FATTOHHON.COM

« Все новости

ЛОЛА КИМ ХАКИДА КУЙЛАЙДИ? 02.01.2013 10:57

Интервью "Тасвир"газетасида чоп этилган.

lola-7.jpg

- Ҳозирги кунда ижодингиздаги қўшиқларингиздан қайсилари, аввалги қўшиқларингиз “Муҳаббатимсан”, “Нетай” каби муваффақиятларга эриша олди, деб ўйлайсиз?

- Бу саволга жавоб бериш бироз қийинроқ. Чунки, ижодимдаги ҳар бир қўшиқнинг ўз ўрни бор. Уларни таққослаб бўлмайди. Негаки, қўшиқ яратилаётганда, қандайдир бир даражага етиши учун, яратилмайди, менимча. “Муҳаббатим” қўшиғи, “Севинч” фильмига куйланган саундтрек эди. Бу қўшиқ ижодимда муҳим ўрин тутиши сир эмас ва менинг “ташриф қоғозим” десам ҳам бўлади. Бу қўшиқ туфайли ижодимда юқорилаш бўлган ва шу сабабли ҳам, балки бу тингловчиларнинг қалбидан жой олган бўлса ажаб эмас. Бугунги кунда яратаётган қўшиқларим ҳам, ҳар бири ўзига хос. Таққослай олмайману, лекин ҳозирги кундаги қўшиқларимдан “Соғиндим”, ёрқин муҳаббат, чинакам туйғулар ҳақидаги қўшиқ бўлиб, клипи ҳам жуда яхши чиқди. Менимча, “Соғиндим” куйланиш услубига кўра, аввалги қўшиқларимга яқин бўлса керак. Негаки, бу ҳақида ҳаттоки, мухлисларим ҳам, “Соғиндим” уларга аввалги севимли қўшиқларини эслатганлигини айтишди.

 

siti_makon-51.jpg

- Ҳар бир хонанданинг ижодида маълум бир юқори босқич бўлади. Нима деб ўйлайсиз, сизнинг ижодингизда бу босқич қайси даврга тўғри келади? Ёки бу босқич энди келадими?

- (ўйланиб) Қийин савол. Шоубизнес худди диаграммага ўхшайди, гоҳида кўтарилади, гоҳида эса, бироз пастга тушади. эртага, ёки бир йилдан кейин нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Оллоҳга шукур, менинг ижодимда пастга тушишлар бўлмаган. Менимча ижодимдаги муҳим бурилиш, туртки, “Севинч” фильми катта экранга чиққан, “Муҳаббатим” қўшиғим яратилган йилларга тўғри келади. (самимий кулиб) Аммо, чиндан ҳали яна муҳим туртки ва янада ёрқин босқичлар олдинда, деб умид қиламан.  

 

lola-10.jpg

- Концертларингиз доим ноябрь ойида бўлиб ўтади. Ўзгартириш, баҳорда концерт ўтказиш фикри бўлмаганми?

- Йўқ! Биринчидан бунга томошабинлар ва мен ўзим ҳам ўрганиб қолганмиз. Йил давомида ишлайман ва йил якунига янги альбомимни тақдим қиламан, ҳам яккахон концертимни ўтказаман. Йил охири ва йил якунида ҳисобот топширгандек бўламиз. Бундан ташқари, ҳар бир хонанданинг ўзи учун белгилаб олган концерт кунлари бўлади. Мен учун эса, мана шу ноябрь ойида концерт бериш қулай, деб ҳисоблайман. Буни ўзгартириш ҳақида, ўйлаб кўрмаганман.

 

- Ижод сиз учун иш, касбми ёки хобби?

- Ижод бу ўзимни англаш, намоён эта олиш, ўз севган ишим билан шуғулланишдир. Мен бу севимли ишимдан завқ оламан, бу шундай адреналинки,  мен у туфайли, ўзимни, ўз ички дунёйимни намойиш қила оламан. Шу билан бирга ижод мен учун аниқ иш, уни касб сифатида инкор эта олмайман. Негаки, ижод кўп вақт, жисмоний ва руҳий куч талаб қилади. (самимий кулиб) Шунинг учун бўлса керак, уйдан чиқиб кетаётганимда болаларимга “ойингиз ишга кетяпти” дейман. Ижодни одатда 20 фоиз қобилият, 80 фоиз меҳнат дейишади. Чиндан ҳам ижод кучли меҳнат ҳам талаб қилади. Менинг ҳаётимда шундай завқ оладиган ишим борлиги учун ҳам хурсандман ва буни ҳам бир бахт деб биламан. Бундай бахтни ҳар бир инсонда бўлишини истардим. Чунки, ўз ишини, касбини севмайдиган, ҳаттоки ёмон кўрадиган инсонлар ҳам бор. (ҳолатга кириб) Улар ишга келиб, “қачон дам олиш куни келаркин?” деб, 7-8 соатлаб офисда ўтириб, тезроқ иш куни тугашини кутишади. Худога шукур, бундай ҳолат менинг ҳаётимда йўқ ва бўлмайди ҳам. Чунки, мен ҳеч қачон ўзим ҳоҳламаган ишни қилиб, бундай яшай олмаган бўлардим. Мен ҳамиша ҳаётдан ва ҳар бир қилаётган ишимдан завқланиб яшашни истайман. Ҳаттоки, уйда кечки таом тайёрланаётганимда ҳам, буни мажбуран, рафиқа ва она бўлганим учун, шундай қилишим керак бўлганлиги учун, қилишим керак, деб қилмайман. Албатта, кайфиятим чоғ бўлиб, ўзим қилаётган ишимдан завқ олишим керак.

