FATTOHHON.COM
« Все новости
“МИЛЛИЙ ЭСТРАДА САНЪАТИ: ШОИР, БАСТАКОР ВА ХОНАНДА ҲАМКОРЛИГИ ДАВР ТАЛАБИ” 14.12.2012 15:35

14 декабрь соат 11.00 да Ўзбекистон Миллий матбуот марказида, “Миллий эстрада санъати: шоир, бастакор ва хонанда ҳамкорлиги давр талаби” мавзусига оид навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров, Эстрада санъатини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш кенгаши раиси, Сенат аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, санъаткорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Анжуманда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров сўзга чиқиб, санъатнинг ривожланиши ва яхши қўшиқлар яралишининг асосий омили бўлган яхши овоз, яхши шеър ва мусиқа, ҳамда уларнинг яратувчилари бўлган хонанда, шоир ва бастакорлар ҳамкорлигини тўғри йўлга қўйиш, бу борадаги нуқсонларни биргаликда бартараф этишни ҳам йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатлар борасида фикр юритди. Куйланаётган айрим қўшиқлар енгил-елпи, ғариб тилда берилаётганлиги, мусиқалар ҳам профессионал ижодкорлар томонидан ёзилмаётганлиги, хонандалар эса, шеърларнинг маъно-мазмунини англамай куйлаётганлиги, ҳар бир ижодкорнинг ўз дунёқараши, унинг билими, онги, ўлчами, овоз имкониятлари ва ўзи ҳамкорликни йўлга қўйган бастакор ёки шоири бўлиши, ҳаммани бир қолипга солиб бўлмаслиги, сохта санъат билан асл санъатнинг фарқини, профессионал ва нопрофессионалликни хонандаларнинг ўзлари англаб етишлари зарурлиги, қўшиқ айтиш шунчаки иш эмаслиги, ҳар бир хонанданинг репертуари бирлашма ҳузурида тузилган ижодий кўмаклашувчи гуруҳ томонидан мунтазам ўрганилиб, таҳлил қилиб борилиши, хонандаларга амалий ёрдамлар кўрсатилиши, ҳамда, профессионал шоирлар ва бастакорларнинг ишларидан фойдаланиш ҳам тавсия қилинаётганлиги ҳақида айтиб ўтди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров: - 2012 йилнинг шу даврига қадар, 50 нафар хонанданинг қўшиқларидаги шеър матнлари талаб даражасида бўлмаганлиги ва 20 нафар хонанданинг ижро этаётган қўшиқларининг мусиқаларида ғарбона оҳанглар мавжуд бўлганлиги сабабли, уларга рухсатнома берилмади! Эътироф этиш керак, репертуарларни топшираётган хонандалар орасида иқтидорли овоз эгалари ҳам бор. Ўз навбатида, уларнинг ижоди рағбатлантирилиб, қўллаб-қувватлаб келинмоқда. 2012 йил мобайнида, ижрочиларнинг касбий ва маънавий камол топишига имкон яратиш мақсадида, 21 нафар ёш истеъдодли хонандага имтиёзли лицензиялар берилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида Бирлашма ҳузурида замонавий техникалар билан жиҳозланган ва барча имкониятларга эга бўлган Овоз ёзиш студияси ишга туширилди. Шу кунгача ёш истеъдодлардан 30 нафарига янги қўшиқлар имтиёзли равишда бепул ёзиб берилди. Яхши шеър топишда ҳам, ижодий ёрдам тариқасида Бирлашмада кутубхона ҳам ташкил қилиниб, унинг фонди Навоий, Атоий, Бобур, Ҳувайдо, Маҳтумқули, Бедил, шунингдек Муҳаммад Юсуф, Жуманиёз Жабборов, Нормурод Нарзуллаев, Иқбол Мирзо, Сирожиддин Саййид, Ҳалима Худойбердиева, Маҳмуд Тоир, Эшқобил Шукур, Сафо Очил каби бир қатор ижодкорларнинг шеърий китоблари билан мунтазам равишда бойитиб борилмоқда. Бирлашма томонидан устоз-шогирдлик анъаналари жорий қилинган. Хонанда ва бастакорларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш мақсадида, 2009 йилдан буён ижодий учликнинг йиғилишлари мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Бундай йиғилишларда, шоирлар билан биргаликда бастакорлар, Мусахон Нурматов, Дилшод Раҳматшоев, ҳамда мусиқа сайқалчилари Дилмурод Маткаримов, Иқбол Муҳаммаджонов ва Нодир Умаровлар фаол иштирок этиб келмоқдалар. Саёз қўшиқларга курашишнинг энг яхши йўли, бу яхши қўшиқларни кўпайтиришдир! Бу эса, ўз навбатида шоир, бастакор ва хонандаларнинг ижодий ҳамкорлигига боғлиқ.

