FATTOHHON.COM
« Все новости
МАРДОНАВОР СИНАЛАЁТГАН МАРДЛАР! 03.03.2013 12:26
3 март куни соат 19.00 да “Истиқлол” санъат саройида «Дилларда Ватан мадҳи» деб номланган жонли ижродаги гала-концерт бўлиб ўтди. Мазкур концерт дастурида таниқли санъаткорлар билан биргаликда, “Ўзбекнаво” ва Terra Group компанияси билан ҳамкорликда 2011 йилдан буён ўтказилиб келинаётган “Марди майдон”–жонли ижродаги қўшиқлар фестивали совриндорлари ҳам иштирок этдилар.
Концерт дастурини доимий равишда Жонли ижро фестивалларида қатнашиб келаётган Фарҳод Абдуллаев бошчилигидаги “Истиқлол” оркестри, “Бахтиёр кунлар” куйи билан бошлаб берди. Сўнг, хонандалар ўз қўшиқларини жонли ижрода тақдим қила бошладилар.
1. Малика Эгамбердиева “Ниҳол” мукофоти совриндори - “Ўрик гуллаганда” ва “Шукур қил” қўшиқлари билан.
2. Ўктам Аҳмедов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист – “Соғинч” ва “Шараф” қўшиқлари билан.
3. Рушанахон Аҳмадхўжаева – “Таманно” қўшиғи билан.
4. “ЭЛДИДО” гуруҳи аъзолари – “Notte di luce” қўшиғи билан.
5. Марат Содиқов – “Оқшом орзулари” қўшиғи Фрэнк Синатра репертуаридан.
6. Муниса Ризаева – “Fallin» қўшиғи Алисия Кейс репертуаридан.
7. “Дурдона” гуруҳи “Ниҳол” мукофоти совриндори – “Мажнунтол” ва “Хаёлим сенда” қўшиқлари билан.
8. Амира Алибекова “Нажотимсан” ва “Юрагим сени дер” қўшиқлари билан.
9. Сардор Мамадалиев – “Сени ҳеч ким севолмайди” ва “Қоши қаро” қўшиғи билан.
10. Ҳилола Хўжаева – “Қора кўз хумориман” ва “Яхши кўраман” қўшиқлари билан.
11. Алишер Файз (Турдиев) Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист – “Кўйлаги ҳўл бўлмасин” ва “Чаманда гул” қўшиқлари билан.
12. Лола Йўлдошева “Ниҳол” мукофоти совриндори – “Кечир” ва “Қайтмайди” қўшиқлари билан.
13. Ботир Қодиров – “Дийдор учун” ва “Алдамадим” қўшиқлари билан.
14. Зулайҳо Бойхонова Ўзбекистон Халқ артисти – “Гар соғинсам” ва “Ёнимга кел” қўшиқлари билан.
15. Оғабек Собиров Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист – “Ишқинг” ва “Доғиман доғи” қўшиқлари билан.
16. Озодбек Назарбеков Ўзбекистон Халқ артисти – “Эй гўзал”, “ Кўзлар қароши”, “Омон-омон” қўшиқлари билан.
Хонанда Мунисанинг бу концертда чиқишини кўпчилик кутганди. У кутилган ишончни оқлаб, олқишларга сазовор бўлди. Қўшиқни экстримал ва эмоционал тарзда куйлади!
Хонанда Лоланинг овози бир маромда ва текислигини, жонли ижрода аниқ куйлаётганлигини кўриб, уни овози устида қаттиқ ишлагани ва жонли ижрода куйлаш учун кўп меҳнат қилганлиги билиниб турибди.
Зулайҳо Бойхоновага ғижжакда Абдуҳошим Исмоилов ҳам жўр бўлди.
Қўшиқлар куйланишидан олдин, Абдуҳошим Исмоилов ғижжакда шундай маҳорат билан куй ижро қилдики, қарсаклар тинмади. Шунингдек, қўшиқларнинг баъзи жойларида ғижжак билан куйга янада файз берди.
Зулайҳо Бойхонованинг жонли ижрода қўшиқ куйлашига қойил қолиш мумкин. Овознинг тиниқлиги ва равонлигидан тўғриси, фонограммадан ажратиш қийин! Рўйхат бўйича, яна бир “Бино қўйма” қўшиғини ҳам куйлаши ёзилган эди. Лекин, у қўшиқ куйланмади.
Оғабек Собировнинг ўзига ва қўшиқларига шундай таъриф бериш мумкин, уни бежизга “Хоразм булбули” деб аташмайди! Қолверса, қўшиқларни жонли ижрода ўзи тор чалиб ижро қилди!
Рўйхатда “Эй гўзал” қўшиғи йўқ эди. Бу қўшиқ марҳум санъаткор Муҳриддин Ҳолиқов репертуаридан бўлиб, Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков бу қўшиқни, айтиш мумкинки, юқори даражада куйлай олди! Қўшиқ томошабинлар қалбидан жой олди. Умуман, хонанданинг жонли ижро борасидаги маҳорати, халққа маълум!
Чунки, Озодбек Назарбеков ўзининг илк ижод бошлаган давриданоқ жонли ижрода куйлаб келади ва бу ҳеч кимга сир эмас! Шунинг учун ҳам, жонли ижродаги концертнинг якуний қисми ҳам унга топширилганлиги бежиз эмасди.
Хонанда Алишер Файзнинг ҳам жонли ижро борасидаги маҳорати устозига етгулик. У ҳам ўз қўшиқларини жонли ижрода, бир маромда, юракдан ижро қила олди.
Хонандалар Ўктам Аҳмедов, Сардор Мамадалиев, Ботир Қодиров ҳам чинакамига юракдан жонли ижрода куйладилар.
