FATTOHHON.COM
« Все новости
МЎМИН ОРИПОВНИ ХОТИРЛАБ... МЎМИН ОРИПОВНИНГ ЭНГ СЎНГГИ КЛИПИДАГИ ИШТИРОКИ... 15.03.2013 11:26
15 март раҳматли хонанда Мўмин Ориповнинг туғилган куни! Агар у ҳаёт бўлганида, бугун оиласи ва дўстлари даврасида туғилган кунини нишонлаган бўлар эди. Лекин, афсуски, бу ҳаётда ҳеч ким абадий эмас...

Шу муносабат билан 15 март соат 15.00 да Мулоқот.уз кафесида раҳматли хонанда Мўмин Ориповнинг хотирасига бағишланган ижодий учрашув бўлиб ўтди!

Унда Мўмин Ориповнинг рафиқаси Камолахон Орипова,

ўғли Билолхўжа, Мўмин Ориповнинг санъат оламидаги дўстлари, фан-клуб аъзолари, мухлислар йиғилдилар.

Улар орасида, хонандалар Ойбек ва Нигора,

Мўмин Ориповнинг укаси Маъмурбек Орипов,

тележурналист Даврон Кабулов,
актрисалар Муқаддас Саъдуллаева, Анжелика Есимбетова,

ҳамда режиссёр ва актёр Жавлон Шодмоновни ҳам кўриш мумкин эди. Шу куни Жавлон Шодмонов ўз режиссёрлигидаги янги “Пайшанбадан пайшанбагача” фильмининг премьераси эди. Шунинг учун, Жавлон Шодмонов ижодий учрашув бошида келиб кетди.

Кафенинг кираверишига Мўмин Ориповга бағишлаб ясалган катта стенд ўрнатилган эди.

Ижодий учрашув давомида Камолахон Орипова мухлислар, фан клублар аъзолари билан очиқ суҳбат тарзида, уларнинг барча саволларига жавоб берди.

Саволлар асосан, раҳматли Мўмин Орипов ҳақида бўлди.

Йиғилганлар Камолахон ва Мўмин Ориповнинг танишуви, турмуш қуришгани, рафиқасига илк совғаси, фарзанди ҳақидаги гаплари, фарзандини жазоланишига қарши бўлгани, рафиқасининг кийинишига муносабати, Камолахоннинг умр йўлдошининг вафотидан кейинги ижодий ҳаёти, фарзандининг санъаткор бўлишига муносабати ва бошқалар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.

Ижодий учрашув давомида фан клуб аъзолари Камолахонга ўз совғаларини топширдилар.

Шунингдек, улар орасида Мўмин Ориповга бағишланган шеър, унинг хотирасига бағишлаб ёзилган китоб ҳам бор эди. Мана шу икки совға Камолахон учун таъсирли бўлди.

“Мен бу ерга йиғлагани келганим йўқ” деди Камолахон йиғилганларга, “инсон йиғламай ҳам таъсирланиши мумкин”.
КЛИПНИ НАМОЙИШ ЭТИЛГАН ВЕРСИЯСИНИ КЎРИШ ВА КЎЧИРИБ ОЛИШ УЧУН!
Ижодий учрашувнинг кульминацион нуқталаридан бири, “Божалар” гуруҳи Жаҳонгир Позилжонов ва Мўмин Орипов ҳаётлигида Америка Қўшма штатларига қилинган биринчи ва охирги сафарида суратга олинган “Гўзал пари” қўшиғига олинган видеоклип намойиши бўлди!
Ижодий учрашувнинг кульминацион нуқталаридан бири, “Божалар” гуруҳи Жаҳонгир Позилжонов ва Мўмин Орипов ҳаётлигида Америка Қўшма штатларига қилинган биринчи ва охирги сафарида суратга олинган “Гўзал пари” қўшиғига олинган видеоклип намойиши бўлди!

Камолахоннинг айтишича, мазкур клип Мўмин Ориповнинг сўнгги видеоклипи бўлган, лекин тайёр клипни, Мўмин Ориповнинг ҳаётлигидаги сўнгги дамларини кўриш Камолахон учун жуда ҳам оғир бўлган ва клипни намойиш қилинишига розилик бермаган экан! Аммо, орадан вақт ўтгач, раҳматли Мўмин Ориповнинг ёди учун, клипни намойиш этилишига розилик берган.

Бунга Мўмин Ориповнинг укаси Маъмурбек ҳам сабабчи бўлган, у клипни ўчирмай асраб қўйган экан. Умуман, Маъмурбек акасининг хотираси учун, унинг қўл телефонларида тарқалган суратлари, ҳатто кичик маълумот бўлса ҳам, барчасини тўплаб йиғиб борар экан.
Клип барча учун кутилмаган намойиш бўлди!

Ижодий учрашув давомида Билолхўжага ҳам саволлар бўлди.

У ҳам саволларга жавоб қайтарди, қўшиқ ҳам куйлади.
Ижодий учрашув якунида Камолахон барча йиғилганларга келганлари учун миннатдорчилик билдирди! Сўнг, барча саволлар эгаларига, махсус тайёрланган совға, Мўмин Ориповнинг магнитли кичик фотосуратини “қалбимизнинг бир бўлаги” дея тақдим қилди! Энг маъқул бўлган савол эса, йиғилганлардан бирининг “бу ерда Мўмин Ориповнинг яқин дўсти Жаҳонгир Позилжоновни кўрмаяпмиз, нега у киши иштирок этмаяпти” деган саволи бўлди ва Камолахон бу саволга Жаҳонгир Позилжоновнинг Наврўз тадбири тайёргарлигида банд эканлигини айтиб ўтди. Жаҳонгир Позилжонов бу ҳақида Камолахонга олдиндан билдирган экан.

Шундан сўнг, эсдалик суратларга тушилди.

Ижодий учрашув эсда қоларли ва файзли ўтди.
Саида Вахобова