FATTOHHON.COM
« Все новости
- Ҳозирда қандай ижодий янгиликлар билан бандсиз?
-Янги қўшиқлар, янги клиплар билан бандмиз. Бундан ташқари, ҳозирда янги мусиқий альбом ёзяпмиз. Кўпроқ ҳаётга яқин бўлган қўшиқлардан иборат, 10 дан ортиқ янги қўшиқлар бўлади. Улгуришимизга қараб, фарзандларим билан айтган қўшиғимиз ҳам, бу янги мусиқий альбомдан жой олиши мумкин.
- Томошабинлар бу йил ҳам, концерт дастурингизни кутишган эди. Аммо, бу йил концерт бермадингиз?
- Бу йил унча тайёр эмасдик, бошқа режалар бор эди!
- Ижодга кириб келганингиздан буён шу кунга қадар ўтган йиллар Сизни нимага ўргатди?
- Менга ўзи ҳар йили, ҳар бир ўтган куним, бугунги куним шукуроналикни ўргатади! Ҳар доим кечаги куним бошқа, бугунги куним бошқа, ўзгаради! Инсон интилса, астойдил меҳнат қилса, фарзандлари келажагини ўйласа, ҳар бир куни ўзгаришларга тўлаверади. Кундан кунга ривожланаверади. Ҳар бир қилаётган иши, ўйлаётган нарсаси, ривожланади. Олдинги кундан, бугунги кун ривожланган кун бўлади! Шунинг учун ҳам, ҳар бир шукуроналикка ўргатади, деб ҳисоблайман.
- Профессионал ижодкор ҳар бир ижод маҳсулини халққа тақдим этаётганда, ўзига яраша ўй-фикрда бўлади. Сизда-чи, янги бир ижод намунангизни тингловчиларга тақдим этаётганда хаёлингиздан нималар кечади?
- Менда ҳар доим “тингловчилар қандай қабул қилишар экан”, деган ҳаяжон бўлади! Ҳақиқий санъаткорда бу ҳаяжон 40 йиллаб ижод қилганда ҳам йўқолмайди!
- Ҳеч ижодингиз давомида ўзингизга ёқмаган, аммо атрофдаги дўстларингиз “зўр чиқибди!” деган фикрлари билан тингловчиларга тақдим этган қўшиқларингиз ҳам борми?
- Ўзимга ёқмаган қўшиқлар ҳам бўлади. (кулиб, эслаб) Аммо, “шуни айтгин, яхши чиққан” деб, атрофдаги дўстлар мажбурлаб айттиришган қўшиқлар ҳам бўлган! Лекин, уларнинг барчаси негадир жуда муваффақиятли чиққан! Масалан, “Клёш” қўшиғимизни олсак, менга умуман ёқмаган эди! Ўшанда бу қўшиқни ёзган Бобур ака Умаров “бу қўшиқ зўр бўлади, айтгин” деганлар. Мен эса, ҳаттоки клип суратга олдирганимиздан кейин ҳам, унча кўнглимга ўтиришмай, “балки, чиқармасмиз” деганман. Лекин, дўстим Жавлон Шодмонов, “майли, уришса ҳам” деб, менга билдирмай, клипни Телеэфирга бериб юборган! Клип эса, битта қўйилгандаёқ ҳамманинг эътиборини тортиб, оммалашиб кетди! “Мени ёрим” қўшиғимизни ҳам, Бобур ака Умаров ёзган, бошида кўнгилга ўтиришмаган, лекин атрофимдагиларга ёққан, куйлаганимдан кейин эса, ҳаммаёқда шу қўшиқларни сўрашади!
- Унда ҳамкасблар фикри сиз учун муҳим экан-да?
