FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси жисмоний имконияти чекланган ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар орасида Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш орқали имконияти чекланганларнинг жамиятга фаол интеграциялашувини таъминлаш, ҳаётга қизиқишини ошириш, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида инсонпарварлик фаолиятини амалга оширмоқда. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси спортчиларини 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги Олимпия ва ХV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш” қарорлари бунда муҳим омил бўлмоқда.
Бунинг самарасида жисмоний имконияти чекланган ёшлар халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда, Паралимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.
Шу кунларда Юртимиз Паралимпиячилари Рио-де-Жанейродаги Паралимпия ўйинларида муносиб иштирок этмоқдалар ва шода-шода медалларни қўлга киритмоқдалар. Уларни маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида, куни кеча Миллий Паралимпия Марказида Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари Вазирлиги билан биргаликда байрам тадбирини ўтказди.
Тадбирда элимиз суйган санъаткорлар спортчиларимизга тилаклар билдириб, уларни қўллаб-қувватладилар. Тадбирда спортчиларимиз иштирок этаётган мусобақалар жараёни тўғридан-тўғри намойиши кўрсатилди. Санъаткорлар Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артистлари Ғуломжон Ёқубов, Озодбек Назарбеков, шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон, Алишер Файз, хонандалар Наргиз, Ғайрат Усмонов, сўз устаси ва актёр Шукурилло Исроилов, Валижон Шамсиев, актриса Дилноза Кубаева ҳамда кўплаб хонандалар, актёр ва актрисалар спортчиларни қўллаб-қувватлаб, ўз фикрлари ва тилакларини билдиришди.
Тадбир кўтаринки руҳда ўтди!
Спортчиларга омад ва яна кўпдан кўп ютуқлар тилаймиз!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова