FATTOHHON.COM
« Все новости
РАЙҲОН, ШАҲЗОДА, ЛОЛА - "ГЎЗАЛЛИК" ЛОЙИҲАСИДА! 12.03.2013 13:05
Ҳар бир инсон гўзал бўлишни истайди. Лекин, гўзаллик ҳақида ким қандай фикрда? Айниқса, шоубизнеснинг энг машҳур ва гўзал аёллари! Энг қизиғи, улардан ҳеч бири, ўзини гўзал деб, ҳисобламас эканлар. Лекин, томошабинлар, мухлислар назарида, улардан гўзалроғи йўқ. Демак, бугунги гўзаллик ҳақидаги лойиҳа саволларига шоубизнеснинг уч гўзал аёлларининг жавоблари билан танишасиз.
Райҳон, Шаҳзода ва Лола!
Саволлар:
1. Сизга гўзаллигингиз қачондир ёрдам берганми?
2. Гўзаллик, бу омад, бахт ёки бахтсизлик? Шахсий фикрингиз.
3. Инсонни гўзаллик барибир қачондир тарк этади. Сиз бундан қўрқасизми?
4. Бирор бир тадбирга бордингиз. Негадир сизга ҳеч ким эътибор қилмаяпти. Қандай ҳолатга тушасиз ва нимани ҳис қиласиз?
5. Агар ўзингиздан гўзалроқ инсонни кўриб қолсангиз?
6. Гўзаллик қачондир сизга ҳалақит берганми?
РАЙҲОН
1. Биринчидан, мен ўзимни жуда ҳам гўзал деб, ҳисобламайман! Менимча, билмадим, ташқи қиёфам гўзал эмас, балки бироз ёқимли бўлса керак, деб ўйлайман. Томошабинларга менимча, ёқимли чеҳрага қараш, ёқимли бўлса керак. Билмадим, мени ўйлашимча, эстрадада бу керакли жиҳатлардан бири бўлса керак. Балки, шу жиҳат менга ёрдам бергандир?
2. Ташқи гўзалликми ёки қалб гўзаллиги, мана шу жиҳатларини ҳам эътиборга олиш керак. Баъзида гўзаллик инсонни хароб бўлишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан, ўта гўзал қизларни деб муштлашувлар, жанжаллар бўлиши, турли зиддиятлар ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳатто, ўша гўзал қизни ўзига ҳам халақит бериши мумкин. Баъзида эса, аксинча, масалан, бирор қиз гўзал бўлса, унинг ҳатти-ҳаракатлари ҳам гўзал бўлиб, унинг ҳар бир қилаётган иши, сенга гўзал кўриниши ва ёқиши мумкин. Мисол учун, Ҳолливуд актрисаси Анжелина Жолини олсак, менга унинг фақат бир фильми ёқади. Фильм сюжети бўйича у ўз фарзандини йўқотадиган она образини ижро қилган. Лекин, бошқа фильмларида эса, у асосан, фақат жангари қиёфада бўлади ва менга ёқмайди. Аммо, у жуда гўзал аёл ва шунинг учун ҳам менга унинг иштирокидаги фильмларни кўриш ёқади. (самимий кулиб) Билмадим, менимча, гўзаллик барибир инсонга ёрдам беради ва омад келтиради, деб ўйлайман. Агар яна мисоллар билан гапирсак, масалан актриса Анжелина Жоли гўзал аёл, тақдири ҳам гўзал, муносиб турмуш ўртоғи ва фарзандлари бор! Ёки, Бейонси, жуда гўзал аёл, унинг ҳам турмуш ўртоғи, қизалоғи бор! Яъни, уларда оила ҳам, каръера ҳам бор. Ҳар тарафлама, бахтли ва омадли. Билмадим, менимча ҳаммаси инсон ўзи қандай ҳаётни, қандай йўлни танлашига боғлиқ, деб ўйлайман. Ўйлашимча, инсон ҳамиша тўғри юриб, тўғри фикрласа, ҳаммаси шунга боғлиқ бўлса керак.
