FATTOHHON.COM

« Все новости

РЕЖИССЁР АБДУВОҲИД ҒАНИЕВ: БИЗ ИЖОДИЙ ГУРУҲИМИЗ БИЛАН БУ НАРСАДАН АСЛО ҚЎРҚМАДИК! 16.12.2012 08:32

Интервью "Тасвир" газетасида чоп этилган
abduvohid_ganiyev-2.jpg
Режиссёр Абдувоҳид Ғаниев ўзи ҳақида: - Авлодимизда кино операторлар бор. Лекин, менинг ота-онамни санъатга умуман алоқалари йўқ. Оилада 5 фарзанд, уч қиз икки ўғилмиз. Укамнинг исми Абдусамад Ғаниев, у ҳам кинорежиссёр. Дилшод Ғаниев, Жамшид Ғаниев жиянларим операторлар. Авлодимизда, кино соҳасида ишлайдиган вакиллар бўлгани учун ҳам, қонимизда бор.
 
Абдувоҳид Ғаниев Тошкент Давлат Санъат олийгоҳини битирган. Аввалига оператор бўлиб ишлаган. Ҳозирда яъни 3 йилдан буён кинорежиссёр сифатида фаолият юритмоқда. Бир нечта фильмлар суратга олган, жумладан “Севгинатор”, “Севгинатор 2: Қайнона операцияси”, “Дада” ва бошқалар. “Дада” фильми MTVA мукофоти совриндори бўлган.
Бу йил унинг янги “Тақдирлар” фильми катта экранларга чиқди.
 
 
abduvohid_ganiyev-7.jpg
 
-  Бу катта экранларга чиққан “Тақдирлар” фильми орқали нима демоқчи бўлдингиз?
- “Тақдирлар” фильми “Ўзбеккино Миллий агентлиги” ҳамда, “Ўзбекфильм” кино студиялари томонидан яратилди. Бу фильм инсон тақдири ҳақида. Масалан, ҳар бир инсон қайсидир маънода, у ёки бу нарсани, ҳаёти давомида режалаштиради. Режалаштиради  ва ҳамма нарсани мана шундай тахминларга қура бошлайди. Тақдир эса, бу одамзод режалаштира олмайдиган нарса ҳисобланади! Шунинг учун ҳам фильмимиз орқали, асосан мана шу фикрни баёт этамиз. Фильм асосида шу нарса ҳам бор-ки, масалан, “учиш, еттинчи осмонда учиш” деган нарса бор. Инсон бахтли бўлиши учун, ҳар доим учиши керак, деган фикрлари илгари сурилган. Яъни, ўз бахтидан қувончга тўлиб, учиш ҳиссини туйиш. Бу нарса премьера куни фильмни кўрган томошабинлар ўртасида ҳам кўпгина баҳсларга сабаб бўлди. Мен ўйлайман-ки, томошабинлар, ёшлар, ҳамма, фильмни кўриб, умуман инсон қачон-ки, учсагина ўзини бахтли, бахтиёр ҳис қилишини тушуниб етадилар.
abduvohid_ganiyev-8.jpg
 
- Фильмга болаларни аралаштириш фикридан чўчимадингизми? Негаки, баъзи режиссёрлар болалар билан ишлаш қийинлигини айтишади ва болалар тушган фильм муваффақиятсиз чиқади қолиши мумкин, деб ҳисоблашади.
- Бу жуда ҳам нотўғри. Мен ўйлайманки, кичик болаларнинг яхши маънода фильмни безаб туриши, бу жудаям яхши. Фильмларда ёш болаларнинг ижроси,  ҳар доим неча йиллар давомида бўлган нарса, ҳисобланади. Томошабинларга бу яхши руҳиятни бериб келган. Биз ижодий гуруҳимиз билан бу нарсадан асло қўрқмадик. Боғчани, боғчадаги болаларни суратга олдик. Ўйлайман-ки, бу томошабинларга жуда ҳам ёқади. Эътибор берсангиз, шу боғчадаги шўх болаларнинг руҳияти, фильмни ўзига хос даражада безаб турибди.
 
