўлиб қолмаслиги керак. Бунга доим ҳаракат қиламан. Ҳар бир инсоннинг кўнгли, менинг кўнглимдек.
- Табиийки, жуда ҳам бандсиз. Лекин, ошхонага вақт топасизми?
- Албатта! Ўзим ўйлаб топган таомларни рецептини ҳам беришим мумкин. Таом ранги ва унинг тиниқлиги мен учун жуда ҳам муҳим. Ширинликлар пиширишни ҳам ёқтираман. Ошхонани жуда яхши кўраман.
- Баъзилар кузни кайфиятсиз мавсум, дейишади. Сиз-чи?
- Йўқ, мен учун ундай эмас! Ҳар бир ойнинг ўз таровати, гўзаллиги бор. Лекин, баъзида иш билан бўлиб, қандай ўтаётганлигини сезмай ҳам қоласиз. Мен ўзи аслида совуқ ҳавони, қорни яхши кўраман. Ҳаво булут бўлганини, дўлни, ёмғирни ёқтираман. Ернинг ҳидини ёқтираман. Кузда айниқса, табиат рангларида кўп хилма-хилликни кўриш мумкин. Бу ўзига хосликни, мўъжиза деб ҳисоблайман.
- Баъзи инсонлар бор, аслида ортингиздан ғийбат қилиб, олдингизда ўзини дўст кўрсатиб, кулиб туради. Шундай инсонларга муносабатингиз?
- Бу ҳаёт қонуни! Бундай иккиюзламачи инсонларсиз, яхши инсонларнинг қадрини билмас эдик. Уларга нима ҳам дейиш мумкин? Уларга инсоф сўрайман.
Cаида Вахобова