- Албатта, ҳамкасблар фикрлари мен учун жуда ҳам муҳим. Чунки, ҳамкасблар фикрлари, дўстим Жавлон Шодмоновнинг фикрлари, умуман, ён-атрофимдаги ҳамма дўстларимиз, Дилшод, Отабек, Аҳмад, кўпчилик, ҳамманинг фикри билан, аҳилликда кўп ютуқларга эришганмиз! “Божалар Драйв” сериалида ҳам, деярли ҳаммаси мана шу йигитларнинг меҳнати! Бирга ишлаб, бирга ижод қиламиз! Меники, дея олмайман, бизники дейман! Ҳеч қачон мен, демаганман, доим биз, дейишга ҳаракат қиламан! Чунки, устозлар шундай ўргатишган! Ҳозирда эришаётган ютуқларимиз ҳам, ҳаммамизни биргаликдаги меҳнатимиз!
- “Божалар” гуруҳи аъзолари ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз?
- “Божалар”, бу аҳил дўстлардан иборат! Ҳаммани бу гуруҳдаги фаолиятидан ташқари, ўзини алоҳида ижоди, иши бор! Ҳаммамиз аҳилмиз, ким “Божалар Драйв”да суратга тушаётган бўлса, клипларимизда суратга тушаётган бўлишса, ҳаммаси “Божалар”!
- Ҳозирда телесериал билан бандсиз. Лекин, катта экрандаги мухлисларингиз ҳам, сизни соғинди, деб ўйламайсизми? Чунки, катта экранда режиссёрликни ҳам, актёрликни ҳам, тўхтатиб қўйгандексиз.
- Ҳозирги кунда бошқа банд бўлаётган ижодий ишларимиз кўп! Мусиқий альбомни тугатиш керак, бу ёқда эса, телесериал билан бандмиз. Телесериал суратга олиш ҳам осон иш эмас! Ҳар битта серияси 25 дақиқа, бу эса, битта фильмнинг учдан бир қисми дегандек. Байрам сонлари эса, бир соату 20 минут, бир ярим соатгача боради. Бу дегани, битта фильм билан баробар бўлади! Албатта суратга олиш ишлари жуда кўп вақтни олиши табиий! Қолаверса, кетма-кет янги клиплар суратга оляпмиз. Шунинг учун ҳам, банд бўлиб қолиб, фильмларга қўл уролмаяпмиз. Аммо, “Божалар”дан дўстим Жавлон Шодмонов фильм суратга олиб турибди. Агар фильмлардан таклиф бўлса, роль ижро қилиб беришим мумкин. Фильм суратга олиш ҳақида эса, юқоридаги ижодий ишларни тугатиб олсак, ўйлаб кўрамиз, албатта.
- Шу кунгача, анча фильмларда роллар ҳам ижро этгансиз. Орзуйингиздаги роль қандай бўлиши керак?
- Орзуйимдаги роль, бу қачонки инсонлар кўрса, “қойил” деб қарсак чалиб, кўчада мени кўрганда, кулиб, хурсанд бўлиб қарши олишса, шу мени орзуйимдаги ролим бўлади! Кўрганда асабийлашиб, “Анови келяпти, шу тезроқ ўтиб кетсин, кўрмайлик, бизни ҳам кўрмасин” дейишларидан асрасин! Муҳими, мухлислар, томошабинлар узоқдан кўрганда ҳам, “анови йигит-ку” деб, хурсанд бўлишиб, таниб, қувонч билан қарши олишса, кайфияти кўтарилса, демак, мен орзуйимдаги ролимни ижро этган бўламан! Ёшлигимда отам “кўчада сени одамлар кўрганда “анови келяпти, ўгирилиб тур, ўтиб кетсин” дейишмасин! Аксинча, сени кўрганда хурсанд бўлиб, кулишсин, табассум билан қарши олишсин! Сени кўрганда хурсанд бўлиб, табассум қилиб, кулишяптими, демак, сени яхши кўришади! Ҳурмат қилишади!” дердилар. Мени кўриб, кулишса, хурсанд бўлишса, демак, қайсидир ролимни эслашади.
- Айни вақтда ижодимга нима етишмаяпти, деб ўйлайсиз?
