FATTOHHON.COM
« Все новости
“ТУРИСТ” БАДИИЙ ФИЛЬМИ РЕЖИССЁР АЮБ ШАҲОБИДДИНОВ ТАЛҚИНИДА! НОМИНИ ТУШУНИШ УЧУН, БУ ФИЛЬМНИ КЎРИШ КЕРАК! 13.03.2013 13:59
Режиссёр Аюб Шаҳобиддинов янги “Турист” фильмининг суратга олиш ишларини якунламоқда! Фильм мелодрама жанрида, лекин воқеалар линиясининг ўзига хослиги, романтик ва комедик элементлари билан эътиборни янада ўзига тортади.
“Турист” фильми режиссёри Аюб Шаҳобиддинов: - Фильм ғоясини бир ой давомида сценарий муаллифи Ёлқин Тўйчиев билан маслаҳатлашиб қилдик. Ўзига яраша қизиқарли драматургияга қурилган ва шунинг учун ҳам бу сценарий устида ишлаш ҳам осон ва ўзим учун ҳам қизиқарли бўлмоқда! Фильм мазмунига кўра, бош қаҳрамон қиз кўплаб муаммолар туфайли, ўз орзуларидан воз кечган. Шу қизнинг ҳаётида бир нотаниш инсон турист пайдо бўлиб, шу персонаж орқали унинг ҳаётида кўплаб ўзгаришлар содир бўлади. Жанр бўйича мелодрама, лекин романтик ва комедик элементлари ҳам бор. Бу фильмни мен учун қизиқарли бўлган яна бир жиҳати, бу ерда ҳозирги кунда ҳар бир фильмда учраётган машҳур актёрлар йўқ. Лекин, шуниси билан ҳам фильм қизиқ, деб ўйлайман. Масалан, бош роль ижрочиси актёр Ёқуб Аҳмедов яқинда “Сенсиз” фильмида роль ижро қилган, тўлақонли бош қаҳрамон ролида намоён бўлади. Иккинчи қаҳрамон Юлдуз Ражабова, 3-курс талабаси, потенциали бор актриса, деб ўйлаймиз. Пробалар ўтказдик, кўнгил тўқ бўлгандан кейингина бу фильмни бошладик. Ҳозирда суратга олиш ишларининг деярли 80% ўтди. Профессионал нуқтаи назардан керакли нарсаларни талаб қилиб чиқаришга ҳаракат қиляпмиз.
Сценарийдаги бош қаҳрамон актёр Ёқуб Аҳмедовнинг характерига яқин, деб ўйлайман. Шундан келиб чиқиб ҳам, Ёқуб Аҳмедовни бош ролга танладик. Фильмда иккинчи пландаги актёрлар кўп эмас. Чунки, асосан диққат эътиборда бош қаҳрамонлар йигит ва қиз туради. “Кечиккан ҳаёт” фильмида бош ролни ижро этган Дониёр Ҳафизов Юлдузнинг укаси ролида, шунингдек фильмда Нозим Тўлахўжаев, Гулбаҳор Йўлдошева, Феруза Собитовалар ҳам роль ижро этишмоқда.
Актёр Нозим Тўлахўжаев: - Менга бу фильмдаги ижодий гуруҳ жуда ҳам манзур бўлди. Фильмдаги ролим мени ўзимга жуда ҳам ёқди. Чунки, бу одатий роль эмас, психологик роль! Мен “Турист” фильмида, бир оила бошлиғи бўлган, лекин ҳаётида ҳамма нарса у қадар яхши бўлмаган ота ролини ижро қиламан. Унинг рафиқаси кетиб қолган, битта ўғли гиёҳванд, фақатгина қизи вазиятни тушунадиган инсон. Менинг қаҳрамоним алцгеймер хасталигига чалинади ва бу касалликни фарзандларини тўғри тарбиялай олмаганлиги учун жазо, деб қабул қилади. У бу касаллик уни бутунлай ўз домига олмасдан туриб, ўз хатоларини тўғриламоқчи бўлади. Яъни, унинг мақсади оталик бурчини бажариб, қизини турмушга бериш, гиёҳванд ўғлини даволатиб ҳаётга қайтариш. Менга бу ролнинг ёққан тарафи, ролнинг психологик тарафлама қизиқарли эканлиги, ундаги ҳолатлар калейдоскопи, бир ҳолатдан кутилмаганда иккинчи ўзгармас ҳолатга ўтиш, яъни соғлом инсон ҳолатидан чиқиш, актёрлик маҳоратини кўрсата олиш тарафлама ҳам жуда маъқул бўлди. Актёр сифатида мен учун бу роль жуда ҳам қизиқарли.