- Ўзингизни ҳам фарзандларингиз борми? Улар ҳам фильмларингизда роллар ижро этишганми?
- 3 та қиз фарзандим бор. Робиябону, Ҳурнисо, Бибисора. Улар фильмларда камдан- кам роллар ижро этишади. Энди улар ҳали кичик. “Тақдирлар” фильмида 1-2 та кадрда Ҳурнисо билан Бибисора чиқишган. Кичкина кадрларда! (самимий кулиб) Уларга ҳеч қачон катта роль бермаймиз.
 
- Кейинчалик фарзандларингиз ишингизни давом эттирмоқчи бўлишса-чи?
- Билмадим. Буни вақт кўрсатади.
 
abduvohid_ganiyev-9.jpg
- Фарзандларингиз, оила аъзоларингиз қайси фильмингизни севиб томоша қилишади?
- “Севгинатор”, “Дада” фильмларимни яхши кўришади.
 
- Кинога энди кириб келган пайтингиздан, ҳозирга қадар кинода қандай ўзгаришлар юз берди ва бу ўзгаришлар сиз кутгандек бўлдими?
- Ҳозирги кунда ўзбек киносида жуда катта ўзгаришлар бўляпти. Бу нарсадан хурсанд бўлиш керак! Чунки фильмлар кўп. Кўплаб фильмлар суратга олиняпти. Улар маблағ тарафлама ўзини қоплаяпти. Ундан ташқари, томошабинлар ҳам танлаш хуқуқига эга. Бу нарса жуда хурсанд қилади. Бу рақобатни ривожлантиради. Рақобат ривожланган жойда ҳар доим ривожланиш, ўсиш бўлади. Чунки, мен биринчи “Ўзбекфильм” киностудиясига ишга келганимда фильмлар деярли йўқ эди. 2-3 та фильмлар суратга олинарди, бўлди эди. У фильмларнинг олдига яқинлашиб бориб, бир нима иш қилишни ўзи, бу орзудан ҳам баландроқ нарса ҳисобланган. Ҳозирги кунда эса, масалан, хусусий студиялар жуда ҳам кўп фильмлар суратга олишяпти. Ундан ташқари, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги кўп фильмлар чиқаряпти. Бу нарса мени жуда ҳам ҳурсанд қилади. Ҳозирги кунда фильмлар ҳам кўп, кўп ижод қилиш учун жуда ҳам катта шароитлар бор! Бунинг натижасида, ўзбек киночилари ҳам, бунданда яхши ижод намуналарини яратишади, деб ўйлайман. Бундан қувонаман.
 
abduvohid_ganiyev-6.jpg
- Ҳозирги кунда ўзбек киносининг янада ривожланиши учун, айнан нима етишмаяти деб ўйлайсиз?
- Менимча, киномиз янада ривожланиши учун, Маркетингни ривожлантириш керак, кинода! Бу киноларни сотиш, сота олиш, керакли даражада томошабинга етказиб бериш! Ундан ташқари, чет элларда масалан, қарайдиган бўлсак, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистони оладиган бўлсак, уларнинг кўпчилиги ўзбек киноларини кўришади. Текинга кўришади. Бу эса, яхшимас деб ўйлайман. Чунки, бутун дунёда кинонинг маркетинги шундай ривожланганки, четга кетаётган киноларимизнинг ҳаммаси, уларга ҳам, масалан қандайдир маблағ ҳисобига кириб келади-ку. Агар маркетинг ривожланса, фильмларнинг сифати ҳам, баробар ривожланади деб ўйлайман.
 
- Фильмларингизга мавзуни нимага асосланиб танлайсиз? Сизни қандай мавзулар кўпроқ қизиқтиради?
- Мавзулар ҳаётдан олинади асосан. (сал ўйланиб) Айнан мана шу мавзу қизиқтиради, деб аниқ айта олмайман. Чунки, бу руҳий ҳолатга, давр, пайтга қараб ўзгаради, деб ўйлайман. Сабаби, ҳаётимиз ўзгаряпти, яхши тарафга ўзгаришлар кўп, ривожланиш бор, инсонлар ўзгаряпти, фикрлар ўзгача. Шунинг учун ҳам ўйлайманки, вақт ўзгариши билан бу ҳам ўзгариб боради.
 
abduvohid_ganiyev-1.jpg
- Йиллар ўзингизни қанчалик ўзгартирди?
- (сал ўйланиб, кулиброқ) Билмадим. Ўзгаришлар катта. Бу битта менда эмас, ҳар бир Ўзбекистон Республикасида яшовчи фуқарони фикри, деб ўйлайман. Чунки, жуда ҳам катта ўзгаришлар, барибир ҳам фикрлаш доираси ўзгаради. Бундан ташқари, мана масалан, янги технологияларнинг кириб келиши, бу ҳам инсонларни ўзгартиради. Бу киноларни ҳам ўзгартиради. Айтмоқчиман-ки, давр давомида инсон ўзгариб боради. Кинога нисбатан эътибор ҳам ўзгариб боради, деб ўйлайман.
 