 

siti_makon-41.jpg

- Куйлаш учун қўшиқ танлаганингизда биринчи навбатда, қайси жиҳатларига аҳамият берасиз?

- Кўпинча мухлисларим менга “Сиз ўз ҳақингизда куйлайсизми? Ўз бошингиздан ўтаётган, ҳис қилаётган ҳолатларингизни куйлайсизми?” деб сўрашади. Тўғри, мавзулар ҳаводан олинмайди. Ҳоҳлайсанми, йўқми, сени ижодинг билан ҳаётинг, ҳамда тақдиринг ҳам ёнма-ён кечади. Табиийки, сен ўзинг бошингдан кечирган туйғуларинг, кечинма ва ҳолатларинг, қўшиғингдан ўрин олади. Клипларда ҳам худди шундай, сюжетларни ҳаётдан ва ўзингга яқин ҳолатлардан олишга уринасан. Шунинг учун ҳам, қўшиқ учун шеър ёзадиган шоираларга куйламоқчи бўлган мавзуларимни ўзим айтаман. Улар уни шакллантириб, шеър ҳолатига келтириб беришади. Биринчи навбатда аҳамият берадиган жиҳатим, ўша қўшиқ, менинг қалбимга ва ички дунёйимга яқинроқ бўлсин.

 

lola-8.jpg

- “Энди йўқ” клипингизда тасвирланган ҳолатлар, ҳаётга яқин деб ўйлайсизми?

- (самимий кулади) Бундай ҳолат, ҳар бир инсоннинг ҳаётида бўлиши мумкин. Табиийки, инсонда депрессия, тушкунлик ҳолати бўлганда, албатта ниманидир ўзгартиргиси келади. Биринчи навбатда ўзини ўзгартиришдан бошлаши, сочини кестириш, пардозни бошқача қилиш мумкин. Ўз-ўзидан ҳаётингда ниманидир ўзгартиргинг, ҳаттоки, клипда кўрсатилгандек “исён” қилгинг, ҳамма нарсага қарши боргинг келади. Лекин, буларнинг бари клипда тасвирлангандек, умидсизликдан юз беради. Клипда қаҳрамон қиз нима ҳоҳлаётганини билмайди. Унинг ҳаракатлари ҳаммаси умидсизликдан келиб чиққан. Унинг ўзи ҳар тунни диско клубларда ўтказадиган қиз эмас! Лекин, қиз ўзи ҳам бу ишлари уни умидсизликдан қутқара олмаслигини тушунади. Клипдан мазмун, инсон ҳеч қачон умидсизликка тушмаслиги керак! Чунки, ҳаммаси ўтиб кетади. Агар ҳаётда ниманидир йўқотсак, балки келажакда ундан ҳам яхшироқ бошқа нарсани топишимиз учун ҳам шундай бўлгандир? Клипда ҳам шу ҳолат кўрсатишга ҳаракат қилинган.

 

mtva-taqdimot-oldidan-17.jpg

- Депрессия ҳолатлари-чи? Клипдаги каби депрессия ҳолатларидан ўзингиз қандай чиққансиз?