Шунингдек, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларга бевосита амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида, Бирлашма ҳузурида “Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков “ЁшларМаркази”нинг ташкил қилинганлиги, у ерда ҳам шоирлар ва бастакорлар учун шароитлар яратилганлиги, у ерда ҳам учрашувлар ўтказилиши, қўшиқни тайёрлашнинг дастлабки босқичлари амалга оширилиши, агар яхши қўшиқ яралса, Бирлашманинг овоз ёзиш студиясида ёзилиши ҳам, йўлга қўйилганлигини билдириб ўтди.
Анжуман давомида, яхши қўшиқ яралиши, учта ижодкорга, яъни хонанда, шоир ва бастакорга боғлиқлиги бир неча бор таъкидланди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров бир неча таклифлар ҳам билдирди: - Ижодий учликнинг мунтазам ҳамкорлигини ташкил этиш мақсадида, ҳар 2-3 ойда, тизимли равишда, аниқ мавзу асосида, давра суҳбатлари, жонли мулоқотлар ўтказиб бориш;
Ҳозирги кунда фаолият юритаётган, давлат ва нодавлат телеканаллари орқали эфирга берилаётган саёз, енгил-елпи қўшиқларнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида, каналлар ҳузурида фаолият юритаётган бадиий кенгашлар масъулиятини янада ошириш;
Енгил-елпи шеър ёзувчи шоирлар билан Ёзувчилар уюшмаси, саёз мусиқа яратадиган ҳаваскор бастакорлар билан Бастакорлар уюшмаси, савиясиз қўшиқлар куйлайдиган хонандалар билан “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси алоҳида-алоҳида тарбиявий суҳбатлар ўтказиб бориши, ҳамда уларни рўйхатга олиб, ижодини мувофиқлаштириш учун тўғри йўл-йўриқлар кўрсатиш;
Халқимиз, ижод аҳлини, яъни шоир, бастакор, хонандаларни чин дилдан ҳурмат қилади. Санъаткорларни ўзларининг энг яхши кунларига таклиф қилиб, уйининг тўридан жой беради. Лекин, ҳозирги кунда ўша ҳурмат оқланяптими?
Яхши қўшиқ инсон қалбида бир умр яшайди, дейишади. Бугунги кунда яратилаётган қўшиқлар ҳақида ҳам шундай дея оламизми?

Санъаткорларнинг хизматларини юксак қадрланиб, энг улуғ ва энг азиз байрамимиз Мустақиллик байрами арафасида, Давлат мукофотлари билан тақдирланадилар. Ана шундай юксак эътиборга жавобан нималар қила олдик, деган савол ҳар қандай виждонли санъаткорни ўйлантириши зарур – деди, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров.
Чиндан ҳам ҳозирда кунда баъзида янграб қолаётган қўштирноқ ичидаги қўшиқларнинг сўзларини ёш хонандалар қаердан оляптилар? Саёз мусиқа–чи, қайси бастакорлар тарафидан яратиляпти? Ҳозирги кунда кўплаб ёшлар устоз кўрмаган шогирд дегандек, ҳар хил йўналишларда, тақлидлар қилиб қўшиқлар айтишяпти. Бизнинг ўзимизда ҳам ибратли намуналар бор ва кимларгадир тақлид қилиб қўшиқ айтиш, шарт эмас. Бугунги кунда муваффақиятга эришган кўпгина ёш хонандаларимизнинг асосий муваффақияти устоз кўрганлиги, ўз соҳаси бўйича етарлича билимга эга эканлиги туфайли, назаримизда.