- Фильмларингизга актёр ва актрисаларни қайси жиҳатига қараб танлайсиз? Ролга тушиши ёки кассабоблиги?
- Кўпроқ ролга тушиши, деб ўйлайман. Чунки, ҳозир бир қизиқ нарса бор. Томошабинлар битта актёрни, битта образда кўриб қолади ва уни шу образда яхши кўриб қоладилар. Сўнг, ҳамма ўша образ билан яшашни бошлайди. Бу нотўғри деб ўйлайман. Чунки, актёр бу ўша танланаётган образга нисбатан, ўзининг ўша ҳолатини яратиб бера олиши, бу актёрнинг маҳоратига боғлиқ. Масалан, кўп актёрларимиз бор, уларни, масалан томошабин битта кинода кўриб, ўшани яхши кўриб қолиб, “шу яхши актёр” деб ўшанга ўхшаган ролини қидиришни бошлайди. Бу нотўғри деб ўйлайман. Чунки, актёрнинг маҳорати, бу ўша образни ярата олишида! Масалан, битта кинода образни яхши яратдими, кейинги кинода ундан ҳам бошқа образни ярата олса, унда ҳам томошабиннинг қалбига ўша образи билан ҳам кириб кела олса, бу актёрнинг маҳорати ва янада юксалиши, деб ўйлайман.
 
abduvohid_ganiyev-3.jpg
- Ўзингиз тан олиб айтишингиз мумкин бўлган, муваффақиятсиз чиққан фильмингиз ҳам борми?
- Йўқ, мен ижодимда муваффақиятсиз фильм йўқ, деб ўйлайман. Чунки, ҳар бир фильмим бу менинг даврим. Ўша даврни яшаб ўтганман. Ўша даврда ўша фильмни суратга олганман. Мен уни муваффақиятли, ёки муваффақиятсиз деб айта олмайман. Ҳеч қачон! Чунки, ҳар битта фильмим менинг яшаб ўтган даврим ҳисобланади.
 
- Ўзингиз режиссёрлардан кимнинг ижодини кузатиб борасиз?
- Чет эл режиссёрларининг ижод намуналарини яхши кўраман. Бир нечта фильмлар жуда ҳам ёқади.  Ўзимизнинг режиссёрларимиздан эса, Шуҳрат Аббосовнинг ижодни жуда ҳам яхши кўраман ва ҳурмат қиламан. Чунки, Шуҳрат ака устозимиз. Улардан ташқари, кўп устозларимиз бор, масалан, Абдураҳим Исмоилов операторлик бўйича. Кино соҳасига мени олиб кирган жуда ҳам кўп инсонлар бор. Улардан ҳам миннатдорман ва уларни ҳар доим йўқлаб тураман. Ҳурмат қилиб яхши кўрган режиссёрларим кўп.
 
- Операторликдан режиссёрликка қўл уришингизга нима сабаб бўлган?
- Мен оператор бўлиб 30 га яқин фильмларни суратга олганман. Бу мени ижодимдаги жуда ҳам катта давр, деб ўйлайман. Бу ишни масалан, тўхтганим йўқ. (самимий) Ҳозир ҳам, масалан яхши фильм бўлса, оператор бўлиб ҳам ишлайвераман. Лекин,  ҳозир жуда кам оператор бўлиб ишлашим. Ҳозир асосан режиссура билан бандман. Бу қайсидир маънода ижодий чанқоқлик деб ўйлайман. Лекин, мен олдиндан жуда ҳам режиссурани яхши кўрардим. Барча оператор бўлиб ишлаган фильмларимда, суратга олинаётган фильмнинг драматургиясига нисбатан эътиборим ҳам бошқача бўларди ҳар доим.
 
abduvohid_ganiyev-4.jpg
- Орзуингиздаги фильмни суратга олдим деб ўйлайсизми?
- Йўқ. Орзулар кўп. Тугамайди (кулади).
 