3. Мен ёш билан боғлиқ ўзгаришлардан қўрқаман, тўғриси. Баъзида юзимда ажин пайдо бўлса, қарияпман, деб ўйлаб қоламан. Лекин, бундан қочиб қутилиб бўлмайди, барибир. Буни тушунаман! Ахир қаримайман, деб инсон ўзини музлатиб қўя олмайди-ку. Пластик операция қилдиришни ҳам истамайман, чунки бундан жуда ҳам қўрқаман. Чунки, пластик операцияларнинг охири қандай тугаганини ҳам кўрганман. Масалан, бир танишим юзини “торттирган” (подтяжка лица) эди. Ишонасизми, ярим йилча унинг юзига қарай олмаганман, менга қандайдир нотабиий туюлган. Балки, мен ҳам қачондир шундай қилдиришимга тўғри келар? Лекин, (самимимий кулиб) тўғриси мен бундан жуда ҳам қўрқаман!
4. (самимий) Тадбирларда одатда, мени доим кутишаётган бўлади. Шунинг учун, бундай ҳолат содир бўлмаган. Лекин, баъзида “кимсиз” деб сўрашган вақтлари ҳам бўлади. “Мен қўшиқ айтаман” десам, “сизни билмас эканман” деганлар ҳам бўлган. Масалан, яқинда студияга кириб кетаётсам, янги (охранник) соқчи олишган экан. У мени танимас экан. Менга “сиз қаёққа?” деб сўради. “Студияга” десам, “Фамилиянгиз нима?” дейди. (самимий) “Ғаниева” дедим. “Исмингиз-чи?” дейди, “Райҳон” дедим. Шунда ҳам танимасдан, “сизни у ерда ким кутяпти?” деб мутлақо жиддий савол беряпти! Кутаётган инсоннинг исмини айтдим. У бўлса жиддий оҳангда, “ҳозир қўнғироқ қилиб сўрайман” деб, ўшанга қўнғироқ қиляпти! Ёнимда турмуш ўртоғим Йигитали ҳам бор эди. Мен бу ҳолатни табиий қабул қилдим. Лекин, ўша студиядаги танишим эса, бу ҳолдан роса кулди ва ўша соқчига кулганча, мени кўрсатиб: “Уни ҳеч қачон студияга қўйманглар” деб ҳазил қилди. Соқчи бечора тушунолмай ҳайрон, чунки “ичкарига қўйманглар” деяпти, ўзи бўлса мен билан гаплашиб, бўлган воқеадан куляпти! Лекин, билмадим, мен бу ҳолатни тўғри қабул қилдим, негаки соқчи ўз вазифасини бажарди. Бу табиий ва ҳамма мени билишга, танишга мажбур эмаслар. Мен ўзимни ҳамма таниши шарт бўлган, жуда бир машҳур инсон деб ҳам, ҳисобламайман!
5. (самимий) Бундан завқланаман!
6. Боя айтганимдек, мен ўзимни гўзал деб ҳисобламайман! Билмадим, гўзаллик инсонга халақит бериши мумкинми? Масалан, актриса Мерилин Монрога чиндан халақит берган! Лекин, менимча, бу ўша инсоннинг тақдирига ва танлаган йўлига ҳам боғлиқ бўлса керак. Бу фақатгина инсоннинг ташқи кўринишига боғлиқ эмас, деб ўйлайман. Мен ўйлайманки, биз дунёга келганимизда, олдимизда бир неча йўллар туради. Оллоҳ инсонга ҳамма имкониятларни беради. Инсон эса, нима қилишни, қайси йўлдан юриш, қайси имкониятни қабул қилиш, ҳаммасини ўзи танлайди. Агар у ёмон, нотўғри йўлни танласа, Оллоҳ ҳам, “мен сенга имкон бергандим, сен эса ўзинг шу йўлни танладинг” дейди, назаримда. Масалан, менда агар салгина бирор нарса юз берса, дарров ўйлаб қоламан. Нимани нотўғри қилдим, нима бўлди, нимада хато қилдим, нима учун менда шундай бир кичик муаммо ёки, омадсизлик бўляпти, деб ўйлайман. Сабабини топишим, хатойимни билишим керак. Ҳар бир инсонда ҳар хил имкон, вариантлар бўлиши мумкин. Бу эса, гўзалликка ёки ташқи кўринишга боғлиқ эмас. Бу ўша инсонни қарорига, қўйган қадамига, йўналиши ва қайси йўлдан кетаётганига боғлиқ бўлади, деб ўйлайман.