- Ижодда, “бўлди, ҳаммаси зўр бўлди”, деб бўлмайди. Чунки, шундай деган санъаткорнинг зинапояси тўхтаб қолади. Устозлар ҳам шундай ўргатишган. Энди камчиликларимиз кўп, деб ўйлайман ва уларни келгусида ижодда тўғрилаб борамиз. Ҳозирги кундаги ижодимизда, менимча, севги-муҳаббат, ҳаётга яқин бўлган қўшиқлар етишмаяпти ва улар янги мусиқий альбомимизда албатта бўлади!
- Ижодингизнинг асосий устуни, нималардан иборат, деб ўйлайсиз?
- Бизни ижодимизнинг асосий устуни, бу тўхтамаслик, доим ижодда олдинга интилиш, меҳнат! Кимдир, танқидлардан руҳи синиб, ёки ҳар ишда бўладиган кичик муаммолардан чўчиб, ижодни тўхтатиб қўяди. Ҳозирги кунда ҳам, танқидлар кўп бўлиши мумкин, аммо биз камчиликларни тўғрилаб, янада интилиб, ижоддан тўхтамаймиз! Айнан, шу мавзуда, “Фарқи йўқ”, ҳамда “Катта кўча” деган янги қўшиқлар ҳам куйладим. Улар ҳам янги мусиқий альбомдан жой олади.
- Ҳар бир инсоннинг характерида ўзига хос қирралари бўлади. Сизда-чи?
- Менда энг ўзига хос характерим, бу нолишни ва нолиган одамларни хуш кўрмайман! Айрим нолиган инсонларни кўрсам, тушуна олмайман, қарасангиз, сўнгги русумдаги автомашинаси, уй-жойи, маблағи бор, оиласи тинч, ўзи эса, нимагадир етказа олмагани, ёки қандайдир иши бироз муддат битмай қолгани, қандайдир озгина қийинчилик учун, нолиб турибди! Ахир камчилик ҳаммада бор, ҳар бир соҳада барибир озгина бўлса ҳам, қийинчилик, камчилик бўлиши мумкин, ҳеч нарсага осонгина эришиб қолинмайди, меҳнат қилиш керак! “Кобальт” автомашинаси ҳайдаб юрибдию, яна “қийналиб кетдим” деб, нолийди! Гапираётган гапи, кўринишига тўғри келмайди, дейишади-ку! Шундай тинч-фаровон юртда, шундай яхши шароитда яшаяпсан, оиланг тинч, ҳоҳлаган ишингда ишлайсан, ҳамма имкониятлар етарли, яна нимага нолиш керак? Ахир ҳозир жаҳонда кўп ерда нотинчлик бўлса? Юртимиздаги тинч-фаровон ҳаёт учун беҳисоб шукур қилиш керак эмасми?
- Оилангиз энг бахтли оилалардан бири. Сизнингча бахтли оила сири?
- Менимча, бахтли оила сири, биринчи ўринда турмуш ўртоғингиз билан бир-бирингизни сўзсиз тушунишингиз керак, деб ўйлайман. Қолаверса, албатта ўзаро ишонч бўлиши керак! Бир-бирини тушунса, хато-камчиликларини тўғрилаб кетаверса, бир-бирига ишонса, албатта оила бахтли бўлади. Муҳими, ўзаро ишонч ва бир-бирини тушунишда!
-Фарзандларингиз тарбиясида ўзингиздаги қайси одатни уларга ўтишини истайсизу, қайсиларини ўтишини истамасдингиз?
- Ҳар бир инсонни ўз камчилиги бўлади. Мени бир яхши одатим бор, агар асабийлашиб кетсам ҳам, 5 дақиқада жаҳлдан тушаман. (кулиб) Жуда бир асабим “ёниб” кетса ҳам, 5 дақиқадан кейин ким билан тортишган бўлсам ҳам, мендан ўтган бўлса, дарров узр сўраб, гаплашиб кетаман. Шу одатим болаларимга ўтишини ҳоҳлардим! Энди албатта, ҳаётда қилган хатоларимни, ёшликдаги шўхликларимни уларга ўтишини истамасдим! Уларни ҳечам хато қилмасликларини истайман! Вақтида ҳар бир инсонни қадрига етишларини ҳоҳлайман!