- Кимни ўзингизга рақобатчи деб биласиз?
- Ҳаммани! (кулади).
 
- Ҳар бир ижодкорнинг муваффақиятли даври бўлади. Нима деб ўйлайсиз, сизнинг шундай даврингиз келдими ёки энди келадими?
- Буни Худо билади. Мен қаердан ҳам биламан (кулади).
 
abduvohid_ganiyev.jpg
- Сиз ўз фильмларингиз билан умумий маънода, томошабинга нима демоқчи бўласиз?
- Мен ҳар доим фильмларимда ҳаётни кўрсатмоқчи бўламан. Масалан, тўғри фантастик жанрда олган фильмларимиз ҳам бор, лекин уларда ҳам эътибор берган бўлсангиз шу ҳаёт бор. Ҳақиқий ҳаёт! Устозимиз режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг битта гаплари бор. “Энг муваффақиятли фильмларим, бу халққа яқин бўлган фильмларим” деб ҳисоблайдилар. Қайсидир маънода, у ёки бу фильм орқали ўша фикрни етказиб бериш масаласи ётади, деб ўйлайман.
 
- Ижодда сизга асосан нима илҳом беради?
- (сал ўйланиб) Мусиқа бўлса керак. Мусиқа тинглашни ёқтираман.
 
- Премьерадан олдин ва кейин нималарни ҳис қиласиз?
- Премьерадан олдин ҳаяжонни ҳис қиламан. (жилмайиб) Масалан, “Тақдирлар” фильмини томошабинларга тақдим қилдик. Ўйлайман-ки, бу фильм ҳам томошабинларни қалбига, юрагига етиб боради. Чунки, у ерда ҳақиқий ҳаёт бор.  Фильмни кўрган ҳар бир томошабин, ўзига нимадир олиб чиқиб кетишини ҳоҳлайман. Премьерадан олдин асосан, “қандай бўларкин” деган ҳажон бўлади. Премьерадан кейин эса, ўзингизда 1-2 кунга ишсизликни сезасиз. Битта ишни тугатганингизни ва кейингисини кутишни ҳис қиласиз.
abduvohid_ganiyev-5.jpg
 
- Бир фильмни тугатгандан сўнг дархол янги фильмингизни бошлашга киришасизми?
- Йўқ, дарҳол бошламайман. Озгина давр, вақт ўтгандан кейин бошлайман.
 
- Мисол учун, нотаниш томошабин келиб сизнинг фильмингиз тўғрисида танқидий фикрлар билдирса, қандай қабул қиласиз?
- Энг муҳими томошабинларнинг фикри, деб ҳисоблайман. Яхши қабул қиламан.
 
- Ички интуиция режиссёр учун қанақа роль ўйнайди?
- Жуда ҳам катта роль ўйнайди, деб биламан. Чунки, санъат оламининг одамлари интуицияга кўп таянади. Шунинг учун ҳам интуицияга эътибор берилади, у билан маслаҳатлашмай иш қилиб бўлмайди.
 
- Сизда интуициянгиз қанчалик тўғри чиқади?
- Асосан, тўғри чиқади.
 
- Ўтган йили М@TVA мукофотини олдингиз. Нималарни ҳис қилдингиз?
- Хурсандчиликни! (кулади). Кутмагандим тўғрисини айтсам! Эълон қилишганда кучли ҳаяжон бўлди, кейин у ёғини эслай олмайман. Жуда хурсанд бўлганман!
 
- Кино танқидчиларга муносабатингиз?
- Кино танқидчиларни жуда ҳам ҳурмат қиламан! Чунки кино танқидчилар бор жойда ривожланиш бўлади. Агарда, умуман нафақат кино соҳасида балки бошқа соҳаларда ҳам танқидчилар бўлса, ўшандагина ривожланиш бўлади. Кино танқидчиларни фикрларини ҳурмат қиламан ва  доим қабул қилиб келганман.
 