* * * * * * * * * *
ШАХЗОДА
1. Мен ўзимни гўзал деб ҳисобламайман! Менга ҳаётда киришимли эканлигим ёрдам беради.
2. Менга баъзида, жуда ҳам гўзал аёллар, бахтсиз бўлиб туюладилар. Билмадим, бу менинг ўта шахсий фикрим. Масалан, актриса Мерилин Монро. У жуда ҳам гўзал, бутун дунё тан олган ва севган аёл эди. Бутун дунё уни гўзал деб тан олган эди. Лекин, менинг фикримча, у жуда ҳам бахтсиз аёл эди. Чунки, уни фақатгина ташқи кўриниши учун, чиройи, Мерилин Монро бўлганлиги учунгина севишларини биларди. Унга оддий, инсоний меҳр, илиқлик етишмаган. Шунинг учун ҳам, менинг шахсий фикрим албатта, ҳақиқий гўзаллик, аксарият ҳолларда, бахтсизлик бўлса керак.
3. Билмадим. Мен ўзимни гўзал деб ҳисобламаслигимни айтдим. (кулиб) Тўғри, ҳар бир аёл ўз гўзаллигини йўқотишни, умуман қаришни истамайди. Лекин, менга баъзида жуда кекса аёллар ёқади. Яқинда бир журналист билан суҳбатлашганимда, у менга ўзининг лойиҳаси ҳақида гапириб берди. Улар бизнинг кекса ўзбек актрисалари билан суҳбатлар қилишар экан. Менга ўша аёлларнинг суратларини кўрсатди. Менимча, ҳақиқий аёл қаригани билан унинг ўша бор аёллик гўзаллиги, қалбидаги меҳри кўзларида акс этади. Менимча, гўзалликни, ёшликни йўқотиш қўрқинчли эмас, лекин қўрқинчлиси, бу ўзликни, инсон ўзини йўқотиши бўлса керак. Қўрқинчлиси, бу аёл кишининг нигоҳлари қуруқ ва мутлақо бўш бўлса! Кексаликни муносиб ва чиройли кутиб олсанг, бу жуда ҳам чиройли ҳолат. Менга кекса, меҳрибон аёллар жуда ҳам ёқади. Қариганингда, ёнингда яқин инсонларингни бўлиши ҳам, оилангни бирга бўлиши, катта бахт. Артистларнинг энг катта хатоси, улар аввал карьерани танлашади ва фақат карьерани ўйлашади. Натижада эса, қариганларида ёлғиз қолишлари ҳам мумкин. Мана бу қўрқинчли ҳолат, деб ўйлайман. Лекин, сен кексайганингда, атрофингда набираларинг билан ўзингни эски клипларингни, ўзинг бир пайтлар роль ижро қилган фильмларингни кўриб ўтирсанг, мана бу катта бахт, деб ўйлайман.
4. (самимий кулиб) Бу менга ёқимли ҳолат бўларди... Ҳазил, албатта. Лекин, биласизми, (самимий) баъзида ҳаддан ортиқ эътибордан ҳам инсон бироз чарчаши мумкин. Албатта, буни ўқиганлар, ҳайрон бўлишлари ҳам мумкиндир. Масалан, биз эрим иккимиз, бошқа жойга сафарга, ёки дам олишга борсак, у ерда бизни ҳеч ким танимайди ва мен баъзида “қандай яхши” дейман. (кулиб) Нега яхши? Негаки, сени ҳеч ким муҳокама қилмайди! “Бугун соч турмаги яхши турмаяпти, кийими, пардози бундай, ёки кўриниши хунук, туфлисини қара”, демайди. Бемалол шиппакда ҳам юришинг мумкин. Сакрашинг, ёнингдаги яқин инсонинг билан самимий ҳазиллашишинг ҳам мумкин. Эркин, кулиб, ҳазиллар қилишинг мумкин ва бу учун сени ҳеч ким муҳокама қилиб, ўзингни тутишинг ҳақида гапирмайди. Баъзида, ҳамма сени ташқи кўринишингни муҳокама қилишса ҳам, чарчатар экан.