- Кўп фарзандли отасиз. Фарзандларингизга қандай вазиятда қаттиқ танбеҳ беришингиз мумкин?
- Агар айтганимни қилишмаса, кўпроқ шўхлик қилишса, танбеҳ беришим мумкин. Энди 2 ўғлим ҳам спортга қизиқишади. Катта ўғлим Ғайратжон Таэквандога қатнашади, мусобақаларда ҳам қатнашиб, фахрли ўринларни эгалламоқда! Бу йил мактабга чиқади. Иккинчи ўғлим, Мўминжон эса, футболга жуда қизиқади! Ўзим ҳам, агар улар нотўғри иш қилиб, шўхлик қилишса, фақат спорт билан шуғуллантириб, шу орқали “жазолайман”! Яъни, (кулиб) атайлаб бир неча спорт машқларини қилишга мажбурлайман! Шунда ўзлари ҳам, хатосини тушуниб, ўша ишни қайта қилмасликка ҳаракат қилишади. Қолаверса, спорт машқларини бажаришни ҳам, янада яхши ўзлаштириб олишади! Ёш бола барибир, уришсангиз, ўша ишни атайлаб, яна қилиши мумкин, бола бамисоли ниҳол, “букаман”, деб синдириб қўйиш мумкин. Лекин бунақа спорт усулини қўлласангиз, икки баробар яхши бўлади! Ҳам спорт билан шуғулланади, ҳам бошқа нотўғри иш қилмайди!
- Ўғил бола тарбиясида кўпроқ нималарга аҳамият берасиз?
- Ўғилларимни биринчи навбатда кўпроқ тилига, гапига эътибор бераман! Кўчадан, нима гап ўрганиб келаётгани, мен учун муҳим! Ҳаммаси шундан бошланади! Агар қандайдир керакмас гаплар ўрганиб келган бўлса, дарҳол хатосини тўғрилаб, гапи нотўғрилигини тушунтириб, эътибор бераман! Ўғилларимни дўстлари ким, бўш вақтида нима ишлар қилишяпти, аҳамият бераман! Бўш вақтлари ҳам мазмунли бўлиши учун, спорт билан шуғулланишларини истайман!
- Ота қиз бола тарбиясида нимага аҳамият бериши керак, деб ҳисоблайсиз?
- Қиз болани тарбияси кўпроқ онага боғлиқ, деб ўйлайман. Бу борада рафиқамга тўлиқ ишонаман! Албатта, ўзим ҳам қизим билан гаплашаман, керакли насиҳатлар, маслаҳатлар бераман. Бир нарсани доим ёдда тутишга ҳаракат қиламан, қиз бола бировнинг хасми, барибир бир куни бировнинг уйига келин бўлиб кетиб, ота уйини тарк этади... Борган хонадонида бахтли бўлишини истайман! Кўпинча, тўйларга, қариндошларникига борганда, қизларини узаётганларида, оталарнинг кўзидан ёш чиққанини кўрганимда, баъзида менинг ҳам кўзимдан ёш чиқиб кетиб қолади... Қизларим ёш ҳали, бу нарсани ўйламайман, лекин бир куни барибир вақти келади-ку... Шунинг учун ҳам, тарбияда кўпроқ шу жиҳатларга аҳамият бераман! Муҳими, келажакда, шахсий ҳаётида бахтли-саодатли бўлсин! Ҳар бир ота-онанинг фарзандлари бахтли бўлишсин!
- Ижодкор инсондан оилага қайтганда, яна оила аъзосига айланишингиз учун қанча вақт кетади? Ёки, кўчада ҳам, оилада ҳам бир хил характердамисиз?