- Актёрлар ва умуман суратга олиш майдонида ижодий гуруҳдан талабингиз?
- Актёрлардан талабларим бор, албатта. Лекин, кимдандир бир нарса сўрайдиган бўлсангиз, унга олдин ўша нарсани бера олиш керак. Ўша нарсани яралиши учун унинг асоси бўла олиши керак. Принцип қилиб, масалан актёрга “айнан мана шуни ўйнайсан” деб туриб олиш, тўғри эмас, деб ўйлайман! Масалан, ўша актёрдан талаб қилишдан олдин ёки ижодий гуруҳга талаб қўйишдан олдин, ўша ижодий гуруҳга ўша атмосферани, муҳитни яратиб бериш керак! Ўшандагина кимдандир бир нарсани сўраш, талаб қилиш  мумкин, деб ҳисоблайман У вақт масаласида бўладими, ёки иш масаласида бўладими, нима бўлган тақдирда ҳам! Нима бўлган тақдирда ҳам, ўша нарсани етказиб бериб, кейин талаб қилса бўлади.
 
- Актёрларга эркинлик берасизми? Уларнинг фикрларига қандай қарайсиз?
- У ёки бу эпизодни яратилаётганида, албатта актёрлар ўз фикрини айтади, масалан мана бунақа бўлса-чи, ёки бунақа қилсак-чи дейишади. Сабаби, актёр ўзининг персонажи ҳақида, ҳар доим режиссёрга нисбатан кўпроқ маълумотга эга бўлади. Бу аниқ. Чунки режиссёрда 10 та персонаж бўлса, актёрда битта дона бўлади. Бутун фильмни драматургияси ёки линияси тайёрлаш, ўша фильмнинг атмосфераси режиссёрнинг бўйнида бўлса, актёрда биттагина образни ҳолати бўлади. Шунинг учун ҳам, ўйнаётган персонажи ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлади, деб ўйлайман.
 
- Ўзингиз ҳам актёр сифатида роль ижро этганмисиз? Ёки сизга кадр ортида бўлиш маъқулми?
- Йўқ, мен ҳеч қачон роль ижро этмаганман. Ниятим ҳам бўлмаган. Лекин, яна ким билади? (кулади).
 
- Сиздаги муваффақият рецепти?
- Меҳнат бўлса керак! Ишлаган одам яхши ишми, ёмонми, зўр киноми, зўр сценарийми ёки, ёмон сценарийми, агар уни устида меҳнат билан ишланса, у албатта ўз натижасини беради.
 
- Юқорида кино танқидчиларнинг ва томошабинларни фикрига муносабатим яхши деб айтиб ўтдингиз. Баъзи бир томошабинлар ва кино танқидчилар томонидан сизни “Дада” фильмингизда, “Ёдгор” видеофильмига бироз ўхшашликлар борлиги тўғрисида фикрлар билдирилди. Бунга муносабатингиз?
- Йўқ. “Ёдгор” видеофильми эмас, асарининг ўзи, масалан менга ёққан. Анча олдин ўқиганман, яхши асар, менга ёққан. Лекин, бу фильмга “Ёдгор” видеофильмининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу гап ўша пайтда ҳам айтилган. “Дада” фильми Шоира Ғиёсова, Диёр Маҳкамовлар ва мен томонимиздан ўйлаб топилган воқеа, ҳисобланади. “Ёдгор” видеофильмига қаеринидир ўхшатишди, мен бундан хафа бўлмадим. Чунки, “Ёдгор” бу жуда ҳам машҳур ва халқ қалбида қолган асар. Мен бундан хурсандман. Лекин, шундан таъсирланиб, ёки фикр олинган деган нарса бўлмаган! Ҳатто, ижодий гуруҳимиз томонидан ҳам. Бу ҳақида сценарий муаллифларимиздан ҳам сўрасангиз бўлади, актёрларимиздан ҳам. Бундай нарса бўлмаган. Чунки, тўғрисини айтсам “Ёдгор” видеофильмини мен ўзим кўрмаганман! Балки яхши видеофильмдир? Яхши бўлса керак, томошабинларнинг қалбида қолган бўлса. Лекин, уни бизни фильмимизга алоқаси йўқ.
 