Қолган иштирокчилардан Малика Эгамбердиева, Рушанахон Аҳмадхўжаеваларда эса, негадир қатъият етишмагандек, назаримизда. Гўёки, тезроқ қўшиқни ижро қилиб бўлишга интилишгандек эди.
Хонанда Марат Содиқов, ўзини саҳнада тутишда ҳаддан ортиқ образга кириш, бўрттириш ҳаракатларини камайтирса, мақсадга мувофиқ бўлади, деган фикрдамиз.
Мазкур концерт дастури “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси кўмагида ўтказилиб, дастур доирасида 2012 йил “Марди майдон” жонли ижродаги қўшиқлар фестивали лауреатларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
2012 йил “Марди майдон” жонли ижродаги қўшиқлар фестивали лауреатларини тақдирлаш учун биринчи бўлиб саҳнага “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси директори Азамат Ҳайдаров таклиф қилинди ва у киши барча аёлларни яқинлашиб келаётган 8 март байрами билан табриклади.
Сўнг, 2012 йил “Марди майдон” жонли ижродаги қўшиқлар фестивали лауреати Амира Алибековани махсус диплом, эсдалик совғалари ва бир йиллик имтиёзли лицензия билан тақдирлади.
Сўнг саҳнага “Terra Group” компанияси вакили, «Жаннатмакон» журнали бош муҳаррири Ирода Дадажонова таклиф қилинди.
У киши иккинчи лауреат “Элдидо” гуруҳини эълон қилди ва тақдирлади.
Учинчи бўлиб, саҳнага Жонли ижро фестивалларининг жонкуяр мухлиси, устоз санъаткор Ўзбекистон Халқ артисти Ёдгор Саъдиев таклиф қилинди ва у киши учинчи лауреат Гўзал Жуманиёзова яъни, ёш хонанда Дилсўзни тақдирлади.
Шундан сўнг, Жонли ижро фестивалининг мухлиси Ўзбекистон Халқ артисти Ёдгор Саъдиев “”Туркистон” саройида бошланган тадбир бугун “Истиқлол” санъат саройида давом этмоқда. Демак, бу олдинга силжиш! Бугун “Истиқлол” санъат саройи ҳам ўзгача, кулиб тургандек, чунки у ҳам фонограммадан чарчаб кетган, унга ҳам жонли ижро манзур бўляпти” дея, ўзи ҳам жонли ижрода қўшиқ куйлаб берди.
Концерт файзли ўтди ва томошабннларга манзур бўлди. Концерт давомида кўплаб томошабинларни шўх қўшиқларга рақсга тушаётганликларининг гувоҳи бўлиш мумкин эди. Концерт иштирокчиларидан бир нечталари мазкур концерт ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирдилар.
Халқнинг жонли ижрони қанчалик яхши кўриши, шу концертдан ҳам маълум, дейиш мумкин. Томошабинлар кўзларидаги қувонч, уларни жонли ижро куйчиларига хайриҳоҳлиги билиниб турибди, олқишларини аямаяпти. Лекин, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, концерт бошида баъзи фонограмма ва жонли ижронинг фарқига бормайдиганлар, концертда куйланаётган қўшиқларнинг ҳаммаси жонли ижрода бўлаётганига ишонмай, “фонограмма бўлса керак, барибир” деб ўзлариникини маъқуллашди. Лекин, концерт ўрталарига келиб, улар шубҳалари асоссиз эканлигини англашди! Жонли ижрода ҳам, шундай равон ва тиниқ куйлаш мумкин экан, бизнинг хонандалар ҳам жонли куйлай олишар экан, бизнинг ёшлар орасида ҳам жонли ижрода куйлайдиганлар бор экан, деган ижобий фикрга келишди.
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ва “Terra Group” компанияси билан 2011 йилдан буён ўтказилиб келинаётган “Марди майдон” жонли ижро фестивалининг асосий мақсади эса, эстрада, анъанавий ижрочилик ва академик вокал йўналишида ижод қилаётган ёш истеъдодларни излаб топиш, уларни кенг жамоатчиликка танитиш, ёш эстрада ижодкорларини профессионал малакасини ошириш, ҳамда катта саҳналарда ўз санъатини намойиш қилиш учун йўл очиб беришга қаратилган бўлиб, фестиваль бу мақсадларга эришмоқда. Унда иштирок этаётган ёшлар ўз истеъдоди ва ижро маҳорати билан халқ кўнглидан жой олиб, “Наврўз” ва “Мустақиллик” байрамларининг асосий концерт дастурларида қатнашмоқдалар.
Эндиликда ўтказилаётган фестивалнинг аввалгиларидан фарқи, унда ҳозирги кунда нафақат ёш хонандалар, балки, халқимиз эътиборидаги санъаткорларимизда ҳам, қатнашиш истаги пайдо бўлмоқда! Бу эса, халқимизда жонли ижрога бўлган қизиқиш янада кенгайиб, жонли ижрода куйловчи хонандаларнинг сони янада ошишига олиб келади. Жонли ижро фестивалининг янада оммалашиши, ҳозирги кунда ёш хонандаларни янада изланишига ва ўз овоз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, фақат жонли ижрода куйлашига олиб келади. Натижада, ёш хонандаларимизнинг профессионал маҳорати ошиб, миллий эстрада санъатимиз янада ривожланади, деб ўйлаймиз.
Бугунги жонли ижродаги “Дилларда Ватан мадҳи” концерт дастури ҳам, келажакда санъаткорлар орасида, санъатимиз ривожига ҳисса қўшган ҳолда, тўлиқ жонли ижрога ўтиш йўлидаги самарали бир қадам бўлди, назаримизда.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
![]()
![]()
![]()