- Менимча, ҳар бир инсонда депрессия, тушкунлик, умидсизлик ҳолатлари бўлиши табиий. Лекин, буларнинг барчаси ўткинчи, деб ўйлайман. Фақат, бундай ҳолатларда яқин инсонларинг ёнингда бўлишса, бу ҳам катта ёрдам беради. Шунингдек, вақт ҳам ҳаммасига даво бўлади, деган фикрдаман. Баъзилар, вақт оғриқни кучайтиради, дейишади. Лекин, мен бу фикрга қўшилмайман! Чунки, вақт даво қилмаган тақдирда ҳам, барча нарсани ўз ўрнига қўяди. Депрессияга ёки умидсизликка тушганда ёнингда керакли, тўғри йўл кўрсата оладиган яқин инсонларингни бўлиши ва сени қўллаб-қувватлашлари жуда ҳам муҳим. Улар сенга ўз вақтида тўғри маслаҳат бериб, сени тинчлантириб, сенга туртки бериб турсалар, ундай ҳолатлардан чиқиб кетишинг ҳам осон бўлади. Ҳаётдаги ҳар бир синов, бу сенга бир дарс бўлади, характерингни янада шакллантиради, кўп нарсаларни қадрига етишни ўргатади.

 

lola-15.jpg

- Ўзингизни бошқалар ибрат олишлари учун намуна деб, айта оласизми?

- Йўқ, ҳеч қачон! (самимий кулади) Аксинча, мен ибрат олиш мумкин бўлмаган инсонман. Негаки, менда ўзини яхши кўриш, юқори қўйиш йўқ! Ҳеч кимга тақлид ҳам қилмайман. Аслида бировга  тақлид қилиш керак эмас, деб ҳисоблайман. Инсон ҳар доим ўз услубига эга бўлиши лозим. Агар бировга тақлид қилсангиз, ҳеч қачон ўзлигингизни топа олмайсиз. Мен ҳеч қачон ўзимни бир машҳур деб ҳам билмайман ва бошқалар менга тақлид қилишади, деб ҳам ўйламайман! Кимдир мендан кўчиряпти, менга тақлид қиляпти, ёки ортимдан такрорлаяпти, деган нарса менда йўқ. Баъзи инсонларда шундай одат бор, гўёки ҳамма унга тақлид қилаётгандек, унинг ортидан такрорлаётгандек туюлади ва бу ҳақида кўп гапиради. Гўёки ҳамма унга ўхшайди ва ҳамма унга ўхшашни жуда ҳам ҳоҳлаётгандек туюлади. Мен эса, ҳаттоки ижод борасида ҳам, аслида тақлид қилишлар йўқ, деб ҳисоблайман. Чунки, ижод кишилари ҳаммалари бир муҳитда, бир оламдалар! Ҳамма эса ғоялар ҳавода учиб юргандек, ҳоҳласанг, ҳоҳламасанг баъзида тасодифий ўхшашликлар бўлиб туради. Айнан, тақлид қилиб такрорлашади, деган фикрдан йироқман. Балки, ўша кимдир менга ростдан ҳам ўхшашдир, балки у ўша ғояни мендан аввал ўйлагандир? Ёки мен кимдир аввал амалга оширган ғояни қилгандирман? Бу дегани, мен ҳам унга тақлид қилиб, ундан кўчирдим, дегани эмас-ку. Ахир бирор ғояни кимдир биринчи бўлиб амалга оширади, кимдир эса, кейин қилиши ҳам мумкин.

 

mtva-taqdimot-oldidan-16.jpg

- Бу янги концертингиз, аввалги концертларингиздан нимаси билан фарқланади?

- Бу концертим аввалгиларидан жуда ҳам катта фарқ қилади. Чунки, ўзи ҳар бир концерт, аввалгилардан жуда катта фарқ қилиши керак, деб ҳисоблайман. Масалан, яқинда тақдим этадиган янги “Соғиндим” мусиқий альбомим ҳам, бошқа мусиқий альбомларимдан, мусиқа тарафлама ҳам, катта фарқ қилади. Альбом учун, қўшиқлардаги мусиқа, матнларни жуда ҳам диққат билан саралаб, танлаганман. Ҳаттоки, матнларнинг айрим қисмларини ўзим ҳам ёзганман. Концертимга келсак, бутунлай ўзгача мусиқа, дастур, ўзгача имидж, ахир орадан бир йил ўтди ва аввалгидек бўлиши мумкин ҳам эмас. Мусиқа борасида ҳам, ижод борасида ҳам ўсиб боряпмиз, олдинга интиляпмиз. Томошабинларни жуда ҳам ҳайратга солмоқчимиз, демоқчи эмасман, лекин томошабинлар концертга келиб, кўриб, ундан завқ олишини истаймиз. Концертни кўриб, маънавий қувват олишсин, дам олиб, кайфиятлари кўтарилсин. Концертни кўриб кетгач, ҳеч бўлмаса, 2 кун, бир ҳафта ўша концерт таассуротлари оғушида бўлсинлар. Масалан, мен ўзим ҳам бу йилги репетиция жараёнларидан жуда завқ олиб, роҳатланяпман. Янгилик деб айтиш мумкинми, йўқми, билмадим, лекин  бу йил концертимда жонли мусиқа жўрлигида, жонли ижрода ҳам куйламоқчиман. Мақсад шундай нарсаки, сизни уйқудан уйғотиб, унга етишишингиз учун куч беради! Ҳар тонг, мен концертим репетициясига шошиламан ва бундан завқланяпман. Толиқиш нималигини билмайман ҳам. Созандалар билан репетициядан сўнг, Татьяна Круглованинг ёнига, рақс бўйича репетицияга ҳам бораман. Татьяна Круглова концертимда хореограф, рақслар саҳналаштиряпти, концерт режиссёри ҳамдир. Кўпчилик бўлмасак  ҳам, энг зўрлар йиғилганмиз ва ҳаммамиз бир гуруҳ бўлиб ҳаракат қиляпмиз. Биз меҳнат қилиб чарчаётганимиз йўқ, аксинча репетицияда дам олиб, завқланяпмиз. Бундай завқни, ҳолатни концертга келган томошабинлар ҳам ҳис қилишларини ҳоҳлардим.