- Кўчада ҳам, ижод жараёнида ҳам, умуман ҳар қандай вазиятда ҳам, оилам, оила аъзоларим кўз олдимда туради! Нега бундайлигини билмайман. Масалан, эрталаб бирор бирор иш вақтида ҳам, дарров “қизим ўқишидан чиқдимикан?” дейман ва дарҳол рафиқамга телефон қилиб, “қизимиз мактабдан чиқдими? Неччигача бўлади?” дейман. Ёки яна бир ишимни тугатиб ҳам, дарров телефонни олиб, яна рафиқамга қўнғироқ қилиб фарзандларимни сўрайман, “Машғулотга бордими? Нима қилди, шўхлик қилмадими?” деб сўрайман. Болаларим қаерда, нима қилишяпти, ҳар қандай вазиятда ҳам, албатта хабарим бўлиши шарт. Характерга келсак, кўчада, экранда, қандай қувноқ бўлсам, оилада ҳам шундайман! Яъни, бир сўз билан айтганда, кўчада ҳам, уйда ҳам, ижодда ҳам бир хилман! Лекин, ким биландир жиддий мулоқот бўлса, берган саволи, гапираётган гапига қараб, жиддий гаплашаман! Ўзи асли эса, қувноқ инсонман, доим яхши кайфиятда бўлишга ҳаракат қиламан.
- Қайси мавзудан сўз очилса, кўпроқ “ёниб” гапирасиз? Қайси мавзу сизни кўпроқ қизиқтиради?
- Мени ҳар қандай мавзу қизиқтириши мумкин. Лекин, агар кимдир бирор мавзуда нотўғри гапирса, албатта унга ўша мавзуда нотўғри гапираётганлигини исботлаб беришга ҳаракат қиламан! Баъзилар нотўғри нарсани гапириб, фикрларни чалғитиши, нотўғри йўлга бошлаши мумкин, шунда дарҳол тўғри гапириб, тўғри йўлга солиш керак, деб ўйлайман. Нотўғри нарсани, нотўғри, дейман!
- Қўшиқлар учун мавзуларни қаердан оласиз?
- Мавзуларни кўпроқ ҳаётдан олишга ҳаракат қиламан! Мен ҳам оддий инсонман, масалан, бозорга тушганда, ёки бирор жойга борганда, одамларни ўзини тутиши, қандай мавзуда гаплашаётганлиги, гап-сўзларига аҳамият бераман, гуруҳимиздагилар билан ўтириб ўйлаймиз, ижод қиламиз. Қўшиқларимизда барибир саргузаштлар кўпроқ. Қўшиқларимиз кўпроқ шўх, одамларга яхши кайфият, энергия берадиган қўшиқлар! Менга кўпинча, ёши катта инсонлар ҳам айтишади, “эрталаб ишга кетаётганимда, юзимни юваётганимдан бошлаб сени қўшиқларингни қўйиб қўяман, қўшиқларинг яхши кайфият беради! Машинамда ҳам, сени қўшиқларингни эшитиб, кайфиятимни кўтариб кетаман. Кун давомида мени соҳамда, ишимда, асабийлашадиган вазиятлар кўп бўлади, лекин кечқурун уйга қайтаётганда яна машинада сени қўшиқларингни тинглайман ва кайфиятим кўтарилиб, оилам ёнига хуш кайфиятда кириб бораман!” Бундай гапларни эшитиб, демак, тўғри иш қилаётган эканман, инсонларни кайфиятини кўтаряпман, деб хурсанд бўламан. Бу менга ижодда куч бағишлайди!
- Айримлар “сизни қўшиқларингиз ҳақида, атайлаб танқид олишга ҳаракат қилишади”, ҳам дейишади. “Антиреклама” маъносида! Муносабатингиз?