Афсуски, бугунги кунга келиб, бозор шоу билан санъатнинг чегарасини топа олмай қолдик – дейди Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо. Бозорнинг ўз талаблари бор, бозор фақат маҳсулот ишлаб чиқаради ва сотади. Санъат эса, юрак, кўнгил учун ижод қилади. Енгил–елпи шеърлар ёзадиган шоирлар, аслида танилиш ҳавасида, китоб чиқариш ниятида, ёки чиндан ҳам истеъдод ва ҳаваси баланд, лекин ўз йўлини топа олмаётган қаламкашлар, дейиш мумкин. Шу бозор билан санъатнинг чегарасида турган ижодкорларга бизнинг суҳбатларимиз, жуда катта сабоқ бўлади, деган фикрдаман. Қўшиқ ҳамма жойда керак, шунинг учун ҳам бугунги кунда қўшиққа, эстрадага катта эътибор бериляпти. Ўтган икки–уч йил ичида маъноли ва яхши қўшиқлар ҳам яратилди. Эстрадага маъно кириб боряпти. Бу албатта, профессионал, фидоий ижодкорларимиз меҳнатларидир. Ижодкор доимий изланишда бўлиши керак. Чунки, тингловчиларга ҳамиша янгилик керак. Шу кунгача Бирлашма, Ёзувчилар уюшмаси, хонандалар, бастакорлар билан биргаликда кўплаб ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон халқ шоири Оҳунжон Ҳакимов: – Эстрада қўшиқчилигини ривожлантирилиши, бугунги кунда энг муҳим масалалардан бири. Ҳозирги кунда санъатга, эстрадага кўплаб ёш овозлар кириб келяпти. Уларни фақат тўғри йўналишга йўналтира билиш керак. Юлдуз бўлиш ниятида ҳаракат қилаётганлар кўп. Лекин, юлдуз бўлиш учун меҳнат қилиш керак, истеъдод керак. Аммо, афсуски бугунги кунда араб, турк мусиқаларидан, европа мусиқаларидан “юлиб” олиниб, нималардир қўшилиб, ўзбекча сўзлар қўйилган қўшиқлар, эфирларимизда тўлиб–тошиб кетмоқда. Сўзларини қайтаришга хижолат бўладиган қўшиқлар бор. Масалан, “Тонг отгунча тўлғониб чиқдим, қанисан?”, бу қўшиқни аёл хонанда ижро қиляпти. Авваламбор, хонанда ижро қилаётган қўшиғининг сўзини, маъносини тушуниши керак. Бундай қўшиқлар, юқорида тилга олганимдек “ижод намуналари”, эртанги кунги санъатимизга таъсир кўрсатиши мумкин. Ўзи аслида, маъноли шеърлар қўшиқ бўлиши керак.
Анжуманда, маъносиз қўшиқлар, қўшиқ мазмунига мос бўлмаган клиплар, мусиқалари араб, турк, эрон мусиқаларидан олиб “яратилаётган” қўшиқлар ҳақида, клиплардаги қаҳрамон йигитлар қизларнинг “имиджи” ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилди. Шунингдек, клиплардаги хонанда қизларнинг пардози, юзларига ҳаддан ортиқ бўёқ суртган ҳолда, йиртиқ либосларда клипларда чиқишлари, танқид остига олинди. Айниқса, ҳозирги кунда клипларда суратга тушаётган йигитларнинг бўяниш, яъни пардоз масаласига ҳам тўхталиб, йигитларнинг клипларда, қизлар каби лабларини қизартириб бўяб олишлари ва бу каби ноўрин ҳатти–ҳаракатлар ёшлар орасида муҳокамаларга сабаб бўлаётганлиги ҳақида ҳам, журналистлар томонидан айтиб ўтилди.
Шунингдек, клипларни телеканалларда айлантириш масаласи, моддий имкониятларга боғлиқ эканлиги ва бу борада баъзи бир чегирмалар қилиш таклифлари ҳақида ҳам, хонандалар томонидан алоҳида тўхталиб ўтилди.

