FATTOHHON.COM
« Все новостиКуни кеча “Туркистон” саройида «Ягонасан, Муқадассан Ватан!» кўрик-танлови, “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси тизими Республика якуний босқичи бўлиб ўтди.
“Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” эзгу ғоясини ўзида мужассам этган ҳолда, авваламбор, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, унинг тақдири учун дахлдорлик ҳисси билан йўғрилган мазмунан теран, бадиий етук қўшиқлар, ҳамда, уларни эл-юртимизнинг маънавий мулкига айлантириш, Юртимиз Истиқлолини тараннум этадиган Энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун ўтказиладиган мазкур тадбирда, Бирлашманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда, Тошкент шаҳри ҳудудий бўлинмаларидан жами 300 нафардан ортиқ ижрочилар қатнашиб, Республика босқичида 39 нафар ғолибликни қўлга киритган ҳаваскор ва профессионал ижрочилар иштирок этдилар.
Тадбирни Анвар Тожибоев олиб борди.
Иштирокчилар томонидан ижро этилган асарларнинг мусиқасини, шеър матни савиясини, ижро маҳоратини, танлаган либослари ҳамда, саҳна маданиятини талабчан Ҳакамлар Ҳайъати аъзолари, Ўзбекистон Санъат арбоблари Ҳабибулла Раҳимов, Носир Отабоев, Ўзбекистон Халқ артисти Мансур Тошматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Азим Муллахонов, Тоир Қўзиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Гулчеҳра Умарова, Бобур Бобомурод баҳолаб боришди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мазкур кўрик-танловда иштирок этаётган иштирокчиларнинг ҳар бири чиндан ҳам, ғолибликка муносиб, улар танлаган куй-қўшиқларнинг деярли барчаси сараланган, мазмунан таъсирли қўшиқлардир. Иштирокчиларнинг ҳар бири ўз қўшиғини юракдан ижро қилишди. Шу сабабли ҳам, Ҳакамлар Ҳайъатига улар орасидан ғолибларни танлаш осон кечмади.
Ўзбекистон Халқ артисти Мансур Тошматов: - Ҳар йили энг азиз байрамимиз, Ўзбекистон Мустақиллик байрами арафасида, мазкур кўрик-танлов бўлиб ўтади. Республика босқичида, мен ҳар йили Ҳайъат аъзоси сифатида иштирок этиб келаман. Бу кўрик-танлов нуфузига кўра, унда бутун Республикамиз вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасидан келган санъаткорлар Ватан ҳақидаги энг сара қўшиқлари билан қатнашадилар. Биз учун ҳаяжонли, ҳамда энг қийин бўлган жиҳати ҳам шуки, уларнинг ҳаммаси ўзига хос маҳоратли етук санъаткорлар, ҳаммасининг қўшиқлари ўзига хос, мазмунан теран, ҳаммасининг ижроси юқори даражада, шунинг учун ҳам, уларга баҳо қўйиш, жуда ҳам қийин! Бу ерда нафақат хонанда ва унинг ижроси, балки бастакор, шоирга, ҳар бир жиҳатга эътибор берилади. Бу кўрик-танловнинг ўзига хос тарафи ҳам шунда! Бошқа танловларда хонанданинг овоз маҳоратигагина баҳо берилса, бу ерда эса, ҳар томонлама бўлганлиги учун ҳам қийин, ҳам ўзига хос қизиқарли!
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов: - Бу кўрик-танлов бўлганлиги учун ҳам, албатта, ҳар бир иштирокчининг ўзига яраша ютуқлари билан бирга, ижродаги камчиликлари ҳам бўлиши табиий. Бусиз, иложи йўқ, албатта. «Ягонасан, Муқадассан Ватан!» кўрик-танловининг ҳар бир босқичи ўзига хос! Талаблар, асосан, яхши матн, яхши қўшиқ, яхши ижрочи! Қанчалик кўп янги ижрочилар, янгидан янги қўшиқлар кашф этилса, шунчалик яхши, санъатимиз ривожига ҳисса қўшилган бўлади. Албатта, ҳар бир иштирокчи ўзига хос жиҳатига эга, кимнидир қўшиғининг мусиқаси юқори даражада, қайси биринидир ижроси, овоз маҳорати, қўшиғидаги шеър матни, профессионаллик даражаси юқори даражада! Иштирокчиларнинг ҳаммасига омад тилайман!
«Ягонасан, Муқадассан Ватан!» кўрик-танлови, “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси тизими Республика якуний босқичи ғолиблари, 8 август, Душанба куни эълон қилинади!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Умар Комиловга
миннатдорчилик билдирамиз