- Танқид, агар у ижод борасидаги ўринли танқид бўлса керак, қабул қилиш мумкин. Қолаверса, менимча, тош ҳам мевали дарахтга отилади. Агар ўз соҳасини билган, ўша соҳа бўйича маълумоти бор инсонлар танқид қилишса, аксинча, бизга ёрдам беришмоқда, деб ўйлайман. Уларга раҳмат, дейиш керак. Ёшлигимдан “сенга қанчалик кўп тош отиб, атайлаб ёмон кўрсатишга ҳаракат қилишсаю, сен тўғри меҳнат қилаётган бўлсанг, демак, сен кераксан, яхши инсонсан” дейишган. Лекин, ижодга эмас, шахсиятга тегиб, хонанданинг ўзини, оиласи, ёки яна бошқа нарсаларни танқид қилиб ёзадиган бўлишса, бу яхши иш эмас! Санъаткорнинг ижодини гапиришсин, бизни ижодимизни гапиришса, тўғри қабул қиламиз. Масалан, ўзим, оилам, шахсиятим ҳақида гапиришса, менга ҳам ёқмайди, албатта.
- Қайси йўналишда куйлай олмайман, деб ўйлайсиз?
- Энди санъаткорга “мана бу йўналишда куйлаб кўр” дейишса, менимча, барибир куйлай олади. (ўйланиб) Менимча, рок йўналишида куйлай олмасам керак. Балки, яхшилаб ўрганиб, машқ қилинса, куйласа бўлар? Аммо, ўзимизнинг лирик қўшиқлар, миллий мақомларимизни куйлашга ҳозирча тажрибам етмайди, деб ўйлайман. Чунки, уларни куйлашга анча меҳнат қилиб, узоқ вақт тайёргарлик кўриш керак. Ҳали бунга тайёр эмасмиз, демоқчиман. Балки, йиллар ўтиб, тайёргарликлар натижасида, буни ҳам уддалармиз.
- Доим кулиб юрадиган, бошқаларга яхши кайфият улашадиган инсонларни юрагида дарди бўлади, дейишади. Чиндан ҳам шундайми?
- Ҳа, чиндан ҳам дарди кўп бўлади. Энди, бу оламда ҳар бир инсонни ўзига яраша дарди бўлади. Бизнинг йўналишимиз ҳам шундайки, ўзимизни муаммойимиз бўлса ҳам, кулиб туришимиз керак, деб ўйлайман. Мени ота-онам шундай ўргатишган, нима муаммо бўлишидан қатъий назар, кулгу билан, кулиб енгиш керак, дейишарди. Яъни, ўшани ўйлаб, сиқилиб, алам билан додлаганинг билан, ҳеч нарса ўзгариб қолмайди. Кулиб енгиш дегани, бу кулиб, тиржайиб ўтиб кетавериш, дегани эмас, ўша хатони тўғрилаш керак, аммо руҳиятни ҳам тушириш керак эмас! Ташвишга берилиб, хатони ҳам тўғриламай ётиб олиш керак эмас! Одам ўзини олдириб қўйиши мумкин. Шунинг учун ҳам, кулгу ва табассум билан енгиб кетиш керак!
- Нима деб, ўйлайсиз, бугунги кунда хонанда клипларсиз ҳам, ўз рейтингини “ушлаб” туриши мумкинми?
- Ҳа, албатта! Масалан, устозимиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқов, деярли клиплари йўқ, деса ҳам бўлади. Яқин йилларда бир нечта клип суратга олдилар холос. Аммо, неччи йиллардан буён ижоддалар. Яхши қўшиқ бўлса, клип ҳам шарт эмас, назаримда.
- Агар шу саволни ўзингизни ижодингизга йўналтирсак, кетма-кет янги клиплар чиқаряпсиз.
- Агар бизни ижодга келадиган бўлса, бизнинг ижодни клипсиз тасаввур қилиб бўлмаса керак, барибир. Чунки, бизнинг қўшиқларимиз юморга бой, ҳазиломуз, кайфиятни кўтарадиган бўлганлиги учун, кўпроқ комедик клиплар суратга оламиз. Улар билан қўшиқларимизни янада бойитамиз. Қолаверса, жиддий қўшиқларга ҳам суратга олдирилган клипларимиз бор.