 

lola-9.jpg

- Концертингизда асосий эътиборни айнан нималарга қаратяпсиз?

- Концертда хореография, рақслар, ўзига хос, айнан эксклюзив десам ҳам бўлади. Биз кимдандир нималарнидир олаётганимиз йўқ, аксинча ўзимизга хос янги услуб яратяпмиз! Бу ҳали ҳеч қаерда қўлланилмаган, томошабинлар учун ҳақиқий сюрприз бўлади! Биз ёшларимиз учун янги рақс услуби ва янги услубдаги кийинишни, умуман янгича услубни намойиш қиламиз. Ҳамма сирларни очиб ташламоқчи эмасман. Аммо, асосий урғу рақсларга, либосларга, ҳамда жонли ижрога қаратилган. Лекин, шуни аниқ айта оламанки, бу концертим ҳақиқий янгилик бўлади!

 

- Концертингизда нечта қўшиқни жонли куйламоқчисиз?

- Бу саволга аниқ жавоб бера олмайман. Аслида бутун бир блокни жонли куйлашни режалаштиргандик. Лекин, ҳозир репетиция жараёнларида ўзгаришлар бўлиб турибди ва шунинг учун ҳам аниқ бир сонни айта олмайман.

 

lola.jpg

- Куйлаган қўшиқларингиз орасида, куйи ва қўшиғи ҳам ўзингизники бўлган муаллифлик қўшиқларингиз борми?

- Йўқ. Лекин, ғоялар бор, балки бунга келажакда қўл уриб кўрарман. (самимий кулиб) Бунга ҳам журъат қилишим керак. Мана бу йил жонли куйлашга қарор қилдим. Жонли ижрода куйлаш, мен учун катта синов бўлади, ўз комплексларим билан курашиш ва катта қадам деб ўйлайман. Келгуси йил балки, ўз муаллифлик қўшиқларимни ҳам куйларман.

 

- Қайси мусиқа асбобида чалишни биласиз? Баъзида гитара билан чиқасиз...

- Аслида фортопиано чалишни биламан, чунки мусиқа мактабида фортопиано бўлимини тугатганман. Концертимда ҳам, фортопианода ижро қилмоқчиман. (самимий кулиб) Гитара шунчаки ҳаваскорлик, аслида гитарани профессионал даражада чалишни билмайман.

 

- Фарзандларингизни ҳам вақти келиб сизнинг касбингизни танлашларига ва хонанда бўлиб, санъат йўлидан кетишларига муносабатингиз?

- Тўғриси, бу ҳақида ҳали ўйлаб ҳам кўрмаган эдим. Чунки, фарзандларим ҳали кичкина. Улар билан бу ҳақида жиддий гаплашмаганмиз. Фақатгина (самимий кулиб) болаларимдан, “ким бўлишни ҳоҳлайсизлар” десам, ўғлим дарров “мен дадамдек бўламан” дейди, қизим эса, шифокор бўлмоқчилигини айтади. (самимий кулиб) Қизим ветеринар бўлмоқчи, яъни ҳайвонларни даволайдиган шифокор! Чунки, ҳайвонларни жуда яхши кўради, жуда ҳам уларга меҳрибон! Ундан ташқари, қизим  мусиқани ҳам жуда яхши кўради, боғчадаги тадбирларда доим роллар ижро этади. Агарда у санъатни танласа, мен албатта қаршилик қилмайман! Фақат унда чиндан ҳам истеъдод бўлса ва ўзи шуни чиндан ҳоҳласагина, уни қўллаб-қувватлайман! Лекин, агар у онаси қўшиқчи бўлгани у учунгина, санъат соҳасида бўлишим керак, деса, албатта рози бўлмайман! Мен ҳар бир инсон қўлидан келадиган ишни қилиши керак, деб ўйлайман. Агар сенга шундай қобилият берилган бўлса қилиш керак, лекин берилмаган бўлса, нима қиласан? Ўғлимга келсак, тўғриси, уни хонанда бўлишини ҳоҳламайман. Қизимга эса, қаршилигим йўқ, уни ҳозирданоқ ҳар хил тўгаракларга берганман. Масалан, рақс билан шуғулланади, чунки рақс қоматни чиройли қилади ва боланинг ўсишига ижобий таъсир кўрсатади. Менимча, ижод болани маънавий ривожланишига ҳам ёрдам беради, деб ўйлайман.