Бастакор Мусахон Нурматов ҳам сўзга чиқиб, ҳозирги кунда “Ўзбекнаво” эстрада Бирлашмаси томонидан ёш ижодкорларга яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам фикрлар билдирди. Ёш ижодкорларни бу имкониятлардан фойланган ҳолда, сифатли ва яхши қўшиқлар яратишга чорлади.
Шунингдек, анжуман иштирокчилари томонидан, “Ўзбекнаво” эстрада Бирлашмасига алоқаси бўлмаган саволлар билан ҳам, мурожаат қилиниш ҳолатлари бўлиб туриши ҳақида айтиб ўтилди.
Ёшларнинг савияси, тарбияси, таълими масалалари бўйича, ҳозирги баъзи ёш ижодкорларни шеърга аҳамият бермай қўйганлиги ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Муниса Ризаева ва “Уммон” гуруҳининг “Во ажаб” клипи ҳам, бироз таҳлил қилиниб, ундаги кўзга махсус асбоб тақиб олиб чиқиш ва бу саҳна кўриниши, бир хориж клипидан кўчирилганлиги ҳақида далиллар келтириб, айтиб ўтилди.
Шунингдек, ёш клипмейкерлар ва хонандалар назорат борлигини, нима қилсалар ҳам ҳамма қабул қилиб кетавермаслигини, томошабинларнинг ҳам ақлли эканликларини билишларини, ўзларининг қўшиқлари ҳақида бошқаларнинг фикрларини ҳам эшитиб туришлари кераклиги, авваламбор, ўша ўзлари ижро қилаётган қўшиқни ўз ота-онаси ҳам эшита оладими, клипларини ўз отаси, турмуш ўртоғи ва акалари кўра олишадими, улар кўрганда хижолат бўлмайдими, шу жиҳатларига ҳам эътибор қаратишлари зарурлиги ҳақида ҳам, фикр юритилди.
Қўшиқ мураббийлик иқтидорига, бунёдкорлик қудратига эга. Ўтказилган матбуот анжумани ҳам, ёш ижодкорларни чиндан бунёдкорлик даражасидаги, давр талабига жавоб бера оладиган яхши қўшиқлар яратишига бир мезон бўлиб, ўз натижаларини беради, деган фикрдамиз.

Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков: – Бугунги кунда ёшларни ижодга кўр–кўрона қўл уришлари, дейлик шеър ёзиши, шоирликдан умуман хабари йўқ, бирорта бир бадиий асар ўқимаган инсонларнинг шеър ёзиши, яна бир муаммо, уларни шоир деб аташ мумкинми, йўқми билмадим, лекин, умуман шоирликка даъвогар бўлган инсонлар кўпайиб кетди. Шахсан ўзим ҳам, (самимий) нафақат кўчаларда, балки ҳамма жойларда, шундай инсонларни учратаман, улар албатта қўлимга шеър беришади. Ўша шеърларни биринчи қаториданоқ маълум бўладики, улар ҳеч қачон шеър ҳам ёзишмаган, бирор бадиий асар ҳам ўқишмаган. Энди ҳар бир инсоннинг шундай бир даври бўлади. Масалан, биз нафақат ёшлигимизда, балки ҳозир ҳам кўнгилда кечган нарсаларни қоғозга туширамиз. Лекин, у фақат ўзинг учун, у бир аниқ майдонга олиб чиқиш даражасидаги нарса эмас, деб ўйлайман. Умуман, профессионал даражада бўлмаган ҳар қандай асар, уйда, жавонда қолиши керак, деб ҳисоблайман. Уни оммага олиб чиқиш, яхши эмас. Бу санъатга, маданиятга путур етказиши мумкин, деб ўйлайман. Бугунги, йиғилишдан асосий мақсад ҳам шу эди. Ҳозирги кунда нафақат шундай шоирлар, балки бастакорлар ҳам кўпайиб кетган. Ўзи умуман ҳар қанақа куйдан бехабар, лекин 7 та нотани ўрганиб олиб, шу билан “мен бастакорман, мана куй ёзаман” деб бастакорликни ҳам даъво қилаётганлар бор. Энди, бу ёқда, энг