FATTOHHON.COM
« Все новости
“ФАРЗАНДИМ 2” ФИЛЬМИ ПРЕМЬЕРАСИДАН! 07.03.2013 08:10
7 март куни соат 19.00 да «Фарзандим 2» фильмининг премьераси бўлиб ўтди.
Ёғаётган қор ва совуқ бўлишига қарамай, премьерада кўплаб ижодкорлар ва томошабинлар бор эди.
Премьера олдидан анъанага кўра, Гулсанам Мамазоитова ижросида “Фарзандим 2” фильмининг саундтрек клипи намойиш қилинди.
Премьерани режиссёр ва актёр Соҳиб Аббосхон олиб борди.
Фильм ижодкорлари саҳнага таклиф қилиндилар.
Фильм режиссёри Элёр Ҳошимов (“Керагимсан”, “Фарзандим” ва бошқалар)
Ролларда: Адиз Ражабов, Дилноза Кубаева, Саида Раметова,
Саида Саидбекова, Муяссар Бердиқулова, Маҳфуза Боботиллаева, Отабек Маҳкамов, Зулфия Раимқулова, Ёрқиной Ғозиева, Камрон Саидмуродов ва бошқалар...
Фильмда шунингдек, Ҳошимовлар оиласининг бир неча вакиллари ҳам суратга тушишган.
Монтаж режиссёри Эркин Муродов
Соҳиб Аббосхон бу фильм Эркин Муродовнинг монтаж қилган 96 фильми эканлигини ҳам айтиб ўтди.
Ижодкорлар таништирувидан сўнг, Соҳиб Аббосхон сўз навбатини фильм режиссёри Элёр Ҳошимовга бермоқчи бўлганида, режиссёр отаси Шуҳратга Қаҳҳорга бўлган чексиз ҳурмати туфайли, сўз навбатини у кишига берди.
Шуҳрат Қаҳҳор ўз навбатида барча фильм ижодкорларига миннатдорчилик билдириб, фильм томошабинларга маъқул бўлса, келажакда 3 ва 4 чиларини суратга олишлари мумкинлигини айтиб ўтди.
Фильм намойиши бошланди.
“Фарзандим 2”, “Фарзандим” фильмининг мантиқий давоми ҳисобланади.
Фильмнинг бошида, “Фарзандим” фильмидан баъзи эпизодлар ретро тариқасида кўрсатиб ўтилди. Сўнг, орадан 7 йил ўтганлиги кўрсатила бошланди. “Фарзандим 2” фильмида асосан, онасидан туғилибоқ ажраган Ёдгорнинг ҳаётига урғу берилган.
Адиз Ражабов қаҳрамони севимли рафиқасининг вафотидан сўнг ишга берилган, уйи ва оиласига нисбатан бефарқроқ, унинг севмай, фақатгина фарзанд учун уйланган рафиқаси Саида Саидбекова эса, уйда ўзини буткул хўжайин ҳис қилиб, Ёдгорга деярли кун бермайди. Афсуски, бу ҳолатга маҳалладагилар ҳам, оиланинг бошқа аъзолари ҳам бефарқ. Буни фақатгина боланинг бувиси Саида Раметова ижросидаги қаҳрамонгина ҳис қилади, кўнгли сезади.
Ўгай она Ёдгорни камситиш баробарида ўз ўғлини ундан устун қўяди, лекин икки ўғил ўртасидаги меҳрни сўндира олмайди. Бу ҳолат билан инсонлар ўртасидаги бефарқлик, лоқайдлик қораланган. Саида Саидбекова қаҳрамони эртаклардаги ёвуз ўгай оналарни эслатади, боланинг салгина ҳаракатидан ҳам хато топаверади. Лекин, фильм давомида бунинг сабаблари, унинг нега бунчалик ёвуз ва аламзада эканлиги маълум бўлади. Ўзи ўгай она қўлида улғайган бу аёл, барча ўгай оналарни шундай бўлиши керак, деган хато фикрни илгари суради, кейинчалик ўз хатоларини тушуниб етади, лекин бунгача у нафақат Ёдгорнинг балки ўз ўғлининг ҳам руҳиятини заҳарлайди.
Боланинг руҳияти, аҳволини кўриб туриб, қариндошларини шунча йил унга аҳамият бермасликлари, охирги нуқтага етиб, болакай оғир аҳволга тушганидагина эътибор қаратишлари, ҳаётда қанчалик лоқайд ва бефарқ инсонларнинг учраб туришидан далолатдир.
Фильмда Саида Раметова ижросидаги буви ва
Адиз Ражабов ижросидаги ота роллари жуда ҳам таъсирли чиққан. Дилноза Кубаева ижросидаги руҳ образи ҳам, ўзига хос бўлиб, гўёки она ҳаттоки вафотидан сўнг ҳам она, у ҳаттоки вафотидан сўнг ҳам, фарзандига бирор нарса бўлса кўнгли сезади, деган фикрни илгари суради, назаримда.
Фильмда икки болани аслида ўгай бўлишса ҳам, бир-бирларига бўлган меҳри ишонарли ифода этилган.
Фильмдаги баъзи ҳолатлар жуда тезлик билан юз бергандек. Масалан, ўгай она болани олиб кетишаётганида, тезгина ўз хатосини тушуниб, машина ортидан югуриши. Балки, фильмнинг орадаги кадрлари қисқартирилгандир, лекин унинг ўз хатосини тушуниши, бирор лавҳада аниқроқ берилиши керак эди, назаримда. Чунки, ёвуз инсон, фильмдаги каби судда эшитган бир нечтагина гап билан ёвуз ва бемеҳрлигидан қайтиб, феъл-атвори ҳам тез ўзгариб, меҳрибон она қиёфасига кириб қолмайди, менимча.
Ҳар қандай фильмга асл баҳони томошабинлар берадилар.
Фильм ҳозирда “Алишер Навоий” киносаройида намойиш қилинмоқда.
Афсуски, сайт фотографи белгиланган вақтда муҳим бир иш билан банд бўлиб қолиб кела олмаганлиги туфайли, премьерадан тўлиқ фоторепортаж амалга оширилмади.
Саида Вахобова
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()