 

lola-11.jpg

- Болаларингиз-чи, ижодингизга қандай муносабатдалар?

- (самимий кулиб) Бу уларга жуда ҳам ёқади. Улар ўз онаси билан фахрланишади ва доим менинг қўшиқларимни куйлашади. Машинада кетаётганимизда ҳам, уларга кўпинча янги ёзган қўшиқларимни қўйиб бераман. Фарзандларим, менинг биринчи тингловчиларимдир! Янги қўшиқларимдан уларга “Соғиндим” қўшиғим жуда ёқди, бирга куйлашди. Албатта, сўзларини бироз нотўғри айтишяпти, (кулади) ҳали эфирга бермаган баъзи қўшиқларим ҳам уларга маъқул бўлди. Ўзи ҳамма қўшиқларимни яхши кўришади. Қизим бу йилги концертимга албатта келмоқчи ва ўзи билан дугоналарини ҳам олиб келиш ниятида. (кулиб) Ҳаттоки, уларга таклифнома ёки билет беришимни ҳам олдиндан айтиб, дугоналарининг исмлари ёзилган рўйхатгача менга бериб қўйган! “Ойижон, бу концертга келадиган дугоналаримнинг рўйхати, биз ҳаммамиз бирга ўтиришимиз керак” деб тайинлаган.

 

- Шахсий бахт рецептингиз?

- Менимча, бахтнинг ҳеч қандай рецепти йўқ! Асосийси, инсон ўзлигича қолиши керак. Меҳрибон, очиқкўнгил инсон бўлиш керак. Ўзингдаги энергия ва яхши ниятларни самога (космосга) йўлласанг, бу албатта ўзингга ҳам қайтиб келади. Кимга яхшилик қилсанг, ўзингга ҳам яхшилик қайтади. Мўъжизага ҳам, муҳаббатга ҳам ишониш керак. Кейин, нимагадир қаттиқ ёпишиб, фақат ўша нарса билан бўлиб қолмаслик керак, деб ўйлайман. Чунки, ҳамма нарса албатта, ўз вақти-соати келганда содир бўлади. Фақат бунга ишониш керак. Айтишадики, агар нимагадир жуда қаттиқ эришмоқчи бўлсанг, бу нарсага қаттиқ ёпишиб қолма, ниятингни самога (космосга) қўйиб юбор ва у албатта сенинг ёнингга қайтиб келади, амалга ошади.

 

lola-13.jpg

- Сиз ижодингизни болаликдан бошлагансиз. Ижодингизни илк даврлариданоқ сизга нима куч берган ва илҳомлантирган?

- (ўйланиб) Менга уйдаги муҳит ва уйдаги об-ҳаво кучли таъсир кўрсатади. Агар менинг қалбим хотиржам, уйимдаги об-ҳаво яхши бўлса, яқинларим ёнимда бўлсалар, менда ҳам ҳаммаси яхши бўлади. Уйдаги об-ҳаво яхши бўлиши, яқинларимнинг ёнимда бўлишлари ҳам, менинг шахсий ҳаётим, менинг ижодимга катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам, уйимда, оиламда тинчлик, бахт бўлиши, жуда ҳам муҳим. Агар уйим ёки оиламда бирор ўзгариш бўлса, дарҳол кайфиятим ва ижодимга таъсир қилади ва қандайдир тўхтаб қолишим ҳам мумкин. (самимий кулиб) Чунки, илҳом ҳам баъзида келмай қолади.

 

foto-23.jpg

- Агар яна ҳаётингизга севги кириб келса?

- Севги? (самимий кулади) Севгининг ҳаётингга кириб келиши, бу бахт, деб ўйлайман! Шунинг учун ҳам мен, ҳамиша ҳаммага ҳаётда гўзал севги-муҳаббат тилайман! Оллоҳга шукур, мен ўз муҳаббатимни учратганман, севги-муҳаббат ҳозирда менинг ҳаётимда бор! Уни асраб – авайлашга ҳаракат қиляпман!

