FATTOHHON.COM
« Все новости22 октябрь куни Ўзбекистон Давлат Консерваториясида, Маданият ва спорт ишлари Вазирлиги фаолиятининг 2016 йил 9 ойлик якунларига кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси ўтказилди.
Мазкур йиғилишда ҳайъат аъзолари, Вазир ўринбосарлари, Вазирлик Марказий аппарати бошқармалари бошлиқлари, Вазирлик тизимидаги Республика ташкилотлари раҳбарлари, Ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ва уларнинг спорт бўйича масъул ўринбосарлари, тизимдаги театрлар, музейлар, спорт мактаблари, таълим муассасалари, ИБЎСМ раҳбарлари ҳамда, туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари, жами 454 нафар иштирокчи қатнашди.
Маданият ва спорт ишлари Вазири Баҳодир Мажидович Аҳмедов мажлисни очар экан, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 13 октябрдаги "2016 йилнинг 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги мажлисида эътироф этилган вазифалар ижросини ташкил этиш, ҳамда Вазирликнинг 2016 йил 9 ойлик фаолияти якунлари таҳлили ва навбатдаги устувор вазифалар тўғрисида маъруза қилди.
“Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши секинлашиб бораётган, жаҳон бозоридаги пала-партиш шарт-шароитларга қарамай, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва унинг ислоҳотларни амалга оширишга доир бешта тамойилига асосланган мамлакатни ислоҳ этиш, ривожлантириш стратегиясини мақсадли ва тизимли амалга ошириш натижасида мамлакатимизда иқтисодиёт ўсишининг юқори суръатлари сақланиб қолмоқда”, - деди Баҳодир Мажидович Аҳмедов.
- “Хусусан, 2016 йилнинг 9 ойлигида иқтисодиёт ўсишининг барқарор юқори суръатлари ва макроиқтисодий мувозанат сақланиб қолган;
-Ялпи ички маҳсулот 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ҳажми 7,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажми, 6,4 фоизга, қурилиш ишлари ҳажмлари 15 фоизга, чакана савдо айланмаси ҳажмлари 14,2 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажмлари 12,4 фоизга ўсган;
-Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмаган;
- “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тадбирларини фаол амалга ошириш давом эттирилди, уларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 6,8 трлн. сўм ва 149,7 млн. доллар йўналтирилган. Бу кўрсаткичлар ўз-ўзидан бўлмаётганлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Бунинг замирида заҳматли меҳнат, фидоийлик, жонкуярлик ва бошқа тушунчалар ётибди.
Бугунги кунда соҳамизда ҳам катта ислоҳотлар, лойиҳалар амалга оширилаётганидан яхши хабарларингиз бор. Вазирлигимиз томонидан ўтган 9 ой мобайнида соҳани ривожлантиришга қаратилган 30га яқин лойиҳалар, таклифлар ишлаб чиқилди. Хусусан, маданият йўналишининг ўзида 3та қонунга ўзгартириш киритиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқиляпти. 20га яқин Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат қарор ва фармойишлари тайёрланиб, вазирлик ва идоралар билан келишиляпти. 4та Ҳукумат қарори лойиҳаси Вазирлик ва идоралар билан келишилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Ушбу ишларимизни юқори савияда, муносиб тарзда амалга ошириш, якунига етказиш, биринчи навбатда кадрлардан, хусусан, раҳбар кадрлардан катта фидойиликни, тажриба ва “соҳа учун юраги ачишини” талаб этади.
Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “Эскича бошқариш қолиплари ва усулларидан қутула олмаётган раҳбарлардан қатъий воз кечадиган вақт келгани”ни йил бошидан буён барчага уқтиришга ҳаракат қилдик ва яна такрорлашга эҳтиёж туғилмоқда”.
Баҳодир Мажидович Аҳмедов айниқса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги “2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 178-сон ҳамда 2010 йил 29 декабрдаги “2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 322-сон қарорлари ижроси ҳолатига кескин танқидий –таҳлилий руҳда тўхталди. Шунингдек, Республика музейлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолини мазмунли дам олишини ташкил этиш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий ва эстетик тарбиялашдаги ролини ошириш борасида амалга ошираётган чораларнинг натижадорлигига алоҳида урғу берди.
“Вазирлар Маҳкамасининг 178–қарорида белгиланганидек, 2018 йил якунигача 894та замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ташкил этилиши лозим. Бугунги кунга қадар эса, Республика бўйича 189 та Марказлар тўлиқ таъмирланди ва фойдаланишга топширилди. Ушбу ишларга 106,0 млрд.дан зиёд маҳаллий бюджет маблағи сарфланди. 2013-2015 йилларда таъмирлаш ва жиҳозлаш белгиланган 247 та маданият ва аҳоли дам олиш марказларидан 58 таси (24%) фойдаланишга топширилмаган. Кўриб турганингиздек, вазифалар тўлиқ бажарилмаган. Демак, ҳудудларда қарор ижроси бўйича жиддий камчиликларга йўл қўйилмоқда.
322-қарорни бажариш ишларида ҳам аҳвол яхши эмас. 2011-2015 йиллар давомида Республикада 225та боғни тўлиқ фойдаланишга топшириш белгиланган ҳолда муддат ўтиб кетган бўлишига қарамай эндигина 132таси тўлиқ таъмирдан чиқди, замонавий аттракционлар билан таъминланди. Ушбу ишларга 200 млрд. сўмдан зиёд бюджет, ҳомий ва тадбиркорлар маблағлари сарфланди.
Афсуски, аксарият ҳудудларда олиб борилаётган ишлар қониқарсиз, талабга жавоб бермайди”.
Кун тартибидан жой олган Республика спорт мактаблари фаолиятини ўрганиш, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан вазирлик ва унинг тизим ташкилотларининг молиявий хўжалик фаолияти юзасидан ўтказилган текширишлар, Вазирлик тизимида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилганлик ҳолатини ўрганиш натижалари тўғрисидаги ҳамда, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш ҳамда, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш ва уларни ҳал этиш чора-тадбирларининг бориши тўғрисидаги масалалар ҳам, танқидий равишда кўриб чиқилди, муҳокама этилди.
Мажлис сўнгида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Ўз вазифасига нисбатан лоқайдсизларча ёндошган 30 нафардан ортиқ раҳбар кадрларга нисбатан интизомий жазолар белгиланди.
Вазирлик Матбуот хизмати