- “Севгинатор” фильмини яратиш ғояси қаердан келиб чиққан? Уни ҳам, “Темир хотин” фильмига ўхшатишди.
- (кулади) “Севгинатор” фильми, ўзи сценарийси яратилганда, жуда ҳам бир қизиқ формага келганди. “Темир хотин” бу бошқа нарса. Агар уни асосидаги ғояси билан оладиган бўлсак, булар бошқа-бошқа фильмлар. Масалан, ўзбек халқида қизиқ одат бор, ҳаммамиз ҳам чуқурроқ ўйламаймиз. Масалан айтишади, кимдир боласини ташлаб кетдими, демак, “Ёдгор”, кимдир робот бўлиб чиқдими, демак, “Темир хотин”. Масалан, севги тўғрисида кино бўляпти, севги-муҳаббат ҳақида янги фильм яраляпти. “Тоҳир ва Зуҳра” бўлиши керакми? (кулади) “Севгинатор” ва “Дада” фильмлари алоҳида ижод маҳсулидир. Кадрда кимдир боласини ташлаб кетса, бу “Ёдгор” бўлавермайди-ку, робот чиқиб келса, “Темир хотин” ҳам бўлиб қолмайди, ёки бўлмаса, севги ва муҳаббат ҳақидаги ҳамма фильмлар, “Тоҳир ва Зуҳра” бўлавермайди. Тоҳир ва Зуҳра ҳам бир –бирини яхши кўрган. Демак, ҳар бир фильмни унга таққослаш мумкинми? Мен бу ҳақида билдирилган фикрларни ҳурсанд бўлиб, кулиб қабул қиламан.
 
- Ўзингиз қандай фильмларни севиб томоша қиласиз? Шу кунларда кўрган фильмингиз?
- Мелодрамаларни яхши кўраман, фантастика ҳам ёқади. Тўғрисини айтсам жуда ҳам кўп кинолар кўраман. Кўп кинолар менга таъсир кўрсатади.
 
- Кун тартибингизга риоя қиласизми?
- Йўқ. Кун тартибим бузилиб кетади, ҳар доим. Лекин, вақтида айтган жойимга боришга ҳаракат қиламан.
 
- Ўзингизнинг муаллифлик фильмларингизни ҳам яратиш ниятингиз борми?
- Ниятим бор. Ҳозир, биласизми, ижодкорнинг иш даври ўзи экспримент ҳисобланади. Ўзимни ҳозирги давримни жуда ҳам яхши кўраман. Томошабинбоб фильмлар яратиш, хурсандчилик ёки бўлмасам, яхшилик ёки етказиб бериш. Муаллифлик фильмлари эса. Бу инсонни ўзининг ички туйғуларини қайсидир маънода, бошқача бир формада етказиб бериш, деб ўйлайман. Бу балки яқин орада бўлар? Чунки бу орзу. Бир нечта орзуларим орасида, бу орзу ҳам бор.
 
- Ўзингиз томошабинлар фикрини эшитаман деб айтиб ўтдингиз. Томошабинлар келиб сизга ўз фикрини билдирган пайтлари ҳам бўладими?
- Бўлган, жуда ҳам кўп бўлган. Масалан, мақташади, кейин бир хиллар айтади (ролга кириб кўрсатиб беради) “мана менга қаранг, мен сизга тўғрисини айтаман, анови бўлади-ку, сизни таниганим учун, ёки сизни кўриб қолганим учун юзингизга айтмаяпман. Ростдан айтяпман” дейди. (самимий кулади). Мана шу ҳақиқатдан эсда қоларли бўлади. “Менга хақиқатдан ҳам фильмингиз ёқди”, дейди. “Мен сизни таниганим учун айтмаяпман, юзингизга айтяпман. Нима деб ўйласангиз ўйлайверинг” дейди. Ёки бўлмаса, танқид қилишади, “яхши бўлибди, лекин мана шу ерини сал мана бунақароқ қилганингизда, яна билмадим” деб қўйишади. Кейин, “эй, майли тураверсин” дейишади. Бу ҳам қайсидир маънода эътибор. Бундан хурсанд бўлиш керак. Ёмонласа ҳам, яхшиласа ҳам. Энди кўпроқ яхши дейишади, бу инсонни хурсанд қилади ва келажакда янада яхши ишлашга энергия беради, деб ўйлайман. Томошабинларимиз яна ҳам кўп бўлсин. Мен томошабинларимиз мамнун бўлишларини, яхши кўраман.
Феруза Фаттохова
abduvohid_ganiyev-2.jpg