 

lola-12.jpg

- Ҳаётда қайси ишни ўйламай қилгансиз?

- Мен мулойим кўринсам ҳам, ҳаётда агар вақти келса, жуда кучли ва муҳим қарорлар ҳам қабул қилишим мумкин. Албатта, ҳаётимда ўйламай қилган ишларим ҳам бўлган. Мисол учун, (ўйланиб) каръерамда айни муваффақиятга эришган вақтимда, ҳамма нарсага кўзимни юмдим ва турмушга чиқдим! Севимли инсоним учун ҳамма нарсани ташлаб, ҳеч кимни гапига ҳам эътибор қилмай, оилани танладим. Ҳамма менга, “ҳали вақти эмас, шошилиш керак эмас” дейишди. (самимий кулади) Лекин, мен ҳеч кимнинг гапига қулоқ ҳам солмадим ва бундан афсусланмайман! Чунки, бу ҳақиқий, ақл–ҳушни йўқотар даражадаги севги–муҳаббат эди! Мана буни ўйламай қилган ишим, дейишим мумкин.

 

lola-6.jpg

- Сизни оила қуришдан олдин, оила борасида идеалингиз бормиди ва турмуш қургач, ўша идеалликка эриша олдингизми?

- Ҳаётда идеал инсонлар ва идеаллик бўлмайди! Ҳеч қандай бир идеал оила намунаси ҳам йўқ! Шунинг учун ҳам, жамиятимиздаги ҳар бир оила ўзига хос ва ҳар бирининг ўз анъаналари бор. Қандайдир қолип асосида яшаб ҳам бўлмайди. (ҳолатга кириб) Масалан, “эр соат 18.00 да ишдан келиши керак. Рафиқа эса, ундан олдинроқ, яъни соат 17.00 да. Кечки овқат соат 19.00 да тайёр бўлиши керак. Қўшнимизни 3 та боласи бор, бизда эса битта. Демак, биз идеал оила эмасмиз” бундай қолипнинг ўзи йўқ! Шунинг учун ҳам, ҳар бир оила ўзига хос! Ҳар бир инсон, идеал оилани ўзи учун ўзи яратади. Кимгадир менинг оилам идеал кўриниши мумкин, кимгадир эса, аксинча. Инсон, ҳеч қачон “шундай бўлиши керак” деб ўзини мажбурлаб эмас, аслида ўзи истагандек яшаши керак. Инсон ўзи ҳоҳлаган, ўзи ҳар куни унинг бағрига ошиқадиган оила яратиши керак. Кимдир, оилангизни идеал дейиши учун эмас, ўзингиз учун яхши бўлиши керак. Майли, кимдир, “бу ғирт аҳмоқона оила” десин, лекин ўша оила сиз учун яхши, қулай бўлиб, ўша оилада ўзингизни бахтли ҳис қилинг!

 

- Севган инсонингизни хиёнатини кечира олармидингиз?

- Агар ҳозир кечираман десам, севимли инсоним ҳам, “ҳа, хиёнат қилса бўлар экан, кечирар экан” деб ўйлаб қолмайдими? (кулиб юборади) (жиддийлашиб) Менимча, аёл киши хиёнатни ҳеч қачон кечира олмайди, деб ўйлайман. Чунки, кечириш дегани, бу унутиш дегани! Хиёнат эса, унутиладиган иш эмас! Хиёнатни барибир унута олмайсан!

 

lola-4.jpg

- Ҳаётингизда энг қадрли совға?

- Менга тақдирнинг энг қадрли совғаси, албатта менинг фарзандларим! Фарзандларим менинг ҳаётимдаги энг катта бахтим ва мендаги энг қадрли бойлик!

 

- Агар вақт ортга қайтиб, ҳаётингизда ниманидир ўзгартириш имконияти туғилса, айнан нимани ўзгартиришингиз мумкин?

- Йўқ, шу кунгача бўлган ҳаётимда, ҳаттоки, баъзи ишларим нотўғри бўлган тақдирда ҳам, ҳеч нарсани ўзгартирмаган бўлардим! Масалан, ҳозирда баъзи аввалги ишларимни кўриб, ўзим ҳайрон қоламан. Хатоларсиз ҳаёт, менимча, ҳаёт эмас! Агар шу йўлни босиб ўтмаганимда, балки бугун бутунлай бошқа инсон бўлишим ҳам мумкин эди. Ҳаётимизда нимаики юз берган бўлса, демак, шундай бўлиши керак эди, бекорга содир бўлмайди. Бу тақдирнинг иши! Шунинг учун ҳам, дилдан айтганда, ҳеч нарсани ўзгартирмасдим, чунки ҳаётимдаги ҳамма нарса мен учун жуда ҳам қадрли!