5. Менга гўзал инсонлар ва умуман, инсонларни гўзал бўлиб юришлари ёқади. Ҳаттоки, эрим ҳам мени бу одатимдан кулади. Масалан, дам олишларга борганимизда, гўзал қизларни кўрсам, “қаранг, қандай гўзал экан–а?” дейман. Эрим эса, “бошқа аёллар, ўзидан гўзалроғини кўрса, атайлаб “хунук” деб гапиришади. Сен бўлса, “гўзал” деб, яна менга кўрсатасан ҳам”, деб куладилар. Лекин, менга чиндан ҳам гўзал инсонлар ёқади. Нега ҳасад қилишим керак? Менимча, ҳасад, бу комплекс. Агар, гўзал инсонни кўрсангиз, менимча қувониш керак. Чунки, гўзал инсонлар ҳаётни безайди, деб ўйлайман. Муҳими, у қалбан ҳам гўзал бўлсин! Билмадим, ҳасад қилишни мен тушуна олмайман. Сабаби, ҳасад қилган билан, инсон бошқа инсондан кўра гўзалроқ бўлиб қолмайди! Аксинча, сиқилиб, ўз чиройини йўқотиши мумкин, деб ўйлайман. Агар завқланиб, қувонса, аксинча инсон янада гўзаллашади.
6. Билмадим. Ўзимни гўзал ҳисобламаганим учун, гўзаллик қандай ёрдам ва халақит бериши мумкинлигини билмайман. Менга оддийлик халқит беради, деб ўйлайман. Баъзида, дўстим, “Тарона” студияси директори Даврон ҳам менга, (самимий) “Зилола ўзингни юлдуздек тут! Жуда ҳам оддийсан. Баъзи юлдузларни ўзларини тутишига қара, “Ахир сен машҳур юлдузсан–ку!” дейди (кулади).
* * * * * * * * * *
ЛОЛА
1. Қандай гўзаллик? (самимий кулиб) Мен ўзимни ҳеч қачон гўзал деб ҳисобламайман! Шунинг учун ҳам, ҳаётда гўзалликнинг ёрдамини сезмаганман.
2. Бу албатта, бахт! Гўзалликда идеал йўқ, ким учундир сиз гўзалсиз, ким учундир бошқа бир аёл. Ким сени гўзаллигингни пайқаши эса, бу дидга боғлиқдир. Мен ҳеч қачон, гўзал аёлларнинг тақдири гўзал бўлмайди, деган фикрга қўшилмайман! Агар аёлнинг гўзаллиги ортида ҳеч нарса бўлмаса, ўша гўзалликдан бошқа жиҳати бўлмаса, шундагина у бахтсиз бўлиши мумкин! Инсон, ўзига мен гўзалман, шунинг учун бахтсизман деб, фикрлаб сингдирмаслиги керак. Чунки, ҳаётда ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ. Агар гўзал бўлсанг, сени шундай гўзал қилиб дунёга келтиргани ва вояга етказгани учун ўз онангга миннатдорчилик билдир, шундай яратгани учун Оллоҳга шукур қил. Лекин, инсон ташқи кўринишдан ташқари, ҳам қалбан гўзал, эътиқодли, ақлли, яхши инсон бўлса, бу катта бахт!
3. Ҳозир қўрқмайман. Лекин, умуман олганда, баъзида бу ҳақида ўйлаб қоламан. Агар қариликни назарда тутаётган бўлсангиз, ахир ёшлик абадий эмас–ку. Инсон ёшлигида, ҳамма гўзал туюлади, чунки атрофида ҳам ҳамма ёш бўлади. Лекин, вақт ўтиб инсон қарийди, гўзаллиги уни тарк этади. Лекин, барибир юрагимизда биз ёш бўлиб қоламиз. Ташқи кўринишимиз эса, қариб боради. Ҳозир бу ҳақида ўйламасак ҳам, қандайдир бир вазиятларда, бу ҳақида ўйлаб қоласан. Ўз яқинларинг, бувинг, ота–онангни қариётганини кўриш, бироз оғриқли. Бу ҳақида ўйлаганингда, албатта бироз қўрқинчли ҳам туюлади. Дарҳол нимадир қилишга ва қариш жараёнини олдини олишга уринасан. Лекин, бунинг иложи йўқ! Шунинг учун ҳам, менимча инсон барибир ўзини қандай бўлса шундай кўринишда яхши кўриши керак. Ахир ҳар бир ёшнинг ўз афзалликлари бор. Фақат уларнинг қадрига етиш керак. Биласизми, биринчи навбатда инсон ўзини гўзал деб билишининг ўзи нотўғри! Ўзингни гўзал деб, омадсизликлар ва кўнгилсизликларга гўзалликни айбдор дейиш ҳам ноўрин. Агар ўзингни шунчалик гўзал деб, бахтсизликларга гўзаллигим айбдор десанг, унда бемалол бориб пластик операция қилдириб, бурунни қийшиқроқ, ёки юзни хунукроқ қилдириш ҳам мумкин.