ачинарлиси, бутун умрини, ҳаётини ижодга бағишлаган бастакорлар, шоирлар ҳам бор! Улар билан бояги адашиб кириб келган бастакорлар, ҳаваскорлар бир даврада туриб қолиши, жуда ҳам ачинарли ҳол бўляпти. Шундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида, бугун мана шу анжуман ташкил қилинди. Бу муаммога, ОАВ вакиллари, барчанинг эътиборини тортиш, ҳаммамизнинг вазифамиз. Бу бизни бугунги кунда санъатимиз, маданиятимизни сифатини сақлаб қолишдаги бурчимиз, деб ўйлайман. Ҳаммамиз бунга бефарқ бўлишимиз керак эмас. Ўзи ижодкор бўлмай, ижодкорликни даъво қилаётган инсонлар бўлса, уларни тўғри йўлга солиш керак. Ёки улар тўғри йўлдан боришсин, устозлар билан маслаҳатлашишсин, илм ўрганиб туриб, сифатли бир асар яратса, нур устига аъло нур бўларди. Бугунги кунда ўзбек эстрадасида салмоқли ҳисса қўшаётган ташкилотлардан асосийси, “Ўзбекнаво” бирлашмаси, деб ўйлайман. Бизнинг анъаналаримизда, шундай удум бор, устоз–шогирдлик. Бирор бир мутахассис санъаткор билан ҳам бевосита, маҳорат дарслари, тажриба алмашиб, мазкур анъанани йўлга қўйиш мумкин. Санъатга меҳр қўймасдан туриб, қўшиқчи бўлиш мумкин эмас, деб ҳисоблайман! Бу нарса тасаввуримга сиғмайди. Бизнинг ёрдамимиз билан бирор ёш ижодкор санъатда ўз ўрнини топса, ҳаётдан мамнун, бахтиёр бўлардим.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комилов: – Учта жиҳат, матн, мусиқа ва ижро уйғунлиги, ҳаммаси гўзал асарнинг яратилишига омил бўлиб хизмат қилади. Ҳақиқатдан Мустақиллигимиз шарофати билан, охирги йиллар ичида жуда катта ўзгаришлар юз берди. Катта саҳналарда, давлат тадбирларида, қолаверса, умуман миллий байрамларимизда, ҳар тарафлама бизнинг маданиятимиз, қўшиқларимиз, мусиқаларимизда ҳам ижобий тарафлама ўзгаришлар бўлди. Радио ва телевидение орқали ҳам миллий йўналишда, мумтоз қўшиқларимиз кенг оммага етказилиб, уларга нисбатан эътибор ҳам кучайди. Халқимизнинг ҳам талаблари миллий йўналишда, қолаверса, шоир, бастакор, ижрочи ўз қобилиятига қараб, ҳозирги фаровон юртимизни, буюк давлатимизни ифода этувчи қўшиқларни яратишда ижодкорлар ҳамжиҳатликда фаолият олиб бормоқдалар. Миллий қўшиқчилигимизни, миллий маданиятимизни янада юксалтириш учун, шоирлар, бастакорлар ва ижрочиларга, радио, телевидения, журналистлар томонидан ҳам ёрдам бўлиши керак. Чунки, миллий урф–одатларимизни, халқимизга намойиш қилиш учун, уларга шароит яратиб берилиши керак, деб ўйлайман. Шунда, миллий руҳдаги, классик қўшиқларимизга эътибор янада кучаяди, деган фикрдаман.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файз: - Авваламбор, мана шу тадбирни ташкил қилган “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасига, Озодбек Назарбеков бошчилигидаги “Ёшлар маркази”га, Халқ шоири Иқбол Мирзо, ҳаммаларига миннатдорчилик билдираман. Ўйлайманки, кейинги сафар даврани кенгроқ олиб, асосий муҳокамада бўлган қаҳрамонлар ҳам иштирок этишади. Биз ўзимиз учун ҳам, бошқа санъаткор дўстларимизга етказиш учун ҳам кўп нарсалар олдик. Асосийси, ўзим