 

lola-3.jpg

– Болалик орзуларингиздан, қўшиқ куйлашдан ташқари, яна нималарни амалга ошира олдингиз?

– (ўйланиб, самимий жилмайиб) Балки, бироз эриш туюлар, лекин она бўлиш, рафиқа ва бахтли бека бўлиш, орзуларим амалга ошди. Менимча, буларни ҳар бир қиз орзу қилса керак, деб ўйлайман! Бу мен учун жуда ҳам муҳим эди. Мени жуда ҳам уй, оила ўзига боғлаб туради. Балки, бу тақвимга ҳам боғлиқдир? Тақвим бўйича “Сунбула” буржи остида туғилганман ва бурж вакиллари учун уй, шароит, оила муҳим аҳамият касб этади. Ҳаётда амал қиладиган қадриятларим ҳам оддийгина, оила мен учун жуда ҳам муқаддас ва доим биринчи ўринда туради. Оллоҳга шукур, орзу қилганимдек фарзандларим ва бахтли оилам бор.

 

lola-14.jpg

– Қийин вақтларда, муҳим қарор қабул қилишингизга ким ёки нима ёрдам беради?

– Хотиржамлик ва ўйлаб олиш! Қарор қабул қилишда ҳеч қачон шошилмаслик керак! Ҳеч қачон шошма–шошарлик билан қарор қабул қилиш ва ҳатти–ҳаракатларни амалга ошириш мумкин эмас! Бу яхшиликка олиб келмайди. Аввал хотиржам бўлиб, тинчланиб олиш, сўнг яхшилаб ўйлаб кўриш керак!

 

foto-21.jpg

– Севимли асар қаҳрамонингиз?

– Севимли асар қаҳрамоним дея олмайман–ку, лекин яқинда Вишневскийнинг “Одиночество в сети” (“Тармоқдаги ёлғизлик”) асарини ўқиб чиқдим. Асарда идеал бир эркак қиёфаси тасвирланган. У қаҳрамон шу қадар идеалки, (кулиб) ҳаётда бундай инсон йўқ ва бўлмайди ҳам. Балки у биз аёллар ҳаётда бундай инсонлар йўқлигини тушунишимиз учун ҳам, ёзувчи бу қаҳрамонни яратгандир? Чунки, бу қаҳрамон реал эмас!  Бу яқин пайтларда ўқиган асарларимдан бири, аслида китоблар ҳам, қаҳрамонлар ҳам жуда кўп ва аниқ биттасини айтиш қийин.

 

lola-1.jpg

– Ёлғонга муносабатингиз ва сиз ўзингиз ҳаётда ёлғон гапирасизми?

– Мен ёлғонни, иккиюзламачиликни ёқтирмайман! Баъзида, яхшилик, кимнидир қутариш учун ёлғон гапириш ҳам керак, дейишади. Мен эса бу фикрга қўшилмайман! Яхшиси, мен гапирмай жим турганим маъқул, лекин ёлғон гапирмайман! Баъзида, ростини айтсам, хафа бўлади, деб ўйласам ҳам, лекин, ёлғон гапира олмайман. Ўзим ҳам кимдир менга ёлғон гапираётганлигини сезаман. Ҳаётда тажрибанг ошгани сари, инсонларни психологиясини ҳам ўрганиб, фарқлаб ола бошлайсан. Ким ёлғон гапираётганини ҳам ҳеч бир қийналмай билиб олиш қийин эмас. Ўзим балки, қачондир вазият туфайли ёлғон гапиргандирман. Лекин, ўзи ёлғон гапиришни жуда ҳам ёмон кўраман! Ҳаммасини борича гапираман ва онамлар ҳам мени шунга ўргатганлар. Болаликда шўхлик ёки бирор нотўғри иш қилганимизда, онамлар, “агар тўғрисини айтсанг, қилган ишинг учун жазоламайман. Лекин, ёлғон гапирсанг, қилган ишинг учун эмас, ёлғон гапирганинг учун жазолайман” деганлар. Улар бизни болаликдан фақат тўғри гапни айтишга ва ёлғон гапирмасликка ўргатганлар! Мен ҳам ҳозир болаларимни ўша принцип бўйича катта қиляпман. Уларни шўхлик ёки баъзи хатолари учун уришмайман ва тўғрисини айтишларини талаб қиламан. Тўғрисини айтишса, койимасдан, қилган иши нотўғрилигини тушунтираман.

 

lola-5.jpg

– Ўз камчиликларингиз ҳақида айта оласизми ва уларни йўқотиш учун қандай йўл тутасиз?