- Кўп концерт ва гастролларда бўласиз. Мухлисларингиз орасида, қандайдир ўзига хос ҳатти-ҳаракатни амалга оширган, ёдда қолгани бўлганми?
- (Эслаб кулиб) Албатта! “Туркистон” саройидаги концертда, саҳнада қўшиқ куйлаётганимда, бошимда янги шапкам бор эди. Ўшанда бир мухлис саҳнага югуриб чиқиб, бошимдаги шапкамни шартта тортиб, олиб “Раҳмат, бўпти” деганча, тушиб кетиб қолган! (кулади) Ҳаттоки, гапиришга ҳам улгурмай қолганман. Кейин микрофонда, “Розиман, шу сизга совға” деганман! Ҳеч ким унга ҳеч нарса демаган, ҳеч ким ҳеч нарса қилмаган. Фақат у саҳнадан сакраб тушганида, бутун зал қарсак чалиб бақириб юборган! У бўлса, хотиржам шапкамни бошига кийиб, ўз жойини эгаллаган! Эсимдан чиқмайдиган воқеа бўлган! Эсдан чиқариб бўлмайди!
- Сиз Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институтида таҳсил олаётганингиз ҳақида айтгандингиз. Ўқишни тамомладингизми?
- Албатта. Олийгоҳдан аввал, Маданият коллежида “Оммавий байрамлар ташкилотчиси” бўлимини тамомлаганман. Кейин эса, Ўзбекистон ДавлатСанъат ва маданият институтининг “Драма режиссёрлиги” факультетини 2013 йилда тамомладим!
- Аввалги шўх қўшиқларингизда мазмун кучлироқ бўлганлиги, ҳозирда эса, бироз енгиллашганлиги ҳақидаги фикрларга муносабатингиз?
- Биз энди жуда ҳам чуқурлашмаймиз, инсонлар кўнглини, кайфиятини кўтаришга жуда ҳам мураккаб нарсалар керак эмас, назаримда. Жиддий, таъсирли мавзуларда ҳам, яхши қўшиқларимиз етарли. Шўх қўшиқларимизда эса, асосий урғу юморга қаратилган. Энди кимга қанақа? Агар камчилик топишаётган бўлишса, демак, у камчиликларни ва савияни тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Айрим камчиликларни ўзимиз ҳам биламиз ва кейинги ижод намуналарида тўғрилашга ҳаракат қиламиз. У камчиликлар учун узр ҳам сўрайман.
- Ҳаётда нимани кечира олмайсиз?
- Менимча, ҳеч қачон ёлғонни кечира олмасам керак!
- Қўшиқларингизни муваффақиятини, хит бўлишини олдиндан сезасизми?
- Йўқ, биз аниқ хит бўлади, демаймиз, яхши бўлсин, зўр бўлсин, деб куйлаймиз. Ҳамма ҳам шундай қилса керак.
- Агар фарзандларингиз ҳам санъат йўлини танлашса, қўллаб-қувватлайсизми?
- Албатта! Агар ҳаммаси санъаткор бўлишса, ҳаммаларини қўллаб-қувватлайман! Муҳими, истеъдод бўлса, интилса, бемалол! Аммо, уларнинг қизиқишлари бутунлай бошқача! (кулади) Катта қизим Райҳон рақс гуруҳига қатнашади, фильмда ҳам суратга тушди. Лекин, қизиқиши ҳозирча дизайнерликка бўляпти! Дизайнер бўламан, дейди. Ўғилларим эса, Ғайратжон айтганимдек таэквандога қатнашади, спортчи бўламан, дейди. Мўминжон ўғлимнинг нияти, футболчи бўлиш! Энди (кулиб) кенжатойим Робия ҳали кичкина. Билмадим, агар фарзандларимнинг фикрлари ўзгариб, “санъаткор бўламан” дейишса, албатта, хурсанд бўлиб, иложи борича қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан. Чунки, ўз вақтида бизнинг ота-онамиз ҳам қўллаб-қувватлашган.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Интервью “Тасвир” газетасида чоп этилган