Актёр Ёқуб Аҳмедов: - Бу ролим, аввалги ролларимга қараганда катта масъулиятга эга! Аввалги ролларимда ўзимнинг ҳаётимга яқин бўлган жиддийлик бор эди. Бунда эса, аксинча, кучли актёрлик маҳоратини талаб этадиган роль экан! Ролни ижро қилишда қийналмаяпман, режиссёр Аюб Шаҳобиддиновнинг маслаҳати, ёрдами билан ролга киришиб кетдим. Қаҳрамоним менинг ҳаётимга яқин экан. Ўзи мен ҳаётда икки хил характерга эгаман, яъни иш жараёнида, умуман жиддий инсонман, лекин оила даврасида ундай эмас. (самимий) Уйда йўқлигим дарҳол билинади, оила даврасида менсиз зерикишади, десам ҳам бўлади. Агар уйда йиғилсак, ойим дарҳол “Ёқубжонни чақиринглар” дейдилар. Уйдаги қизиқарли оилавий тадбирларни ҳам ўзим ташкил қиламан. Менда жиддийлик ҳам, қувноқлик ҳам бўлгани учун бу ролим, менга унчалик қийинчилик туғдирмади.
Қолаверса, Аюб Шаҳобиддинов жуда ҳам тажрибали режиссёр, яхши инсон, ўзи ҳоҳлаган нарсани биздан чиқариб оляпти, десам ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам, қийналмаяпмиз. Аюб ака дунёқараши кенг режиссёр, улардан ўзимга олганим биринчи навбатда интизом! Бу инсон интизомга қаттиқ қарайди! Очилмаган қирраларни очишга ҳаракат қилади. Шу жиҳатларидан ҳам, Аюб ака Шаҳобиддинов билан ишлаш жуда ҳам қизиқарли бўляпти. Қолаверса, партнёрлар билан ҳам, бир-биримизга керакли нарсани топишда ёрдамлашиб ишлаяпмиз.
Актёр Дониёр Ҳафизов: - Мен иккинчи марта режиссёр Аюб Шаҳобиддинов билан бирга ишлаётганимдан хурсандман! У кишини акамдек кўраман. Суратга олинаётган фильм ҳақида шуни айтишим мумкин, яхши сценарий ва яхши фильм! Менинг ролим жуда ҳам мураккаб, у гиёҳванд, унинг ўз муҳити бор! Қаҳрамоним жуда ҳам нотўғри ишлар қилади. Ролим аввалги “Кечиккан ҳаёт” фильмидаги ролимдан тубдан фарқ қилади! Қаҳрамонимнинг ўз дунёси бор, унга ўша оғудан бўлак ҳеч нарса керак эмас! Лекин, сценарийни ўқиганимда, фильм ниҳояси манзур бўлди. Фильм якунига келиб, ҳаммаси ўзгаради.
Менинг қаҳрамоним даволаниб, ўз ҳаётини яхши тарафга ўзгартирмоқчи бўлади. Бош қаҳрамонни актёр Ёқуб Аҳмедов ижро қиляпти, лекин у билан бирга суратга тушадиган кадрларимиз йўқ! Фильмдаги ролим ишончли чиқиши учун наркологик диспансерга бориб кузатишимга ҳам тўғри келган. Буни аввал суратга тушган фильмларимдан бири “Ўргимчак тўри” суратга олинаётган вақтда амалга оширганман. Ҳозирда шу кузатишларим жуда ҳам асқотди.
Фильм ҳозирда ноодатий жараёнда суратга олинмоқда!
Оператор Азиз Арзиқулов
Суратга олиш жараёнида қаттиқ тартиб-интизом ҳукмрон! Режиссёр Аюб Шаҳобиддиновнинг фильм суратга олиш жараёнининг ўзи бир фильм, деб айтиш мумкин. “Турист” фильмига жуда ҳам жиддий ёндошилмоқда.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Янада батафсил маълумотлар яқин кунларда
FATTOHHON.COM да!
Биргаликда кузатамиз!