– Камчиликларим кўп (кулади), ўзимга нисбатан жуда ҳам талабчанман, ўзимга доим танқидий назар билан қарайман. Ҳеч қачон ўзимдан кўнглим тўлмайди ва доим қандайдир минуслар топаман! Концертимни ўтказиб бўламан–да, кейин 2 ойча вақт ўтгач, ўзимга ҳеч нарса ёқмай қолади! “Ҳаммасини бошқача қилиш мумкин эди–ку” деб ўйлайман! Лекин, бунинг бир яхши тарафи, бундай одат сени ривожланишингга ёрдам беради. Агар инсон ўзидан қониқса, у яна нимага ҳаракат қилиши ва ривожланиши керак? Менда характеримда ҳам, ташқи кўринишим ва ижодимда, профессионалликда ҳам камчиликлар кўп, деб ўйлайман. Мен ҳар доим бу камчиликларни йўқотишга ва мукаммалликка интиламан. Менинг энг катта камчилигим, дангасалик. Агар дангасалик бўлмаганда, мен янада кўпроқ ишларга улгурган бўлар эдим. Ҳеч шу дангасаликни енга олмаяпман! (самимий кулиб) Яна бир ёмон одатим, бу кеч қолиш! Лекин, бу йилдан бу ёмон одатимни ярмини енга олдим! Онам ҳам бунинг учун кўп уришардилар. Аммо, ҳозир бу йил бу одатимни анча йўқотдим, десам ҳам бўлади.

 

– Миш-мишлар ва ғийбатга муносабатингиз? Масалан, бегона инсон сифатида ўзингиз ҳақингизда, биринчи бўлиб, хаёлингизга қандай гап келган бўларди?

– (кулиб) Ҳеч нарса! Мен ғийбатчи эмасман! (кулади) Ўзим ҳақимдаги ғийбатлар ҳақида ҳам ўйламайман! Билмадим, шундай қилсангиз, яшаш осонроқ бўлади. Мен илгари бундай гап-сўзларга қизиқардим, газеталарда мен ҳақимда нима ёзишибди деб, атайлаб олиб ўқирдим, гап–сўзларга катта аҳамият берардим. (кулади) Ҳозир эса, буларнинг барчаси мен учун шунчалик аҳамиятсизки, булар учун вақт ҳам сарфлаб ўтирмайман. Чунки, ғийбатлар, булар шунчалик майда гапларки, нима учун мияни  кераксиз маълумотлар билан тўлдириш керак? Мен вақт ҳам кетказишга арзимайдиган гаплар ва шундай гапларни гапирадиган инсонларга вақт ҳам ажратиб ўтирмайман, аҳамият ҳам бермайман! Буни атрофимдагилар ҳам тасдиқлашлари мумкин. Агар менга бирор инсон ёқмаса, у билан муносабатни тўхтатаман, лекин уни муҳокама қилиб ўтирмайман. Ғийбатни эшитмайман, аҳамият ҳам бермайман.

 

lola-2.jpg

– Энг эсингизда қоларли янги йил?

– Ҳаётимда эсда қоларли янги йиллар кўп бўлган. (кулиб) Энг эсда қоларлиси эса, мен тахминан 11-12 ёшларимда, оиламиз билан, укам, сингилларим, ота–онам ҳаммамиз, биргаликда, Янги йилни нишонлашга Малайзияга борганмиз. Кетаётганимизда, Тошкентда қаттиқ совуқ, ҳаммаёқ қор эди. У ерда эса, самолётдан тушсак, ҳаво иссиқ, ҳамма енгил кийимларда юришибди. Бу биз учун ғайритабиий кўриниш эди. Биз эса, шунчалик бахтиёр эдикки, ҳамма нарса бизга қизиқ туюларди. Қиш вақти борган бўлсак ҳам, у ерда эса, қор йўқ, иссиқ, лекин атрофда арчалар ясатилган эди. Улар арчаларни шундай чиройли ясатишган эдики, бутун шаҳар жуда чиройли безатилган, сунъий қор, ҳаммаси ажойиб эди. Энг муҳими, эса таассуротлар, бизда қор, қиш, у ерда эса иссиқ, биз ҳам енгил кийимларда, буларнинг барчаси жуда қизиқарли ва эсда қоларли эди. Янги йилни ўша Малайзияда нишонлаганмиз. Бал маскарад бўлган, биз ҳам ниқоблар тақиб, тун бўйи ҳамма биргаликда рақсга тушганмиз. Жуда ҳам қувноқ янги йил бўлганди! Бу болаликдаги энг ёрқин хотираларимдан биридир! Бу бизнинг чет элга қилган илк сафаримиз эди. Бу сафар аниқ ёдимда қолган.

 
Саида Вахобова
siti_makon-49.jpg