FATTOHHON.COM
« Все новости23 август тунда XXXI ёзги Олимпиадада иштирок этиб, 13 та медалга сазовор бўлиб, юртимиз довруғини янада жаҳонга ёйишда ўз ҳиссасини қўшган спортчиларимиз Ватанга қайтишди.
Ўзбекистон жамоаси Тошкент аэрапортида катта шодиёна билан кутиб олинди!
Шу куни бутун Тошкент шаҳри Аэрапортга келгандек бўлди! Барчанинг кўзида қувонч!
Юртимиз байроғини кўтариб, фахр ва ифтихор билан Спортчилар Ватан тупроғига қадам қўйгач, тантанали маросим бошланди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н. Йўлдошев сўзга чиқиб, ўз фикрларини баён этиб, спортчиларимизни самимий табриклади.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.
Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Сайид, Ўзбекистон Халқ артисти Эркин Комилов,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков, ҳамда Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Дилбар Холжигитова сўзга чиқишди.
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Сайид Олимпиада чемпионларига бағишланган шеърини ҳам ўқиб берди.
Сўз навбати Олимпиаданинг 4 олтин медали соҳиблари, Ҳасанбой Дўстматов,
Руслан Нуриддинов,
Шаҳобиддин Зоиров,
Фазлиддин Ғойибназаров,
ҳамда кумуш медали соҳиби Бектемир Мелиқўзиевга берилганда, улар ҳам ўзларининг ғалабаларига Муҳтарам Юртбошимизнинг раҳнамолигидаги ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар сабаб бўлганлигини айтиб, дилдан миннатдорчилик билдиришди, ҳамда Ўзбекистонимизнинг энг азиз байрами билан барчани табриклашди.
Шунингдек, Олтин медаль совриндори Ҳасанбой Дўстматовнинг онаси Дилноза Ҳайитбоевага сўз берилди ва у ҳам, ўз фикрларини билдириб, ўзини дунёдаги энг бахтли она эканлигини, ўғлининг Олимпиадада илк олтин медални қўлга киритиб, ўзбек ўғлонларининг нималарга қодир эканлигини исботлаб, Муҳтарам Президентимизнинг ишончини оқлаганидан жуда ҳам хурсандлигини айтиб, барчани яқинлашиб келаётган Мустақиллик айёми билан қутлади.
Тантанали маросим ниҳоясида сўзга чиққан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков ўз фикрларини баён этгач,
барча спортчилар билан биргаликда, “Ватаним мени” қўшиғини ижро этди!
Санъаткорнинг мазмунли сўзлари, барча спортчи ёшларни келажакда янада юқори ютуқларни қўлга киритишга руҳлантирди!
Юртдошларимизнинг қувонч ва олқишларининг чеки-чегараси йўқ эди!
Мазкур маросим ҳақиқий байрамга айланиб кетди!
Юртдошларимиз кўчаларни тўлдириб, фахр ва ифтихор билан спортчиларимизни қутлаб, улар ўтирган автобусларни Олимпия Қўмитасигача кузатиб боришди!
Спортчиларимизнинг ота-оналари, яқинлари ҳам, қалбда ифтихор билан уларнинг ёнида бўлишди!
Барчанинг тилида, дилида “Олға Ўзбекистон!” сўзи баралла жаранг сочди!
Яқинлашиб келаётган Энг улуғ айём муборак бўлсин, азиз Ўзбекистон!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Муҳаммадали Юнусбоевга
миннатдорчилик билдирамиз