4. (кулиб) Менга бутунлай бегона бўлган ҳолат. Чунки, бизнинг касбимиз шундайки, қаерга борсанг ҳам, ҳоҳлайсанми йўқми, барибир ҳамма сенга эътибор беради. Ҳаттоки, сен оддий уй ёки спорт кийимида, нон ёки бошқа бирор нарса олиш учун супермаркетга чиқсанг ҳам, албатта ҳамма сенга аҳамият беради. Шунинг учун ҳам, саволнинг жавоби менга бироз бегона ҳолат. Лекин, агар мабодо шундай бўлса, мен ҳеч нарса қилмаган бўлардим. (кулиб) Аксинча, менимча зўр бўларди! (самимий кулади) Бу супер, бемалол ўзингни ўзи ҳоҳлагандек тутишинг, ҳоҳлаган ишингни қилишинг мумкин. Ҳеч ким сенга аҳамият бермайди. Балки, баъзида бу нарса ҳам керак бўлар? Ижод аҳлига баъзида шу нарса етишмайди. Чунки, ижод кишилари ҳар доим эътибордалар.
5. Биласизми (самимий кулиб) ярим шаҳар, балки бутун шаҳар қизлари, аёллари мендан гўзалроқ, деб ўйлайман.
6. Ташқи кўриниш тарафлама ҳеч қачон ўзимни гўзал деб ҳисобламаганман. Юзим, қоматим идеал даражада эмас, ўзим ҳам идеал даражада гўзал эмасман! Шунчаки, мени ўзимга хос бирор жиҳатим бўлса керак. Менимча, бундай ўзига хос жиҳатлар ҳар бир инсонда бор, деб ўйлайман. Ўзимни гўзал деб билмаганим учун ҳам, менга гўзаллик халақит берадими, йўқми, бу ҳақида ўйлаб кўрмаганман. Агар аёл киши гўзаллигим, менга халақит беради, шунинг учун бахтсизман, деса, бу аҳмоқлик, бўлса керак.
Мен ўз жавобларим билан шуни айтмоқчиманки, ҳар бир инсон ўзига хос равишда гўзал! Фақат инсонлар баъзида ўзларидаги гўзалликни кўра олмасликлари мумкин. Инсон ўзидаги гўзалликни кўра олиши керак. Баъзида, бир–бирига муносиб бўлмаган жуфтликларни ҳам учратиш мумкин. Масалан, чиройли йигит ва хунукроқ қизни бирга кўрсангиз, “шу қиздан нима топибди” дейиш мумкин. Гап ташқи кўринишда эмас, инсоннинг қалбида! Инсон қалбан гўзал бўлиши ва ўзидаги гўзалликни кўра олиши керак. Эркак киши аёлни нима учун севиши мумкин? Фақатгина келишган қомат ва гўзал юз учунми? Йўқ! У ўша аёлни унинг ёнидаги ҳолат учун, севиши мумкин. Яъни, у ўзини ўша аёл билан бахтли ҳис қилаётган бўлса, энг муҳими, ана шунда! Балки, ўша аёл гўзалликда идеал ҳам эмасдир, лекин ҳаётда муҳими, ўша биргаликда ўзингни яхши ва бахтли ҳис қиладиган инсонни топишдир. Лекин, агар ўйлаб қаралса, дунёда ҳамма аёллар гўзалдирлар ва хунук аёлнинг ўзи йўқ, деб ўйлайман.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
"ТАСВИР" ГАЗЕТАСИДА ЧОП ЭТИЛГАН!