FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков мумтоз адабиётимизнинг буюк намоёндалари ғазалларини, замонавий оҳангларга солиб куйлашни ўзига хос анъанага айлантирган ҳолда, эндиликда, Огаҳий ғазаллари асосидаги янги мусиқий альбомга ҳаракатни бошлаб юборди.
Навбатдаги янги мусиқий альбом санъаткорнинг “Буюклар бисотидан: Заҳириддин Муҳаммад Бобур”, ҳамда “Буюклар бисотидан: Лутфий” мусиқий альбомларидан сўнг, учинчиси бўлади! Шунингдек, санъаткор, буюк шоир Алишер Навоийнинг таваллуд кунига бағишлаб, Алишер Навоий ғазалларини замонавий оҳангларга солиб, бир гуруҳ санъаткорларга бош бўлиб, “Навоийхонлик” лойиҳасини ҳам амалга оширган.
Аслида, Санъаткор Огаҳий ғазалларига мурожаат учун, 2015 йил ўтказган “Ардоғимдасиз” концерт дастурида, “Мени ул бевафо қотил, бу оқшом телбаю қилди” қўшиғи билан илк қадамни қўйган эди. МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!
Ҳозирда “Буюклар бисотидан: Огаҳий” янги мусиқий альбомига қўшиқлар учун ғазаллар сараланмоқда!
Шунингдек, Озодбек Назарбековнинг бу йил “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтган “Меҳринг сабаб” концерт дастури видео дискларининг чиқиши, бироз чўзилганлиги сабабини санъаткорнинг ўзи шундай изоҳлади.
Озодбек Назарбеков: - Ҳозирда концерт дастуридан 8 та номерни монтаж қилиб, тайёрлаб, кўриб чиқишим учун беришди. Кўриб чиқдим, маъқул бўлди. Энди жонли ижродаги концерт бўлгандан кейин овозлар баланд-пастлигини ҳам тўғрилаб чиқиш керак! Фонограммали концертда осон, 2 ойдан сўнг, видео вариантини чиқариб юбориш мумкин. Жонли ижродаги концертда эса, барибир ҳар бир қўшиқни аудиовариантини ҳам, эслаб, тўғрилаб, йиғиб чиқиш керак. Қайсидир сознинг овози эшитилмай қолган бўлади, нотўғри товушлар ҳам ёзилиб қолган бўлади. Қайсидир сознинг овози паст, қайси бириникидир баландроқ бўлиб қолади. Уларни тўғрилаб, созлаб, жойига келтириб, эшитимли вариантга олиб келиб, монтаж қилиш керак бўлади. Концерт диски бир ойда тайёр бўлса керак.
Албатта, агар санъаткорнинг бу йилги концерт дастурида ҳам сценарийдан чиқиб кетилганлигини,
томошабинлар томонидан сўралган кўплаб қўшиқларни дастурдан ташқари ижро қилинганлиги ва импровизация туфайли ҳар куни ҳар хил концерт бўлганию, ҳар куни қўшилган янги ҳолатларгача ҳисобга олинса, бу концерт дастурининг монтажи ҳам осон кечмаётганлиги шубҳасиз! Чунки, Озодбек Назарбековнинг ҳар йилги концерт дастури, неччи кун бўлишидан қатъий назар, ҳар бир кун ўзгача ва ҳар хил кечади! Натижада, концерт дастурини ҳар куни кўрсангиз, ҳар куни ҳар хил, бошқа янги концерт дастури бўлаётгандек таассурот уйғотади! Бу албатта, Санъаткорнинг доимий изланиши, ижоддаги юқори маҳорати натижасидир!
Саида Вахобова