учун, ўзимизни акс эттирадиган асоси, пойдевори, тарихимиздан, урф–одатимиз, маданиятимиз, миллий мусиқамизни, ўзлигимизни ўзида акс эттирган қўшиқларни тинглаб, вақтинчалик кичик хатоларга йўл қўядиган санъаткор тенгдошларимизга ўрнак бўлишимиз керак, деган фикр олдим. Устозлардан маслаҳатлар эшитиш яхши ва бундай тадбирларни яна кўплаб ўтказилишининг тарафдориман! Масалан, кеча ҳам “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси “Ёшлар маркази” томонидан Маданият ва санъат институти билан ҳамкорликда, “Аквариум” залида 30 га яқин илғор талабалар билан учрашув бўлиб ўтди. У тадбирдан ҳам таассуротлар жуда ҳам яхши. Ўзимга энг ёққан жиҳати шунда бўлдики, узоқ йиллар мобайнида ёдда қоладиган тарихий ҳодиса десам ҳам бўлади, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан тақдирландим. Шу унвонни сюрприз сифатида ўзим билан олиб келгандим ва суҳбат давомида кўрсатмай тургандим. Менга сўз берилгач, “сизларга ҳам насиб этсин, агар тўғри меҳнат қилинадиган бўлса, озгина меҳнатимиз ҳам кўп қадрланадиган Ватанда яшаяпмиз” деб, шу унвонни кўрсатганимда, ўша йиғилганларнинг кўзларидаги ўт–оловни, кўзлари ёнганлигини сезиш қийин эмасди! Юртбошимизнинг бир чиройли гаплари бор: “Ёшлар барибир санъаткорлардан ўрнак оладилар.” Нафақат қўшиқ айтиш, балки ўзини тутиш, инсонларга нисбатан муомала ва одоб тарафлама ҳам. Кеча тадбирда жуда ҳам хурсанд бўлдим, негаки ёш ижодкорларга камтарона, озгина меҳнатимиз билан бўлса ҳам, қайсидир маънода ўрнак бўлиш бахти насиб этди. Ажаб эмас, бу воқеадан кейин, шунга ҳавас қилиб, шуни ҳис қилиб, ёшларга яратилаётган шароитлардан ақл билан фойдаланишса. Ўзлари эришган, ўзлари яхши кўрган яхшиликларни тенгдошларига илинишса, биз ҳам ютуқларимизни илингимиз келади. Ўйлаймизки, бундай йиғилишлар ёш ижодкорларни келажакда тўғри ижод қилишлари учун туртки бўлади. Ўзлигимиз, ўз миллий қадриятларимизни ўзида акс эттирадиган чиройли қўшиқлар куйлаб, нафақат ўзбек, балки бутун жаҳон ёшларига ўрнак бўладиган инсонлар бўлиб етишадилар, деган умиддаман. Биз тўғри йўлдан кетяпмиз, манзилимиз аниқ ва ўйлайманки, яхши ниятларимиз, орзуларимиз амалга ошади. Бизларга кўрсатилаётган ишончни оқлашдек шараф насиб қилади.

Бу каби матбуот анжуманларини ўтказилиши, давр талаби ва ёш ижодкорлар учун ҳам жуда керак, деб ўйлаймиз. Бу каби матбуот анжуманлари, кенгроқ доираларда ҳам ўтказилса, яхшироқ натижа беради, деган фикрдамиз. Қолаверса, яна бир жиҳати, негадир мазкур матбуот анжуманларида, ўша танқид остига олинган савиясиз қўшиқларнинг муаллифларини, бастакор ва шоирларини сира ҳам учратмаймиз. Келгусида, уларнинг ижодида ижобий ҳолатлар афсуски, содир бўлмаётгандек... Яна ўша танқидий ижодини бемалол давом эттираётгандек... Улар ҳам мазкур матбуот анжуманларида иштирок этишса, қўшиқлари таҳлили борасида, тарбиявий суҳбатлардан баҳраманд бўлишса, мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлаймиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова





